Яҳова танишиш арзийдиган Худодир
Яҳова танишиш арзийдиган Худодир
ҲАЁТИНГИЗДА муҳим бир нарсани қўлдан бой беряпсизми? Агар Худо тўғрисида кўп нарсани билмасангиз, шундай бўлиши мумкин. Нега? Сабаби, миллионлаб инсонлар тан олганидек, Муқаддас Китоб ёрдамида Худо тўғрисида билим олиш катта фойда келтиради. Бу фойда дарҳол сезила бошлайди ва узоқ муддат давом этади.
Муқаддас Китобнинг муаллифи бўлмиш Тангри Яҳова, У ҳақда билиб олишимизни истайди. Сано бастакори шундай деб ёзган: «Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин». Худо, Уни билиш бизга фойда келтиришини тушунади. «Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман». Аллоҳ Таоло Яҳовани билиб олсак қандай фойда оламиз? (Забур 83:18; Ишаё 48:17)
Масалан, Худо бизга кундалик муаммоларни енгишни ўргатганида, ички хотиржамлик бахш этганида ва келажакка умид берганида, бунинг фойдасини ҳис қиламиз. Бундан ташқари, Яҳова билан яқинроқ танишганимизда, кўплаб одамларни қизиқтираётган энг муҳим саволларга бошқача нуқтаи назар билан қарай бошлаймиз. Бу қандай саволлар экан?
Ҳаётингиз мазмунга эгами?
Илм ва техника соҳаларидаги ажойиб тараққиётга қарамай, одамларни ҳали ҳам ўша-ўша муҳим саволлар қизиқтиради: «Нима учун яшаяпман? Келажакда мени нима кутяпти? Яшашдан мақсад нима?» Агар одам бу саволларга қониқарли жавоб топмаса, ҳаёти мазмунсиз бўлади. Кўп одамлар бундай бўшлиқни ҳис қиляптими? 1997 йили Германияда ўтказилган бир сўровда иштирок этган кишиларнинг ярмидан кўпи, асосан ёки баъзида ҳаёт мазмунсизга ўхшайди, деб жавоб беришган. Сиз яшаётган ҳудудда ҳам вазият шундай бўлса керак.
Одам ҳаётнинг мазмунини билмаса, келажагини қуриш учун пойдеворга эга бўлмайди. Кўплар бу бўшлиқни тўлдириш мақсадида амал пиллапоясидан кўтарилишга ёки бойлик орттиришга интилади. Лекин бу бўшлиқ йўқолмайди. Ҳаётнинг мазмунсизлиги айримларни шу қадар қийнайдики, улар яшагиси келмай қолади. «Интернэшнл геральд трибюн» газетасида ёзилишича, ёшгина чиройли бир аёл шундай аҳволга тушган экан. У тўкин-сочин ҳаёт кечирган бўлса ҳам, ўзини ёлғиз ҳис этиб, ҳаётни мазмунсиз деб ҳисоблаган. Бу аёл уйқу дори ичган экан, уни ўлик ҳолда топишибди. Эҳтимол сиз, ҳаёти фожиали якун топган бошқа ёлғиз инсонларни ҳам биларсиз.
Илм ҳаёт сирларини ошкор эта олади, деган гапларни эшитгандирсиз? Германияда ҳафтада бир чиқадиган «Вохе» номли журналда шундай дейилган эди: «Илм ҳақ бўлгани билан маънавий йўл-йўриқ беролмайди. Эволюция назарияси хом ва ҳатто тасодифий оғишларга (флуктуацияларга) эга бўлган квант физикаси ҳам тасалли ва хотиржамлик бахш этолмайди». Ҳаётнинг турли шаклларини тавсифлаб бериш ва ҳаётни қўллаб-қувватловчи табиий цикл ва жараёнларни тушунтириш йўлида кўп илмий кашфиётлар қилинди. Аммо илм нима учун яшаётганимизни ва келажакда бизни нима кутаётганини тушунтириб беролмайди. Агар нуқул илмга таянсак, ҳаётнинг мазмуни ҳақидаги саволларимиз жавобсиз қолади. Натижада, «Зюддойче цайтунг» газетасида айтилганидек, «йўл-йўриққа эҳтиёж борлиги ҳамма жойда сезилиб турибди».
Йўл-йўриқни Яратувчидан бошқа ким ҳам бера оларди? Бошида одамларни ер юзига У жойлаштиргани сабабли, биз нима учун яшаётганимизни У билиши керак. Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова одамларни ер юзини тўлдириб, унга ғамхўрлик қилишсин ва асрашсин деб яратган. Одамлар барча ишларида Худонинг фазилатларини, жумладан адолат, донолик ва севгини акс эттиришлари керак эди. Яҳова бизни нега яратганини билиб олгач, нима учун яшаётганимизни яхшироқ тушунамиз. (Ибтидо 1:26–28)
Нима қилишингиз мумкин?
Агар ўтмишда: «Нега яшаяпман? Келажакда мени нима кутяпти? Ҳаётнинг мазмуни нима?» деган саволларга қониқарли жавоб топмаган бўлсангиз нима қилишингиз мумкин? Муқаддас Китоб сизга Яҳова билан яқинроқ танишиб олишни тавсия қилади. Исо пайғамбар: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак»,— деган эди. Шунингдек, Муқаддас Китоб сизни Худога маъқул фазилатларни, айниқса севгини ривожлантиришга ва яқинлашиб келаётган Худонинг Масиҳ бошчилигидаги Шоҳлиги бошқаруви остида яшаш учун бор кучингиз билан ҳаракат қилишга ундайди. Агар бу ундовга мувофиқ йўл тутсангиз ҳаётингиз мазмунга тўлади ва ажойиб, мустаҳкам умидга эга бўласиз. Шунда сизни безовта қилган ўша муҳим саволларнинг жавобини топишингиз мумкин. (Юҳанно 17:3; Воиз 12:13)
Бу чиндан ҳам муҳим аҳамиятга эгами? Жавобини Ҳанс сўзлаб бериши мумкин *. Ўтмишда у маълум даражада Худога эътиқод қилган бўлса-да, бу унинг ҳаётига ҳеч ҳам таъсир қилмаган. Ҳанс гиёҳванд моддалардан, аёллар, мотоцикллар ва майда-чуйда жиноят ишлардан завқ оларди. «Аммо ҳаётим бўм-бўш эди ва ҳеч қандай қониқиш ҳис этмасдим»,— деб эслайди у. Ҳанс 25 ёшга кирганида Худо тўғрисида кўпроқ билиб олишга қарор қилган ва Муқаддас Китобни диққат билан ўқий бошлаган. Яҳова билан яқиндан танишганидан кейин Ҳанс нима учун яшаши кераклигини тушунган ва ҳаёт тарзини ўзгартириб, Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмган. Ҳозирга келиб, у ўн йилдан бери тўла вақтли хизматда. Ҳанс шундай дея тан олади: «Яҳовага хизмат қилиш энг аъло ҳаёт йўли. Бунга ҳеч нарса тенг келолмайди. Яҳова билан танишиб, ҳаётнинг мазмунини билиб олдим».
Албатта, ҳаётнинг мазмуни ҳақидаги савол одамларни безовта қилаётган ягона савол эмас. Дунёдаги аҳвол ёмонлашиб боргани сайин, кўплаб одамларни бошқа бир савол ташвишга соляпти.
Нега бахтсизликлар содир бўляпти?
Бахтсизлик содир бўлганида одамни: «Нега бундай бўлди?» — деган савол қийнайди. Одам бахтсизликдан кейин тиклана олиш-олмаслиги, мазкур саволга тўғри жавоб топишига боғлиқ. Агар қониқарли жавоб топа олмаса, у кўп азоб чекиши ва ҳатто бағри тош бўлиб қолиши мумкин. Мисол учун, Бруни билан нима бўлганини олайлик.
«Бир неча йил аввал чақалоғим ҳаётдан кўз юмди,— деб бўлишди Бруни исмли аёл.— Худога ишонганим учун руҳонийга мурожаат қилдим. У менга, қизим Сусаннани Худо осмонга олиб кетганини ва у фариштага айлангани айтди. Болам вафот этганидан кейин дунё мен учун остин-устин бўлиб кетгани етмагандек, қизалоғимни тортиб олгани учун Худодан ҳам ғазаблана бошладим». Бруни бир неча йил азоб чекиб яшади. У гапида давом этиб, шундай деди: «Ўша пайтда бир аёл — Яҳованинг Шоҳиди, менга Муқаддас Китоб ёрдамида Худодан ғазабланишга ҳеч қандай сабаб йўқлигини кўрсатди. Яҳова Сусаннани осмонга олиб кетмаган ва у фариштага айланмаган. У одамларга хос номукаммаллик дастидан касал бўлган. Сусанна ўлим уйқусида, Яҳова уни тирилтиришини кутиб ётибди. Бундан ташқари, Худо одамларни ер юзидаги жаннатда абадий яшашлари учун яратганини ва яқинда Унинг бу нияти амалга ошишини билиб олдим. Яҳова қандай Шахс эканини тушуна бошлагач, ўзимни Унга яқин ҳис этдим ва дардимдан фориғ бўлдим». (Забур 37:29; Ҳаворийлар 24:15; Римликларга 5:12)
Миллионлаб инсонлар турли хил бахтсизликлардан азоб чекяпти — бу шахсий фожиа, уруш, очарчилик ёки табиий офат бўлиши мумкин. Бруни Муқаддас Китоб ёрдамида Яҳова бахтсизликларда айбдор эмаслигини, У одамлар азоб чекишини сира ҳам хоҳламаганини ва У яқинда ёвузликка чек қўйишини билиб олди. Ёвузлик кўпайиши — «охирзамон»да яшаётганимизнинг белгиси. Яқинда барчамиз орзиқиб кутаётган ажойиб ўзгаришлар юз беради. (2 Тимўтийга 3:1–5; Матто 24:7, 8)
Худо тўғрисида билим олиш
Ҳанс ва Бруни Худо тўғрисида бор-йўғи умумий тасаввурга эга бўлишган. Улар Худога ишонган бўлса ҳам, У ҳақида кўп нарсани билишмаган. Улар Яҳова тўғрисида аниқ билим олиш учун вақт ажрата бошлаганда ҳаракатлари мукофотланган. Улар ҳозирги пайтда энг муҳим саналган саволларга аниқ жавобларни топишган. Бу уларга ички хотиржамлик ва келажакка оид мустаҳкам умид бахш этган. Яҳовага хизмат қилаётган миллионлаб инсонлар ҳам буни ўз бошидан ўтказишган.
Яҳова билан танишиш Муқаддас Китобни диққат билан ўқишдан бошланади, чунки бу китоб У кимлигини ва биздан нимани кутаётганини очиб беради. Биринчи асрда яшаган айрим кишилар худди шундай йўл тутишган. Тарихчи ва табиб бўлган Луқо Верияда (Юнонистон) яшаган ибронийлар жамоаси аъзолари ҳақида шундай деб ёзган: «Улар [Павлус ва Силадан эшитган] Худонинг каломини катта иштиёқ билан қабул қилиб, айтилганлар тўғрими ёки йўқми дея, Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганишарди». (Ҳаворийлар 17:10, 11)
Бундан ташқари, биринчи асрда яшаган масиҳийлар жамоат сифатида бирлашиб, йиғилишлар ўтказишарди. (Ҳаворийлар 2:41, 42, 46; 1 Коринфликларга 1:1, 2; Галатияликларга 1:1, 2; 2 Салоникаликларга 1:1) Бугунги кунда ҳам шундай. Яҳованинг Шоҳидлари жамоат сифатида бирлашиб, одамларга Яҳовага яқинлашиш ва Унга қувонч билан хизмат қилишга ёрдам бериш мақсадида йиғилишлар ўтказишади. Яқин атрофда яшайдиган Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилиш яна бошқа тарафлама фойда келтиради. Одамлар ўзлари хизмат қилаётган Худога ўхшаб органи сабабли, Яҳованинг Шоҳидлари қайсидир жиҳатдан Яҳовага хос фазилатларни ўзларида акс эттирадилар. Шундай экан, Шоҳидлар билан мулоқот қилиш Яҳовани яхшироқ билиб олишга ёрдам беради. (Ибронийларга 10:24, 25)
Битта Шахс билан танишиб олиш учун шунча куч сарфлаш керакми? Албатта, керак. Ахир, бошқа мақсадларга эришиш учун ҳам куч талаб этилмайдими? Машҳур спортчилар машқ қилишга қанча куч сарфлаши ҳақида ўйлаб кўринг. Мисол учун, олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган франциялик чанғичи Жан-Клод Кили, халқаро мусобақаларда ғалаба қозониш имкониятига эга бўлишга нима ёрдам беришини қуйидагича тушунтирган: «Тайёргарликни 10 йил олдин бошлаб, йилдан-йилга режалаштириш ва кундан-кунга бу ҳақда ўйлаш керак... [...] Бу йилига 365 кун давом этадиган ақлий ва жисмоний меҳнат». Атиги 10 дақиқа давом этадиган мусобақада қатнашиш учун шунча вақт ва куч талаб этилар экан-а! Яҳова ҳақида билим олиш орқали эса ундан-да кўпроғига эришиш мумкин!
Мустаҳкамланиб борадиган муносабатлар
Ҳаётда муҳим бир нарсани қўлдан бой беришни ким ҳам хоҳларди? Ҳеч ким. Шу сабабли, агар ҳаётингизда чинакам мазмун етишмаётгандай туюлса ёки нега бахтсизликлар содир бўлаётганини тушунишни истаётган бўлсангиз, Муқаддас Китобда тилга олинган Тангри Яҳова ҳақида билим олишга қатъий қарор қилинг. У ҳақда билим олиб, ҳаётингизни яхши томонга ўзгартирасиз ва бунинг фойдасини доимо ҳис қиласиз.
Қачондир Яҳова ҳақида билим олишни тўхтатамизми? Ўнлаб йиллар давомида Унга хизмат қилиб келаётган кишилар У ҳақда нималарни билиб олишганидан ва ҳали ҳам янги нарсаларни билиб олишаётганидан ҳайратда қолишмоқда. Бундай билим олиш жараёни бизни бахтиёр қилиб, Худога янада яқинлаштиряпти. Биз ҳаворий Павлуснинг қуйида ёзилган сўзларига қўшилишимиз мумкин: «Оҳ, Худонинг бойлиги ҳамда донолигию билими қанчалик тубсиз-а! Унинг ҳукмларига ақл бовар қилмас, Унинг ҳамма йўлларини тушуниб бўлмас! “Ким Яҳованинг ўй-фикрини билган ёки ким Унга маслаҳатчи бўлган?!”» (Римликларга 11:33, 34)
[Изоҳ]
^ абз. 12 Исмлар ўзгартирилган.
[5- саҳифадаги матн парчаси]
Одамларни ҳали ҳам ўша-ўша муҳим саволлар қизиқтиради: «Нима учун яшаяпман? Келажакда мени нима кутяпти? Яшашдан мақсад нима?»
[6- саҳифадаги матн парчаси]
«Яҳова қандай Шахс эканини тушуна бошлагач, ўзимни Унга яқин ҳис этдим ва дардимдан фориғ бўлдим»
[7- саҳифадаги матн парчаси]
«Яҳовага хизмат қилиш энг аъло ҳаёт йўли. Бунга ҳеч нарса тенг келолмайди. Яҳова билан танишиб, ҳаётнинг мазмунини билиб олдим».