Левилар 11:1–47

  • Пок ва нопок ҳайвонлар (1–47)

11  Яҳова Мусо билан Ҳорунга деди:  «Исроил ўғилларига шуларни айтинглар: “Ер юзидаги жонзотлардан қуйидагиларини есангиз бўлади+:  айри туёқ, туёқларида ёриғи бўлган ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни.  Бироқ кавш қайтарадиган ва айри туёқ ҳайвонлардан қуйидагиларни еманглар: туяни, чунки у кавш қайтаргани билан, айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир+.  Қоя даманини*+, чунки у кавш қайтаргани билан, айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.  Қуён ҳам кавш қайтаргани билан, айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.  Шунингдек, чўчқани+ еманглар, чунки у айри туёқ ва туёғида ёриғи бўлгани билан, кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир.  Буларнинг гўштини еманглар ва жасадига тегманглар. Булар сизлар учун ҳаромдир+.  Сувда яшовчилардан шуларни есангиз бўлади+: сувларда — денгиз ва дарёларда яшайдиган, сузгичлари ва тангачалари бўлган ҳар қандай жониворни. 10  Бироқ денгиз ва дарёларда яшовчи, ғуж-ғуж* мавжудотлар орасидаги сузгичи ва тангачалари бўлмаган, сувда яшайдиган ҳар қандай жонзот сизлар учун жирканчдир. 11  Ҳа, улар сизлар учун жирканч бўлиши керак. Уларнинг гўштини еманглар+, мурдаларидан жирканинглар. 12  Сувда яшайдиган, сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай мавжудот сизлар учун жирканчдир. 13  Қанотли жониворлар орасидан жирканишингиз ва емаслигингиз керак бўлганлари шулардир: бургут+, сувқийғир, қора тасқара+, 14  қизил калхат ва қора калхатнинг ҳар қандай тури, 15  қарғанинг ҳар қандай тури, 16  туяқуш, бойўғли, балиқчи ҳамда лочиннинг ҳар қандай тури, 17  укки, қоравой ва қулоқли укки, 18  оққуш, бирқозон, тасқара, 19  лайлак, қарқаранинг ҳар қандай тури, сассиқпопишак ва кўршапалак. 20  Шунингдек, ғуж-ғуж бўлган ҳар қандай қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир. 21  Тўрт оёқда ҳаракатланувчи қанотли ғуж-ғуж мавжудотлар орасидан сакраб юриш учун қўшимча оёқлари бор жонзотларнигина есангиз бўлади. 22  Қуйидагиларни есангиз бўлади: қанотли чигирткаларнинг ҳар қандай турини, еса бўладиган бошқа чигирткаларни+, қора чигирткаларни ва чигирткаларнинг бошқа турларини. 23  Тўрт оёқли, қанотлари бор ғуж-ғуж мавжудотларнинг қолганлари эса сизлар учун жирканчдир. 24  Булар дастидан нопок бўласизлар. Уларнинг ўлигига теккан ҳар бир киши кечқурунгача нопок бўлади+. 25  Уларнинг мурдасини кўтарган ҳар бир киши кийимларини ювсин+. У кечқурунгача нопок бўлади. 26  Айри туёқ, аммо туёқларида ёриғи бўлмаган ва кавш қайтармайдиган ҳар бир ҳайвон сизлар учун ҳаромдир. Уларга теккан ҳар бир киши нопок бўлади+. 27  Тўрт оёқли жонзотлар орасидан туёғи бўлмаган ҳар қандай тирик жонзот сизлар учун нопокдир. Уларнинг жасадига теккан ҳар бир киши кечқурунга қадар нопок бўлади. 28  Уларнинг мурдасини кўтарган киши кийимларини ювсин+. У кечқурунгача нопок бўлади+. Булар сизлар учун ҳаромдир. 29  Ер юзидаги мана бу ғуж-ғуж мавжудотлар сизлар учун ҳаромдир: кўрсичқон, сичқон+, калтакесакнинг ҳар қандай тури, 30  геккон, кулранг эчкемар, тритон, чўл калтакесаги ва буқаламун. 31  Мазкур ғуж-ғуж мавжудотлар сизлар учун ҳаромдир+. Уларнинг мурдаларига теккан ҳар бир киши кечқурунга қадар нопок бўлади+. 32  Уларнинг ўлиги қайси бир нарсага тушса, ёғоч идишгами, кийимгами, теригами ёки жул бўлагигами, у ҳаром бўлади. Идиш қайси мақсадда фойдаланилишига қарамай, уни сувга солиб қўйиш керак ва у кечқурунга қадар ҳаром бўлади, кейин эса пок бўлади. 33  Агар уларнинг мурдаси сопол идишга тушиб кетса, идишни синдиринглар. Унинг ичидаги ҳар қандай нарса ҳаром бўлади+. 34  Бу идишдаги сув бирорта егуликка ёки ичимликка тегиб кетса, у ҳаром бўлади. 35  Уларнинг мурдаси тушиб кетган ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. У ўчоқ бўладими ёки идишнинг остига қўйиладиган тагликми, уни синдириш даркор. Бу нарсалар ҳаромдир ва сизлар учун ҳам ҳаром бўлиб қолсин. 36  Фақат булоқ ва сардоба поклигича қолади, бироқ кимдир у ердан уларнинг жасадини олиб чиқса, у нопок бўлади. 37  Борди-ю, уларнинг мурдаси экиладиган ўсимлик уруғига тушиб кетса, у пок бўлади. 38  Уруғ сувга ивитиб қўйилган бўлса ва жасаднинг бирорта қисми унга тушиб кетса, бу уруғлар сизлар учун ҳаром бўлади. 39  Ейишга рухсат берилган бирорта ҳайвон ўлса, унинг мурдасига теккан ҳар қандай киши кечқурунгача нопок бўлади+. 40  Ўлган ҳайвоннинг гўштини еган киши кийимларини ювсин ва у кечқурунга қадар нопок бўлади+. Ким унинг жасадини чиқариб ташласа, кийимларини ювсин ва у кечқурунгача нопок бўлади. 41  Ер юзидаги ҳар қандай ғуж-ғуж мавжудотлар сизлар учун жирканчдир+. Улар ейилмасин. 42  Қорни билан судралиб юрувчи ва тўрт оёқли ҳар қандай жониворни ҳамда ер юзидаги кўп оёқли ғуж-ғуж мавжудотларни еманглар, улар сизлар учун жирканчдир+. 43  Ғуж-ғуж мавжудотларнинг биронтасини еб ўзингизни булғаманглар ва нопок бўлиб қолманглар+. 44  Мен сизларнинг Худойингиз Яҳоваман+. Ўзингизни поклаб, муқаддас бўлинглар+, чунки Мен муқаддасман+. Ер юзида ҳаракатланадиган ғуж-ғуж мавжудотларни деб ўзингизни нопок қилманглар. 45  Сизларнинг Тангрингиз бўлиш учун, сизларни Миср юртидан олиб чиққан Мен Яҳоваман+. Муқаддас бўлинглар+, чунки Мен муқаддасман+. 46  Қанотли жониворларга, сувларда ҳаракатланадиган ҳар қандай жонзотга ҳамда ер юзидаги ғуж-ғуж мавжудотларга тегишли қонун шудир. 47  Токи сизлар покни нопокдан, ейишга рухсат берилган жонзотларни, ейишга рухсат берилмаганидан ажрата олинглар”»+.

Изоҳлар

Қояларда яшовчи қуёнсимон ҳайвон.
Бу ибронийча сўз остида ҳавода, денгизда ва қуруқликда учрайдиган гала-гала кичик мавжудотлар тушунилиши мумкин.