Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

УЛАР ҚИЙИНЧИЛИККА ДУЧ КЕЛИШДИ

Рикардо ва Андрес сўзлаб беришди

Рикардо ва Андрес сўзлаб беришди

Муқаддас Китобга асосланган таълим-тарбия ҳаётни ўзгартириш каби ажойиб кучга эга. Келинг, иккита мисолни, Рикардо ва Андреснинг мисолини кўриб чиқайлик.

РИКАРДО: Таъсирчан, 15 ёшда бўлганимда бир тўдага қўшилдим. Янги дўстларим менга кучли таъсир ўтказарди. Ўн йил қамоқда ўтириб чиқишни мақсад қилгандим. Бу аҳмоқликдай туюлар. Лекин мен яшаган ҳудудда қамоқда ўтириб чиққан кишини ҳурмат қилиб, у билан фахрланишарди. Мен уларга ўхшашни истардим.

Тўдага қўшилганимдан кейин ҳамма нарсани тотиб кўрдим, жумладан, гиёҳванд моддалар, жинсий алоқа ва зўравонликни. Бир куни тунда отишмада иштирок этдим. Мен куним битди деб ўйлагандим, аммо зиён кўрмай қочиб қутулдим. Бундан сўнг, ҳаётим ва мақсадларим ҳақида янада жиддий ўйлай бошладим ва ўзгаришга қарор қилдим. Аммо қандай? Қаердан ёрдам сўрасам бўлади?

Қариндошларимнинг кўпчилиги бахтсиз эди. Уларнинг ҳаёти муаммоларга тўлиб-тошган эди. Аммо тоғамнинг оиласи ўзгача ҳаёт кечирарди. Улар яхши инсон эканини ва Муқаддас Китоб принципларига мувофиқ ҳаёт кечиришини билардим. Бир сафар улардан Худонинг исми «Яҳова» эканини билиб олгандим. Отишмадан кўп ўтмай, мен Яҳованинг исмини тилга олиб ибодат қилдим ва Ундан ёрдам сўрадим. Эртаси куни Яҳованинг Шоҳидларидан бири эшигимни тақиллатганида қотиб қолдим! У Муқаддас Китобни ўргатадиган устозим бўлди.

Тез орада катта қийинчиликка дуч келдим. Эски дўстларим қўнғироқ қилиб, улар билан вақт ўтказишимни сўрашарди. Гарчи бу осон бўлмаса-да, мен рад этдим. Мен Муқаддас Китоб тадқиқини давом эттиришга қарор қилдим ва бундай йўл тутганимдан бахтиёрман! Ҳаётим тубдан ўзгарди, мен ҳақиқий бахтни топдим.

Бир сафар Худога ибодат қилиб: «Қачонлардир тўда аъзоси сифатида ҳурматга сазовор бўлиш учун ўн йил қамоқда ўтириб чиқиш истагим бор эди. Энди менга ёрдам беришганидек, мен ҳам бошқаларга ёрдам беришим учун ҳеч бўлмаганда ўн йил тўла вақтли хизмат қилишимга имкон бер»,— деб сўрадим. Худо ибодатимга жавоб берди, мана, 17 йилдан буён тўла вақтли ваъзгўй бўлиб хизмат қиляпман! Шуни айтишим керакки, ҳеч қачон қамоқда ўтирмаганман.

Кўпгина аввалги дўстларим узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаяпти. Бошқалари эса ўлган. Ўтмишга қараб, Яҳованинг Шоҳидлари бўлмиш қариндошларимга миннатдорчилигим ошади. Улар Муқаддас Китобга мувофиқ ҳаёт кечириб, бошқалардан ажралиб туришарди. Уларга ҳурматим шунчалик баландки, тўдадаги ҳеч кимни бунчалик ҳурмат қилмаганман. Бундан ташқари, менга энг яхши ҳаёт йўлини танлашни ўргатгани учун Худодан миннатдорман.

АНДРЕС: Мен гиёҳванд моддаларни қабул қилиш, талончилик, қотиллик ва фоҳишалик кенг тарқалган қашшоқ бир ҳудудда туғилиб ўсганман. Отам спиртли ичимликлар ва кокаинга ружу қўйганди. Отам билан онам доим жанжаллашиб, уришишарди.

Жуда ёшлигимдан спиртли ичимликларни ичиб, гиёҳванд моддаларни қабул қила бошлагандим. Кўчадан бери келмасдим, ўғирлик қилардим ва ўғирлаб олган нарсаларимни сотардим. Каттароқ бўлганимда отам ғаразли ниятда менга яқинроқ бўлишга уринди. У менга контрабанда йўли билан гиёҳванд моддаларни ва бошқа нарсаларни мамлакатга ноқонуний олиб киришни, сўнг уларни сотишни ўргатди. Мен оз муддатда кўп пул ишладим. Бир куни уйимга полиция келди. Улар мени ҳибсга олишди ва мен қотиллик қилишга уриниш айблови билан беш йил қамоқ жазосига маҳкум этилдим.

Бир куни овозкучайтиргич орқали маҳбусларни яҳованинг шоҳидлари томонидан ўтказиладиган муҳокамага таклиф этишди. Мен ҳам боришга қарор қилдим. Эшитганларим менга қаттиқ таъсир қилди ва шоҳидлар билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошладим. Улар оятларнинг маъносини борича тушунтириб, худонинг юқори ахлоқий меъёрларини менга кўрсатишди.

Тез орада кимнингдир ёрдамисиз ўзгара олмаслигимни ҳис қилдим. Бу, айниқса, маҳбуслар мен қилаётган ишни ёқтирмай таҳдид қилишганида сезилди. Шу боис, куч ва донолик сўраб ибодат қилдим ва Яҳова менга ёрдам берди. Мен уларнинг таҳдидларидан қўрқиб кетмадим, аксинча, бошқа маҳбусларга Муқаддас Китоб ҳақида гапира бошладим.

Озод этиладиган пайтим келганида «қамоқдан чиқсам нима бўларкин» дея хавотирландим. Қамоқдан чиқиб кетаётганимда кўп маҳбуслар қўл силкиб хайрлашди. Баъзилари ҳатто меҳрибонлик билан: «Эсон-омон бора қол, кичик пайғамбар»,— дейишди.

«Агар Худо менга таълим бермаганида ҳаётим қандай кечарди» деган фикрдан қўрқиб кетаман. Худо мени севиб, менга тамом бўлган кишидек қарамагани учун ниҳоятда миннатдорман *.

^ Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олиши ҳақидаги бошқа мисолларни jw.org сайтида ўқишингиз мумкин. Уларни топиш учун «КУТУБХОНА» сарлавҳаси остидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартиради» номли мақолалар туркумига киринг.