Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Йоханнес Раутэ ваъзгўйликда, эҳтимол, 1920 йилларда

ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН

«Яҳовани шарафлаб, хизматда самара келтиряпман»

«Яҳовани шарафлаб, хизматда самара келтиряпман»

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» журналининг 1915 йил 1 сентябрь сонида (инглиз) Биринчи жаҳон уруши қуйидагича тасвирланганди: «Ўтмишдаги барча урушлар Европада тобора авж олаётган ҳозирги уруш олдида арзимас бир нарсадир». Бу уруш, охир-оқибат, тахминан 30 та мамлакатни ўз домига тортиб кетганди. Мазкур журналда ёзилишича, ҳарбий ҳаракатлар туфайли «айниқса Германия ва Францияда Шоҳлик иши ривож топишига маълум даражада тўсқинлик қилинганди».

Жаҳон миқёсида шиддатли тўқнашувларга юз тутган Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари бетарафлик тўғрисидаги меъёрни охиригача тушунишмаганди. Лекин шунга қарамай, улар хушхабарни эълон қилишга қатъий қарор қилишганди. Масалан, Вильгельм Хильдебрандт Шоҳлик ишига ўз ҳиссасини қўшишни хоҳлаб, француз тилидаги «Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг ойлик тўплами»нинг нусхаларини буюртма қилди. У Францияда китоб тарқатувчи (тўла вақтли ваъзгўй) сифатида эмас, аксинча, немис аскари бўлиб хизмат қилганди. Душман деб ҳисобланган ҳарбий кийимдаги бу аскар француз йўловчисига тинчлик хушхабарини айтиб, уни ҳайрон қолдирганди.

«Қўриқчи минораси» журналида келтирилган хатларга кўра, бир қатор немис Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари аскар бўла туриб хушхабарни эълон қилишни исташганди. Мисол учун, ҳарбий денгиз кучларида хизмат қилган Лемке биродаримиз экипаж аъзоларидан бештаси хушхабарга қизиқиш билдиргани ҳақида айтиб берганди. У шундай дея ёзди: «Ҳатто кема бортида Яҳовани шарафлаб, хизматда самара келтиряпман».

Георг Кайзер фронтга аскар сифатида кетиб, уйга Ҳақ Худонинг хизматчиси бўлиб қайтди. Қизиқ, унинг ҳаётида нима юз берди? У аллақандай йўл билан Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг адабиётини топди ва сидқидилдан хушхабарни қабул қилиб, бундан буён урушда қатнашмайдиган бўлди. Кейин Георг уруш билан боғлиқ бўлмаган ишга кирди. Уруш тугагач эса, у анча йиллар мобайнида шижоат ила кашшоф бўлиб хизмат қилди.

Гарчанд Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари бетарафлик масаласини тўлалигича тушунмаган бўлишса-да, уларнинг муносабатию хулқ-атвори урушни маъқуллаган одамларнинг нуқтаи назари ҳамда ишларидан кескин фарқ қиларди. Сиёсий раҳбарлар ва руҳонийлар урушни моддий томондан қўллаб-қувватлашган бир пайтда, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари «Тинчлик шаҳзодаси» тарафида бўлишган. (Ишаё 9:6) Улардан баъзилари бетарафликка қатъий амал қилишмаган бўлса-да, Муқаддас Китоб Тадқиқотчиси Конрад Мёртер билдирган фикрга қўшилишганди. У шундай деганди: «Худонинг Каломидан масиҳий қотиллик қилмаслиги кераклигини аниқ тушундим». (Чиқ. 20:13) *

Ханс Хёлтерхоф «Олтин давр» журналини таклиф қилиш мақсадида ушбу қўл аравадан фойдаланган

Германиянинг қонунларида инсоннинг диний қарашлари туфайли уни ҳарбий хизматдан озод этиш кўзда тутилмаган бўлса-да, 20 дан ошиқ Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ҳарбий хизмат билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ишдан бош тортишган. Улардан баъзиларини руҳан касалга чиқаришганди, масалан, Густав Куятни жиннихонага солиб, унга психотроп воситалар беришганди. Ханс Хёлтерхоф эса ҳарбий хизматни ўташдан бош тортгани учун қамоққа ташланганди. У ерда Ханс урушга алоқадор ҳеч қандай ишда иштирок этмади. Соқчилар унга тийдириш кўйлагини кийдириб, қўл-оёқлари увушиб кетмагунча, уни шу ҳолда ушлаб туришарди. Хансни қароридан қайтариш қўлларидан келмаганида эса, уни отиб ташлашларини саҳналаштиришарди. Шунга қарамай, Ханс уруш пайтида қарорида маҳкам турди.

Ҳарбий хизматга чақирилган бошқа биродарлар эса қўлларига қурол олишни рад этиб, муқобил хизмат ўташни сўрашган. * Масалан, Йоханнес Раутэ шундай йўл тутган ва уни темир йўлларда хизмат қилишга жўнатишган. Конрад Мёртерни санитар этиб тайинлашган, Ринхольт Вэбер эса тиббий ходим бўлиб ишлаган. Аугуст Крафчик ҳам бевосита уруш майдони билан боғлиқ бўлмаган ишда ишлаб, бундан миннатдор бўлган. Шу ва бошқа Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Яҳовага бўлган севги ва садоқат ҳақидаги тушунчаларига асосланган ҳолда Унга хизмат қилишга қатъий қарор қилишган.

Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари урушда иштирок этишмагани сабабли, давлат назорати остида эдилар. Германиядаги Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ваъзгўйлик фаолиятини олиб боришгани учун келгуси йиллар давомида минглаб суд жараёнларини бошдан кечиришди. Шунда уларга кўмаклашиш мақсадида Германия филиали томонидан Магдебург шаҳрида жойлашган Байтилда юридик бўлим ташкил этилганди.

Яҳова Шоҳидларининг бетарафлик борасидаги тушунчаси йиллар мобайнида тобора ойдинлашиб бораверди. Иккинчи жаҳон уруши бошланганида, улар ҳарбий хизматда умуман иштирок этмай, бетарафликни сақлашди. Шунинг учун Германия ҳукумати уларни душман деб ҳисоблаб, кучли таъқиб қиларди. Бу ҳақдаги ҳикоя эса «Ташкилотимиз архивидан» туркумининг бошқа сонларида баён этилади. (Ташкилотимизнинг Марказий Европадаги архивидан.)

^ 7- х.б. «Қўриқчи минораси» журналининг 2013 йил 15 май сонида «Ташкилотимиз архивидан» туркумидаги «“Синов пайтида” дош берганлар» номли мақолада келтирилган Биринчи жаҳон уруши пайтидаги британиялик Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ҳақидаги баёнотга қаранг.

^ 9- х.б. «Минг йилликнинг шафағи» (инглиз) номли китоблар туркумининг (1904) VI жилдида ва «Сион қўриқчи минораси»нинг 1906 йил август ойидаги немис тилидаги нашрида бундай йўл тутиш тавсия этилганди. «Қўриқчи минораси» журналининг 1915 йил сентябрь сонида (инглиз) келтирилган маълумотга кўра эса, бу масалада Тадқиқотчиларнинг нуқтаи назари янада ойдинлашди ва бундан буён улар ҳарбий хизматдан бутунлайин қочишлари лозим эди. Лекин бу мақола немис тилида чиқмаганди.