Электрон қурилмаларнинг таъсири. Дўстликка
СМС, электрон почта, видео-конференц-алоқа ва ижтимоий тармоқлар туфайли ҳатто ҳар хил минтақаларда яшовчи икки киши бир-бири билан осонликча мулоқот қилиши мумкин. Бундай вазиятда электрон қурилмалар яхши мақсадга хизмат қилади.
Лекин инсон дўстлари билан мулоқот қилиш учун асосан электрон қурилмалардан фойдаланса, одатда у...
-
дўстларининг ҳис-туйғуларини яхши тушунмайди.
-
ёлғизлик ва бўшлиқни кўпроқ ҳис қилади.
-
фақат ўзи ҳақида ўйлайди.
НИМАНИ БИЛИШИНГИЗ КЕРАК?
БОШҚАЛАРНИНГ ТУЙҒУЛАРИНИ ТУШУНИШ
Бошқа инсоннинг туйғуларини тушуниш учун у ҳақда ўйлашга вақт ажратишимиз керак. Лекин ижтимоий тармоқлар орқали кўпдан-кўп хабарлар олиб, уларга жавоб бериш билан банд бўлсак, ўша инсон тўғрисида ўйлашга вақтимиз қолмайди.
Хабарларга кўмилиб кетсангиз, дўстингизга жавоб бериш сиз учун оғир юкка айланиши мумкин. Шунда барча хабарларга тезда жавоб бериш билан овора бўлиб, қайсидир дўстингиз ёрдамга муҳтож эканини пайқамай қолишингиз ҳеч гап эмас.
БУ ҲАҚДА ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Дўстларингизга электрон хабарлар жўнатганингизда улар тўғрисида чиндан ҳам қайғураётганингизни қандай кўрсата оласиз? (1 БУТРУС 3:8)
ЁЛҒИЗЛИК ВА БЎШЛИҚНИ ҲИС ҚИЛИШ
Бир тадқиқотга кўра, ижтимоий тармоқларда вақт ўтказиш одамнинг кайфиятини туширади. Тадқиқотчилар шуни аниқлашдики, бошқаларнинг расмларини ва улар нима қилишаётганини кузатиб борадиган инсон «ҳаётим зое кетяпти» деб ўйлай бошлаши мумкин.
Бундан ташқари, бошқалар жойлаштирган қизиқарли расмларни томоша қилганимизда, ўзимизни улар билан солиштира бошлаймиз. Шунда бизга бошқаларникига қараганда ҳаётимиз зерикарли кечаётгандай туюлиши мумкин.
БУ ҲАҚДА ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганда қандай қилиб ўзингизни бошқалар билан солиштиришдан қоча оласиз? (ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА 6:4)
ФАҚАТ ЎЗИ ҲАҚИДА ЎЙЛАШ
Бир ўқитувчининг ёзишича, унинг айрим ўқувчилари худбин бўлиб, фақат ўзларига фойдаси тегадиган инсонлар билан дўстлашишади. Бундай одамлар дўст танлаётиб нуқул ўз манфаатини кўзлашади. Улар дўстларига керак пайтда фойдаланиб, бошқа пайт ўчириб қўйиш мумкин бўлган телефондай қарашади.
БУ ҲАҚДА ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Интернетга жойлаштирган расмларингиз бошқаларда қандай таассурот уйғотади? Улар сиз ҳақингизда рақобатга мойил ёки фақат ўзини ўйлайди, деган фикрга боришадими? (ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА 5:26)
НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?
ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИБ КЎРИНГ
Агар электрон қурилмаларингизнинг хўжайини бўлсангиз, улар дўстларингиз билан мулоқот қилишга ва ҳатто ўзаро муносабатларингизни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Севги... ўз манфаатини кўзламайди». (1 КОРИНФЛИКЛАРГА 13:4, 5)
Сиз қўлламоқчи бўлган маслаҳатларни танланг ёки ўз фикрларингизни ёзиб қўйинг.
-
Электрон хабарлар юборишнинг ўрнига одамлар билан юзма-юз гаплашишга интилиш
-
Ким биландир суҳбатлашаётганда телефонни четроққа олиб қўйиш ёки овозсиз режимга ўтказиш
-
Ижтимоий тармоқларда ўтказадиган вақтни чегаралаш
-
Яхши тингловчи бўлиш
-
Оғир дамларни бошдан кечираётган дўстингизга вақт ажратиш