Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

6- САБОҚ

Ахлоқий қадриятларнинг ўрни

Ахлоқий қадриятларнинг ўрни

АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР НИМА ДЕГАНИ?

Юқори ахлоқий меъёрлар бўйича яшайдиган инсонлар нима ёмон ва нима яхши эканини аниқ тушунишади. Уларнинг ахлоқий меъёрлари айни пайтда ўзларини қандай ҳис қилиши билан ўлчанмайди. Аксинча, бошқалар буни кўрмаган пайтда ҳам, улар маҳкам ўрнашган принциплар асосида йўл тутишади.

НЕГА АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР МУҲИМ?

Болалар мактабдошларидан ҳамда мусиқа, фильм, теледастурлар орқали ахлоқ борасида жуда кўп нотўғри маълумотларни эшитишади. Бундай таъсир остида уларда нима яхши ва нима ёмон экани ҳақида турли саволлар пайдо бўлади.

Айниқса, ўсмирлар бундай муаммога дуч келишади. Бир китобда шундай дейилган: «Бундай даврда улар тенгдошлари ва оммавий ахборот воситалари орқали машҳур бўлиш ва тан олиниш босимига дуч келишади. Шунинг учун бу дўстларига ёқмаса-да, ўсмирлар ўз қадриятлари ва танлови асосида қарор чиқаришни ўрганишлари муҳим». («Beyond the Big Talk») Кўриниб турганидек, тарбия ўсмирлик давридан анча олдин бошланиши лозим.

АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИ ҚАНДАЙ СИНГДИРСА БЎЛАДИ?

Ахлоқий меъёрларни ўрнатинг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Қаттиқ озуқа... зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга ўрганган етук кишилар учундир». (Ибронийларга 5:14)

  • Ахлоқий меъёрларни белгиловчи сўзларни қўлланг. Кундалик вазиятдан фойдаланиб қуйидагиларни фарқлашга ёрдам беринг: «Бу ҳалоллик, бу эса инсофсизлик»; «Бу садоқат, бу эса хоинлик»; «Бу яхши, бу эса ёмон». Шунда болангиз ахлоқий меъёрлар хулқ-атворда қандай акс этишини кўра олади.

  • Нима учун мазкур меъёрларга амал қилиш кераклигини тушунтиринг. Масалан, шундай деб сўранг: «Нима учун ҳалол бўлиш яхши? Қандай қилиб ёлғон дўстликни бузади? Нега ўғрилик ёмон?» Фарзандингизнинг виждонини тарбиялашга ҳамда мантиқан фикр юритишга ёрдам беринг.

  • Ахлоқий меъёрларга амал қилишнинг фойдасини кўрсатинг. Шундай деб айтишингиз мумкин: «Агар ҳалол бўлсанг, одамлар сенга ишонади» ёки «Агар меҳрибон бўлсанг, одамлар сенга интилади».

Ахлоқий меъёрларга амал қилиш оилангизни ажратиб турадиган белги бўлсин.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Қандай инсон эканингизни текшириб туринглар». (2 Коринфликларга 13:5)

  • Ахлоқий меъёрлар оилангизнинг ажралмас қисми бўлса, болангизга бемалол қуйидагиларни айта оласиз:

    • «Бизнинг уйда ҳеч ким ёлғон гапирмайди»;

    • «Биз ҳеч кимга бақирмаймиз ва ҳеч кимни урмаймиз»;

    • «Биз қўпол гапирмаймиз ва сўкинмаймиз».

Шунда фарзандингиз бу меъёрлар шунчаки қоида эмас, балки бутун оилани бошқалардан ажратиб турадиган белги эканини тушуниб етади.

  • Болангиз билан тез-тез оилангиздаги қадриятлар ҳақида суҳбатлашиб туринг. Кундалик воқеалар ёрдамида унга таълим беринг. Болангиз оммавий ахборот воситаларида ва мактабда кўрган-билганларини оилангиздаги қадриятлар билан солиштиринг. Ундан: «Бу вазиятда сен нима қилган бўлардинг? Оиламиз бу муаммони қандай ҳал қиларди?» — деб сўрашингиз мумкин.

Ахлоқий қадриятларга амал қилиш қарорини мустаҳкамланг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Виждонингизни тоза сақланглар». (1 Бутрус 3:16)

  • Яхши хулқ-атвори учун мақтанг. Болангиз тўғри йўл тутса, бу учун уни мақтанг ва нега бундай йўл тутиш яхши эканини тушунтиринг. Масалан, шундай десангиз бўлади: «Сен ростгўйликни намоён этдинг. Сен билан фахрланаман». Мабодо болангиз ёмон иш қилиб қўйгани ҳақида сизга айтса, аввал уни ростгўй бўлгани учун мақтанг, сўнг тузатсангиз бўлади.

  • Ёмон хулқини тузатинг. Болаларингиз ишлари учун жавобгарликни ҳис қилишига ёрдам беринг. Улар қилган ишларининг нимаси ёмон эканини ҳамда бу оилавий қадриятларга қанчалик зид эканини тушуниши лозим. Баъзи ота-оналар боласининг кўнгли чўкмаслиги учун тузатгиси келмайди. Бироқ болангизга нима учун унинг бундай хулқи ёмон эканини тушунтириб берсангиз, виждонини тарбиялаб, келажакда бу хатони такрорламаслигига кўмаклашган бўласиз.