Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Инсоннинг ўзига бўлган ҳурмати

Инсоннинг ўзига бўлган ҳурмати

НЕГА ЎЗИНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ МУҲИМ?

Ўзини ҳурмат қиладиган инсонлар ҳаётдаги қийинчиликларга бардош қила олади. Улар осонликча таслим бўлмайди.

  • Тадқиқотларга кўра, ўзига нисбатан салбий фикрда бўлган одамларда хавотирланиш, депрессияга тушиш ва овқатланишнинг бузилиши каби ҳолатлар кўпроқ кузатилади. Бундай инсонлар спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишга мойилроқ бўлади.

  • Ўзини ҳурмат қиладиган одамлар ўзини бошқалар билан солиштиришдан қочади. Бу туфайли уларга атрофидагилар билан тил топишиш ва қалин дўстона муносабатларни ривожлантириш осонроқ кечади. Ўзини камроқ ҳурмат қиладиган одамларга келсак, улар бировни танқид қилишга мойилроқ бўлади. Бу эса уларнинг орасидаги муносабатларни барбод қилиши мумкин.

  • Ўзини ҳурмат қиладиган инсонлар ҳатто қийинчиликлар пайтида ҳам бўшашмайди ва мағлубиятлар уларни мақсадларига эришишдан тўхтатишига йўл қўймайди. Ўзини камроқ ҳурмат қиладиган одамларга келсак, одатда улар учун кичкинагина муваффақиятсизлик ҳам каттадек кўринади. Бу эса улар осонликча таслим бўлишига олиб келиши мумкин.

НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?

Руҳингизни кўтарадиган дўстларни танланг. Ўзгаларни ҳурмат қиладиган, сиз учун астойдил қайғурадиган ҳамда руҳингизни кўтарадиган одамлар билан мулоқот қилинг.

«Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади». (Ҳикматлар 17:17)

Бошқаларга ёрдам беринг. Меҳрибон бўлсангиз ва бошқалар учун нимадир қилсангиз, ҳатто улардан айримлари яхшиликларингизни қайтара олишмаса ёки уларни пайқашмаса ҳам, чинакам бахтиёрликни ва қадрли эканингизни ҳис қиласиз.

«Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта». (Ҳаворийлар 20:35)

Фарзандларингизга ўзига нисбатан ҳурматни ривожлантиришга кўмаклашинг. Бунинг йўлларидан бири — фарзандларингизнинг чегараланган имкониятлари, қобилиятлари ва ёшини инобатга олган ҳолда муаммоларини ўзлари ечишларига йўл қўйиб беришдир. Бу орқали фарзандлар муаммоларни ечишни ўрганади. Шу йўсин улар улғайишганда ҳам ўзларини ҳурмат қиладиган бўлишади.

«Болани тарбиялаб, тўғри йўлга сол, ҳатто улғайганда ҳам ундан оғмайди». (Ҳикматлар 22:6)

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ НИМАЛАР ҚИЛИШАДИ?

Яҳова Шоҳидларининг жамоат учрашувлари ва Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш дастури одамларнинг ҳаётига ижобий таъсир ўтказяпти ва ўзларини ҳурмат қилишга кўмаклашяпти.

ҲАР ҲАФТА ЎТАДИГАН ЖАМОАТ УЧРАШУВЛАРИМИЗ

Ҳар ҳафта ўтадиган учрашувларимизда Муқаддас Китобга асосланган нутқларни эшитамиз. Кўпинча бу нутқларда ўзимизга нисбатан ҳурматни қандай ривожлантиришимиз мумкинлиги борасида маслаҳатлар ёритиб берилади. Учрашувларимизга кириш бепул ва уларга истаган киши келиши мумкин. Учрашувларимизда қуйидагиларни билиб олсангиз бўлади:

  • нега Худо учун қадрли эканингизни

  • қандай қилиб ҳаётнинг асл мазмунини топиш мумкинлигини

  • қалин ва абадий дўстларга қандай эга бўлишни

Шунингдек, учрашувларимизда «бир-бири ҳақида қайғур[адиган]» чинакам дўстларни орттиришингиз мумкин. (1 Коринфликларга 12:25, 26)

Учрашувларимиз ҳақида кўпроқ билиб олиш учун jw.org сайтидаги «Йиғилиш залида нималар бўлади?» номли қисқа видеони томоша қилинг.

МУҚАДДАС КИТОБНИ ТАДҚИҚ ҚИЛИШ ДАСТУРИМИЗ

Биз одамларга «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китоби ёрдамида Муқаддас Китоб асосида жонли суҳбатлар қуришни бепул таклиф қиляпмиз. Ушбу адабиётда Муқаддас Китобдаги амалий принциплар ва кўплаб қизиқарли видеолар келтирилган. Улар суҳбат давомида саволлар асосида муҳокама қилинади. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш дастуримиз одамларга ўзларига нисбатан ҳурматни ривожлантиришга кўмаклашяпти ва уларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатяпти.

Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш сизга қандай фойда келтириши мумкинлигини билиш учун jw.org сайтидаги «Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?» номли қисқа видеони томоша қилинг.