Асосий материалларга ўтиш

Адолатсизликнинг ечими бор экан

Адолатсизликнинг ечими бор экан

Адолатсизликнинг ечими бор экан

Урзула Менне сўзлаб берди

Эсимни таниганимдан бери барча инсонларга нисбатан адолат ила муомала қилишларини истаганман. Бу истагим сабабли Шарқий Германияда коммунистлар бошқарган пайтда қамоққа тушганман. Лекин айнан қамоқда адолат қачон ўрнатилишини билиб олганман. Ўзим ҳақимда тушунтириб беришимга ижозат беринг.

МЕН 1922 йили 1 200 йиллик тарихга эга Галледа туғилганман. У Берлиндан тахминан 200 километр жануби-шарқда жойлашган. Галле протестантизмнинг бешиги ҳисобланган. Синглим Кэти 1923 йили туғилган. Дадам армияда хизмат қилган, ойим эса театрда қўшиқ куйлаган.

Адолатни ўрнатишга бўлган кучли истак менга отамдан ўтган. У армиядан кетгач, дўкон сотиб олганди. Мижозларининг аксарияти камбағал одамлар бўлгани учун, отамнинг уларга раҳми келарди ва нарсаларни қарзга берарди. У сахий бўлгани сабабли касодга учради. Отамнинг аччиқ тажрибасидан сабоқ олиб, тенгсизлик ва адолатсизлик билан курашиш мен ўйлаганчалик осон эмаслигини тушунишим керак эди. Лекин ёш бўлганим учун бу истагимни амалга оширишни жудаям хоҳлардим.

Ойимдан менга актёрлик қобилияти ўтган. Ойим Кэти икковимизни мусиқа, қўшиқ куйлаш ва рақсга ўргатган. Мен хушчақчақ қизалоқ эдим ва синглим иккаламиз бахтли эдик. Лекин 1939 йили ҳаммаси ўзгариб кетди.

Даҳшатли кунлар бошланди

Мактабни тугатгач, балетга ихтисослашган мактабга ўқишга кирдим. У ерда Мари Вигман қўли остида экспрессив рақсларни ўрганишни бошладим. Бу аёл мазкур рақс турининг асосчиларидан бир эди. Ушбу рақсда ҳис-туйғулар хатти-ҳаракатларда ифода этиларди. Шунингдек, мен рассомчилик билан шуғулланардим. Шундай қилиб, ўсмирлик чоғларим завқу шавқ билан ўтарди. Мен доим ниманидир ўрганардим. Аммо 1939 йили Иккинчи жаҳон уруши бошланди. 1941 йилда отам сил касаллигидан оламдан ўтди. Бу биз учун яна бир зарба бўлди.

Уруш даҳшатли эди. Атиги 17 ёшда бўлсам-да, дунё ақлдан озганини тушунардим. Ҳатто оддий одамлар нацистлар таъсирига берилганди. Кейин бирин-кетин йўқотишлар, ўлим ва вайронагарчиликлар юз берди. Бомба дастидан уйимиз талафот кўрди. Уруш туфайли бир нечта оила аъзойим ўлдирилди.

1945 йили уруш тугади ва ойим, Кэти ва мен ҳали-ҳануз Галледа яшардик. Ўша пайтга келиб турмуш қургандим ва жажжи қизалоғим бор эди. Лекин турмушдаги муносабатларимиз таранг эди. Эрим билан алоҳида яшайдиган бўлдик. Ўзим ва қизимни таъминлаш мақсадида рақс ҳамда рассомчилик билан кун кечирардим.

Урушдан кейин Германия тўрт қисмга бўлинди. Биз яшаган шаҳар Совет Иттифоқи бошқаруви остида эди. Ўшандан бери барчамиз коммунистик режимда яшашга мажбур бўлдик. 1949 йилда биз яшаган Шарқий Германия «Германия Демократик Республикаси» деб аталадиган бўлди.

Коммунистик тузум остида яшаш

Ўша пайтлари онам касал бўлиб қолди ва мен унга ғамхўрлик қилишимга тўғри келди. Маҳаллий ҳукумат офисида иш топдим. Шу билан бирга адолат учун курашган бир гуруҳ талабаларга ўралашиб қолдим. Масалан, бир йигитни университетга қабул қилишмади. Чунки унинг отаси қачонлардир нацистлар партиясининг аъзоси бўлган эди. Шунда «Нега у отасининг қилмишлари учун жавоб бериши керак?» деб ўйлаб қолдим. Мен уни яхши билардим, чунки биргаликда мусиқа билан шуғулланардик. Адолат учун курашган ўша талабалар билан янада яқин бўлиб қолдим ва норозилик юришларида иштирок этадиган бўлдим. Бир сафар ҳатто маҳаллий суд биносининг кираверишига варақаларни ёпиштириб чиқдим.

Бир сафар котиба сифатида тинчлик билан курашувчи Ҳудудий қўмитага қаратилган хатларнинг матнини теришим керак эди. У ердаги сўзлардан адолат йўқлигига яна бир карра амин бўлдим. Бошқа сафар қўмита сиёсий қарашлар сабабли Ғарбий Германияда яшовчи кекса инсонга коммунистик тарғиботни ўз ичига олувчи маълумотларни жўнатишга қарор қилди. Мақсад ўша кишига нисбатан шубҳа-гумон қўзғатиш эди. Бундай адолатсизлик жаҳлимни чиқарди. Шунга посилкаларни офисда яшириб қўйдим ва улар юборилмади.

«Энг ёмон инсон» менга умид бахш этди

1951 йили июнь ойида икки киши офисимга кириб, ҳибсга олинганимни айтди. Улар мени «Қизил буқа» номли қамоқхонага олиб кетишди. Бир йил ўтгач, ҳукуматнинг сиёсатига қарши чиққанликда айбдор деб топилдим. Бир талаба Штази — махфий давлат полициясига мен қачонлардир варақалар билан норозилик ҳаракатида иштирок этганимни айтиб сотиб қўйди. Суд расмиятчилик юзасидан ўтказилди. Чунки ҳеч ким ўз ҳимоям учун айтган сўзларимни тингламади. Шундай қилиб мен олти йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилдим. Бу вақт давомида мен касал бўлиб қолдим ва шу сабабли, қамоқхонанинг касалхонасига ётқизилдим. Ётоқхонада 40 та аёл бор эди. Бу бахтсиз аёлларни кўриб саросимага тушдим, эшик олдига бориб муштим билан уни ура бошладим.

«Нима истайсан?» — деб сўради қоровул?

«Мени бу ердан олиб кетинг. Мени бир кишилик камерага қўйинг, илтимос. Бу ердан олиб кетинг»,— деб бақирдим. Албаттаки, у илтижоларимга қулоқ солмади. Кўп ўтмай, бошқалардан ажралиб турган бир аёлни кўриб қолдим. Унинг кўзларидан хотиржам экани сезилиб турарди. Шунинг учун, унинг ёнига бориб ўтирдим.

Бу аёлнинг гапидан ҳайрон қолдим. У менга шундай деди: «Қара лекин. Менинг олдимга ўтиришдан аввал ўйлаб кўр». Кейин қўшиб қўйиб, шундай деди: «Яҳованинг Шоҳиди бўлганим учун камерадошларим мени бу ердаги энг ёмон инсон деб билишади».

Ўша пайтда Яҳованинг Шоҳидлари коммунистик давлат душманлари эканини билмаган эканман. Лекин бола бўлганимда иккита Муқаддас Китоб тадқиқотчиси (илгари Яҳованинг Шоҳидлари шундай деб номланарди) отам олдига тез-тез келиб турарди. Отамнинг «Муқаддас Китоб тадқиқотчиларининг сўзлари тўғри» деган гапини эслайман.

Бу аёлни учратганимдан роса хурсанд бўлдим ва кўзларимга ёш қалқиди. Унинг исми Берта Брюггемайер эди. Мен унга: «Илтимос, менга Яҳова ҳақида айтиб беринг»,— дедим. Ўшандан бошлаб биз биргаликда Муқаддас Китоб асосида тез-тез суҳбат қурадиган бўлдик. У ҳақ Тангри Яҳова севги, адолат ва тинчлик Худоси эканини айтди. Шунингдек, Худо зўравон одамлар етказган барча зарарни қоплашини билиб олдим. Забур 37:10, 11 да шундай дейилган: «Яна бир оздан сўнг ёвузлар йўқ бўлади... Камтар кишилар эса ер юзига эгалик қилади, улар тинчлик-хотиржамликда умр кечириб, беҳад шод бўлади».

Озод этилиб, Ғарбий Германияга кўчиб ўтдим

Қамоқда беш йилдан ошиқ вақт давомида бўлдим ва 1956 йили мени озод этишди. Қамоқдан чиққанимдан кейин беш кун ўтиб, қизларим Ханнелоре ва Забине билан Ғарбий Германияга кўчиб кетдик. У ерда эрим билан расман ажрашдим ва Яҳованинг Шоҳидларини яна учратдим. Муқаддас Китобни ўрганаётиб, ҳаётимни Яҳованинг меъёрлари бўйича мувофиқлаштиришим лозимлигини тушуниб етдим ва айнан шунда йўл тутиб 1958 йили сувга чўмдим.

Кўп ўтмай, Яҳованинг Шоҳиди бўлган Яҳованинг Шоҳиди бўлган Клаус Менне исмли кишига турмушга чиқдим. Клаус билан иккаламиз никоҳда бахтли эдик. Бенямин ва Табия исмли икки нафар ажойиб фарзандимиз туғилди. Афсуски, Клаус бахтсиз ҳодиса рўй бергани дастидан оламдан ўтди. Ўшандан кейин мен бошқа турмуш қурмадим. Лекин келажакда тирилиш бўлиши менга тасалли беради. Янги дунёдаги жаннатда ўлганлар яна ҳаётга қайтади. (Луқо 22:43; Ҳаворийлар 24:15) Тўртала фарзандим Яҳовага хизмат қилаётгани мен учун катта далда манбаи.

Муқаддас Китоб тадқиқи туфайли фақатгина Яҳова ҳақиқий адолатни ўрнатишини билиб олдим. Одамлардан фарқли равишда У барчамизнинг вазиятимизни, жумладан, ўтмишимизни — кўпинча одамларнинг кўзларидан яширин бўлган тафсилотларни инобатга олади. Буни билганим туфайли ҳанузгача, айниқса адолатсизликка дуч келганимда, хотиржамликни ҳис қиламан. Воиз 5:8 да: «Мансабдор одам устидан бошқаси назорат қилади. Лекин уларнинг устидан ҳам юқорироқ мавқени эгаллаганлар бор»,— деб айтилган. «Юқорироқ мавқедаги» Шахс, албаттаки, Яҳовадир. Ибронийларга 4:13 да эса: «Унинг кўзи олдида ҳамма нарса очиқ-ойдиндир. Чунки биз Унинг олдида жавоб берамиз»,— дейилган.

Қарийб 90 йиллик ўтмишимга назар солиб

Баъзида одамлар: «Нацистлар ҳамда коммунистлар даврида яшаш қандай бўлган?» — деб мендан сўрашади. Иккала бошқарув пайтида ҳам ҳаёт осон бўлмаган. Бу иккала бошқарув шакли бошқа барча инсоний бошқарув шакллари сингари одамлар одамларнинг устидан бошқаришга қодир эмаслигини тасдиқлайди. Муқаддас Китобда қуйидаги ҳақиқат очиқчасига айтилган: «Инсоннинг инсон устидан ҳукмронлик қилаётгани фақат зиён келтиришини англаб етдим». (Воиз 8:9)

Ёш ва содда бўлганимда одамлар адолат ила бошқаришини интиқиб кутардим. Аммо ҳозир кўзим очилди. Чунки фақатгина Яратувчимиз чинакам адолатни ўрната олади. У ёвузликка чек қўйиш ва ер юзи устидан бошқарувни Ўғли Исо Масиҳга топшириш орқали буни амалга оширади. Исо доим бошқаларнинг манфаатини ўзиникидан устун қўйган. Муқаддас Китобда Исо Масиҳ ҳақида: «Сен одилликни севиб, қонунсизликдан нафратлангансан»,— деб айтилган. (Ибронийларга 1:9) Худо бундай ажойиб ва адолатли Шоҳ бошқаруви остида абадий яшаш умидини бергани учун жуда ҳам миннатдорман.

[23- саҳифадаги расм]

Қизларим Ханнелоре ва Забине билан Ғарбий Германияга келганимизда

[23- саҳифадаги расм]

Бугунги кунда ўғлим Бенямин ва унинг турмуш ўртоғи Сандра