Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

НИМА БАХТГА ЕТАКЛАЙДИ?

Қаноат ва сахийлик

Қаноат ва сахийлик

БАХТ ВА МУВАФФАҚИЯТ МОЛ-МУЛК ВА БОЙЛИК БИЛАН ЎЛЧАНАДИ, ДЕЙИШГАНИНИ ҚАНЧАЛИК ТЕЗ-ТЕЗ ЭШИТАСИЗ? Бу фикр таъсирида миллионлаб одамлар кўпроқ пул топиш учун ҳолдан тойгунча ишлашади. Аммо пул ва мол-мулк орттириш чинакам бахт келтирадими? Далиллар нимани кўрсатяпти?

Бир газетада айтилишича, агар инсоннинг асосий эҳтиёжларига етадиган пули бўлса, у ўзини янада бахтли ёки мамнун ҳис қилиши учун қўшимча даромаднинг кераги йўқ. («Journal of Happiness Studies») Муаммо пулда эмас. Ҳамма гап «[пулнинг] ортидан қувиб, бахтсиз бўлишда», дейилади бир журналда. («Monitor on Psychology») Бу сўзлар Муқаддас Китобдаги деярли икки минг йил аввал ёзилган қуйидаги маслаҳатга ҳамоҳанг: «Ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир. Баъзилар унга берилиб,.. кўпгина азобларга дуч келиб, ўзларини яралашди». (1 Тимўтийга 6:9, 10) Бу азобларга нималар кириши мумкин?

БОЙЛИКДАН АЙРИЛИШДАН ҚЎРҚИБ ТАШВИШЛАНИШ ВА УХЛАЙ ОЛМАСЛИК. «Меҳнаткаш кам еса ҳам, кўп еса ҳам, уйқуси ширин. Аммо бадавлатнинг давлати унга уйқу бермайди». (Воиз 5:12)

КУТИЛГАН БАХТГА ЭРИША ОЛМАГАЧ ТУШКУНЛИККА ТУШИШ. Баъзан киши пул орттириб тўймагач, ҳамма нарсадан кўнгли қолади. «Кумушни севган кумушга, бойликни севган эса мол-дунёга асло тўймайди». (Воиз 5:10) Шунингдек, бойликка ўчлик дастидан киши бахт келтирадиган муҳим нарсаларни қурбон қилади. Масалан, оиласи ва дўстлари билан ўтказадиган ҳамда Худога топиниш билан боғлиқ ишларга сарфлайдиган вақтини бой беради.

ПУЛ ҚАДРИНИ ЙЎҚОТГАНИДАН ЁКИ КИРИТИЛГАН САРМОЯ БЕКОР КЕТГАНИДАН ҚАЙҒУРИШ. «Бойлик кўпайтираман деб зўриқма, бироз тўхтаб, фаҳм-фаросатни ишга сол. Бойликка назар солган заҳотинг, у ғойиб бўлади, бургутдай қанот ёзиб, осмонга учиб кетади». (Ҳикматлар 23:4, 5)

БАХТ КЕЛТИРАДИГАН ФАЗИЛАТЛАР

ҚАНОАТ. «Биз дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз ҳам. Хуллас, егулик, кийим ва бошпанамиз бўлса, шулар билан қаноат қилайлик». (1 Тимўтийга 6:7, 8) Одатда қаноатли кишилар нолиб, минғирлашмайди ва уларнинг фикрлаш тарзи ҳасадгўйликдан асрайди. Улар кўрпасига қараб оёқ узатгани сабабли, ортиқча ташвиш ва стрессдан холи бўлишади.

САХИЙЛИК. «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта». (Ҳаворийлар 20:35) Сахий кишилар — ҳатто бироз вақти ёки кучини қурбон қила олсалар-да — бошқаларга бахт улашиб ўзлари ҳам бахтиёр бўлишади. Улар одатда пулга сотиб олиб бўлмайдиган севги, ҳурмат ва чин дўстларга эга бўлишади. Бу дўстлар эса ўз ўрнида яхшилик билан қайтаришади. (Луқо 6:38)

ОДАМЛАРНИ МОДДИЙ НАРСАЛАРДАН УСТУН ҚЎЙИШ. «Гўшт еб нафрат билан яшагандан кўра, сабзавот еб севги билан кун кечирган афзалроқдир». (Ҳикматлар 15:17) Бундан хулоса: меҳр-муҳаббат ришталари моддий бойликдан анча қадрлироқ. Бахтли бўлиш учун меҳр-муҳаббат қанчалик муҳимлигини кейинроқ яна кўриб чиқамиз.

Жанубий Америкада яшовчи Сабина исмли бир аёл Муқаддас Китобдаги принциплар қадрли эканини билиб олди. Эри уни ташлаб кетгач, Сабина ўзи ва иккита қизининг кундалик эҳтиёжларини қондириш учун кўп тер тўкишига тўғри келди. У иккита жойда ишларди ва ҳар куни саҳар соат 4 да турарди. Ниҳоятда бандлигига қарамай, Сабина Муқаддас Китобни ўрганишга қарор қилди. Хўш, натижаси қандай бўлди?

Тўғри унинг моддий аҳволи ўша-ўша қолди, лекин ҳаётга бўлган нуқтаи назари тубдан ўзгарди! Масалан, у маънавий эҳтиёжларини қондириб, бахтиёрликни ҳис қиляпти. (Матто 5:3) Сабина имондошлари орасидан чин дўстлар орттирди. Қолаверса, у Муқаддас Китобдан билиб олганларини бошқалар билан бўлишиб, беришнинг бахтиёрлигини ўзида ҳис этди.

Муқаддас Китобда: «Одамнинг донолиги адолатли ишларидан кўринади»,— дейилган. (Матто 11:19) Демак, қаноатли, сахий бўлиш ҳамда одамларни моддий нарсалардан устун қўйиш инсон доно эканидан далолат беради!