2- САБОҚ
Камтар бўлишни ўргатинг
КАМТАРЛИК НИМА ДЕГАНИ?
Камтар кишиларни ҳурмат қилишади. Камтар киши ўзини катта тутмайди, шунингдек, бошқалар унга ўзгача муносабат қилишларини кутмайди. Аксинча, бундай киши бошқаларга самимий қизиқиш кўрсатади ва улардан бирор нарсани ўрганишга тайёр бўлади.
Баъзи инсонлар камтарликни заифлик деб билишади. Аслида эса бу фазилат одамга ўз камчиликларини ва имконияти чегараланганини тан олишга туртки берадиган кучдир.
НЕГА КАМТАРЛИК МУҲИМ?
-
Камтарлик ўзаро муносабатларга ижобий таъсир қилади. «Кўп ҳолларда камтар кишилар бошқалар билан осон тил топишади»,— дейилади бир китобда. Шунингдек, у ерда айтилишича, камтар кишилар «бошқалар билан тезда чиқишиб кетишади». («The Narcissism Epidemic»)
-
Камтарлик болангизга келажакда асқатади. Камтарликка ўрганиш болангизга ҳозир ҳам, келажакда ҳам, мисол учун, ишга жойлашаётганида ёрдам беради. «Ўзига бино қўйган ва камчиликларидан бехабар ёшлар ишга кириш учун суҳбатдан ўтиши амримаҳол,— деб ёзади психолог Леонард Сакс. — Аммо иш берувчи учун нима муҳимлиги билан қизиқадиган ёшларнинг ишга жойлашиш имконияти кўпроқ бўлади» *.
КАМТАРЛИККА ҚАНДАЙ ЎРГАТСА БЎЛАДИ?
Болангизга ўзига нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлишни ўргатинг.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Агар бирор киши ҳеч ким бўлмай туриб ўзи ҳақида юқори фикрда бўлса, у ўзини алдаган бўлади». (Галатияликларга 6:3)
-
Боланинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирманг. Болангизга: «Барча орзуларинг амалга ошади» ёки «Қўлингдан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ»,— дейиш руҳлантирувчи сўзлардай эшитилса-да, кўпинча улар кундалик ҳаётда ўз тасдиғини топмайди. Фарзандингиз олдига оқилона мақсадлар қўйиб, уларга эришиш учун меҳнат қилса, муваффақият қозониш эҳтимоли кўпроқ бўлади.
-
Аниқ хатти-ҳаракати учун мақтанг. Болангизга шунчаки «баракалла» деб айтиш камтарликни ривожлантиришга ундамайди. Уни муайян ҳаракати учун мақтанг.
-
Болангиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чегара қўйинг. Кўпинча ижтимоий тармоқларда одамлар ўзини — истеъдоди ва эришган ютуқларини кўз-кўз қилиб кўрсатади. Бу эса камтарликни ривожлантиришга тўсқинлик қилади.
-
Болангизни дарров кечирим сўрашга унданг. Болангизга нимани нотўғри қилганини кўришга ва хатосини тан олишга ёрдамлашинг.
Миннатдор бўлишни ўргатинг.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар». (Колосаликларга 3:15)
-
Худонинг ижодларига нисбатан миннатдорликни уйғотинг. Болалар табиатни қадрлаши ва ҳаётимиз унга боғлиқ эканини тушуниши керак. Ҳаво бўлмаса нафас ололмаймиз, сув ва озиқ-овқатсиз яшай олмаймиз. Ушбу мисоллардан фойдаланиб, табиат оламининг ажойиботларини яратган Шахсга нисбатан эҳтиром ва миннатдорлик ҳиссини сингдирса бўлади.
-
Одамларни қадрлашни ўргатинг. Болангизга бошқалар ундан у ёки бу жиҳатдан устун эканини айтиб туринг. Уни одамларнинг қобилиятию маҳоратига ҳасад қилишнинг ўрнига, уларни қадрлашга ва улардан ўрганишга унданг.
-
Миннатдорчилик билдиришни ўргатинг. Болаларингизга шунчаки «раҳмат» айтишни эмас, балки чин дилдан миннатдор бўлишни ўргатинг. Миннатдорлик руҳи камтарликнинг пойдеворидир.
Фарзандларингизга бошқаларга ёрдамлашиш муҳим эканини ўргатинг.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар. Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:3, 4)
-
Болангизни уй юмушларини бажаришга унданг. Агар болангизни уй юмушларидан озод қилсангиз, унга: «Сенинг хоҳиш-истакларинг бу ишлардан муҳимроқ»,— дегандай бўласиз. Аммо биринчи навбатда уй юмушлари, кейин эса ўйин туриши керак. Уй юмушларини бажариш бошқаларга қандай фойда келтиришини ва улар бу учун уни қадрлаб, ҳурмат қилишини таъкидланг.
-
Бошқаларга хизмат қилиш шараф эканини тушунтиринг. Бошқаларга хизмат қилиш етукликка эришишнинг асосий йўлидир. Шундай экан, фарзандингизни ёрдамга муҳтож бўлган инсонларга эътибор беришга унданг. У бундай инсонларга қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлигини муҳокама қилинг. Болангиз бошқаларга хизмат қилаётганида уни мақтаб, қўллаб-қувватланг.
^ абз. 8 «The Collapse of Parenting» номли китобдан олинган.