Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Энди дунёни ўзгартиришим керак деб ўйламайман»

«Энди дунёни ўзгартиришим керак деб ўйламайман»
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1966

  • МАМЛАКАТИ: ФИНЛЯНДИЯ

  • ЎТМИШДА: ФАОЛ ЖАМОАТЧИ

ОЛДИНЛАРИ:

Болалигимдан табиатни яхши кўраман. Марказий Финляндиянинг Йювяскюля шаҳрида туғилиб ўсганман. Оиламиз билан унинг атрофидаги ажойиб ўрмонлару гўзал кўлларга тез-тез боришдан завқ олардик. Ҳайвонларни ҳам жуда яхши кўраман. Болалигимда кучук ва мушукни кўрсам, бағримга босгим келарди. Улғаяр эканман, кўпинча одамлар ҳайвонларга ёмон муносабатда бўлишини кўриб хафа бўлардим. Кейинчалик ҳайвонларни муҳофаза қилиш ташкилотига аъзо бўлдим. У ерда ҳамфикр инсонларни учратдим.

Ҳайвонларни ҳимоя қилиш учун фаол тарзда кампаниялар уюштирардик. Биз мўйна дўконлари ва ҳайвонлар асосида синов ўтказадиган лабораториялар ҳақида маълумот тарқатиб, уларга қарши намойишлару юришлар билан чиқардик. Биз ҳатто ҳайвонларни муҳофаза қилиш учун янги ташкилотни яратдик. Ишимизни кенгроқ кўламда олиб бориш учун қатъий чоралар кўрганимиз туфайли ҳукумат билан ўртамизда тез-тез муаммолар пайдо бўларди. Мени бир неча бор ҳибсга олиб, суд қилишган.

Мени нафақат ҳайвонлар билан боғлиқ бўлган вазият, балки дунёдаги бошқа муаммолар ҳам ташвишлантирарди. Охири бир нечта ташкилотга, жумладан, Халқаро амнистия ва Гринписга аъзо бўлдим. Бор кучимни уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга сарфлардим. Камбағал, оч ва кам таъминланган одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилардим.

Лекин вақт ўтгач, дунёдаги вазиятни ўзгартира олмаслигимни тушундим. Ўша ташкилотлар бир нечта кичик муаммони ҳал қилган бўлса-да, катта муаммолар баттарлашиб кетаётгандай эди. Бутун дунё ёвуз кучлар гирдобига ғарқ бўлгандек туюларди ва ҳеч кимнинг иши йўқдай эди. Мен ўзимни заиф ҳис қилардим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ:

Қўлимдан ҳеч нарса келмаётгани туфайли руҳим тушди ва Худо ҳамда Муқаддас Китоб ҳақида ўйлай бошладим. Олдинлари Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилган эдим. Уларнинг меҳрибон ва менга нисбатан самимий қизиқиши жуда ёқарди, аммо ўшанда ҳаётимни ўзгартиришга тайёр эмас эдим. Бу сафар эса вазият бошқача эди.

Муқаддас Китобни олиб, ўқий бошладим. У яраларимга чинакам малҳам бўлди. У ердаги кўп оятлар ҳайвонларга яхши муносабатда бўлишга ундашига эътибор бердим. Масалан, Ҳикматлар 12:10 да: «Одил киши ўз ҳайвонига ғамхўрлик қилади»,— деб айтилган. Шунингдек, бу дунёдаги муаммоларнинг сабабчиси Худо эмаслигини англадим. Аксинча, аксарият одамлар Худонинг йўл-йўриғига амал қилмаётгани туфайли муаммолар мураккаблашиб боряпти. Яҳованинг севгиси ва сабр-тоқати ҳақида билганимда, бу менга қаттиқ таъсир қилди. (Забур 103:8–14)

Тахминан ўша пайтларда «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобини буюртма қилиш учун мўлжалланган карточкани топиб олдим ва уни тўлдириб, юбордим. Тез орада Яҳованинг Шоҳидлари бўлган бир жуфтлик уйимга келди ва Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилди. Бунга рози бўлдим. Қолаверса, Йиғилиш залида ўтадиган учрашувларга қатнай бошладим. Натижада Муқаддас Китобдаги ҳақиқат юрагимда илдиз ота бошлади.

Муқаддас Китоб ёрдамида ҳаётимга кўплаб ўзгаришлар кирита олдим. Чекишни ва ичкиликбозликни ташладим. Ташқи кўринишимни жойига келтириб, нутқимни тўғриладим. Бундан ташқари, ҳукмрон ҳокимиятга нисбатан нуқтаи назаримни ўзгартирдим. (Римликларга 13:1) Ахлоқсиз ҳаёт тарзига ботиб кетган эдим ва бу соҳада ҳам ўзгаришлар қилдим.

Ижтимоий ташкилотларга нисбатан тўғри нуқтаи назарни ривожлантириш, мен учун энг қийини бўлди. Бу анчагина вақт талаб қилди. Бошида ўша ташкилотлар билан алоқани узсам, хиёнат қилган бўламан, деб ўйлардим. Аммо шуни тушундимки, фақатгина Худонинг Шоҳлиги чинакам умид бера олади. Шунда, бу Шоҳликни қўллаб-қувватлаш ва одамларга у ҳақида билиб олишга кўмаклашиш учун бор кучимни солишга қарор қилдим. (Матто 6:33)

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

Фаол жамоатчи сифатида одамларни икки тоифага ажратар эдим. Бири яхши, иккинчиси ёмон. Ёмон деб билган одамларга қарши чиқишга тайёр эдим. Аммо Муқаддас Китоб туфайли энди одамлардан нафратланмайман. Аксинча, барча инсонларга нисбатан Худога хос севгини ривожлантиришга интиляпман. (Матто 5:44) Шу билан бирга, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни бошқалар билан бўлишиш орқали бундай севгини намоён этяпман.

Бу нажотбахш фаолият одамларга тинчлик, қувонч ва чинакам умид беришини кўришдан хурсандман. Шунингдек, барча муаммоларни Яҳованинг қўлига топшириш орқали ички хотиржамликка эга бўлишга ўргандим. Шунга аминманки, У Яратувчи сифатида ҳайвонлару одамларга тоабад ёмон муносабатда бўлишларига ва гўзал еримиз йўқ бўлиб кетишига йўл қўймайди. Аксинча, етказилган барча зарарни тез орада Шоҳлиги орқали бартараф этади. (Ишаё 11:1–9) Нафақат бу ҳақиқатларни билиш, балки бошқаларга ҳам уларга ишонишга ёрдам бериш менга қувонч бахш этяпти. Энди дунёни ўзгартиришим керак, деб ўйламайман.