Оилавий бахтга элтувчи доно маслаҳатлар
Никоҳ ва фарзандлар — Яратувчимизнинг қимматбаҳо совғасидир! У оиламиз бахтли бўлишини истайди. Шунга қадимда ёзилган Каломи орқали У бизга маслаҳатлар берган. Улар оилавий ҳаётимизни яхшироқ ва бахтлироқ қилишга ёрдам бериши мумкин. Келинг, ушбу доно маслаҳатлардан бир нечтасини кўриб чиқайлик.
Эрлар, хотинингизни севинг
«Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч бир киши ўз танасидан нафратланмайди, аксинча, уни озиқлантириб, ардоқлайди». (ЭФЕСЛИКЛАРГА 5:28, 29)
Эр — оиланинг бошидир. (Эфесликларга 5:23) Яхши эр қўпол ва талабчан бўлмайди. У хотинини қадрлайди ҳамда унинг жисмоний ва ҳиссий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилади. Шунингдек, у нуқул ўзиникида туриб олмай, хотинининг кўнглига қарайди. (Филиппиликларга 2:4) Эр хотинига ўз ҳис-туйғуларию фикрларини очиқчасига айтиб, уни тинглайди. У хотинига «ғазабланмайди», жисмоний зарар етказмайди ва унинг дилини оғритадиган сўзларни айтмайди. (Колосаликларга 3:19)
Хотинлар, эрингизни ҳурмат қилинг
«Хотин... эрини чуқур ҳурмат қилсин». (ЭФЕСЛИКЛАРГА 5:33)
Хотин эрини ҳурмат қилса ва унинг қарорларини қўллаб-қувватласа, оиласи тинч бўлишига ҳисса қўшади. Борди-ю, эри хато қилса, у эрини камситмайди, аксинча, унга мулойимлик ва ҳурмат ила муомала қилишда давом этади. (1 Бутрус 3:4) Агар хотин эри билан қандайдир муаммо ҳақида гаплашмоқчи бўлса, бунинг учун қулай вақтни танлайди ва унга ҳурмат ила гапиради. (Воиз 3:7)
Умр йўлдошингизга садоқатли бўлинг
«Эркак киши... хотинига боғланиб қолади ва улар бир тан бўлишади». (ИБТИДО 2:24)
Эркак билан аёл турмуш қурганда, уларнинг ўртасида ўзгача ришталар пайдо бўлади. Шунга турмуш қурган жуфтлик никоҳни мустаҳкам сақлаш учун ўзаро дилдан суҳбатлашиши ва бир-бирига ёқимли бўладиган ишлар қилиши муҳим. Қолаверса, улар никоҳдан ташқари жинсий алоқа қилмай, бир-бирига садоқатни сақлашлари керак. Умр йўлдошига хиёнат қилган инсон унга кучли оғриқ келтиради. Хиёнат эр-хотиннинг ўртасидаги ишончни поймол этиб, оилани барбод қилиши мумкин. (Ибронийларга 13:4)
Ота-оналар, фарзандларингизга тарбия беринг
«Болани тарбиялаб, тўғри йўлга сол, ҳатто улғайганда ҳам ундан оғмайди». (ҲИКМАТЛАР 22:6)
Аллоҳ ота-оналарга фарзандларига тарбия бериш вазифасини топширган. Бунга фарзандларига ўзини қандай тутишни ўргатиш ҳамда уларга яхши намуна кўрсатиш киради. (Қонунлар 6:6, 7) Фарзанд ўзини ёмон тутса, доно ота-она жаҳлга берилмайди. Улар «тинглашга тайёр.., сўзлашга ва ғазабланишга эса» шошилмайди. (Ёқуб 1:19) Агар ота-оналар фарзандини жазолаш керак деб ҳисоблашса, улар буни жаҳл билан эмас, севги билан қилишади.
Фарзандлар, ота-онангизга қулоқ солинглар
«Фарзандлар,.. ота-оналарингизга қулоқ солинглар... Ота-онангизни ҳурмат қилинг». (ЭФЕСЛИКЛАРГА 6:1, 2)
Фарзандлар ота-онасига қулоқ солиши ва уларни чуқур ҳурмат қилиши лозим. Фарзандлар ота-онасига ҳурмат кўрсатганида, оилада қувонч ва тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшишади. Вояга етган ёши катта фарзандлар ота-онасига яхши ғамхўрлик қилиб, уларни ҳурмат қилаётганини кўрсатишади. Бунга ота-онасининг уйини яхши ҳолатда сақлашга ёрдам бериш ёки уларга моддий жиҳатдан кўмаклашиш кириши мумкин. (1 Тимўтийга 5:3, 4)