Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бошқалар билан тинч-тотув яшаш учун маслаҳатлар

Бошқалар билан тинч-тотув яшаш учун маслаҳатлар

Аллоҳ оила аъзоларимиз, ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз билан қай йўсин тинч-тотув яшашимиз мумкинлигини айтяпти. Кўп одамлар Унинг бу борадаги доно маслаҳатларини қўллаб, муваффақиятга эришган. Келинг, улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.

Кечиримли бўлинг

«Ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин». (КОЛОСАЛИКЛАРГА 3:13)

Биз бошқаларни, бошқалар эса бизни хафа қилиши мумкин. Лекин қандай бўлмасин, биз бошқаларни кечиришимиз керак ва бошқалар ҳам шундай қилишлари лозим. Кечирганимизда бизни хафа қилган инсонга нисбатан гина сақлаб юрмаймиз. Шунингдек, «ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармаймиз» ва ўша инсоннинг хатолари ёки камчиликларини юзига солмаймиз. (Римликларга 12:17) Борди-ю, кимдир бизни қаттиқ ранжитган бўлса ва бу хаёлимиздан кетмаса-чи? Унда у билан ҳурмат ила юзма-юз гаплашиб олишимиз керак. Мақсадимиз ҳақлигимизни исботлаш эмас, тинчлик ўрнатиш бўлиши даркор. (Римликларга 12:18)

Камтар бўлинг ва ҳурмат кўрсатинг

«Камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар». (ФИЛИППИЛИКЛАРГА 2:3)

Камтар бўлиб, ҳурмат кўрсатсак, одамларга биз билан мулоқот қилиш ёқимли бўлади. Ўша инсонлар биз меҳрибон ва ғамхўр эканимизни ҳамда уларнинг кўнглига озор бермаслигимизни билишади. Бироқ агар бошқалардан ўзимизни устун қўйсак ё доим ўзимизникида туриб олсак, улар билан ўртамизда низо ва таранглик пайдо бўлади. Одамлар биздан ўзини четга олади ва дўстларимиз кам ёки умуман бўлмайди.

Юзхотирчилик қилманг

«Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (ҲАВОРИЙЛАР 10:34, 35)

Яратувчимиз одамларни миллати, тили, жамиятдаги мавқеи ёки тана рангига қараб ажратмайди. «Худо барча миллатларни бир одамдан вужудга келтирди». (Ҳаворийлар 17:26) Демак, барча инсонлар бир-бирига ака-ука ва опа-сингилдир. Бошқаларга ҳурмат ҳамда меҳр ила муомала қилсак, уларни қувонтирамиз, ўзимиз бахтлироқ бўламиз ва Яратувчимизни мамнун этамиз.

Мулойим бўлинг

Мулойимлик фазилатига бурканинглар. (КОЛОСАЛИКЛАРГА 3:12)

Агар мулойим бўлсак, бошқалар биз билан ўзини эркин ҳис қилади. Улар бизга бемалол мурожаат қилишади ва ҳатто бизни тўғрилай олишади. Чунки улар хотиржамликни сақлашимизни билишади. Борди-ю, кимдир биздан аччиқланса, мулойим жавобимиз ўша инсонни жаҳлидан тушириши мумкин. Ҳикматлар 15:1 да айтилганидек, «мулойим жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳлни чиқаради».

Сахий ва миннатдор бўлинг

«Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта». (ҲАВОРИЙЛАР 20:35)

Бугунги кунда кўп одамлар очкўз ва худбин. Лекин сахий инсонлар ўзини бахтлироқ ҳис қилади. (Луқо 6:38) Чунки улар одамларни моддий нарсалардан кўпроқ яхши кўришади. Бундай севги уларни кўрсатилган сахийлик учун миннатдорчилик билдиришга ундайди. (Колосаликларга 3:15) Ўзингиздан шундай сўранг: «Ёнимда қандай инсонлар бўлишини истайман: зиқна ва ношукурми ёки сахий ва миннатдорми?» Бундан хулоса: бошқалар қандай инсон бўлишини истасак, ўзимиз ҳам шундай инсон бўлишимиз лозим. (Матто 7:12)