ҚАЙҒУНИ ЕНГА ОЛАСИЗ
Сизни нималар кутиши мумкин?
Айрим мутахассислар айрилиқ азоби муайян босқичлар бўйича ўтишини таъкидласа-да, ҳар бир киши уни ўзгача тарзда бошдан кечиради. Одамларнинг айрилиқни мана шундай турлича бошдан кечириши кимдир камроқ қайғуришини ёки ҳис-туйғуларини боса олишини англатадими? Доим ҳам эмас. Айрилиқни тан олиш ва изтиробни яширмаслик инсон тезроқ ўзига келишига ёрдам берса-да, буни ягона тўғри йўл деб бўлмайди. Кўп нарса кишининг маданияти, шахсияти, ҳаётий тажрибаси ва яқини қандай вафот этганига боғлиқ.
АҲВОЛ ҚАНЧАЛИК ЁМОНЛАШИШИ МУМКИН?
Қайғураётган киши яқинининг ўлимидан сўнг, қандай қийинчиликлар бўлишини билмаслиги мумкин. Бироқ муайян туйғулар ва қийинчиликлар бўлиши табиий ва уларни олдиндан билса бўлади. Мана улардан бир нечтаси:
Руҳан эзилиш. Инсон кўз ёш тўкади, ўлган кишини соғинади ва кайфияти тез-тез ўзгаради. Хотиралар ва тушлар қайғуга қайғу қўшиши ҳеч гап эмас. Лекин аввалига яқинининг ўлими инсон учун кутилмаган зарба бўлиши ва у бўлиб ўтганларга ишонмаслиги мумкин. Тинанинг эри Тимо кутилмаганда вафот этган. У ўзининг қай аҳволга тушганини эслаб, шундай дейди: «Аввалига эсанкираб қолдим. Ҳатто кўзимга ёш келмади. Жуда эзилганимдан баъзан нафас олишга қийналардим. Бўлиб ўтганларга ишонгим келмасди».
Ташвишланиш, аччиқланиш ва айбдорлик ҳисси бўлиши ҳам табиий. Иван исмли бир киши шундай дейди: «24 яшар ўғлимиз Эрик вафот этганидан бир мунча вақт ўтгач, хотиним Йоланда иккимиз роса аччиқландик. Бундан ҳайрон қолдик, чунки авваллари бундай ҳолатга тушмагандик. Хаёлимиздан “Ўғлимизга кўпроқ ёрдам берсак бўлмасмиди?!” деган фикр ўтганида эса бизни айбдорлик ҳисси қийнарди». Алехандронинг рафиқаси сурункали касаллик туфайли вафот этган. У ҳам айбдорлик ҳисси дастидан азият чекканини эслаб, шундай дейди: «Бошида “Худо шунчалик азоб чекишимга йўл қўяётган экан, демак мен ёмон одам бўлсам керак” деб ўйладим. Кейин эса Худони айблагандай бўлганим учун виждоним қийналди». Ўтган мақолада сўзлари келтирилган Костас шундай бўлишди: «София ўлгани учун бир неча бор ундан жаҳлим чиқди. Кейин эса бу ишим учун ўзимни айбдор ҳис қилдим. Ахир у ўлгани учун айбдор эмас-ку!»
Азобли ўй-фикрлар. Шундай пайт бўлиши мумкинки, яқинини йўқотган кишининг хаёли ғалати ёки мантиққа зид фикрлар билан банд бўлади. Масалан, унга ўлган яқинининг овозини эшитаётгандай, уни кўраётгандай ёки ёнида эканини ҳис қилаётгандай туюлиши мумкин. Ё бўлмаса, у фикрини бир жойга жамлай олмаслиги ва хотира пасайишидан қийналиши мумкин. Тина шундай дейди: «Баъзан ким биландир гаплашиб турганимда хаёлим бошқа жойда эканини пайқардим. Худди Тимонинг ўлими билан боғлиқ воқеалар ичида юргандай бўлардим. Фикримни бир жойга жамлай олмаётганимдан ўзимни ёмон ҳис қилардим».
Холи қолиш истаги. Қайғураётган инсон бошқаларнинг олдида ўзини ноқулай ҳис қилиши ёки асабийлашиши мумкин. Костас бундай дейди: «Жуфтликлар даврасида ўзимни ортиқча ҳис қилардим. Аммо бўйдоқлар орасида ҳам ўзимни ноқулай сезардим». Иваннинг рафиқаси Йоланда эса шуларни эслайди: «Бизники билан солиштирганда арзимасдай туюладиган муаммоларидан нолиётган кишилар билан суҳбатлашиш биз учун жуда қийин эди. Уларнинг орасида фарзандларининг ишлари яхши кетаётгани ҳақида айтиб берадиганлар ҳам бор эди. Улар учун хурсанд бўлсак-да, баъзан уларни тинглаш қийин бўларди. Эрим иккимиз ҳаёт давом этаётганини тушунардик, лекин бундай суҳбатлар қуришга на истагимиз бор эди, на сабримиз етарди».
Соғлиқ муаммолари. Инсоннинг иштаҳаси ҳамда тана вазни ўзгариши ва уйқуси бузилиши мумкин. Арон исмли бир киши отасининг ўлимидан кейинги
бир йилни эслаб, шундай деди: «Мен яхши ухлай олмасдим. Ҳар куни кечаси деярли бир пайтда уйқум қочиб, отамнинг ўлими ҳақида ўйлардим».Алехандро тушунарсиз соғлиқ муаммоларига дуч келганини эслаб: «Бир неча марта шифокор кўригидан ўтдим ва у соппа-соғ эканимни айтди. Кейин қайғу жисмоний ҳолатимга таъсир қилаётганини тушундим»,— дейди. Бундай соғлиқ муаммолари одатда ўтиб кетади. Шундай бўлса-да, Алехандро шифокор кўригидан ўтиб тўғри қилган. Чунки қайғу инсоннинг иммунитети пасайишига, мавжуд касалликлари зўрайишига ёки янгилари келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Муҳим ишларни бажариш қийин бўлиши мумкин. Иван шундай деб эслайди: «Эрикнинг ўлими ҳақида нафақат қариндошларимиз ва дўстларимизга, балки унинг хўжайини ва у ижарада турган уйнинг эгасига ҳам хабар беришимиз керак эди. Бундан ташқари, кўпгина юридик ҳужжатларни тўлдирдик. Кейин Эрикнинг шахсий буюмларини кўздан кечирдик. Буларнинг бари диққатни бир жойга жамлашни талаб қиларди, биз эса ақлан, жисмонан ва ҳиссан жуда чарчаган эдик».
Айримларда эса қийинчиликлар кейинроқ, вафот этган киши бажарган ишни қилиш керак бўлганда юзага келади. Бу Тинанинг бошидан ўтган. У шундай тушунтиради: «Тимо банк хизмати ва бошқа ҳисоб-китоб ишлари билан боғлиқ масалаларни ўзи ҳал қиларди. Энди булар менинг зиммамга тушди ва стрессга стресс қўшди. “Бу ишларни бехато бажара олармикинман?!” деб хавотирланардим».
Юқорида санаб ўтилган ҳиссий, ақлий ва жисмоний қийинчиликлар қайғураётган кишининг ҳолатини тасаввур қилишга ёрдам беради. Яқинини йўқотгач, айрилиқ азоби ниҳоятда кучли бўлиши мумкин. Аммо яқин орада бундай вазиятга дуч келганлар уларни нима кутаётганини олдиндан билса, бардошли бўла олишади. Шуни ёдда тутингки, ҳамма одамлар ҳам жудолик азоби келтирадиган бу қийинчиликларнинг барини бошдан кечирмаслиги мумкин. Қолаверса, яқинини йўқотган киши қаттиқ қайғуриш табиий эканини тушунса, бу унга оз бўлса-да тасалли бера олади.
ЭНДИ БАХТЛИ БЎЛАРМИКИНМАН?
Сизни нималар кутиши мумкин? Жудолик азоби абадий давом этмайди, у вақт ўтиб сусаяди. Бу ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз ёки яқин инсонингизни бутунлай унутасиз дегани эмас. Аммо аста-секин дардингиз енгиллашади. Ногаҳон баъзи хотиралар жонланганида, тўй кунингиз ёки унинг ўлган кунида оғриқли туйғулар қайталаши мумкин. Бироқ кўп одамлар ҳиссий мувозанатини тиклайди ва кундалик ишларга киришиб кетишади. Айниқса, оила аъзоларию дўстлари қўллаб-қувватлаган ҳамда шахсан қайта тикланиш учун оқилона қадамларни қўйган кишилар бунга эришади.
Бу туйғулар қанча давом этаркин? Айримлар бир неча ой давомида қаттиқ азоб чекади. Кўпчиликка эса ўзига келиб олиш учун бир ёки икки йил керак бўлади. Баъзилар учун эса янада кўпроқ вақт талаб этилади *. Алехандро: «Айрилиқ азоби мени уч йил давомида қийнади»,— деб бўлишди.
Ўзингизга нисбатан сабрли бўлинг. Бугунги кун билан яшанг, шошилманг ва айрилиқ азоби абадий давом этмаслигини ёдда тутинг. Жудолик азобини ҳозирнинг ўзида енгиллаштиришга ва ҳаддан ташқари узоқ қайғурмасликка сизга нималар ёрдам беради?
Яқинини йўқотган киши қаттиқ қайғуриши табиий
^ абз. 17 Камчилик одамларда айрилиқ азоби жуда кучли бўлгани ва узоқ давом этганидан, қайғунинг ниҳоятда оғир ва сурункали турига айланади. Бундай кишиларга психолог ёрдами керак бўлиши мумкин. Бу фойдадан холи эмас.