Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Оила аъзоларига бўлган ҳурмат

Оила аъзоларига бўлган ҳурмат

НЕГА ОИЛА АЪЗОЛАРИ БИР-БИРИНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШИ МУҲИМ?

Оила аъзолари бир-бирини ҳурмат қилишса, оилада тинчлик ҳукм суради.

  • Бир китобда ёзилишича, бир-бирини ҳурмат қиладиган турмуш ўртоқлар «ҳар куни нафақат катта, балки кичик нарсалар орқали ҳам» бир-бирини яхши кўришини кўрсатишади. («The Seven Principles for Making Marriage Work»)

  • Тадқиқотларга кўра, бошқаларни ҳурмат қилишни ўрганган болалар ўзини кўпроқ ҳурмат қилади, ота-онаси билан яхшироқ муносабатда бўлади ва уларда ҳиссий ҳамда руҳий муаммоларга дуч келиш эҳтимоли камроқ бўлади.

НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?

Оила аъзоларингиз билан бирга режа тузинг. Биринчидан, оиланинг ҳар бир аъзоси ҳурмат кўрсатиш нимани англатишини тушунишига амин бўлинг. Иккинчидан, оила аъзоларингиз ўзларини қандай тутиши ва қандай тутмаслигини хоҳлаётганингизни ёзиб чиқинг. Учинчидан, буларни оилангиз билан муҳокама қилинг, шунда оиланинг ҳар бир аъзоси бир-бирига ҳурмат кўрсатиш учун нима қила олишини билади.

«Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». (Ҳикматлар 21:5)

Ўрнак кўрсатинг. Ўзингизни қандай тутаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Оила аъзоларингизни камчиликлари учун танқид қиласизми? Фикр билдиришганда уларнинг устидан куласизми? Улар сизга гапиришганда гапларини эътиборсиз қолдирасизми ёки бўлиб қўясизми?

Маслаҳат. Турмуш ўртоғингизни ва болаларингизни ҳурматга лойиқ ёки нолойиқ деб билишингиздан қатъи назар, уларга ҳурмат кўрсатинг.

«Бир-бирингизни ҳурмат қилишда ташаббус кўрсатинглар». (Римликларга 12:10)

Оила аъзоингизнинг гапидан ёки хатти-ҳаракатидан норози бўлсангиз ҳам, унга ҳурмат ила гапиринг. Фикрингизни билдирганингизда «сен/сиз доим» ёки «сен/сиз ҳеч қачон» каби сўзлардан қочинг. Бундай сўзлар оила аъзоингизнинг дилини оғритиб қўйиши ва кичик келишмовчиликни катта можарога айлантириши ҳеч гап эмас.

«Мулойим жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳлни чиқаради». (Ҳикматлар 15:1)

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ НИМАЛАР ҚИЛИШАДИ?

Яҳованинг Шоҳидлари ҳар бир оиланинг аъзосини бир-бирига нисбатан ҳурмат ила муносабатда бўлишга ундашади. Улар бу мавзуни jw.org сайтида бепул тақдим этилган мақолалар, китоблар, рисолалар ва видеоларда тез-тез ёритиб туришади.

ТУРМУШ ҚУРГАН ЖУФТЛИКЛАР УЧУН. «Никоҳ ва оила» туркуми эрлар ва хотинларга қуйидаги масалаларда ёрдам бериши мумкин:

  • ҳамкорликда иш тутишда

  • севги кўрсатишда

  • кечиримли бўлишни ўрганишда

(jw.org сайтида «Излаш» сатрига «Никоҳ» сўзини ёзинг.)

ОТА-ОНАЛАР УЧУН. «Никоҳ ва оила» туркуми ота-оналарга қуйидаги масалаларда фарзандларига таълим беришда кўмаклашиши мумкин:

  • юқори ахлоқий қадриятларга амал қилишда

  • масъулиятли бўлишда

  • ўзини тута билишда

(jw.org сайтида «Излаш» сатрига «Бола тарбияси» ва «Ўсмир тарбияси» деб ёзинг.)

Шунингдек, «Уйғонинг!» журналининг 2018 йили чиққан «Оилавий бахтнинг 12 та сири» номли 2-сонига қаранг.

ЁШЛАР УЧУН. jw.org сайтидаги «Ўсмирлар ва ёшлар» туркуми остидаги мақолалар, видеолар ва схемалар ёшларга қуйидаги масалаларда ёрдам бериши мумкин:

  • ота-она билан улар ўрнатган қонун-қоидалар ҳақида ҳурмат ила гаплашишда

  • ота-онанинг ишончини қозонишда

(jw.org сайтида «Излаш» сатрига «Ўсмирлар ва ёшлар» деб ёзинг.)

jw.org веб-сайтидан бепул фойдаланишингиз мумкин. Бунинг учун сиздан тўлов қилиш, обуна ёки аъзо бўлиш талаб этилмайди ва шахсий маълумотларни киритиш сўралмайди.