СТРЕССДАН ОЗОД БЎЛИШ
Стресс ўзи нима?
Стресс — инсон организмининг ташқи муҳитга нисбатан реакцияси. Инсон мияси тананинг барча аъзоларига кўп гормонларни юборади. Натижада юрак тез-тез уради, қон босими ошади, ўпка қисқаради ёки кенгаяди, мушаклар таранглашади. Инсон нима бўлаётганини ҳали тўлиқ тушунмасидан организм ҳаракат қилишга тайёр туради. Стрессли вазият ўтиб кетгач, организм юқори тайёрлик ҳолатидан чиқиб, меъёрий фаоллигига қайтади.
ИЖОБИЙ ВА САЛБИЙ СТРЕСС
Стресс — қийин ва хавфли вазиятларга тайёр туришингизга ёрдам берадиган табиий реакция. Стресс ҳолатида пайдо бўладиган реакция миянгизда бошланади. Ижобий стресс тез ҳаракат қилишингизга ёки жавоб қайтаришингизга имкон беради. Маълум даражадаги стресс мақсадингизга эришишга ёки бирор ишни яхшироқ бажаришга, мисол учун, имтиҳон топшириш, ишга кириш учун суҳбатдан ўтиш ёки спорт мусобақаларида қатнашишда муваффақият қозонишингизга ҳисса қўшади.
Лекин давомий, кучли ёки сурункали стресс сизга зарар келтиради. Организмингиз қайта-қайта ёки доимий равишда юқори тайёрлик ҳолатида бўлса, сиз жисмонан, ҳиссан азоб чекишингиз ва ақлий қобилиятларингиз пасайиши мумкин. Хулқ-атворингиз, жумладан, бошқаларга бўлган муомалангиз ҳам ўзгариши ҳеч гап эмас. Сурункали стресс туфайли инсон ичкиликка ружу қўйиши, гиёҳванд моддаларни қабул қилиши, дориларни суиистеъмол қилиши, меъёридан ортиқ овқат ейиши, тамаки чекиши ва бошқа ёмон одатларга берилиши мумкин. Бу ҳатто одам депрессияга тушишига, силласи қуришига ёки жонига қасд қилиш ҳақида фикрлар келишига сабаб бўлади.
Гарчи стресс ҳаммага бир хил таъсир қилмаса-да, у кўпгина касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Стресс инсон танасининг деярли барча аъзоларига таъсир қилади.