Левилар 3:1–17
3 Агар кимдир қорамолидан бирортасини тинчлик қурбонлиги сифатида келтирмоқчи бўлса+, жонлиқ хоҳ эркак, хоҳ урғочи бўлсин, нуқсонсизини Яҳовага олиб келсин.
2 У қурбонлик қилиб келтириладиган ҳайвоннинг бошига қўлини қўйсин ва жонлиқ учрашув чодирининг кираверишида сўйилсин. Руҳонийлар бўлмиш Ҳоруннинг ўғиллари эса, қонни олиб қурбонгоҳнинг ҳамма томонига сачратиб чиқишсин.
3 У тинчлик қурбонлигининг бир қисмини Яҳова учун оловда куйдириладиган назр сифатида келтирсин+. Булар қуйидагилар: ичакларини қоплаб турган ёғ+, ичакларнинг атрофидаги ҳамма ёғ,
4 иккала буйраги ва уни қоплаб турган ёғ, яъни сонларининг ёнидаги ёғ. У буйраклар билан бирга жигардаги ёғни ҳам ажратиб олсин+.
5 Ҳоруннинг ўғиллари қурбонгоҳдан тутун кўтарилиши учун, буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда ёнаётган олов устига қўйилган куйдириладиган қурбонлик билан бирга куйдиришсин+. Бу — Яҳова учун оловда куйдириладиган хуш ҳидли назрдир+.
6 Борди-ю, қўй-эчкиларидан бирортасини Яҳовага тинчлик қурбонлиги сифатида келтирмоқчи бўлса, нуқсонсиз эркак ёки урғочи ҳайвонни келтирсин+.
7 Агарда ёш қўчқорни назр қилиб келтирмоқчи бўлса, уни Яҳованинг олдига олиб келсин.
8 У қурбонлик қилиб келтириладиган ҳайвоннинг бошига қўлини қўйсин ва жонлиқ учрашув чодирининг олдида сўйилсин. Ҳоруннинг ўғиллари жонлиқнинг қонини олиб қурбонгоҳнинг ҳамма томонига сачратиб чиқишсин.
9 У тинчлик қурбонлигининг ёғини олиб, Яҳова учун оловда куйдириладиган назр сифатида келтирсин+. У думбасини умуртқасигача кесиб олсин, ичакларини қоплаб турган ёғни, ичакларнинг атрофидаги ҳамма ёғни,
10 иккала буйрагини ва уни қоплаб турган ёғни, яъни сонларининг ёнидаги ёғни ҳам олсин. Шунингдек, у буйраклар билан бирга жигардаги ёғни ажратиб олсин+.
11 Руҳоний буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда егулик* сифатида, Яҳова учун оловда куйдириладиган назр қилиб куйдирсин+.
12 Борди-ю, такани назр қилиб келтирмоқчи бўлса, уни Яҳованинг олдига олиб келсин.
13 У қурбонлик қилиб келтириладиган ҳайвоннинг бошига қўлини қўйсин ва жонлиқ учрашув чодирининг олдида сўйилсин. Ҳоруннинг ўғиллари жонлиқнинг қонини олиб қурбонгоҳнинг ҳамма томонига сачратиб чиқишсин.
14 У қурбонлигининг бир қисмини Яҳова учун оловда куйдириладиган назр сифатида келтирсин. Булар қуйидагилар: ичакларини қоплаб турган ёғ, ичакларнинг атрофидаги ҳамма ёғ+,
15 иккала буйраги ва уни қоплаб турган ёғ, яъни сонларининг ёнидаги ёғ. Шунингдек, у буйраклар билан бирга жигардаги ёғни ажратиб олсин.
16 Руҳоний буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда егулик сифатида, оловда куйдириладиган хуш ҳидли назр қилиб куйдирсин. Ёғнинг ҳаммаси Яҳовага тегишлидир+.
17 Ҳеч қандай ёғ ёки қонни истеъмол қилманглар+. Бу, сизлар ва авлодларингиз учун, асрлар давомида турар жойларингизда амал қилинадиган қоида бўлсин”».
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «нон», яъни тинчлик қурбонлигидан Худога берилган улуш.