МУҚАДДАС КИТОБ МАВЗУЛАРИ АСОСИДА СУҲБАТ
Нега Худо азоб-уқубатларга йўл қўймоқда?
Қуйида Яҳова Шоҳидининг бир инсон билан Муқаддас Китоб асосида қурган суҳбати келтирилган. Моҳира исмли Яҳованинг Шоҳиди Сарвиноз исмли аёлникига келганини тасаввур қилайлик.
АЗОБ ЧЕККАНИМИЗДА, ХУДО НИМАЛАРНИ ҲИС ҚИЛАДИ?
Моҳира: Ассалому алайкум, Сарвиноз. Уйда эканингиздан хурсандман.
Сарвиноз: Мен ҳам сизни кўрганимдан хурсандман.
Моҳира: Ўтган сафар сиз билан инсонлар азоб чекканида, Худо нималарни ҳис қилиши ҳақида гаплашгандик. Ойингиз автоҳалокатга учраганидан кейин бу савол сизни кўпроқ ташвишлантираётганини айтгандингиз. Дарвоқе, ойингиз ўзини қандай ҳис қиляптилар?
Сарвиноз: Бир кун ундоқ, бир кун бундоқ. Масалан, бугун ўзларини яхши ҳис қиляптилар.
Моҳира: Хурсандман. Бундай вазиятда доим яхши кайфиятда бўлиш осонмасдир-а?
Сарвиноз: Ҳа шундай. Баъзида онам яна қачонгача азоб чекадилар, деб ўйлаб қоламан.
Моҳира: Ҳа сизни тушунса бўлади. Эсингизда бўлса, ўтган сафар нега Худо азоб-уқубатларга чек қўя олса ҳам, уларга йўл қўяди деган саволга жавоб беришни ваъда қилгандим.
Сарвиноз: Ҳа, эсимда.
Моҳира: Муқаддас Китобда бу саволнинг жавоби бор. Аввал келинг, ўтган сафарги суҳбатимиздаги айрим фикрларни эслайлик.
Сарвиноз: Майли.
Моҳира: Биринчидан, ҳатто ўтмишдаги художўй бир инсон ҳам, Худо нега азоб-уқубатларга йўл қўяди, деб қизиққанини билиб олдик. Лекин Худо уни бу саволи учун ҳукм қилмаган ва сенга имон етишмайди, деб айтмаган.
Сарвиноз: Ҳа, бу мен учун янги фикр бўлганди.
Моҳира: Қолаверса, Тангри Яҳовага азоб-уқубатларимизни кўриш оғриқ келтиришини билиб олдик. Масалан, Муқаддас Китобда Худо ҳақида халқи азоб чекканида, У ҳам азоб чекди,— деб ёзилган. Азоб чекканимизда Худо бизга ҳамдард эканини билиш тасалли бахш этади, шундай эмасми?!
Сарвиноз: Ҳа тўғри.
Моҳира: Охирида эса Парвардигоримиз улкан қудратга эга бўлгани учун истаган пайтда аралашиб, бор азоб-уқубатларга чек қўйиши мумкинлигини билиб олдик.
Сарвиноз: Мана шуни тушунмаяпман-да. Худо шунчалик қудратли экан, нега ёмон ишлар бўлишига жим қараб турибди?
КИМ ҲАҚИҚАТНИ АЙТАЁТГАНДИ?
Моҳира: Саволингизга жавоб олиш учун, Муқаддас Ёзувларнинг биринчи китоби Ибтидога юзланайлик. Одамато билан Момоҳаво ва ман этилган мева ҳақидаги ҳикояни биласизми?
Сарвиноз: Ҳа, бу ҳикояни биламан. Худо уларга бир дарахтнинг мевасидан емасликни айтганди, улар бўлса қулоқ солмай ейишган.
Моҳира: Тўғри, лекин Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилишига нима сабаб бўлганини кўриб чиқайлик. Бу саволнинг жавоби нега инсонлар азоб чекаётганини тушунишимизга ёрдам беради. Ибтидо 3- боб 1–5- гача оятларни ўқиб бера оласизми?
Сарвиноз: Майли. «Худованд Яҳова яратган барча ёввойи жониворлар ичида энг эҳтиёткори илон эди. У аёлдан: «Худо боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтгани ростми?» — дея сўради. Бунга жавобан аёл илонга деди: «Боғдаги дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин. Лекин Худо боғнинг ўртасидаги дарахтнинг меваси ҳақида: “Ундан еманглар, унга тегманглар. Акс ҳолда, ўласизлар”,— деб айтган». Илон аёлга: «Асло ўлмайсизлар. Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади ва сизлар Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар»,— деди.
Моҳира: Раҳмат. Келинг, бу оятлар устида бироз фикр юритайлик. Биринчидан, илон аёл, яъни Момоҳаво билан гаплашганига эътибор беринг. Муқаддас Китобнинг бошқа китобидан эса илон орқали аёл билан Шайтон Иблис гаплашганини билиб оляпмиз *. Шайтон Момоҳавога Худонинг бир дарахтга доир амри ҳақида савол беради. Эътибор бердингизми, Худо Одамато билан Момоҳавога бу дарахтдан ейишса, қандай жазога йўлиқишлари ҳақида айтган.
Сарвиноз: Уларни ўлим кутаётганди.
Моҳира: Тўғри. Кейин Шайтон навбатдаги сўзлари билан Худога қарши жиддий айблов қўяди. У: «Асло ўлмайсизлар»,— деб айтган. Шайтон Худони ёлғончига чиқарган.
Сарвиноз: Ҳикоянинг бу тафсилотларини олдин ҳеч қачон эшитмаган эканман.
Моҳира: Шайтон Худони ёлғончига чиқариб, бир масалани кўтарган ва бу масала ҳал бўлиши учун вақт талаб қилинарди. Биласизми нега?
Сарвиноз: Ҳм, йўқ, унчалик тушунмаяпман.
Моҳира: Хўш, буни шундай тушунтирса бўлади. Тасаввур қилинг, бир куни олдингизга келиб, мен сиздан жисмонан кучлироқман, деб айтдим. Мен ноҳақ эканимни қандай исботлаган бўлардингиз?
Сарвиноз: Менимча, буни синаш керак бўлади.
Моҳира: Ҳа, тўғри. Масалан, бирон-бир оғир буюмни олиб, иккаламиздан қай биримиз уни кўтара олишини текширса бўлади. Аслини олганда ким кучли ёки кучсиз эканини аниқлаш унчалик қийин эмас.
Сарвиноз: Ҳа, энди тушуняпман.
Моҳира: Лекин олдингизга келиб, сиздан кучлиман дейишнинг ўрнига, сизга қараганда ростгўйман деганимда-чи? Бу умуман бошқа масала шундай эмасми?
Сарвиноз: Менимча ҳам шундай.
Моҳира: Чиндан ҳам ростгўйликни, худди кучни синагандай, беллашув уюштириб текшириб бўлмайди.
Сарвиноз: Тўғри.
Моҳира: Масаланинг ягона ечими бор, яъни бошқалар бизни кузатиб, қай биримиз ростгўй эканимизни аниқлашлари лозим.
Сарвиноз: Бу мантиқан тўғри.
Моҳира: Энди Ибтидо китобида нима дейилганига яна эътибор қаратайлик. Шайтон: «Худодан кучлиман»,— деб айтганмиди?
Сарвиноз: Йўқ.
Моҳира: Худо бу нотўғри эканини дарҳол исботлаши мумкин эди. Лекин Шайтон ўзини Худога қараганда ростгўй қилиб кўрсатган. У гўёки Момоҳавога шундай дегандай бўлган: «Худо сизларни алдаяпти. Мен эса сизларга ҳақиқатни айтяпман».
Сарвиноз: Қизиқ.
Моҳира: Худо донодир ва У масалани ҳал қилиш учун вақт кераклигини яхши тушунган. Натижада, ким ҳақ, ким ноҳақ экани аён бўларди.
МУНОЗАРАЛИ МАСАЛА
Сарвиноз: Момоҳаво ўлгани, Худо рост гапирганини исботламаганми?
Моҳира: Қайсидир маънода ҳа. Лекин Шайтон фақатгина буни шубҳа остига қўймаганди. Бешинчи оятга яна бир марта қаранг-да, Шайтон Момоҳавога нима деганига эътибор бердингизми?
Сарвиноз: Шайтон агар у мевадан еса кўзлари очилишини айтганди.
Моҳира: Ҳа. Қолаверса, у «Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар»,— деб айтган. Бу билан Шайтон Худо одамлардан бирон-бир яхши нарсани яширяпти, деб айтмоқчи бўлган.
Сарвиноз: Тушунарли.
Моҳира: Бу билан Шайтон мунозарали масалани кўтарган.
Сарвиноз: Нима демоқчисиз?
Моҳира: Шайтон бу сўзлари билан Момоҳавога, умуман олганда, барча инсонларга улар Худонинг бошқарувисиз бахтли бўлишларини айтмоқчи бўлган. Яҳова бу масалани ҳал қилишнинг энг аъло йўли Шайтонга ўз даъвосини исботлашга вақт бериш эканини тушунган. Шунинг учун ҳам Худо Шайтонга дунё устидан вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берган. Айнан шу сабабли, дунё азоб-уқубатларга тўлиб-тошган. Чунки бу дунёни Худо эмас, Шайтон бошқармоқда *. Лекин, Сарвиноз, бир хушхабар бор.
Сарвиноз: Қандай хушхабар?
Моҳира: Муқаддас Китоб бизга Худо ҳақидаги иккита муҳим ҳақиқатни очиб бермоқда. Биринчидан, азоб чекканимизда, Яҳова доим ёнимизда бўлади. Бу шоҳ Довуднинг Забур 31:7 даги сўзларидан кўриняпти. Довуд ҳаёти давомида кўп азоб чеккан. Лекин Худога ибодат қилганида, нима деганига эътибор беринг. Бу оятни ўқиб бера оласизми?
Сарвиноз: Майли. «Сенинг меҳр-садоқатинг ила беҳад қувонаман, чунки Сен азоб-уқубатимни кўрдинг, қаттиқ қайғу чекаётганимдан хабардорсан».
Моҳира: Довуд азоб чекканида, Худо унинг барча мусибатларини кўриб турганини билиш унга далда берган. Ҳатто одамлар охиригача тушунмаса ҳам, Худо барча кечинмаларимизни тушунишини билиш тасалли бахш этади, шундай эмасми?!
Сарвиноз: Тўғри айтасиз.
Моҳира: Иккинчи муҳим ҳақиқат шундан иборатки, Худо абадий азоб чекишимизга йўл қўймайди. Муқаддас Китобдан кўриняптики, У яқинда Шайтоннинг ёвуз бошқарувини йўқ қилади. У барча мусибатлару бахтсизликларнинг оқибатларини бартараф қилади, шу жумладан, сиз ва ойингиз дуч келаётган азоб-уқубатларни ҳам. Кейинги сафар яна келиб, нега Худо бу барча азоб-уқубатларга чек қўйишига амин эканимизни тушунтириб берсам майлими?
Сарвиноз: Майли, келаверинг.
Сизни Муқаддас Китоб асосидаги қандайдир савол қизиқтирадими? Яҳова Шоҳидларининг таълимотлари ва фаолияти ҳақида билишни истайсизми? Ундай бўлса, Яҳованинг Шоҳидларига мурожаат қилишдан тортинманг. Улар сиз билан бу мавзулар борасида бажонидил суҳбатлашишади.