Асосий материалларга ўтиш

Ҳақиқатни билиб олишни истайсизми?

Ҳақиқатни билиб олишни истайсизми?

НИМА тўғрисида ҳақиқатни? Барча одамларни қизиқтирадиган саволлар тўғрисида ҳақиқатни-да! Масалан, сизда ҳам бу каби саволлар туғилгандир:

  • Аллоҳ бизга ғамхўрлик қиляптимикин?

  • Урушлару азоб-уқубатлар қачондир тугайдими?

  • Одам ҳаётдан кўз юмганида, у билан нима содир бўлар экан?

  • Оламдан ўтган яқинларимиз яна ҳаётга қайтишармикин?

  • Худо мени эшитиши учун, қандай илтижо қилишим керак?

  • Бахтга эришиш мумкинмикин?

Хўш, ушбу саволларга жавобларни қаердан излайсиз? Эҳтимол, ёши улуғ ва ҳурматли одамлардан сўрарсиз. Аммо турли инсонлар турлича жавоб беради-ку. Ҳатто уларнинг ҳозир яхши кўринадиган маслаҳати, вақт ўтиб эскириб қолиши мумкин.

Лекин бир китоб борки, унга тўлиқ ишонишингиз мумкин. Бу ҳақиқат китобидир! Бир пайғамбар ибодатда: «Сенинг каломинг [Аллоҳ Каломи] — ҳақиқатдир»,— дея бежиз айтмаганлар (Юҳанно 17:17). Ушбу ҳақиқат каломини биз Муқаддас Китоб деб биламиз. Навбатдаги бетларни ўқисангиз, боя кўтарилган саволларга айнан бу китобдан яққол жавобларни топасиз.

Аллоҳ бизга ғамхўрлик қиляптимикин?

САВОЛНИНГ САБАБИ. Биз яшаётган дунё зўравонлик ва адолатсизликка тўлиб тошган. Кўп динлар эса бошимизга тушган кўргиликни, Худонинг иродаси деб айтишади.

МУҚАДДАС КИТОБ ЖАВОБИ. Аллоҳ ҳеч қачон ёвузлик қилмайди. «Ҳақ Таоло сира ноҳақлик қилмас. Қодир Аллоҳ адолатсиз йўл тутмас!» (Аюб 34:10, ЯДТ). Аксинча, инсоният учун Унинг ажойиб нияти бор. Бу ҳақда Дониёр пайғамбар шундай каромат қилганлар: «Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо битмас-туганмас бир шоҳлик ўрнатади. [...] Бу шоҳлик... абадий туради» (Дониёр 2:44). Парвардигор одамларни шунчалик севадики, ниятини амалга ошириш учун ҳатто жуда катта қурбонликка борди (Юҳанно 3:16).

Шунингдек қуйидаги оятларга қаранг: Ибтидо 1:26–28; Матто 6:9, 10; Ёқуб 1:13; 1 Бутрус 5:6, 7.

Урушлару азоб-уқубатлар қачондир тугайдими?

САВОЛНИНГ САБАБИ. Уруш сон-саноқсиз одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Инсонларнинг азобларни кўриб эса, ҳар биримизнинг юрак-бағримиз эзилади.

МУҚАДДАС КИТОБ ЖАВОБИ. Аллоҳ ер юзида тинчлик ўрнатишни ваъда қилган. Унинг Шоҳлиги, яъни самовий ҳукумати остида одамлар «жангу жадални ўрганмайдилар», аксинча «қиличларидан омоч, найзаларидан ўроқ ясайдилар» (Ишаё 2:4, ЯДТ). Ҳа, Қодир Тангри адолатсизлик ва азобларга чек қўяди. Муқаддас Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар [шу жумладан бугунги адолатсизлик ва азоблар] ўтиб кетди» (Ваҳий 21:3, 4).

Шунингдек қуйидаги оятларга қаранг: Забур 36:10, 11; 45:10; 71:7.

Одам ҳаётдан кўз юмганида, у билан нима содир бўлар экан?

САВОЛНИНГ САБАБИ. Кўп динлар ўргатишича, одамнинг ичида боқий яшайдиган қандайдир нарса бор эмиш. Баъзилар, ўлганлар одамларга зиён етказиши мумкин деб қўрқишса, бошқалар ўлганлар дўзахга тушиб куйишига ишонадилар.

МУҚАДДАС КИТОБ ЖАВОБИ. Ўлган одам шунчаки йўқ бўлиб кетади. Ҳазрати Сулаймон: «Марҳумлар... ҳеч нарсани билмайдилар»,— деб айтганлар (Воиз 9:5). Хуллас одам ўлганидан сўнг у на эшитади, на гапиради, на сезади ва на бирор нарса — хоҳ зиён, хоҳ ёрдам бўлсин — қила олади (Забур 145:3, 4).

Шунингдек қуйидаги оятларга қаранг: Ибтидо 3:19; Воиз 9:6, 10.

Оламдан ўтган яқинларимиз яна ҳаётга қайтишармикин?

САВОЛНИНГ САБАБИ. Биз ўлишни эмас, балки бизга азиз бўлган кишилар билан қувониб яшашни истаймиз. Шу боис, яқинимизни йўқотиш биз учун катта фожеага айланиб, кейинчалик уни қаттиқ соғинамиз.

МУҚАДДАС КИТОБ ЖАВОБИ. Ҳаётдан кўз юмган одамларнинг кўпчилиги қайта тириладилар. Исо алайҳиссалом: «Худонинг хотирасида бўлган марҳумларнинг ҳаммаси... тириладилар»,— деб башорат қилганлар (Юҳанно 5:28, 29, ЯДТ). Аллоҳнинг азалий нияти бўйича тирилганлар жаннатга айланган ер юзида яшайдилар. Итоаткор одамлар шунингдек мукаммал соғлик ва абадий яшаш истиқболига эга бўлишади. Муқаддас Китобда айтилганидай: «Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар» (Забур 36:29).

Шунингдек қуйидаги оятларга қаранг: Луқо 7:11–17; Юҳанно 11:25; Ҳаворийлар 24:15.

Худо мени эшитиши учун, қандай илтижо қилишим керак?

САВОЛНИНГ САБАБИ. Деярли ҳар бир диндаги одамлар ибодат қилишади. Аммо кўпларга ибодатлари ижобат бўлмаётгандай туюлади.

МУҚАДДАС КИТОБ ЖАВОБИ. Ибодатларимиз бир қолипдай такроран айтиладиган бўлиб қолмаслиги керак (Матто 6:7). Худо ибодатларимизни эшитишини хоҳласак, Унга маъқул тарзда ибодат қилишимиз лозим. Бунинг учун эса Аллоҳнинг иродасини ўрганиб, унга яраша иш тутиш даркор. Муқаддас Китобда айтилганидай: «Эгамиз фосиқлардан узоқда, лекин солиҳларнинг ибодатини эшитади» (Ҳикматлар 15:29).

Шунингдек қуйидаги оятларга қаранг: Забур 64:3; Юҳанно 14:6, 14; 1 Юҳанно 3:22; 5:14.

Бахтга эришиш мумкинмикин?

САВОЛНИНГ САБАБИ. Кўпларнинг фикрича пул, шон-шуҳрат ёки гўзал қадди-қомат одамни бахтли қилади. Буларга эришаман деб одамлар жон-жаҳди билан уринишади, аммо охир-оқибат бахт топа олишмаяпти.

МУҚАДДАС КИТОБ ЖАВОБИ. Исо алайҳиссалом бахтнинг сири нимадалигини қуйидагича очиб берганлар: «Худо каломини тинглаб уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Луқо 11:28). Маънавий эҳтиёжларимизни қондирибгина, яъни Аллоҳ ҳақида ва Унинг бизга тааллуқли нияти тўғрисида билибгина чинакам бахт топа оламиз. Буни эса фақат Муқаддас Китобдан билса бўлади. Худо Каломидаги ҳақиқат, ҳаётимизда нима муҳим ўринда туриши кераклигини англашимизга кўмаклашади. Агар бунга яраша қадамимизни боссак, ҳаётимиз янада мазмунли бўлганини пайқаймиз.

Шунингдек қуйидаги оятларга қаранг: Ҳикматлар 3:5, 6, 13–18; 1 Тимўтийга 6:9, 10.

Мана биз олтита саволга Муқаддас Китобдан қисқагина жавоблар келтирдик. Кўпроқ маълумот олишни истайсизми? Агар сиз ҳақиқатга ташна инсонлардан бўлсангиз, демак уни албатта топасиз. Эҳтимол сизни бошқа саволлар ҳам қизиқтираётгандир, масалан: «Агар Аллоҳ ғамхўр бўлса, унда нега тарих мобайнида шунча ёвузлигу азобларга йўл қўйди?» ёки «Оилавий ҳаётимни қандай қилиб янада яхшилай оламан?». Муқаддас Китоб бу ва кўпдан-кўп бошқа саволларга тўлиқ ва қониқарли жавоблар беради.

Бироқ баъзилар Муқаддас Китобни яхши танимагани учун, уни ўқиб кўришдан чўчишади. Сиз-чи, Аллоҳ Каломидан жавоблар топишга тайёрмисиз? Сизга Яҳованинг Шоҳидлари икки усул билан ёрдам беришга шайдир.

Биринчидан, банд одамлар муҳим саволларга жавоблар топишлари учун, улар «Муқаддас Китоб таълимотлари» адабиётини етказиб бериши мумкин. Иккинчидан эса, оз-моз вақтингиз бўлса, улар ҳар ҳафта хонадонингизга ёки бошқа бир жойга келиб, Муқаддас Китобдан бепул таълим бериши мумкин. Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар бундай дастурдан катта фойда чиқаришди. Улардан кўпчилиги ўз ҳиссиётларини билдириб: «Ниҳоят ҳақиқатни топдим!» — деб айтишган.

Ҳақиқатдан юксак турган хазина борми ўзи?! Муқаддас Китобда яширинган ҳақиқат бизни хурофот, чалкашлик ва қўрқувлардан озод этиб, умид, мақсад ва қувончлар келтиради. Айнан шу учун Исо алайҳиссалом айтганларки: «Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади» (Юҳанно 8:32).