Табиатдан нимани ўрганса бўлади?
Табиатдан нимани ўрганса бўлади?
«Бироқ ҳайвонлардан сўра, улар сенга ўргатади, самодаги қушлардан сўраб кўр, улар сенга айтиб беради. Ерга назар сол, у сенга таълим беради, денгиздаги балиқлар ҳам буни сенга эълон қилади». (АЮБ 12:7, 8)
СЎНГГИ йилларда олимлар ва муҳандислар том маънода ўсимликлар ва ҳайвонлардан ўрганадиган бўлишди. Улар мавжуд материалларни ва механизмларни мукаммаллаштириш ва янгиларини яратиш мақсадида турли мавжудотларнинг тузилиш хусусиятларини тадқиқ қилишяпти ва улардан андаза олишяпти. Муҳандисликда бу соҳа биомиметика деб номланади. Қуйида келтирилган мисоллар устида мулоҳаза юритаётиб ўзингиздан шундай деб сўранг: «Бу ижодлар учун аслида ким шарафга лойиқ?»
Китнинг сузгичлари
Авиация соҳасининг конструкторлари букри китлардан нимани ўрганишлари мумкин? Кўп нарсани. Вояга етган букри китнинг вазни тахминан 30 тонна. Юк ташувчи автомобилнинг тўла вазни ҳам шунча. Китнинг танаси анчагина қаттиқ бўлиб, қанотга ўхшаш баҳайбат сузгичлари бор. Бироқ 12 метрли бу ҳайвон сув остида роса чаққон ҳаракат қилади. Мисол учун, ов қилганда букри кит қисқичбақасимонлар ёки балиқ тўдаси остига шўнғийди-да, тепага қараб спиралсимон сузган ҳолда нафас йўлидан кичик ҳаво пуфакчаларини чиқаради. Диаметри бир ярим метрдан ошмайдиган пуфакчалардан иборат “тўр” ёрдамида кит ўлжасини сув юзаси томон ҳайдаб боради. Шунда унга оғзини очиб, озуқани ютиб юбориш қолади, холос.
Олимларни кўпроқ қизиқтирган нарса — қандай қилиб танаси анчагина қаттиқ бўлган бу жонзот бир ярим метр диаметрда спиралсимон суза олишидир. Улар бунинг сири китнинг сузгичларида эканини аниқлашди. Самолёт қанотларидан фарқли ўлароқ, кит сузгичларининг олд томонининг чеккалари силлиқ эмас. Чеккалари тишсимон бўлиб, бир қатор бўртмалар жойлашган.
Кит шиддат билан сув қатламини кесиб ўтаётганда бўртмалар кўтарилиш кучини ошириб, қаршиликни камайтиради. Қанақасига? Табиатшуносликка оид бир журналда тушунтирилишича, ҳатто кескин кўтарилганда ҳам, бўртмалар туфайли сув оқими тартиб билан ва бир текис сузгичлар юзасидан ўтади. Агар сузгичларининг олд томонининг чеккалари силлиқ бўлганида, кит спиралсимон сузиб кескин кўтарила олмасди, чунки сув гирдоб ҳосил қиларди ва сузгичлар соҳасида айланма ҳаракат қилиб, кўтарилиш кучини сусайтирарди. («Natural History»)
Бу кашфиётни амалий томондан қандай қўлласа бўлади? Худди шу принцип бўйича қурилган самолёт қанотларига ҳам уларнинг орқасидаги ҳаво оқимини ўзгартиришга хизмат қилувчи ҳаракатланадиган қисмлар ва бошқа механизмларнинг кераги бўлмайди. Бундай қанотлар анча хавфсиз бўлиб, уларга хизмат кўрсатиш осонлашади. Биомеханика соҳасининг мутахассиси Жон Лонгнинг фикрича, «ҳар бир ҳаво кемаси букри китнинг сузгичида мавжуд бўлган бўртмаларга эга бўладиган вақт жуда яқин».
Балиқчи қуш қанотлари
Ҳаммага маълумки, самолётларнинг қанотлари қушларнинг қанотлари шаклида ясалади. Бироқ яқинда муҳандислар асл нухсага яқинроқ қадам қўйишга муваффақ бўлишди. Бир журналда хабар берилишича, «Флорида университетининг конструкторлари масофадан бошқариладиган самолёт моделини яратишди. Бу самолёт балиқчи қушга ўхшаб парвоз қилиши, яшин тезлигида шўнғиши ва кескин кўтарилиши мумкин». («New Scientist»)
Қанотларининг тирсак ва елка бўғимларини букиш орқали балиқчи қушлар ҳавода қойилмақом манёврларни амалга оширади. Журналда айтилишича, муҳандислар букилувчан қанотдан андаза олиб, «60 сантиметрли самолёт моделига кичик мотор ўрнатишди. Бу мотор самолёт қанотларини ҳаракатга келтирувчи бир-бири билан ўзаро боғлиқ металл стерженларни бошқаради». Моҳирлик билан яратилган бу қанотлар кичик самолётга бинолар орасида учишга ва манёвр қилишга имкон беради. АҚШнинг ҳарбий ҳаво кучлари катта шаҳарларда кимёвий ёки биологик қуролни топиш мақсадида худди шунақа юқори манёврли самолёт яратмоқчи.
Гекконнинг панжалари
Қуруқликда яшовчи жониворлардан ҳам кўп нарсани ўрганса бўлади. Мисол учун, гекконлар оиласига мансуб кичик калтакесак деворларда юриши, шифтларга тескари ёпишиб олиб ҳаракатланиши мумкин. Ушбу калтакесакнинг бундай ажойиб қобилияти Муқаддас Китоб ёзилган даврларда ҳам маълум бўлган. (Ҳикматлар 30:28) Геккон тортишиш кучини енга олишининг сири нимада?
Геккон ҳатто ўта силлиқ юзада ёпишиб тура олади. Бунинг сабаби панжаларининг ёстиқчалари сўрғичлар (қиллар) билан қопланганидадир. Ушбу қиллар ҳеч қандай ёпишқоқ модда ажратиб чиқармайди, лекин ниҳоятда заиф молекуляр куч ҳосил қилади. Ван-дер-Ваальс деб номланган ушбу жуда заиф тортишиш кучлари туфайли иккала юзанинг молекулалари бир-бирига ёпишади. Одатда тортишиш кучи бу кучлардан анча устун бўлади, шу боис, кафтимизни девор юзасидан узиб вертикал ҳолда юра олмаймиз. Бироқ гекконнинг панжаларидаги митти қиллар деворга тегадиган сирт майдонини катталаштиради. Ван-дер-Ваальс кучлари ҳамда минглаб қиллар кичик калтакесакка ўз оғирлигини кўтара оладиган даражада ёпишишни таъминлайди.
Бу кашфиётни қандай қўлласа бўлади? Геккон панжаларидаги қиллар принципи асосида яратилган синтетик материалларни, табиатдан ўзлаштириб олинган Велкро ёпишқоқ тасмасининг * муқобил варианти сифатида ишлатса бўлади. Сўзлари «Экономист» журналида келтирилган бир олимнинг фикрича, «геккон тасмаси»га ўхшаш қилиб тайёрланган материални тиббиётда қўлласа бўлади, айниқса, «кимёвий елимлардан фойдаланиш имконсиз бўлган вазиятларда».
Бу ижодлар учун ким шарафга лойиқ?
Айни пайтда Миллий аэронавтика ва фазо агентлиги (НАСА) чаён сингари ҳаракатланадиган кўп оёқли робот яратиш устида ишламоқда. Финляндияда эса баҳайбат ҳашарот каби катта тўсиқларни ошиб ўта оладиган олти оёқли трактор яратишди. Бошқа тадқиқотчилар эса қарағай ғуддасидаги қопламаларга ўхшаб очилиб ёпиладиган микроскопик клапанларга эга мато яратишди. Автомобиль ишлаб чиқарувчилар бўлса ташқи шакли қутига ўхшайдиган балиқнинг (кузовка) сирти сингари секин-аста, равон ўзгариб борадиган суйри машина кузовларини яратиш устида ишлашмоқда. Бошқа мутахассислар эса абалон моллюскасининг зарбани ютувчи хусусиятини тадқиқ қилишмоқда. Кўзланган мақсад бронежилетлар учун енгил ва шу билан бир вақтда ўта чидамли материал яратиш.
Табиатдан шу қадар кўп нарсани ўрганиш мумкинки, олимлар ҳатто маълумотлар базасини яратишди. Унга минглаб турли биологик тизимлар киритилган. «Экономист» журналида айтилишича, олимлар бу маълумотлар базасидан фойдаланиб, ўзлари «дуч келган муаммоларнинг табиий ечимини» топишлари мумкин. Мазкур маълумотлар базасига киритилган табиий тизимлар «биологик патентлар» деб аталади. Одатда патент эгаси бу янги ғоя ёки кашфиётни қонунан расмийлаштирган киши ёки компаниядир. Биологик патентлар базаси тўғрисида «Экономист» журналида қуйидагича айтилган эди: «Биомиметик ечимларни “биологик патентлар” деб атаб, олимлар аслида мазкур патент эгаси табиат эканини тан олишмоқда».
Қандай қилиб табиат бундай ўта мукаммал ғояларни ҳаётга татбиқ эта олган? Кўп олимларнинг фикрича, табиатнинг бу мўъжизалари — миллионлаб йиллар мобайнида эволюцион уринишлар ва хатолар натижасидир. Бироқ бундан фарқ қилувчи хулосага келган олимлар ҳам бор. Микробиология олими Майкл Бихи 2005 йили бир газетада шундай деб ёзган эди: «[Табиатда] ният борлиги аниқ кўриниб тургани, оддий ва шу билан бирга ишончли исбот тақдим этмоқда: агар нимадир ўрдакка ўхшаса, у каби юрса ва ғағилласа — бу бошқа нарса эканини тасдиқлайдиган далиллар бўлмаса — бизда бу ўрдак деган хулосага келиш учун асос бор». Бу билан Бихи қандай хулоса чиқаряпти? «Ният бор бўлгани аниқ кўриниб тургани учун уни рад этмаслик керак». («The New York Times»)
Анча хавфсиз, янада самарали самолёт қанотини яратган муҳандис бу учун мақтовга сазовор. Худди шундай тиббиётда ишлатиш учун универсал бандаж, кийим тикиш учун анча қулай мато ёки тежамкор двигатель яратган кишилар ҳам таҳсинларга сазовор. Бироқ бошқанинг ғоясидан фойдаланган ва унинг ихтиросини ўзиники деб атаб муаллифлик ҳуқуқини бузган киши жиноятчи ҳисобланади.
Юқори малакали мутахассислар муҳандисликда учрайдиган мураккаб муаммолар ечимини табиатдан ўзлаштириб олиб уни тасодиф ёки эволюция маҳсули деб аташлари сизнингча адолатданми? Агар бирор нарсанинг нусхаси заковатли лойиҳачи борлигидан далолат берса, унда андаза олинган нарса ҳақида нима деса бўлади? Дарҳақиқат, ким кўпроқ шарафга лойиқ: тажрибали устами ёки устозига тақлид қилаётган шогирдми?
Мантиқий хулоса
Борлиқ муайян ният билан яратилганини исботловчи фактлар билан танишгач, фикр юритадиган кўплаб кишилар сано бастакорининг сўзларига қўшилишади: «Нақадар кўпдир Сенинг ишларинг, эй Яҳова! Буларнинг барини донолик ила яратгансан. Ер ижодларинг билан лиқ тўладир». (Забур 104:24) Муқаддас Китоб ёзувчиларидан бири Павлус ҳам худди шундай хулосага келган: «Ахир Тангри ҳақида билиш мумкин бўлган барча нарса улар учун аёндир, зеро Худонинг Ўзи уларга ошкор этган. Унинг кўзга кўринмас фазилатлари — абадий қудрати ва илоҳий Шахс эканлиги дунё яратилганидан буён очиқ кўриниб турибди». (Римликларга 1:19, 20)
Бироқ Муқаддас Китобни қадрлайдиган ва Худога ишонадиган кўплаб одамлар табиатни яратишда Аллоҳ эволюциядан фойдаланган деб ҳисоблашади. Муқаддас Китобда бу ҳақда нима дейилган?
[Изоҳ]
^ абз. 15 Велкро — бу чақамуғ тўпгулларидаги илгаклар ва илмоқлар принципи асосида ясалган ёпишқоқ тасма.
[5- саҳифадаги матн парчаси]
Қандай қилиб табиат бундай ўта мукаммал ғояларни ҳаётга татбиқ эта олган?
[6- саҳифадаги матн парчаси]
Табиат мўъжизаларининг патенти кимга тегишли?
[Рамка/7- саҳифадаги расмлар]
Агар бирор нарсанинг нусхаси заковатли лойиҳачи борлигидан далолат берса, унда андаза олинган нарса ҳақида нима деса бўлади?
Гекконнинг панжалари кир бўлмайди, ҳеч қачон из қолдирмайди, тефлон қопламадан ташқари ҳар қандай юзага ёпишади. Олимлар шунга ўхшаш нарса яратишмоқчи
Юқори манёврли самолёт қанотлари балиқчи қушнинг қанотлари принципи асосида ясалган
Ташқи шакли қутига ўхшайдиган балиқнинг (кузовка) сирти автомобиль конструкторларини суйри машина кузовларини яратишга илҳомлантирмоқда
[Расмлар манбаи]
Airplane: Kristen Bartlett/ University of Florida; gecko foot: Breck P. Kent; box fish and car: Mercedes-Benz USA
[Рамка/8- саҳифадаги расмлар]
ТАБИАТАН ДОНО САЙЁҲЛАР
Кўп мавжудотлар «табиатан доно» бўлиб, бу уларга сайёрамиз бўйлаб саёҳат қилганда йўл топишга кўмаклашади. (Ҳикматлар 30:24, 25) Келинг, иккита мисолни кўриб чиқамиз.
◼ Юрар йўлини биладиган чумолилар. Озуқа излагани чиққан чумолилар ўз инини қандай топиб келади? Буюк Британия олимлари шуни аниқлашдики, чумолилар инини нафақат қолдириб кетган изларининг ҳиди бўйича, балки геометриядан фойдаланиб ҳосил қилган сўқмоқлар орқали ҳам топади. Мисол учун, фиръавн чумолилари «инидан чиққанда нур каби ёйилувчи ва 50–60 даража бурчак остида тармоқларга ажралиб кетувчи сўқмоқлар ҳосил қилади». («New Scientist») Бундай сўқмоқлар тизими нимаси билан эътиборга лойиқ? Чумоли инига қайтаётганда тармоқларга ажралиб кетувчи сўқмоққа етиб келганда, инстинктив равишда озроқ оғган сўқмоқни танлайди ва бу сўқмоқ уни аниқ инига олиб боради. Мақолада айтилишича, «тармоқларга ажралиб кетувчи сўқмоқлар тизимининг геометрияси чумолилар оқимини бошқаришга ёрдам беради, айниқса, чумолилар қарама-қарши йўналишда ҳаракат қилганида. Шунингдек, бу уларга адашиб кетмасликка ва кучини тежашга кўмаклашади».
◼ Қушларнинг компаслари. Кўп қушлар узоқ учганда ва турли об-ҳаво шароитларида қаердалигини аниқ билади. Бу қандай бўлиши мумкин? Олимлар шуни аниқлашдики, бунда қушларга Ернинг магнит майдони ёрдам беради. Бироқ бир журналда ёзилганидай, «магнит майдон жойдан-жойга қараб фарқ қилади ва доим ҳам шимолни аниқ кўрсатмайди». («Science») Кўчманчи қушларга адашмасликка нима ёрдам беради? Буни қарангки, қушлар ички компасини ҳар куни кечқурун қуёш ботишига қараб солиштириб борар экан. Кунботар пайтда қуёшнинг фазода жойлашуви кенгликка ва фаслга қараб ўзгаргани учун, олимларнинг фикрича, қушларга бундай ўзгаришларга мослашишга «ҳозир қайси фасл эканини айтиб турувчи биологик соатлар» ёрдам беради. («Science»)
Чумолига геометрияни тушуниш қобилиятини ким ато этган? Компасни, биологик соатларни ва бу асбоблардаги маълумотни тушуниш қобилиятини қушларнинг миясига ким солиб қўйган? Онгсиз эволюция жараёними ёки онгли Яратувчими?
[Расм манбаи]
© E.J.H. Robinson 2004