САЙЁРАМИЗ ОМОН ҚОЛАДИМИ?
Океанлар
ОКЕАНЛАР бизни нафақат кўплаб озиқ-овқатлар, балки дори-дармонларни тайёрлаш учун керак бўладиган хомашё билан ҳам таъминлайди. Океанларимиз бутун дунёдаги кислороднинг ярмидан кўпини ишлаб чиқаради ва улар инсон фаолияти туфайли ҳавога чиқариладиган углерод газларини ютади. Бундан ташқари, океанлар иқлимимизни тартибга солади.
Океанларнинг ифлосланиши
Иқлим ўзгариши маржон рифлари, моллюскалар ва денгизда яшовчи бошқа жонзотларга хавф солмоқда. Денгизда яшовчи бизга маълум барча организмларнинг камида тўртдан бир қисми маржон рифлари ёрдамида ҳаёт кечиради. Олимларнинг тахмин қилишича, кейинги 30 йил ичида деярли барча маржон рифлари йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, денгиз қушларининг тахминан 90 фоизи пластик еган ва океанлардаги пластик ҳар йили миллионлаб денгиз жониворларини нобуд қиляпти.
2022 йили БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қуйидагича фикр билдирди: «Биз океанларга ғамхўрлик қилмай қўйдик ва шунга бугун “океанларда фавқулодда вазият” юзага келди, деб айта оламан».
Сайёрамиз омон қолиш учун яратилган
Океанлар ва уларда яшовчи организмлар ўзини тоза ва соғлом сақлайдиган қилиб яратилган. Фақат бунинг учун инсон океанларни ифлослантирмаслиги керак. Бир китобда тушунтирилишича, океаннинг муҳофаза қилинадиган ва инсон фаолият юритмайдиган қисми «ўзини тиклашда давом эта олади». («Regeneration: Ending the Climate Crisis in One Generation») Мана бунинг бир нечта мисоли.
-
«Фитопланктон» деган кичик организмлар глобал исишнинг сабабчиси ҳисобланган асосий газ, яъни карбонат ангидридни ютади. Барча дарахтлар, ўтлар ва қуруқликдаги бошқа ўсимликлар умумий ҳисоблаганда қанча карбонат ангидрид ютса, фитопланктоннинг ўзи уни деярли шунча миқдорда ютади.
-
Микроблар океанни ифлослантириши мумкин бўлган ўлган балиқларнинг қолдиқлари билан озиқланади. Кейин бу микробларнинг ўзи денгизда яшовчи бошқа жонзотларга озуқа бўлади. Смитсон институтининг океан ҳақидаги веб-сайтида айтилишича, бу жараён «океанни тоза ва тиниқ сақлашга ёрдам беради».
-
Кўплаб балиқларнинг овқат ҳазм қилиш тизими маржонларга, моллюскаларга ва бошқа мавжудотларга зарар келтирадиган сувдаги кислотани камайтиришга кўмаклашади.
Кўрилаётган чоралар
Океанга чиқиндилар ташланмаса, уни тозалашнинг ҳам ҳожати қолмайди. Шунга мутахассислар бир марталик пластик буюмлардан фойдаланиб, кейин уларни ташлаб юборгандан кўра кўп марталик сумка, идиш ва контейнерлардан фойдаланишга ундашяпти.
Лекин бунинг ўзи камлик қилади. Яқинда атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи бир ташкилот бир йилнинг ўзида 112 та мамлакатдаги соҳилларга океан тўлқинлари олиб келган 8 300 тоннага яқин ахлатни йиғиб олди. Аммо бу ҳар йили океанларга тушадиган ахлатнинг тахминан мингдан бир қисми, холос.
Бир журналда айтилишича, океанлардаги «сувда кислота шунчалик кўпайиб кетганки, уни олдинги ҳолатига қайтаришнинг иложи йўққа ўхшайди». («National Geographic») Одамлар жуда кўп қазилма ёқилғиларни ёқишяпти. Бу туфайли океанларни тоза сақлайдиган қилиб яратилган жонзотлар ўз ишининг уддасидан чиқа олмаяпти.
Муқаддас Китобдаги умид
«Ер ижодларинг билан лиқ тўладир. Денгиз буюк ва бепоёндир, сон-саноқсиз каттаю кичик жонзотлар билан тўлиб-тошган». (Забур 104:24, 25)
Парвардигоримиз океанларни ўзини ўзи тозалайдиган қилиб яратган. Ўйлаб кўринг: У денгиз ва ундаги барча жонзотлар ҳақида шунча кўп маълумотга эга экан, океанларимизга етказилаётган зарарни бартараф эта олишига ишониш оқилона эмасми?! 15-саҳифадаги «Худо сайёрамиз омон қолишини ваъда беряпти» номли мақолага қаранг.