Қонунлар 26:1–19

  • Илк ҳосилни келтириш (1–11)

  • Иккинчи ушр (12–15)

  • Исроил Яҳованинг ўзгача мулки (16–19)

26  Ниҳоят, Тангрингиз Яҳова сизларга мерос қилиб бераётган юртга кирганингизда, унга эгалик қилиб яшай бошлаганингизда,  Худойингиз Яҳова сизларга бераётган юртнинг ерида ўсган бутун ҳосилнинг биринчи меваларидан олиб, саватга солинг ва Тангрингиз Яҳова Ўз исмини улуғлаш учун танлаган жойга олиб боринг+.  Ўша кунларда хизмат қилаётган руҳонийнинг олдига бориб, унга: “Мен, Яҳова бизга бераман деб ота-боболаримизга қасам ичган юртга келганимни бугун Аллоҳингиз Яҳованинг олдида тасдиқламоқчиман”+,— деб айтинглар.  Руҳоний қўлингиздан саватни олиб, уни Худойингиз Яҳованинг қурбонгоҳи олдига қўйсин.  Кейин Аллоҳингиз Яҳованинг олдида қуйидаги сўзларни айтинг: “Менинг отам кўчманчи* бир оромий эди+. У киши Мисрга кўчиб бориб+, у ерда мусофир бўлиб яшади. Унинг хонадон аҳли+ эса озчиликни ташкил этарди. Аммо Мисрда у кишидан буюк, кучли ва сон-саноқсиз бир халқ пайдо бўлди+.  Мисрликлар бизга ёмон муомала қилиб, эзишди ва қулларга айлантириб оғир ишларни қилишга мажбурлашди+.  Шунда биз ота-боболаримизнинг Тангриси Яҳовага фарёд қилдик ва Яҳова бизнинг нолаларимизни эшитди ва кулфатларимизга, ғамларимизу азобларимизга эътибор берди+.  Ниҳоят, Яҳова бизни кучли билагию қудратли қўли билан ҳамда қўрқинчли ишлар, аломатлару мўъжизалар+ билан Мисрдан олиб чиқди+.  У бизни мана шу ерга олиб келди ва сут билан асал оқиб ётган шу юртни бизга берди+. 10  Мана энди, Яҳова менга берган ерда ўсган ҳосилнинг биринчи меваларини олиб келдим”+. Ҳосилни Аллоҳингиз Яҳованинг олдига келтиринг ва Тангрингиз Яҳовага мук тушиб таъзим қилинг. 11  Сўнг Тангрингиз Яҳова сизга ва хонадонингизга ато этган барча неъматлар учун қувонинг. Сиз билан бирга леви ҳам, орангизда яшаётган мусофир ҳам шодлансин+. 12  Учинчи йили, яъни ушр йилида ҳосилингизнинг ўндан бир қисмини йиғиб бўлгач+, уни левига, мусофирга, етим ва бевага беринглар ва улар шаҳарларингизда тўйгунча ейишади+. 13  Ундан кейин Тангрингиз Яҳованинг олдида шундай деб айтинг: “Муқаддас улушдан ҳеч нарсани уйимда қолдирмадим. Менга буюрганингдек уни левига, мусофирга, етим ва бевага бердим+. Сенинг амрларингни бузмадим ва уларга бепарво бўлмадим. 14  Аза тутганимда ҳеч қандай муқаддас нарсани емадим, нопок бўлганимда муқаддас нарсани қўлларимга олмадим ва муқаддас нарсани ўлганларга атамадим. Мен Аллоҳим Яҳованинг айтганларига қулоқ солдим ва менга буюрилган амрларга риоя қилдим. 15  Энди осмондан, муқаддас масканингдан эътибор бер ва ота-боболаримизга қасам ичганингдай+ сут ва асал оқиб ётган юртни+ — Сен бизга берган юртни+ ва халқинг Исроилни баракали қил”. 16  Бугун Тангрингиз Яҳова ушбу қонун-қоидаларга риоя қилишни сизларга буюрмоқда. Уларга бутун қалбингиз+ ва бутун жонингиз* билан риоя қилиб, уларни бажаринглар. 17  Бугун ушбу сўзларни Яҳовадан қабул қилдингизлар. Унинг йўлларидан юрсангиз, Унинг қоидаларига+, амрларига+ ва ҳукмларига+ риоя қилиб, Унга қулоқ солсангиз, У сизларнинг Худойингиз бўлади. 18  Бугун Яҳова Ўзи сизларга ваъда қилганидай, Унинг халқи, ўзгача* мулки+ бўламиз деган сўзларингизни қабул қилди ва сизлар Унинг барча амрларига амал қиласизлар. 19  Тангрингиз Яҳова учун муқаддас бир халқ эканингизни исботласангиз+, Унинг Ўзи ваъда қилганидай, яратган бошқа барча халқларга қараганда сизларни юксалтиради+ ва сизларни мақтов, шараф ва улуғворликка сазовор қилади».

Изоҳлар

Бошқа вариант «ўлимга юз тутган».
Ёки «қимматбаҳо».