Еремиёнинг марсияси 5:1–22
5 Эй Яҳова, бошимизга қандай кўргилик тушганини ёдда тут.
Қара, иснодга қолганимизни кўриб қўй+.
2 Мулкимиз бегоналар қўлига, уйларимиз чет элликлар ихтиёрига ўтди+.
3 Ўзимиз эса отасиз етимдай бўлиб қолдик, оналаримиз беваларга ўхшаб қолди+.
4 Ичадиган сувимиз ва ўтинимиз учун пул тўлашга мажбурмиз+.
5 Таъқиб қилувчилар бизларни тутиб олишига оз қолди.Биз ҳолдан тойдик, бизга тиним йўқ+.
6 Нонга тўйиш учун Миср+ билан Оссурияга умид боғладик+.
7 Ота-боболаримиз гуноҳ қилиб ўтиб кетди, аммо қилмишларининг жабрини биз тортяпмиз.
8 Хизматкорлар устимиздан ҳукмронлик қиляпти. Бизни уларнинг қўлидан қутқарадиган ҳеч ким йўқ.
9 Чўлда қилич кўтариб юрганлар дастидан, ҳаётимизни хавф остига қўйиб нон топяпмиз+.
10 Очлик азобидан теримиз ўчоқдай қизиган+.
11 Сиондаги хотинлар, Яҳудо шаҳарларидаги қизлар камситилди*+.
12 Беклар қўлларидан осиб қўйилди+, қарияларга ҳурмат кўрсатилмади+.
13 Йигитлар қўл тегирмонини кўтариб юрди, ўғил болалар ўтинларнинг оғирлигидан гандираклаб қолди.
14 Шаҳар дарвозасида оқсоқоллар ўтирмайдиган бўлди+, йигитлар мусиқа чалмай қўйди+.
15 Кўнглимизни шодлик тарк этди, рақсларимиз азага айланди+.
16 Бошимиздаги тожимиз тушиб кетди. Ҳолимизга вой, чунки биз гуноҳ қилдик!
17 Шу сабабдан юрагимиз дарду аламга тўла+.Бу нарсалардан кўзларимиз хиралашиб қолди+.
18 Сион тоғи ҳувуллаб ётгани учун шу аҳволдамиз+. У ерда тулкилар изғиб юрибди.
19 Сен эса, эй Яҳова, тахтингда абадий ўтирасан.
Тахтинг авлодлар оша тураверади+.
20 Нега бизни бутунлай унутдинг? Нега бизни узоқ вақтга ташлаб кетдинг?+
21 Эй Яҳова, бизни Ўзингга қайтар ва биз бажонидил Сенга қайтамиз+.
Қани энди ҳаммаси аввалгидай бўлса+.
22 Лекин Сен бизни тамоман рад этдинг.
Биздан қаттиқ ғазабдасан+.
Изоҳлар
^ Ёки «зўрланди».