Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
Бир нечта хотини бўлган ва Яҳованинг Шоҳидларини таъқиб қилган киши нима учун ўзи ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлди? Олдин пятидесятниклар черковининг руҳонийси бўлган кишини эътиқодини ўзгартиришга нима ундади? Болалиги оғир ўтган аёлга ўзига бўлган паст нуқтаи назарни енгишга ва Худога яқинлашишга нима ёрдам берди? Мусиқанинг оғир рок жанри билан шуғулланган бир кишига Худонинг хизматчиси бўлишга нима туртки бўлди? Қуйида келтирилган ҳикояларни ўқиб, мазкур саволларнинг жавобларини топасиз.
«Мен яхши эр бўлдим» РИГОБЕРТ УЭТО
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1941
МАМЛАКАТИ: БЕНИН
ЎТМИШДА: БИР НЕЧТА ХОТИНИ БЎЛГАН, ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИНИ ТАЪҚИБ ҚИЛГАН
ОЛДИНЛАРИ.
Мен Бениннинг йирик шаҳарларидан бири Котонуда туғилганман. Мен католиклар оиласида катта бўлганман, лекин черковга мунтазам қатнамасдим. Ўшанда кўп хотинлилик расман рухсат этилгани учун, аксарият католикларнинг бир нечта хотини бўлган. Шунинг учун менинг ҳам тўртта хотиним бор эди.
1970 йилларда ҳарбий инқилоб юз берди. «Бу мамлакатимга фойда келтиради» деб ўйлардим. Шу боис, уни бутунлайин қўллаб-қувватладим ва сиёсат билан шуғуллана бошладим. Инқилобчилар Яҳованинг Шоҳидларини ёқтиришмасди. Чунки улар сиёсатда бетарафликни сақлашарди. Мен Шоҳидларни таъқиб қилганлар орасида эдим. 1976 йили Яҳова Шоҳидларининг тўла вақтли махсус ваъзгўйлари мамлакатдан ҳайдалганида, улар бу ерга бошқа қайтиб келмаслигига амин эдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Инқилоб 1990 йилда барҳам топди. Махсус ваъзгўйлар яна қайтиб келишгани мени ҳайрон қолдирди. Шунда «Худо бу инсонлар билан бирга бўлса керак» деб ўйлаб қолдим. Ўша пайтда иш жойимни ўзгартирдим. Ҳамкорларимдан бири Яҳованинг Шоҳиди эди ва у вақтидан унумли фойдаланиб, менга эътиқоди ҳақида айтиб берарди. У Муқаддас Китобдаги оятлардан Тангри Яҳова севги ва адолатга тўла Шахс эканини айтарди. (Қонунлар 32:4; 1 Юҳанно 4:8) Бу фазилатлар менга жуда ёқарди. Яҳова ҳақида кўпроқ билишни истаганим учун Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлдим.
Кўп ўтмай, Яҳова Шоҳидларининг учрашувларига қатнай бошладим. Уларнинг орасидаги самимий севгини кўриб лол қолдим. Улар орасида ирқчилик йўқ эди. Шунингдек, улар инсонга жамиятдаги ўрнига қараб муомала қилишмасди. Шоҳидлар билан мулоқот қилганим сайин, улар Исонинг чинакам издошлари эканига амин бўлардим. (Юҳанно 13:35)
Яҳовага хизмат қилишни истасам, католик черковидан кетишим кераклигини тушундим. Бундай қилиш осон бўлмади. Чунки одамлар мен ҳақимда қандай фикрга боришидан қўрқардим. Бунга анча вақт керак бўлди. Аммо Яҳованинг ёрдами билан жасоратга тўлиб, черковни тарк этдим.
Лекин мен яна бир катта ўзгариш қилишим керак эди. Муқаддас Китобдан Худо кўп никоҳлиликни маъқулламаслигини билиб олдим. (Ибтидо 2:18–24; Матто 19:4–6) Унинг назарида фақат биринчи никоҳим қонуний эди. Шунинг учун, биринчи хотиним билан муносабатларимизни қонунийлаштириб, қолган хотинларим билан орани очиқ қилдим, аммо уларга моддий томонлама ёрдам бердим. Вақт ўтиб, собиқ хотинларимдан иккитаси Яҳованинг Шоҳиди бўлди.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Гарчи хотини католик динига эътиқод қилса-да, Яҳовага хизмат қилиш қароримни ҳурмат қилади. Иккаламиз ҳам яхши томонга ўзгарганимни ҳис қилдик.
«Илгари сиёсатда иштирок этиб, инсонларнинг ҳаётини яхшилаш мумкин» деб ўйлаганман. Лекин бу ҳаракатларим беҳуда бўлиб чиқди. Ҳозир эса инсоният муаммоларини фақатгина Худонинг Шоҳлиги ҳал қила олишини тушуняпман. (Матто 6:9, 10) Яҳова менга бахтли ҳаёт тарзини кечиришга ёрдам бергани учун миннатдорман.
«Ўзгаришлар қилиш осон бўлмади» АЛЕКС ЛИМОС СИЛВА
ТУҒИЛАН ЙИЛИ: 1977
МАМЛАКАТИ: БРАЗИЛИЯ
ЎТМИШДА: ПЯТИДЕСЯТНИКЛАР ЧЕРКОВИНИНГ РУҲОНИЙСИ
ОЛДИНЛАРИ.
Мен Сан-Пауло штатининг Иту шаҳрида улғайганман. Бу ерда жиноятчилик кенг тарқалганди.
Мен ўта зўравон ва ахлоқсиз эдим. Бунинг устига, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланардим. Аммо вақт ўтиб шуни тушундимки, бундай ҳаёт тарзи мени ё қамоққа, ё гўрга етаклайди. Шу боис, бу ишларимни ташлаб пятидесятниклар черковига борадиган бўлдим. Вақт ўтиб, у ерда руҳоний бўлдим.
«Черковда хизмат қилиб одамларга ёрдам бера оламан» деб ўйлардим. Ҳатто маҳаллий радиода диний дастурни олиб борардим ва таниқли инсон бўлиб кетдим. Лекин вақт ўтиб, Худони улуғлаш у ёғда турсин, черков ўз қавмининг манфаатини умуман ўйламаслигини кўрдим. Черковни фақатгина пул ундириш қизиқтиришини англаб етдим. Шунинг учун, ундан кетишга қарор қилдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ бошлаганимда, улар бошқа дин вакилларидан кескин фарқ қилишини кўрдим. Мени иккита нарса жалб қилди. Биринчиси, улар Худога ва яқинига бўлган севгисини нафақат сўзлари, балки ишлари билан кўрсатишади. Иккинчиси, улар сиёсатга аралашишмайди ҳамда урушда иштирок этишмайди. (Ишаё 2:4) Бу иккита нарса мен ҳақиқий динни, яъни абадий ҳаётга олиб борадиган тор йўлни топганимга ишонтирди. (Матто 7:13, 14)
Шуни тушундимки, Худони мамнун қилишни истасам, ҳаётимга баъзи ўзгаришлар киритишим керак эди. Масалан, оиламга кўпроқ эътибор қаратишим кутиларди. Бундан ташқари, камтарликка ўрганишим керак эди. Ўзгаришлар қилиш осон бўлмади. Лекин Яҳованинг ёрдами билан бунинг уддасидан чиқдим. Бу турмуш ўртоғимга кучли таъсир қилди. У мендан олдин тадқиқ бошлаганди. Аммо энди мендаги ўзгаришларни кўриб, маънан янада тез ўса бошлади. Кўп ўтмай, иккаламиз ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлишга қарор қилдик ва бир кунда сувга чўмдик.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Хотиним икковимиз уч нафар фарзандимизга Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашяпмиз. Биз бахтиёр оиламиз. Яҳова менга Каломидаги ҳақиқатни очиб бергани учун миннатдорман. Бу ҳақиқат чиндан ҳам одамларнинг ҳаётини яхши тарафга ўзгартиради ва мен бунинг тирик мисолиман.
«Энди ўтмишдаги гуноҳларим туфайли виждоним қийналмаяпти» ВИКТОРИЯ ТОНГ
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1957
МАМЛАКАТИ: АВСТРАЛИЯ
ЎТМИШДА: БАХТСИЗ БОЛАЛИК
ОЛДИНЛАРИ.
Мен Янги Жанубий Уэльс штатининг Нью-Кастл шаҳрида туғилганман. Мен оилада етти фарзанднинг каттасиман. Отам пиёниста ва зўравон эди, онам эса шафқатсиз эди. Онам мени ҳам дўппосларди, ҳам сўкарди. У менга тез-тез: «Сен ёмон қизсан, дўзахда ёнасан»,— деб айтарди. Бундай сўзлар мени даҳшатга соларди.
Онам етказган жароҳатлар дастидан мактабни тез-тез қолдиришимга тўғри келарди. 11 ёшимда ҳукумат мени ота-онамдан олиб, дастлаб меҳрибонлик уйига, кейин эса монастирга топширди. 14 ёшга кирганимда монастирдан қочиб кетдим. Уйимга қайтишни истамасдим. Шу боис, Сиднейнинг Кингс-Кросс кўчаларида яшай бошладим.
Кўчаларда яшар эканман, гиёҳванд моддалари ва ичкиликка қарам бўлиб қолдим. Порнография томоша қилиб, фоҳишалик билан шуғуллана бошладим. Бир сафар мен билан даҳшатли воқеа юз берди. Ўшанда мен тунги клуб эгасининг квартирасида яшардим. Бир куни оқшом пайти уникига икки киши келди ва у мендан ётоқхонада ўтириб туришни сўради. Лекин мен уларнинг суҳбатини эшитиб қолдим. Клубнинг эгаси мени бу икки кишига сотиб юбормоқчи эди. Улар мени юк кемасида Японияга жўнатиб, барларда ишлашимни хоҳлашарди. Шунда қўрққанимдан балкондан сакраб тушдим ва қочиб кетдим.
Сиднейга вақтинчалик келган бир кишини учратдим. У менга оз-моз пул беради деган умидда вазиятимни тушунтирдим. У эса бирон нима еб олишим ва душ қабул қилишим учун ўз уйига таклиф қилди. Шундай бўлиб қолдики, мен у билан бир умрга қолдим. Бир йил ўтиб, турмуш қурдик.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ бошлаганимда ўзаро қарама-қарши туйғуларни бошдан кечирдим. Бир тарафдан, ёвузликнинг сабабчиси Шайтон эканини билганимда, жаҳлим чиқди. Боиси, менга доим азоб чекишимизга Худо айбдор, деб ўргатишган эди. Бошқа тарафдан эса дўзах йўқлигини билганимда, енгиллик ҳис қилдим. Эсимни таниган эканман, бу таълимот мени доим даҳшатга солиб келган.
Яҳованинг Шоҳидлари кундалик ҳаётида Муқаддас Китоб асосида қарор қабул қилишларини кўриб қойил қолдим. Улар Худога ишонишини нафақат сўзлари, балки ишлари билан кўрсатишарди. Менинг феълим оғир бўлган. Лекин ўзимни қандай тутишимдан қатъи назар, Яҳованинг Шоҳидлари менга севги ва ҳурмат билан муомала қилишарди.
Мен учун энг катта қийинчилик ўзимга нисбатан паст нуқтаи назар билан курашиш эди. Мен ўзимдан нафратланардим. Ҳатто Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмганимдан кейин ҳам бу туйғулар узоқ вақт давомида мени тарк этмасди. Яҳовани севардим, лекин У мендек инсонларни сева олишидан шубҳаланардим.
Сувга чўмганимдан тахминан 15 йил ўтгач, фикрлаш тарзимда кескин ўзгариш юз берди. Бир сафар нутқда маърузачи Ёқуб 1:23, 24 ни келтирди. Бу оятларда Худонинг Каломи кўзгу билан солиштирилган ва у орқали Худо бизга қандай нуқтаи назарда эканини билиб олишимиз мумкин. Шунда «Балки Яҳова менга бошқача қараётгандир» деб ўйлаб қолдим. Аввалига бу фикрни рад этдим. Яҳова мени сева олишига ҳали ҳам кўзим етмасди.
Бир неча кун ўтгач, ҳаётимни ўзгартирган оятни ўқиб қолдим. Бу Ишаё 1:18 эди. У ерда Яҳова шундай деб айтган: «Келинг, орамиздаги масалани ҳал қилайлик. Гуноҳларингиз қирмизи матодай бўлса-да, қордай оппоқ бўлади». Яҳова менга оят орқали гапиргандай бўлди. У: «Қани, Вики, кел. Орамиздаги масалани ҳал қилайлик. Мен сени яхши биламан. Гуноҳларингни биламан. Қалбингни биламан. Сени жуда яхши кўраман»,— дегандай эди.
Ўша туни ухлолмадим. Яҳова мени сева олишига ҳали ҳам ишонгим келмасди. Аммо кейин Исонинг тўлов қурбонлиги устида фикр юрита бошладим. Шунда кўзим очилди. Аслида, Яҳова узоқ вақтдан бери менга сабрини намоён этиб, севгисини турли йўллар орқали кўрсатиб келган экан. Мен эса Унга гўёки: «Сенинг севгинг кучли эмас ва Сен берган тўлов қурбонлиги менинг гуноҳларимни юволмайди»,— деб айтгандай бўлганман. Мен худди Яҳова берган тўлов қурбонлигини рад этганман. Энди эса бу ҳадя устида мулоҳаза юритганимда, Яҳова мени севишини ҳис эта бошладим.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Энди ўтмишдаги гуноҳларим туфайли виждоним қийналмаяпти. Никоҳдаги муносабатларим мустаҳкамланди. Мен билан юз берган воқеалар бошқаларга ёрдам бераётганидан хурсандман. Айни пайтда Яҳова билан яқин бўлганимни ҳис қиляпман.
«Бу ибодатимга жавоб бўлди» СЕРГЕЙ БОТАНКИН
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1974
МАМЛАКАТИ: РОССИЯ
ЎТМИШДА: ОҒИР РОК БИЛАН ШУҒУЛЛАНГАН
ОЛДИНЛАРИ:
Мен машҳур композитор Пётр Ильич Чайковский туғилган Воткинск шаҳрида дунёга келганман. Биз камбағал яшардик. Отам яхши инсон бўлган, лекин кўп ичарди. Шу боис, уйимиздан жанжал аримасди.
Мактабда унча яхши ўқимасдим. Йиллар ўтгани сайин, ўзимга нисбатан паст нуқтаи назарда бўлганман. Мен ўзимни бошқалардан олиб қочадиган ва одамови бўлиб қолдим. Мактабга бориш мен учун синов эди. Бошқа пайт фикрларимни бемалол айта олсам-да, доска олдида ҳатто оддий нарсаларни тушунтира олмасдим. Саккизинчи синфни тугатганимда тавсияномамда шундай ёзилган эди: «Сўз бойлиги чегараланган. Ўз фикрларини ифода этолмайди». Бу сўзлардан кейин умуман ўзимдан кўнглим қолди. Бунинг дастидан, «Яшашнинг маъноси йўқ» деб ўйлай бошладим.
Ўсмирлик пайтимда спиртли ичимликларни ича бошладим. Бошида бундан кайфиятим кўтариларди. Лекин кўп ичиб юборсам виждоним қийналарди. Ҳаётимда маъно йўқдай эди. Тушкунлик мени ўз домига тортиб кетарди. Баъзида ҳатто бир неча кун уйимдан ташқарига чиқмасдим. Ўша пайтлари жонимга қасд қилиш ҳақида ўйлай бошладим.
20 ёшга тўлганимда, ёмон фикрлар мени вақтинчалик тарк этди. Мен мусиқанинг оғир рок жанри билан шуғалланишни бошладим. Бу мусиқа менга куч бахш этарди. Мен сочларимни ўстириб, икки қулоғимни тешдим ва ўзим ёқтирган қўшиқчилар сингари кийинишни бошладим. Бора-бора қўпол ва жаҳлдор инсонга айланиб, уйдагиларим билан жанжаллашадиган бўлдим.
«Оғир рок жанридаги мусиқани тинглаш мени бахтли қилади» деб ўйлардим. Аммо бунинг акси юз берди. Ҳиссий аҳволим баттарлашиб борарди. Мен ёқтирган мусиқачилар тўғрисида ёмон хабарларни эшитганимда, ўзимни улар менга хиёнат қилгандай ҳис этдим.
Мен яна жонимга қасд қилиш ҳақида ўйлай бошладим. Аммо бу сафар ҳаммаси жиддий эди. Фақат бир нарса: бу онамга қандай таъсир қилиши мени тўхтатиб турарди. Онам мени жуда яхши кўрарди ва менга кўп яхшиликлар қилган эди. Вазият жуда чигал эди. Бир томондан, яшашни истамасдим. Бошқа томондан, жонимга қасд қилолмасдим.
Ўзимни чалғитиш учун рус мумтоз адабиётини ўқий бошладим. Ҳикояларнинг бирида черковда хизмат қилган қаҳрамон ҳақида айтилган эди. Шунда менда Худо ва одамлар учун нимадир қилиш иштиёқи пайдо бўлди. Худога ибодат қилиб, ичимдагиларни Унга тўкиб солдим. Олдин ҳеч қачон бундай қилмагандим. Ундан мазмунли ҳаёт кечиришимга ёрдам беришини сўрадим. Ибодат пайтида ўзгача енгилликни ҳис қилдим. Лекин бундан кейин юз берган воқеа мени янада лол қолдирди. Атиги икки соат ўтгач, Яҳова Шоҳидларидан бири эшигимни тақиллатди ва менга Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилди. Бу ибодатимнинг жавоби эканига ишонардим. Ўша кундан янги ва бахтли ҳаёт бошланди.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Гарчи буни қилиш қийин бўлса-да, оғир рок мусиқаси билан боғлиқ барча нарсадан қутулдим. Шунга қарамай, бу мусиқа қулоғим остида узоқ вақт давомида жаранглаб турарди. Оғир рок мусиқаси янграган жойлардан ўтганимда, бехосдан ўтмишимни эслаб кетардим. Аммо бу нохуш хотиралар ҳозир онгиму қалбимда илдиз ота бошлаган яхши нарсалар билан аралашиб кетишини истамасдим. Шу сабабли, бундай жойларни атайин айланиб ўтардим. Ўтмишдаги хотираларга қайтиш васвасасига дуч келганимда, Худога қайноқ ибодат қилардим. Бу туфайли қалбимдан «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги» ҳис қилардим. (Филиппиликларга 4:7)
Муқаддас Китобни тадқиқ қилганим сайин, масиҳийлар эътиқоди ҳақида бошқаларга айтиши кераклигини тушундим. (Матто 28:19, 20) Буни ҳеч қачон эплай олмаслигимга ишончим комил эди. Шу билан бирга билиб олаётганларим менга улкан қувонч ва ички хотиржамлик келтирарди. Бошқа одамлар ҳам бу ҳақиқатларни эшитиши кераклигини билардим. Қўрқувларимга қарамай, Муқаддас Китобдан билиб олаётганларим ҳақида бошқалар билан бўлиша бошладим. Буни қарангки, ваъз қилиш орқали ўзимга бўлган ишончим ошди. Қолаверса, бу туфайли имонимни мустаҳкамлай олдим.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Ҳозир ажойиб оилам бор. Шунингдек, мен бир нечта кишига, жумладан, синглим ва онамга Муқаддас Китоб ҳақида билиб олишга ёрдам бердим. Худога хизмат қилиш ҳамда бошқаларга У ҳақда билим олишга ёрдам бериш ҳаётимга мазмун киритди.