Левилар 1:1–17
-
Куйдириладиган қурбонлик (1–17)
1 Яҳова Мусони чақириб, учрашув чодиридан+ унга қуйидагича деди:
2 «Исроил ўғилларига мурожаат қилиб, шундай деб айт: “Орангиздан кимдир уй ҳайвонларидан Яҳовага назр қилмоқчи бўлса, назрини қорамол ёки қўй-эчкиларидан келтирсин+.
3 Агар у қорамолларидан бирортасини куйдириладиган қурбонлик қилмоқчи бўлса, нуқсонсиз буқани+ назр қилиб келтирсин. Назрни учрашув чодирининг кираверишига ўз ихтиёри билан+ олиб келиб, Яҳованинг олдига қўйсин.
4 У куйдириладиган қурбонлик қилиб келтириладиган ҳайвоннинг бошига қўлини қўйсин, шунда гуноҳи ювилиши учун қурбонлик қабул қилинади.
5 Сўнг ёш буқа Яҳованинг олдида сўйилсин. Руҳонийлар+ бўлмиш Ҳоруннинг ўғиллари қонни олиб келиб, учрашув чодирининг кираверишида турган қурбонгоҳнинг ҳамма томонига сачратиб чиқишсин+.
6 Куйдириладиган қурбонликнинг териси шилиб олиниб, бўлакларга бўлинсин+.
7 Руҳонийлар бўлмиш Ҳоруннинг ўғиллари қурбонгоҳга чўғ олиб келиб+, устига ўтин териб қўйишсин.
8 Улар қурбонликнинг бўлакларини+, калласи ва чарвиси* билан бирга қурбонгоҳдаги чўғ устига қўйишсин.
9 Унинг ичаклари ва почалари сув билан ювилсин. Руҳоний буларнинг барини қурбонгоҳдан тутун кўтарилиши учун куйдирсин. Бу — Яҳова учун оловда куйдириладиган хуш* ҳидли назр+.
10 Агарда у қўй ва эчкилари орасидан бирорта ҳайвонни куйдириладиган қурбонлик қилмоқчи бўлса+, нуқсонсиз ёш қўчқор ёки такани назр қилиб келтирсин+.
11 Жонлиқ қурбонгоҳнинг шимол томонида, Яҳованинг олдида сўйилсин. Руҳонийлар бўлмиш Ҳоруннинг ўғиллари қонни олиб қурбонгоҳнинг ҳамма томонига сачратиб чиқишсин+.
12 У жонлиқни бўлакларга бўлсин ва калласи билан чарвисини ажратиб олсин. Руҳоний бўлакларни қурбонгоҳдаги оловга қаланган ўтин устига қўйсин.
13 У ичакларини ва почаларини сув билан ювсин. Руҳоний буларнинг барини қурбонгоҳдан тутун кўтарилиши учун куйдирсин. Бу — Яҳова учун оловда куйдириладиган хуш ҳидли назр.
14 Агар у куйдириладиган қурбонлик сифатида Яҳовага қушларни назр қилса, унда ғуррак* ёки каптар палапонларини келтирсин+.
15 Руҳоний қушни қурбонгоҳ ёнига олиб келиб бўйнини синдирсин* ва қурбонгоҳдан тутун кўтарилиши учун куйдирсин. Қони эса қурбонгоҳнинг деворига оқизилсин.
16 У қушнинг жиғилдонини олиб, патлари билан бирга қурбонгоҳнинг ёнига, шарқ томонга, кул* турган жойга ташласин+.
17 Қушни қанотларининг ёнидан кесиб қўйсин, аммо иккига ажратмасин. Кейин руҳоний қурбонгоҳдан тутун кўтарилиши учун қушни ёнаётган ўтин устига қўйиб куйдирсин. Бу — куйдириладиган қурбонлик, Яҳова учун оловда куйдириладиган хуш ҳидли назр.
Изоҳлар
^ Ёки «буйракларни қоплаб турган ёғи».
^ Ёки «тинчлантирадиган, оромбахш». Сўзма-сўз «таскин берадиган».
^ Ёки «қумри».
^ Яъни бўйнини узмасдан бармоқ тирноғи билан териси тилинарди.
^ Ёки «ёғли кул», яъни қурбон қилинган жонлиқларнинг ёғини шимиб олган кул.