Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

САЙЁРАМИЗ ОМОН ҚОЛАДИМИ?

Чучук сув

Чучук сув

СУВСИЗ, айниқса, чучук сувсиз сайёрамизда ҳаёт мавжуд бўлмасди. Барча тирик мавжудотлар асосан сувдан иборат. Кўллар, дарёлар, ботқоқликлару ер ости сувлари инсонлар ва ҳайвонларни ичимлик сув билан таъминлайди ҳамда далаларимизни суғориш имконини беради.

Чучук сув танқислиги

Сайёрамизнинг аксар қисми сув билан қопланган. Лекин Жаҳон метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, «Ердаги сувнинг атиги 0,5% истеъмолга яроқли». Бу камдай кўринса-да, аслида ер юзида ҳаёт давом этиши учун етарли бўлиши керак. Бироқ чучук сувнинг аксар қисми унга талаб ошгани ва иқлим ўзгаргани дастидан ё ифлосланиб боряпти, ё истеъмолга яроқсиз бўлиб қоляпти. Мутахассисларнинг тахмин қилишича, 30 йил ичида беш миллиард одам ичимлик сув танқислигидан азият чекиши мумкин.

Сайёрамиз омон қолиш учун яратилган

Ерда сув захираси йўқ бўлиб кетишининг олдини олувчи табиий жараёнлар кечади. Шунингдек, тупроқ, сувда яшовчи организмлар ва ҳатто қуёш нури биргаликда сувимизни тозалашда қатнашади. Келинг, сайёрамиз омон қолиш учун яратилганини кўрсатувчи айрим далилларга диққат қаратайлик.

  • Тупроқ сувдан кўплаб заҳарли нарсаларни бартараф қилишга ёрдам бериши мумкин. Айрим ботқоқ ўсимликлари сувни азот, фосфор ва пестицидлардан тозалайди.

  • Олимлар табиатда сувни зарарли органик моддалардан тозалайдиган физик ва биологик жараёнларни аниқлашди. Зарарли моддалар оқар сувда эрийди ва кейин микроорганизмлар уларни парчалайди.

  • Чучук сув мидиялари ва моллюскалари бор-йўғи бир неча кун ичида сувни баъзи зарарли кимёвий моддалардан тозалай олади. Улар буни сув тозалаш иншоотларидан ҳам самаралироқ қилиши мумкин.

  • Сув айланиш жараёни туфайли сайёрамизда сув захираси тугаб қолмайди. Бу ва бошқа табиий жараёнлар сув атмосферамизни тарк этишининг ёки бошқа йўллар билан йўқ бўлиб кетишининг олдини олади.

Кўрилаётган чоралар

Мой оқишининг олдини олиш ва заҳарли моддаларни тўғри йўқ қилиш орқали чучук сув манбаларини тоза сақлашга кўмаклашамиз

Мутахассислар сувни имкон борича исроф қилмасликни тавсия этишяпти. Улар сувнинг ифлосланишини камайтириш мақсадида транспорт воситамиздан мой оқишининг олдини олишни, ишлатилмаган дори-дармонларни унитазга ташламасликни ёки заҳарли моддаларни канализацияга оқизмасликни маслаҳат беришяпти.

Инженерлар денгиз сувини тузсизлантиришнинг янги усулларини ўйлаб топишяпти. Улар буни ичишга яроқли сувни кўпайтириш учун қилишяпти.

Лекин бу етарли эмас. Тузсизлантириш чораси кўп пул ва энергияни талаб қилгани учун яхши ечим бўла олмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2021 йилги ичимлик сувни қандай асраш тўғрисидаги ҳисоботида айтилишича, «дунё миқёсида ҳозиргача эришилган натижаларни икки карра кўпайтириш лозим».

Муқаддас Китобдаги умид

«Аллоҳ... сув томчиларини юқорига кўтаради, улар буғланиб кетиб, сўнг ёмғирга айланади. Булутлар уларни ерга тўкиб, одамзод устига шаррос қуяди». (Аюб 36:26–28)

Худо ер юзида доим сув бўлиши учун табиий жараёнларни яратган. (Воиз 1:7)

Ўйлаб кўринг: Яратувчимиз чучук сувни тозалайдиган жараёнларга асос солган экан, демак, инсон сувга етказган зарарни бартараф этиш учун Унда ҳам истак, ҳам куч борлигига ишониш оқилона эмасми?! 15-саҳифадаги «Худо сайёрамиз омон қолишини ваъда беряпти» номли мақолага қаранг.