Электрон қурилмаларнинг таъсири. Болаларга
Болалар электрон қурилмалардан фойдаланишда устаси фаранг бўлишгани учун, одатда уларга «рақамли дунё соҳиблари» деб таъриф берилади. Катталар эса, аксинча, бу соҳада унчалик уддабурон бўлишмагани учун «рақамли дунё муҳожирлари» деб аталади.
Бироқ айримлар шунга эътибор бердики, Интернетда кўп вақт ўтказадиган ёшлар одатда...
-
электрон қурилмаларга қарам бўлиб қолади.
-
кибербуллингга қўл уради ёки унинг қурбонига айланади.
-
ўзи истаган ёки истамаган ҳолда порнография томоша қилади.
НИМАНИ БИЛИШИНГИЗ КЕРАК?
ҚАРАМЛИК
Интернетдаги баъзи нарсалар, масалан, ўйинлар шундай яратилганки, улар инсонни ўзига қарам қилиб қўяди. Бир китобда айтилишича, «телефонимиздаги иловалар экранларимиздан кўзимизни узмаслигимиз учун ўйлаб чиқилган». Телефонимиздаги иловалардан қанча узоқ фойдалансак, рекламачилар шунча кўп пул ишлашади.
БУ ҲАҚДА ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Фарзандларингиз электрон қурилмаларга қарам бўлиб қолмаганми? Қандай қилиб уларга вақтдан унумли фойдаланишга ёрдам бера оласиз? (ЭФЕСЛИКЛАРГА 5:15, 16)
КИБЕРБУЛЛИНГ
Интернетдан фойдаланганда айримлар тажовузкор ва қўпол бўлиб қолишади ҳамда бошқаларнинг туйғуларига эътибор беришмайди. Бу туфайли улар кибербуллингга, яъни бошқаларга таҳдид қилишга мойил бўлишади.
Баъзилар бошқаларнинг эътиборини жалб қилиш ва машҳур бўлиш ниятида ўзини Интернетда қўпол тутади. Бошқалар эса уларни қаергадир, масалан, ўтиришга таклиф қилишмаганида хафа бўлишади ва ўзларини таҳдидга дучор бўлгандай ҳис қилишади.
БУ ҲАҚДА ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Болаларингиз Интернетда бошқаларга қўполлик қилишадими? (Эфесликларга 4:31) Уларни қаергадир таклиф қилишмаганини билишганида хафа бўлишадими?
ПОРНОГРАФИЯ
Бугун Интернетда ахлоқсиз нарсаларни топиш жуда осон. Ота-оналар шуни тушуниши керакки, фильтр-дастурлар ёрдам берса ҳам, улар 100 фоиз ҳимоя қилмайди.
Секстинг, яъни кўпинча смартфон орқали ахлоқсиз хабарлар ё расмлар жўнатиш ёки қабул қилиш қонунга хилоф бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда секстингда иштирок этган ёшлар болалар порнографиясини тарқатишдек жиддий жиноятда айбланади.
БУ ҲАҚДА ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Болаларингизга Интернет орқали беҳаё расмларни кўриш ёки жўнатиш васвасасига қарши туришга қандай ёрдам бера оласиз? (ЭФЕСЛИКЛАРГА 5:3, 4)
НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?
БОЛАЛАРИНГИЗГА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ БЕРИНГ
«Рақамли дунё соҳиблари» электрон қурилмалардан фойдаланишда устаси фаранг бўлишса-да, улар барибир ота-онасининг йўл-йўриғига муҳтож. Болага электрон қурилмалардан тўғри фойдаланишни ўргатмай туриб унга бу қурилмаларни бериш — масъулиятсизликдир. Бир китобга кўра, бу «болага сузишни ўргатмай туриб, ҳовузга калла ташлашига рухсат бериш билан баробар».
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Болани тарбиялаб, тўғри йўлга сол, ҳатто улғайганда ҳам ундан оғмайди». (ҲИКМАТЛАР 22:6)
Сиз қўлламоқчи бўлган маслаҳатларни танланг ёки ўз фикрларингизни ёзиб қўйинг.
-
Фарзандингиз билан у ўзини Интернетда қандай тутиши кераклигини муҳокама қилиш
-
Болангизни қаергадир таклиф қилишмагани сабабли унда пайдо бўлган салбий туйғулар билан курашишига ёрдам бериш
-
Фарзандингизни Интернетдаги ёмон нарсалардан ҳимоялаш учун қўлингиздан келганини қилиш
-
Болангизнинг телефонини вақти-вақти билан текшириб туриш
-
Фарзандингиз кун давомида телефонидан қанча вақт фойдаланиши мумкинлигини белгилаш
-
Болангиз бир ўзи қолганида, айниқса, ухлаш керак бўлганида электрон қурилмалардан фойдаланишига рухсат бермаслик
-
Оилангиз дастурхон атрофида йиғилганида телефондан фойдаланмасликни қоида қилиб ўрнатиш