Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- САБОҚ

Ўзини тута билишнинг фойдаси

Ўзини тута билишнинг фойдаси

ЎЗИНИ ТУТА БИЛИШ НИМА ДЕГАНИ?

Ўзини тута билиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • сабрли бўлиш

  • истакларни жиловлаш

  • ёқтирмаган ишни охирига етказиш

  • бошқаларни ўзидан устун қўйиш

НЕГА ЎЗИНИ ТУТА БИЛИШ МУҲИМ?

Ўзини тута биладиган болалар тезда бирор нарсага эришиш васвасаси кучли бўлса-да, унга қарши тура олади. Бундан фарқли равишда, ўзини тута билмайдиган болалар қуйидагиларга мойил бўлишади:

  • жаҳлдорлик

  • тушкунликка тушиш

  • кашандалик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик

  • пала-партиш овқатланиш

Бир тадқиқотга кўра, болалигиданоқ ўзини тута билишни ўрганган одамлар улғайганида соғлиқ ва иқтисодий муаммоларга камроқ дуч келишади ҳамда давлат қонунларига бўйсунишади. Ушбу тадқиқотдан Пенсильвания университетининг профессори Анжела Дакворт шундай хулоса қилди: «Ўзини тута биладиган киши асло кам бўлмайди».

ЎЗИНИ ТУТА БИЛИШГА ҚАНДАЙ ЎРГАТСА БЎЛАДИ?

«Йўқ» дейишни ўрганинг ва сўзингизда туринг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «“Ҳа” деганингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деганингиз “йўқ” бўлсин». (Матто 5:37)

Ёш болалар ота-онаси қароридан қайтиш-қайтмаслигини текшириш учун — баъзан ҳатто одамларнинг олдида — хархаша қилиб кўришади. Агар ота-онаси таслим бўлса, бола хархаша қилиш уларни қароридан қайтаришнинг самарали усули деб ўйлай бошлайди.

Аксинча, ота-она болага «йўқ» деса ва гапида турса, унга ҳаёт қонунини, яъни доим ҳам истаган нарсамизга эришавермаслигимизни ўргатган бўлади. «Шуниси қизиқки, бу сабоқни ўрганган кишилар анча бахтлироқ кўринади,— деб ёзади психолог Дейвид Волш. — Ҳаётда истаган нарсаси муҳайё бўлади деб ўргатиш, болаларимизга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради» *.

Болангизга ҳозир «йўқ» деб айтиш келажакда у ўзига «йўқ» деб айта олишига ёрдам беради. Масалан, гиёҳванд модда қабул қилиш, никоҳгача жинсий алоқада бўлиш ёки бошқа зарарли одатларга берилиш васвасасини рад этишига кўмаклашади.

Фарзандингизга яхши ва ёмон ишларнинг оқибати борлигини тушунтиринг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Инсон нима экса, шуни ўради». (Галатияликларга 6:7)

Болангиз ҳар қандай ишнинг оқибати борлигини ва ўзини тута билмаслик ёқимсиз натижалар келтиришини тушуниши керак. Масалан, ўғлингизнинг жаҳли тез бўлса, одамлар ундан узоқроқ юришга ҳаракат қилишади. Аксинча, бирон нарсадан ғаши келганда ҳам у ўзини тута олса, одамнинг гапини бўлмасдан сабр ила тингласа, бошқалар унга яқинлашишга ҳаракат қилишади. Болангиз ўзини тута билишга ўрганса ҳаёти анча яхшироқ бўлишини тушунишига кўмаклашинг.

Фарзандингизга нима муҳимроқ эканини ажратишни ўргатинг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар». (Филиппиликларга 1:10)

Ўзини тута билиш нафақат нотўғри ишларни қилмасликни, балки ёқмайдиган, аммо бажарилиши зарур бўлган ишларни ҳам қилишни англатади. Болангиз қайси ишлар муҳимроқ эканини аниқлаб, уларни биринчи навбатда бажаришни ўрганиши керак. Масалан, ўйнашдан олдин, бола уй вазифаларини бажариши лозим.

Яхши ўрнак кўрсатинг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея ўрнак кўрсатдим». (Юҳанно 13:15)

Фарзандингиз сизга ёқмайдиган ва хафа қиладиган вазиятларда ўзингизни қандай тутишингизни кузатади. Ўзини тута билиш яхши натижалар келтиришини шахсий ўрнагингиз билан кўрсатинг. Масалан, болангиз сабрингизни синаса жаҳлга бериласизми ёки вазминликни сақлайсизми?

^ абз. 20 «No: Why Kids —of All Ages —Need to Hear It and Ways Parents Can Say It» номли китобдан олинган.