Левилар 27:1–34

  • Бағишланганларни қайтариб сотиб олиш (1–27)

  • Яҳовага тамомила бағишланган нарсалар (28, 29)

  • Ушрни қайтариб сотиб олиш (30–34)

27  Яҳова Мусога гапиришда давом этиб, деди:  «Исроил ўғилларига шундай деб айт: “Борди-ю, кимдир ўзгача қасам ичиб+, белгиланган қийматга биноан бирорта кишини Яҳовага бағишласа,  йигирма ёшдан олтмиш ёшгача бўлган эркак киши учун белгиланган нарх, муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел билан ҳисоблаганда 50 кумуш шекел* бўлсин.  Агар аёл киши бағишланса, унинг белгиланган нархи 30 шекел бўлсин.  Ёши 5 дан 20 гача бўлган ўғил боланинг баҳоси 20 шекел, қиз боланинг баҳоси эса 10 шекел деб белгилансин.  Бир ойликдан беш ёшгача бўлган ўғил боланинг белгиланган баҳоси беш кумуш шекел бўлсин, қиз боланинг баҳоси эса уч кумуш шекел деб белгилансин.  Ёши 60 ва ундан юқори бўлган эркак кишининг баҳоси 15 шекел, аёл кишининг баҳоси эса 10 шекел деб белгилансин.  Мабодо қасам ичган киши жуда камбағал бўлиб, белгиланган баҳони тўлай олмаса+, унда у руҳонийнинг олдига борсин ва руҳоний унга нарх қўйсин. Руҳоний қасам ичган кишининг шароитини ҳисобга олган ҳолда нарх қўйсин+.  Борди-ю, киши бирорта ҳайвонни бағишлашга ваъда берган бўлса ва у Яҳовага назр қилишга яраса, Яҳовага нимаики назр қилмасин, бу назр муқаддас ҳисобланади. 10  У, олиб келган назрининг ўрнига бошқасини бера олмайди, яхши ҳайвонни ёмонига ёки ёмон ҳайвонни яхшисига алмаштира олмайди. Агар бир ҳайвонни бошқаси билан алмаштирса, унда иккала ҳайвон ҳам муқаддас деб ҳисоблансин. 11  У нопок ҳайвонни+ олиб келган бўлса, уни Яҳовага назр сифатида келтириб бўлмайди. У ҳайвонни руҳонийнинг олдига олиб борсин. 12  Руҳоний ҳайвоннинг ҳолати яхши ёки ёмонлигига қараб нарх белгиласин. Руҳоний қанча нарх қўйса, унинг нархи шунча бўлсин. 13  Борди-ю, қасам ичган киши ҳайвонни қайтариб сотиб олмоқчи бўлса, у белгиланган нархнинг устига ўша нархнинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин+. 14  Агар кимдир уйини муқаддас бир нарса сифатида Яҳовага бағишламоқчи* бўлса, руҳоний уйнинг ҳолати яхши ёки ёмонлигига қараб, нарх белгиласин. Руҳоний қанча нарх қўйса, уйнинг нархи шунча бўлсин+. 15  Мабодо уйини бағишлаган киши уйини қайтариб сотиб олмоқчи бўлса, у белгиланган нархнинг устига ўша нархнинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин. Шунда уй уники бўлади. 16  Агар бирор киши даласининг бир қисмини Яҳовага бағишламоқчи бўлса, унинг нархи далага қанча уруғ экилишига қараб белгилансин. Бир хўмр* арпа уруғи 50 кумуш шекел бўлсин. 17  Агар у Озодлик йилида+ даласини бағишласа, даланинг белгиланган нархи ўзгармайди. 18  У Озодлик йилидан сўнг даласини бағишласа, руҳоний кейинги Озодлик йилигача неча йил қолганига қараб нархни ҳисоблаб чиқсин ва уни белгиланган нархдан айирсин+. 19  Борди-ю, у даласини қайтариб сотиб олмоқчи бўлса, белгиланган нархнинг устига ўша пулнинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин. Шунда дала уники бўлади. 20  Агар у даласини қайтариб сотиб олмаса ва дала бошқа кишига сотиб юборилса, у даласини қайтариб сотиб ололмайди. 21  Озодлик йили келганда эса, дала Яҳовага бағишланиши керак. Шунда дала муқаддас ҳисобланади ва руҳонийларга тегишли бўлиб қолади+. 22  Мабодо одам ўз мулки бўлмаган, яъни сотиб олган далани Яҳовага бағишласа+, 23  руҳоний Озодлик йилигача неча йил қолганига қараб нархни ҳисоблаб чиқсин ва ўша киши шу куннинг ўзида белгиланган нархни берсин+. Бу, Яҳова учун муқаддас ҳисобланади. 24  Озодлик йили дала кимдан сотиб олинган бўлса, ўша кишига — ўз эгасига қайтарилсин+. 25  Ҳар бир нарсанинг баҳоси муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел билан ҳисоблансин. Шекел 20 герага* тенг бўлсин. 26  Ҳайвонларнинг биринчи боласини ҳеч ким бағишламасин, чунки улар Яҳовага тегишли+. Қорамолнинг боласи бўладими ёки қўй-эчкиларникими, улар шундоқ ҳам Яҳовага тегишлидир+. 27  Агарда бу нопок ҳайвон бўлса ва эгаси уни белгиланган нархда сотиб олса, у белгиланган нархнинг устига ўша нархнинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин+. Лекин ҳайвон сотиб олинмаса, у белгиланган баҳога сотиб юборилсин. 28  Бироқ киши ўзига тегишли одамни, ҳайвонни ёки далани Яҳова учун тамомила* бағишласа, уни сота олмайди ёки қайтариб сотиб ололмайди. Бағишланган ҳар қандай нарса Яҳова учун ғоят муқаддас ҳисобланади+. 29  Бундан ташқари, ҳалок бўлишга маҳкум этилган* одамни қайтариб сотиб олиб бўлмайди+. У албатта ўлдирилсин+. 30  Юртдаги ҳар қандай нарса, хоҳ у дала ҳосили, хоҳ дарахт меваси бўлсин, ўндан бир қисми*+ Яҳовага тегишлидир. Бу, Яҳова учун муқаддас ҳисобланади. 31  Борди-ю, киши берган ҳар қандай ушрини қачондир қайтариб сотиб олмоқчи бўлса, у ушрнинг баҳоси устига баҳонинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин. 32  Қорамол ва қўй-эчкиларнинг ўндан бирига келадиган бўлсак, чўпоннинг таёғи остидан ўтадиган ҳар бир ўнинчи ҳайвон Яҳова учун ажратиб олинсин*. 33  У ҳайвон яхшими ёки ёмонми, деб текшириб ўтирмасин ва ўрнига бошқасини бермасин. Агар у ўрнига бошқасини бермоқчи бўлса, иккала мол ҳам Тангри учун ажратилган бўлади*+. Ҳайвонни қайтариб сотиб олиб бўлмайди”». 34  Яҳова Синай тоғида+ Мусо орқали Исроил ўғилларига берган амрлар шулардан иборат.

Изоҳлар

Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Ёки «муқаддас қилмоқчи».
Ёки «йўқ қилишга».
Ёки «бағишланган».
Ёки «ушр».
Сўзма-сўз «муқаддас бўлсин».
Сўзма-сўз «муқаддас бўлади».