Муқаддас Китобдаги амрларга доим муҳтожмисиз?
Муқаддас Китобдаги амрларга доим муҳтожмисиз?
БОЛАЛИГИНГИЗДА ота-онангиз сиз учун қоидалар ўрнатган. Катта бўлганингиздан кейин улар сизнинг манфаатингизни кўзлаганини тушуниб етасиз. Мустақил ҳаёт кечиришни бошлаганингиздан кейин ҳам улар сизга пайванд қилган меъёрлар бўйича яшашда давом этасиз.
Самовий Отамиз Яҳова Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали бизга бир қатор амрлар берган. Мисол учун, У бутпарастлик, зино ва ўғриликни тақиқлаган. (Чиқиш 20:1–17; Ҳаворийлар 15:28, 29) Маънан ўсганимиз сайин Яҳова бизнинг манфаатимизни кўзлашини ва Унинг амрлари бизнинг эркинлигимизни чекламаслигини тушуниб етамиз. (Эфесликларга 4:15; Ишаё 48:17, 18; 54:13)
Аммо Муқаддас Китобда ҳар бир вазиятга тегишли аниқ йўл-йўриқ йўқ. Шу боис, баъзилар «Муқаддас Китобда аниқ қонун йўқ экан, истаганимизча йўл тутсак бўлади» деб ўйлашади. Уларнинг фикрича, «агар Худо буни муҳим деб билганида, аниқ йўл-йўриқ берган бўларди».
Бундай ўйлайдиган инсонлар кўпинча нотўғри қарорлар чиқаришади ва кейинчалик афсусланишади. Улар Муқаддас Китобда нафақат қонунлар, балки Худонинг нуқтаи назарини тушунишимизга кўмаклашувчи йўл-йўриқлар борлигини назардан четда қолдиришади. Муқаддас Китобни ўрганганимизда ҳамда Яҳова турли масалаларга қандай қарашини билганимизда, виждонимизни Муқаддас Китоб асосида тарбиялаймиз. Шунингдек, Унинг нуқтаи назарини акс эттирувчи танловлар қилишни ўрганамиз. Бундай йўл тутиб, Унинг қалбини қувонтирамиз ва оқилона қарорларимизнинг фойдасини кўрамиз. (Эфесликларга 5:1)
Муқаддас Китобдаги диққатга сазовор мисоллар
Худонинг қадимда яшаган баъзи хизматчилари ҳақидаги воқеаларни ўқиганимизда, ҳатто аниқ қонун бўлмаганда ҳам, улар Худога маъқул бўлган қарорлар чиқаришганини кўрсак бўлади. Келинг, Юсуфнинг мисолини олайлик. Пўтифарнинг хотини Юсуфни жинсий алоқа қилишга ундаганида Худо ҳали зинога оид қонун бермаган эди. Гарчи зино борасида аниқ қонун бўлмаса-да, Юсуф зино нафақат виждонига, балки Худога қарши гуноҳ эканини тушунган. (Ибтидо 39:9) Афтидан, Юсуф зино Худонинг фикрлаш тарзига ҳамда Унинг Адан боғида айтган сўзларига зид эканини англаган. (Ибтидо 2:24)
Бошқа бир мисолга диққат қаратайлик. Ҳаворийлар 16:3 дан Павлус Тимўтий билан бирга ваъзгўйлик сафарига чиқишдан олдин, уни суннат қилгани ҳақида билиб оляпмиз. Ҳаворийлар 16:4 да эса «шаҳарма-шаҳар юриб, улар Қуддусдаги ҳаворийлару оқсоқоллар чиқарган қарорларни етказишгани» тўғрисида ўқиймиз. Ўша қарорларнинг бирига кўра, масиҳийлар энди суннат қилинишга мажбур эмасди. (Ҳаворийлар 15:5, 6:28, 29) Хўш, унда нега Павлус Тимўтийни суннат қилишни ўринли деб билган? «Ўша жойларда яҳудийлар бўлгани сабабли уни суннат қилди. Чунки Тимўтийнинг отаси юнон эканини ҳамма биларди». Павлус бошқаларни қоқинтиришни истамаган. У масиҳийлар «Худонинг назарида ҳар бир инсоннинг виждони учун» ўзларини ўрнак қилиб кўрсатишларини истаган. (2 Коринфликларга 4:2; 1 Коринфликларга 9:19–23)
Павлус ва Тимўтий учун бундай фикрлаш тарзи одатий ҳол эди. Римликларга 14:15, 20, 21 ҳамда 1 Коринфликларга 8:9–13; 10:23–33 ни ўқиганимизда Павлус бошқаларни қоқинтирмаслик учун ҳатто аслида нотўғри бўлмаган ишларни қилмасликка тайёр бўлганини кўрамиз. Шунингдек, Павлус қуйидагиларни ҳам Тимўтийга ёзган: «Чунки у каби феъл-атворга эга бўлган, сизлар учун чин дилдан ғам чека оладиган бошқа ҳеч кимим йўқ. Бошқалар Исо Масиҳга нима маъқул келишини эмас, ўз манфаатларини кўзлайдилар. Аммо Тимўтий ўзини муносиб қилиб кўрсатгани, отасига ёрдам берган бола сингари хушхабар ёйилишида мен билан биргаликда хизмат қилгани сизларга маълум». (Филиппиликларга 2:20–22) Ҳозирги масиҳийлар учун қандай ажойиб ўрнак, шундай эмасми?! Худодан келган аниқ йўл-йўриқ бўлмаганида ҳам, улар ўз хоҳишлари ва қулайликларини биринчи ўринга қўйишмаган. Аксинча, Яҳова ҳамда Унинг Ўғли кўрсатган севгига тақлид қилиб, бошқаларнинг маънавийлиги ҳақида қайғуришган.
Биз учун энг аъло ўрнак кўрсатган Исо Масиҳнинг мисолига диққат қаратайлик. Тоғдаги ваъзида у Худо қонунларининг мағзини тушунган одам аниқ амр бўлмаганида ҳам қандай йўл тутишни билиши ҳақида айтиб ўтган. (Матто 5:21, 22, 27, 28) Исо, Павлус, Тимўтий ҳамда Юсуф аниқ илоҳий йўл-йўриқ бўлмаганида, «одам истаганича йўл тутиши мумкин» деган нуқтаи назарда бўлишмаган. Улар иккита энг муҳим амр: Худони ва яқинимизни севиш эканини билишган. Шу боис, қарорлар чиқаришганида, мазкур амрларга итоат қилаётганини кўрсатишган. (Матто 22:36–40)
Бугунги кундаги масиҳийлар ҳақида нима дейиш мумкин?
Юридик ҳужжатларда, масалан, шартномаларда инсон нима қилиши, нима қилмаслиги батафсил ёзилган бўлади. Лекин Муқаддас Китоб юридик ҳужжат эмас. Унда ҳар бир мажбуриятимиз ёзилмаган. Ҳатто муайян қонун-қоида бўлмаса ҳам Яҳова истаганидек йўл тутсак, Унинг қалбини қувонтирган бўламиз. Бошқача айтганда, ҳар доим аниқ йўл-йўриқ кутишнинг ўрнига Худонинг иродаси қандай эканини англашга ҳаракат қилишимиз мумкин. (Эфесликларга 5:17; Римликларга 12:2) Нега бу Яҳованинг қалбини қувонтиради? Чунки шундай йўл тутиб, ўзимизни эмас, Яҳовани хурсанд қилмоқчи эканимизни кўрсатган бўламиз. Бу, шунингдек, Унинг севгиси учун миннатдор эканимизни ҳамда шу каби севгини бошқа инсонларга кўрсатмоқчи эканимизни намоён этади. (Ҳикматлар 23:15; 27:11) Қолаверса, Яҳованинг хоҳиш-иродасини тушуниш мақсадида Муқаддас Китобдан фойдалансак, У билан қалин муносабатларга эга бўламиз ва бу саломатлигимизга ижобий таъсир кўрсатади.
Келинг, бу принципни шахсий масалаларда қандай қўллашни кўриб чиқайлик.
Ўйин-кулги масалаларида
Дейлик, бир йигит муайян мусиқа альбомини сотиб олмоқчи. Унга альбомдаги баъзи қўшиқлар ёққанди, лекин альбомнинг орқасидаги муқоваси уни хавотирга солади. Чунки муқовасидан қўшиқларда ахлоқсизлик ҳамда ёмон сўзлар борлигини ўқиб қолади. Шунингдек, бу хонанданинг аксар қўшиқлари қаҳр-ғазабга тўла эканини ва зўравонликка ундашини тушунади. Аммо бу йигит Яҳовани яхши кўргани учун бу масалада Унинг нуқтаи назарини билгиси келади. Хўш, бу йигит қай йўсин Яҳованинг иродасини англаб олиши мумкин?
Галатияликларга йўллаган мактубида Павлус муқаддас руҳ самарасини ва тана ишларини санаб ўтган. Эҳтимол, муқаддас руҳ самарасига нималар киришини билсангиз керак. Бу қуйидаги фазилатлар: севги, севинч, тинчлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш. Хўш, тана ишларига-чи, нималар киради? Павлус шундай деб ёзган: «Тана ишлари аниқ-равшандир: зино, ифлослик, ахлоқсиз хулқ, бутпарастлик, сеҳр-жоду, адоват, жанжалкашлик, рашк, дарғазаб бўлиш, талаш-тортиш, бўлинишлар, мазҳаблар яратиш, ҳасад, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар. Илгари огоҳлантирганимдай, яна огоҳлантиряпман: бундай ишларни қилувчилар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олишмайди». (Галатияликларга 5:19–23)
Павлус келтирган рўйхатдаги «шуларга ўхшаган ишлар» деган энг охирги иборага эътибор қаратинг. Павлус барча тана ишларини айтиб ўтмаган. Павлуснинг мактубини ўқиган инсон «бу рўйхатда келтирилмаган ишлар билан бемалол шуғуллана оламан» деб ўйлай олмасди. Ўқувчилар мулоҳазакорликни ишга солиб, «шуларга ўхшаган ишлар» ибораси остида қандай ишлар назарда тутилганини ўзлари фаҳмлаб олишлари керак эди. Рўйхатда келтирилмаган, лекин «шуларга ўхшаган ишлар» билан шуғулланган инсонлар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олишмайди.
Шундай экан, Яҳованинг назарида нима маъқул ёки номаъқул эканини англаб олишимиз зарур. Буни қилиш қийинми? Дейлик, шифокор сизга кўпроқ мева ва сабзавотлар ейишни, аммо пишириқлар, музқаймоқ ва шу кабиларни емасликни маслаҳат қилади. Торт қайси тоифага киришини аниқлашга қийналган бўлармидингиз? Келинг, яна бир бор муқаддас руҳ самарасига ҳамда тана ишларига нима киришини эслайлик. Юқорида тилга олинган мусиқа альбоми қайси тоифадаги рўйхатга киради? Мазкур альбомнинг севги, ҳиммат, ўзини тута билиш ва муқаддас руҳ самараси билан боғлиқ бошқа фазилатларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Кўриниб турганидек, мазкур тоифадаги мусиқа Худонинг фикрлаш тарзига зид эканини тушуниш учун муайян қонун шарт эмас. Мазкур принципни китоб, фильм, теледастурлар, компьютер ўйинлари, веб-сайтлар ҳамда бошқа нарсаларни танлаётиб қўлласа бўлади.
Худога маъқул келадиган ташқи кўриниш
Муқаддас Китобда кийиниш ва пардоз масаласига тегишли принциплар келтирилган. Улар ёрдамида ҳар бир масиҳий ўринли ва чиройли кийина олади. Яҳовани севадиган одам ўз хоҳиш-истагида туриб олмайди, балки кийиниш тарзи билан самовий Отасини хурсанд қилишни хоҳлайди. Кўриб чиққанимиздай, Яҳова қайсидир масалага тегишли аниқ йўл-йўриқ бермаса, У халқи нима қилиши билан қизиқмаслигини англатмайди. Кийиниш услублари ҳамма жойда ҳар хил ва вақт ўтиб улар ўзгариб туради. Аммо Муқаддас Китобдаги принциплар бизга ҳар доим ва ҳар жойда қўл келади.
Масалан, 1 Тимўтийга 2:9, 10 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Худди шундай, аёллар ҳам ўзларини турли хил ўрилган сочлар, олтин, марваридлар ва қимматбаҳо либослар билан эмас, балки муносиб кийим, ор-номус ва фаҳм-фаросат билан, худотарс аёлларга муносиб равишда, хайрли ишлари билан безашларини истайман». Шундай қилиб, биродару опа-сингиллар улар яшайдиган ҳудуддаги инсонларнинг кийиниш борасидаги фикрини инобатга олишлари лозим. Бу ниҳоятда муҳим. Сабаби кийиниш тарзимиз одамларнинг Муқаддас Китобга нисбатан нуқтаи назарини ўзгартириши мумкин. (2 Коринфликларга 6:3) Намунали масиҳий фақатгина ўз хоҳиш-истаклари ва ҳуқуқларида туриб олмайди ва ҳаддан ортиқ бошқаларнинг эътиборини тортадиган ёки қоқинтирадиган тарзда кийинмайди. (Матто 18:6; Филиппиликларга 1:10)
Борди-ю, масиҳий кийиниш услуби билан бошқаларни ранжитаётганини ёки қоқинтираётганини тушунса, ҳаворий Павлусга тақлид қилган ҳолда, бошқаларнинг манфаатини шахсий истакларидан устун қўйиши керак. Ҳаворий Павлус: «Мен Масиҳга тақлид қилаётганимдай, сизлар ҳам менга тақлид қилинглар»,— деб айтган. (1 Коринфликларга 11:1) Масиҳ ҳақида эса Павлус шундай деган: «Ахир Масиҳ ҳам ўзига маъқул бўлган ишларни қилмаган». Хуллас, у масиҳийларга қуйидаги йўл-йўриқни берган: «Имонда мустаҳкам турган бизлар, имони заиф бўлганларнинг ожизлигини кўтаришимиз керак. Фақат ўз манфаатимизни ўйламасдан, ҳар биримиз ўз яқинимизнинг фойдасини кўзлаб, унинг мустаҳкамланиши учун кўнглини топайлик». (Римликларга 15:1–3)
Ақлимизни чархлаш
Яҳова бизга муайян қонун-қоида бермаган бўлса, Унга ёқиш мақсадида қай йўсин ақлимизни ишга солишимиз мумкин? Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиганимизда, уни тушунишга ҳаракат қилганимизда ҳамда унинг устида мулоҳаза юритганимизда, Худога нима кўпроқ ёқишини билиб оламиз ва яхшироқ қарорлар чиқарамиз. Бундай йўл тутишни ўрганиш учун муайян вақт талаб этилади. Бола аста-секин катта бўлгани каби Яҳова билан қалин муносабатларга эга бўлиш ва яхши қарорлар чиқариш учун вақт керак. Шунинг учун, сабрли бўлишимиз лозим ва ўзгаришлар тезда юз бермаса, кўнглимиз чўкмаслиги керак. Шунчаки вақт ўтгани билан ақлимиз чархланиб қолмайди. Юқорида таъкидланганидек, бу вақт давомида Худонинг Каломи устида мулоҳаза юритишимиз ва ундан ўрганганларимизни ҳаётимизда қўллашимиз лозим. (Ибронийларга 5:14)
Худонинг қонунлари итоаткорлигимизни синаса, принциплар маънавийлигимизни ва Уни мамнун қилиш истагимиз қанчалик кучли эканини синайди. Маънан ўсар эканмиз, Яҳова ҳамда Унинг Ўғлига тақлид қилишни истаймиз. Муқаддас Китоб ёрдамида Худога маъқул келадиган қарорлар чиқаришни истаймиз. Самовий Отамизни хурсанд қилар эканмиз, қувончимизга қувонч қўшилганини кўрамиз.
[23- саҳифадаги расмлар]
Ҳар бир ҳудуднинг ўз кийиниш услуби бор, аммо қарор чиқарганимизда Муқаддас Китоб принципларига асосланишимиз керак