Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
Шотландиялик киши муваффақиятли бизнесмен бўлишдан кўра нимани афзалроқ деб топди? Бразилиялик бир кишига ахлоқсиз ҳаёт тарзидан воз кечишга ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни тўхтатишга нима ёрдам берди? Словениядан бўлган бир кишига ичкиликбозликни ташлашга нима ёрдам берди? Марҳамат, ушбу кишилар ўзлари ҳақида нималарни айтиб беришганини ўқиб чиқинг.
«Ҳаётим силлиқ кечаётгандек эди». ЖОН РИКЕТТС
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1958
МАМЛАКАТИ: ШОТЛАНДИЯ
ЎТМИШДА: МУВАФФАҚИЯТЛИ БИЗНЕСМЕН
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ. Мен яхши муҳитда катта бўлганман. Отам Британия қўшинида офицер бўлгани сабабли оиламиз билан кўп кўчишимизга тўғри келарди. Шотландиядан ташқари биз Англия, Германия, Кения, Малайзия, Ирландия ва Кипрда ҳам яшаганмиз. Саккиз ёшимдан бошлаб Шотландиядаги ихтисослаштирилган мактабларда ўқиганман. Кейинчалик Кембриж университетини тугатганман.
20 ёшимда нефть бизнесини бошладим ва бу соҳада 8 йил ишладим. Дастлаб бу иш билан Жанубий Америкада, сўнг Африкада ва Ғарбий Австралияда шуғулландим. Австралияга кўчиб ўтганимдан кейин инвестицион фирма очдим, лекин охири уни сотдим.
Фирмамни сотишдан тушган пул туфайли менда 40 ёшдан бошлаб вақтимни ишга эмас, саёҳат қилишга сарфлаш имкони пайдо бўлди. Мен бутун дунёни айланиб, Австралияни икки марта мотоциклда кезиб чиқдим. Ҳаётим силлиқ кечаётгандек эди.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Ҳатто ишлашни тўхтатишдан олдин яхши яшаётганим учун қандайдир йўл билан Худога миннатдорчилик билдиришни истардим. Бунинг учун болалигимда борган англикан черковига қатнай бошладим. Лекин у ерда Муқаддас Китоб асосида кўп йўл-йўриқ беришмасди. Бундан сўнг мормонлар билан Муқаддас Китобни ўрганишни бошладим, аммо ҳафсалам пир бўлди, чунки улар таълимотларини Муқаддас Китобга асосламасди.
Бир куни Яҳованинг Шоҳидлари эшигимни тақиллатишди. Мен уларнинг таълимотлари бутунлайин Муқаддас Китобга асосланганини дарҳол пайқадим. Улар менга 1 Тимўтийга 2:3, 4 ни кўрсатишди. Бу оятларда Худо «ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб, нажот топишларини» исташи ҳақида ёзилган. Яҳованинг Шоҳидлари учун шунчаки билим эмас, балки Муқаддас Китобга асосланган аниқ билим муҳим экани мени қойил қолдирди.
Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш аниқ билимга эга бўлишимга ёрдам берди. Масалан, Худо билан Исо Масиҳ аллақандай сирли учликнинг бир қисми эмас, балки алоҳида иккита шахс эканини билиб олдим. (Юҳанно 14:28; 1 Коринфликларга 11:3) Ушбу оддий ҳақиқатни билганимдан ниҳоятда хурсанд эдим. Лекин шу билан бирга, ўтмишда тушунарсиз нарсани тушунишга шунча кўп вақтимни ва кучимни кетказганимдан жаҳлим чиққанди.
Тез орада Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнай бошладим. Уларнинг ҳар бири менга кўрсатган дўстона муносабати ва юқори ахлоқий меъёрлар бўйича ҳаёт кечириши менга қаттиқ таъсир қилди. Улар худди фариштадай эди. Уларнинг самимий севгиси мени ҳақ динни топганимга ишонтирди. (Юҳанно 13:35)
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. Сувга чўмганимдан кейин Диана исмли ажойиб опамизни учратдим. У Яҳованинг Шоҳидлари оиласида улғайганди ва мен ёқтирган кўпгина яхши фазилатларга эга эди. Вақт ўтиб биз турмуш қурдик. Диана мен учун дўст бўлгани ва мени қўллаб-қувватлагани Яҳованинг чинакам баракаси эди.
Дианада ва менда ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилишга кучли истак пайдо бўлди. 2010 йили биз Марказий Америкадаги Белизга кўчиб ўтдик. Бу ерда биз Худони яхши кўрадиган ва ҳақиқатга чанқоқ одамларга ваъз қиляпмиз.
Худо ҳамда Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб ҳақидаги ҳақиқатларни билиш менга хотиржамлик бахш этяпти. Тўла вақтли хизматчи сифатида Муқаддас Китоб таълимотларини кўпларга ўргатиш менга қувонч келтиряпти. Муқаддас Китоб ҳақиқатлари меникига ўхшаб бошқаларнинг ҳаётини ҳам яхши томонга ўзгартираётганини кўришдан аълороқ нарса йўқ. Ниҳоят, ҳаётдан завқланиб яшаётганим учун Худога миннатдорчилик билдиришнинг энг зўр йўлини топдим.
«Улар менга жуда меҳрибон эди». МАУРИСИО АРАУЖУ
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1967
МАМЛАКАТИ: БРАЗИЛИЯ
ЎТМИШДА: АХЛОҚСИЗ ХАЁТ ТАРЗИНИ КЕЧИРГАН
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ. Мен Сан-Паулу штатидаги Аваре шаҳарчасида ўсиб-улғайганман. У ерда асосан оддий ишчилар яшайди.
Онам менга ҳомиладор бўлганида отам ҳаётдан кўз юмган. Болалигимда онам уйда бўлмаганида мен унинг кийимларини кийиб олардим. Бу туфайли ўзимни аёлларга хос равишда тута бошладим ва одамлар менга гомосексуалистдек муомала қиладиган бўлишди. Вақт ўтиб ўғил болалар ва эркаклар билан жинсий алоқа қилишни бошладим.
Йигирма ёшга етиб қолганимда жинсий алоқа қилишга шунчалик берилиб кетгандимки, ҳар хил жойлардан: барлар, тунги клублар ва ҳатто черковлардан ҳам эркак, ҳам аёл жинсига мансуб одамлар орасидан ўзим учун шериклар излай бошладим. Карнаваллар мавсумида аёлларнинг кийимини киярдим ва самба мактаблари парадида рақсга тушардим. Мен жуда машҳур бўлиб кетгандим.
Дўстларим орасида гомосексуалистлар, фоҳишалар ва гиёҳвандлар бор эди. Уларнинг баъзилари менга крек-кокаинни татиб кўришни таклиф қилишди ва кўп ўтмай унга қарам бўлиб қолдим. Гоҳида туни билан чекиб чиқардик. Айрим пайтлари эса ёлғиз қолиб, кун бўйи крек-кокаинни истеъмол қилардим. Қаттиқ озиб кетганимдан одамлар ҳатто мени ОИТС касаллигига чалинган, деб ўйлашган.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Тахминан ўша пайтларда Яҳованинг Шоҳидлари билан танишдим. Улар менга жуда меҳрибон эди. Улар менга ўқиб берган оятлардан бири — Римликларга 10:13 да шундай ёзилган: «Яҳованинг исмини айтиб чақирган ҳар бир одам қутқарилади». Бу сўзлардан Яҳованинг исмини қўллаш қанчалик муҳим эканини тушундим. Тунлари билан крек-кокаинни чекиб чиққанимдан кейин кўпинча деразани очиб, осмонга қарардим ва кўз ёшлар ила Яҳовадан менга ёрдам беришини ёлвориб сўрардим.
Гиёҳванд моддалар билан ҳаётимни барбод қилаётганим дастидан эзилаётган онамни кўриб, уларни бошқа истеъмол қилмасликка қарор қилдим. Бундан кўп ўтмай Яҳова Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлдим. Улар тадқиқ ўтиш гиёҳвандликдан қутулиш қароримда қатъий туришга ёрдам беришига мени ишонтиришди ва ростдан ҳам шундай бўлди.
Муқаддас Китобни тадқиқ қилганим сайин, ҳаёт тарзимни ўзгартиришим кераклигини тушундим. Эсимни таниганимдан бери гомосексуалистларга хос одатлар шахсиятимнинг бир қисмига айлангани учун уларни ташлаш қийин бўлди. Лекин менга ёмон таъсир қилаётган нарсалар ва одамлардан воз кечиш ҳаёт тарзимни ўзгартиришга ёрдам берди: эски дўстларим билан алоқани уздим, барлар ва тунги клубларга бормай қўйдим.
Ўзгаришлар қилиш осон бўлмади, аммо Яҳова менга ғамхўрлик қилишидан ва кураш олиб бораётганимни билишидан тасалли топардим. (1 Юҳанно 3:19, 20) 2002 йилга келиб гомосексуалистларга хос барча одатлардан қутулдим ва ўша йили Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. Ҳаёт тарзимни ўзгартирганимдан онам шунчалик таъсирланган эдики, ҳатто Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. Афсуски, кейинроқ у инсульт бўлди. Лекин шунга қарамай, Яҳовага ва Муқаддас Китоб ҳақиқатларига бўлган севгисини ривожлантиришда давом этди.
Охирги саккиз йилдан бери тўла вақтли хизматда иштирок этиб, аксар вақтимни бошқаларга Муқаддас Китобдан таълим беришга сарфлаяпман. Шуни тан олишим керакки, баъзида нотўғри истаклар билан курашишимга тўғри келади. Аммо бу истакларга берилмай, Яҳовани мамнун қилаётганимни билишдан жасоратга тўляпман.
Яҳовага яқинлашиш ва Унга маъқул тарзда яшаш ўзимга нисбатан ҳурматимни оширди. Ҳозир мен бахтиёрман.
«Тубсиз бочка эдим». ЛУКА ШУЦ
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1975
МАМЛАКАТИ: СЛОВЕНИЯ
ЎТМИШДА: ИЧКИЛИККА БЕРИЛГАН
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ. Мен Словениянинг пойтахти Любляна шаҳрида туғилганман. Тўрт ёшимгача болалигим ташвишсиз ўтган. Лекин кейин отам ўз жонига қасд қилган. Бу фожиадан сўнг онам иккита ўғилни — акам ва мени боқиш учун тер тўкиб меҳнат қилишига тўғри келган.
15 ёшимда бувимникига кўчиб ўтдим. Кўп дўстларим ўша ҳудудда турарди, шунга бувим билан яшаш менга ёқарди. Бундан ташқари, у ерда онам билан яшашга қараганда кўпроқ эркинликка эга эдим. 16 ёшимда дам олиш кунлари ичкилик ичишга одатланган йигитлар тўдасига қўшилиб, сочимни ўстирадиган ва исёнкорларга хос кийинадиган бўлдим, кейинроқ эса ҳатто чекишни бошладим.
Гарчи ҳар хил гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб кўрган бўлсам-да, ичкилик ичишни кўпроқ ёқтирардим, чунки назаримда, фақат шундан кайф қилардим. Аввалига бир вақтнинг ўзида бир нечта стакан шароб ичардим, кейин эса бир нечта бутилка ичишга ўтдим. Мен қанча ичганимни яширишда устаси фаранг бўлиб кетдим. Кўпинча нафасимдан спиртли ичимликнинг ҳиди келгандагина ичганим билиниб қоларди. Ҳатто шунда ҳам бир неча литр шароб ёки пивони ароқ билан аралаштириб ичганимни ҳеч ким сезмасди.
Кўп марта тунги дискотекадан кейин дўстларимга, гарчи улардан, эҳтимол, икки баробар кўпроқ ичган бўлсам-да, оёқда туришга ёрдамлашардим. Бир куни улардан бири мени тубсиз бочкага ўхшатганини эшитиб қолдим. Славян тилида ушбу камситувчи ибора ҳаммадан кўп ича оладиган одамларга нисбатан қўлланилади, шунга дўстимнинг бу сўзлари менга қаттиқ ботди.
Мен қандай ҳаёт кечираётганим ҳақида ўйланиб қолдим ва ўзимни кераксиз ҳис қила бошладим. Ҳаётимда ҳеч қандай маъно йўқдай туюларди.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Тахминан ўша пайтлари синфдошларимдан бири ўзгарганини сездим: у мулойимроқ бўлиб қолди. У нега ўзгаргани билан қизиқиб, уни кафега таклиф қилдим. Суҳбатимиз давомида у Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганини айтди ва мен билан билиб олган айрим нарсаларини бўлишди. Диний оилада улғаймаганим сабабли буларнинг бари мен учун бутунлайин янги маълумот эди. Мен ҳам Шоҳидларнинг йиғилишларига қатнашни ва улар билан Муқаддас Китобни ўрганишни бошладим.
Муқаддас Китоб тадқиқи туфайли мен таъсирли, ҳаракатга ундовчи ҳақиқатларни, масалан, Муқаддас Китобга кўра, «охирзамонда» яшаётганимизни билиб олдим. (2 Тимўтийга 3:1–5) Шунингдек, яқин кунларда Худо ёмон инсонларни ер юзидан йўқ қилишини, яхши инсонларга эса ер юзидаги жаннатда абадий яшаш имконини беришини билиб олдим. (Забур 37:29) Шу пайт менда ўша яхши одамлар орасида бўлиш учун ҳаёт тарзимни ўзгартиришга кучли истак пайдо бўлди.
Дўстларим билан Муқаддас Китобдан билиб олган ҳақиқатларни бўлиша бошладим. Аксарияти устимдан кулди, аммо бу яхшиликка бўлди, сабаби ўшанда улар аслида ҳақиқий дўст эмаслигини кўрдим. Танлаган дўстларим дастидан ичкиликка қарам бўлиб қолганимни тушундим. Чунки улар яна ичиб, маст бўлиш учун бутун ҳафта давомида дам олиш кунларини кутиб ўтиришарди.
Ўша дўстларим билан алоқани уздим ва Яҳованинг Шоҳидлари билан дўстлаша бошладим. Уларнинг орасида бўлиш далдали эди, чунки улар Худони чин дилдан севиб, Унинг меъёрлари бўйича яшашга ҳаракат қилишарди. Ниҳоят, ичкиликни ташлашга муваффақ бўлдим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. Энди қувончни ҳис қилиш учун ичкилик ичишим шарт эмас. Бунинг учун Яҳовадан миннатдорман. Агар ҳаёт тарзимни ўзгартирмаганимда, ҳозир ҳолим не кечарди?! Аммо шунга аминманки, ҳозир ҳаётим яхши томонга ўзгарди.
Мана етти йилдирки, Яҳова Шоҳидларининг Словения филиалида хизмат қилиб келяпман. Яҳовани билиш ва Унга хизмат қилиш ҳаётимга чинакам мазмун бахш этяпти.