Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Никоҳ тизими, унинг тарихи ва мақсади

Никоҳ тизими, унинг тарихи ва мақсади

Сўнгра Парвардигор Эгамиз: «Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман», деди. ИБТ. 2:18

ҚЎШИҚЛАР: 36, 11

1, 2. а) Никоҳ тизимига қай йўсин асос солинган? б) Илк жуфтлик никоҳ масаласида нимани англаган бўлиши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

НИКОҲ — ҳаётимизнинг муҳим жабҳаларидан биридир. Никоҳ тизимининг тарихини ва мақсадини кўриб чиқиш бизга бу иттифоққа тўғри нуқтаи назар билан қарашга ва у келтирадиган баракалардан тўлақонли баҳраманд бўлишга ёрдам беради. Аллоҳ илк инсон — Одаматони яратди ва ҳайвонларга ном бериши учун уларни унинг олдига олиб келди. «Лекин ҳамон унга [одамга] муносиб шерик йўқ эди». Шунинг учун, Парвардигор Одаматони қаттиқ ухлатиб қўйиб, унинг қовурғасидан биттасини олди ва ундан хотин кишини яратиб, уни Одаматонинг ёнига олиб келди. (Ибтидо 2:20–24 ни ўқинг.) Кўриб турганимиздек, никоҳ — Худонинг туҳфасидир.

2 Исо Яҳованинг Адан боғида айтган сўзларини кўп йиллардан кейин такрорлаб: «Киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади»,— деганди. (Мат. 19:4, 5) Худо илк аёлни яратишда Одаматонинг қовурғасидан фойдалангани учун, бу жуфтлик бир-бирига тегишли эканини англаган бўлса керак. Шундай экан, Яҳова эр-хотинлар ажралишини ва бир вақтнинг ўзида уларда биттадан ортиқ умр йўлдош бўлишини ҳеч қачон хоҳламаган.

НИКОҲ ЯҲОВАНИНГ НИЯТИ БИЛАН ҚАНДАЙ БОҒЛИҚ?

3. Никоҳ тизимининг асосий мақсади нимадан иборат эди?

3 Одамато суюкли хотини борлигидан қувонган ва кейинчалик унга Момоҳаво деган исм берган. У Одамато учун «муносиб шерик» бўлган ва улар эр-хотин сифатида ўз вазифаларини бажариб, ҳар куни бир-бирини хурсанд қилишган. (Ибт. 2:18) Никоҳ тизимининг асосий мақсади ер юзини одамлар билан тўлдириш эди. (Ибт. 1:28) Гарчи фарзандлар ота-оналарини яхши кўришса ҳам, улар турмуш қуриш учун ота-оналарини қолдириб, ўз оилаларини қуришлари керак эди. Қолаверса, инсонлардан ерни етарлича даражада тўлдириш ва уни жаннатга айлантириш кутиларди.

4. Илк никоҳ билан нима юз берди?

4 Одамато ва Момоҳаво Яҳовага итоатсизлик қилиб, ирода эркинлигидан ноўрин фойдаланишгани учун уларнинг турмуши барбод бўлди. «Алмисоқ илон» — Шайтон Иблис Момоҳавони алдаб, «яхшилик билан ёмонликни билиш дарахтининг» мевасидан еса, нима яхши ва нима ёмон экани борасида ўзгача билимга эга бўлишига ишонтирди. Момоҳаво бу масала бўйича оила боши бўлмиш эри билан маслаҳатлашмай, унга ҳурматсизлик кўрсатди. Одамато эса Худога итоат этишнинг ўрнига Момоҳаво берган мевани еди. (Ваҳ. 12:9; Ибт. 2:9, 16, 17; 3:1–6)

5. Одамато ва Момоҳаво Яҳовага берган жавобларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

5 Худо Одаматони сўроққа тутганида, у хотинини айблаб: «Ўзинг менга берган хотин ўша дарахтнинг мевасидан менга олиб келган эди, мен ҳам едим»,— деб жавоб берди. Момоҳаво эса айбни илонга тўнкади. (Ибт. 3:12, 13) Одамато ва Момоҳаво ўзларининг итоатсизлигини оқлаш учун арзимас баҳона келтиришди ва Яҳова бу исёнкорларни жазолади. Бу биз учун нечоғлик муҳим огоҳлантириш-а!? Демак, никоҳ бахтли бўлиши учун турмуш ўртоқларнинг ҳар бири ўз хатти-ҳаракатлари учун ўзи жавоб бериши ҳамда Яҳовага итоатли бўлиши зарур.

6. Ибтидо 3:15 ни қандай тушунтирардингиз?

6 Шайтон Адан боғида қилган ишларига қарамай, Яҳова инсониятга бўлган ниятидан қайтмади. Бу ниятини У Муқаддас Китобдаги биринчи башоратидаёқ аён қилди. (Ибтидо 3:15 ни ўқинг.) Бу башоратга кўра, «хотин»нинг «зоти» илк исёнкор руҳий мавжудотни эзиб ташлайди. Шу йўсин Яҳова бир лаҳзага бўлса ҳам одамларга У ва Унга хизмат қилаётган лак-лак садоқатли руҳий мавжудотлар ўртасидаги ўзгача муносабатни кўрсатди. Бу руҳий мавжудотлар Яҳованинг «хотини» кабидирлар. Яҳова ушбу мавжудотларидан бирини Иблисни «эзиб ташлаш» учун юборади. «Хотин»нинг «зоти» орқали итоаткор инсоният илк жуфтлик йўқотган келажакни қўлга киритиб, Яҳова ният қилганидек, ер юзида абадий яшаш имкониятига эга бўлади. (Юҳан. 3:16)

7. а) Одамато ва Момоҳавонинг исёни никоҳ тизимига қандай таъсир қилган? б) Муқаддас Китобга кўра, эр-хотинлар бир-бири билан қандай муносабатда бўлишлари керак?

7 Одамато ва Момоҳавонинг исёни уларнинг никоҳига ҳамда улардан кейинги никоҳларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Масалан, Момоҳаво сингари, унинг аёл авлодлари ҳам ҳомиладорлик ҳамда фарзанд туғиш пайтида кўп азоб чекиб келишмоқда. Устига-устак, хотинларда эрларига бўлган иштиёқи кучайганига, эрлар эса хотинларининг устидан ҳокимлик қилиб, буни ҳатто суиистеъмол қилишаётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. (Ибт. 3:16) Аслини олганда, Муқаддас Китобга биноан, эрлар севги ила бошчилик қилишлари керак. Хотинлар эса, ўз ўрнида, эрларига бўйсунишлари даркор. (Эфес. 5:33) Агар художўй турмуш ўртоқлар бир-бири билан ҳамкорлик қилишса, келишмовчиликларни келтириб чиқарадиган вазиятлар камдан-кам учраши ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин.

ОДАМАТО ДАВРИДАН ТЎФОНГАЧА ҚУРИЛГАН НИКОҲЛАР

8. Одамато давридан Тўфонгача никоҳ тизимида қандай ўзгаришлар рўй берди?

8 Гуноҳ ва номукаммаллик Одамато ва Момоҳавони ўлимга олиб келишидан олдин, улар ўғил-қизлар кўришди. (Ибт. 5:4) Уларнинг биринчи ўғли Қобил қариндошларидан бирига уйланди. Қобил авлодидан бўлган Ламех эса иккита хотин олган биринчи эркак эди. (Ибт. 4:17, 19) Одамато давридан Тўфонгача яшаб ўтган одамларнинг фақатгина бир нечтаси Яҳовага топинган. Улар орасида Ҳобил, Ханўх, Нуҳ ва унинг оиласи бўлган. Муқаддас Китобда ёзилишича, Нуҳнинг даврида фаришталар одамзод қизлари чиройли эканига эътибор қаратиб, «ёқтирганларини ўзларига хотин қилиб олишган». Инсон қиёфасига кирган фаришталар билан аёлларнинг бундай ғайритабиий бирлашиши натижасида нефилимлар деб аталмиш девқомат фарзандлар дунёга келди. Ўша пайтда «ер юзида инсон зоти қилаётган қабиҳликлар жуда ҳам кўпайиб» кетганди ва «уларнинг кўнглида фақат қабиҳ ният бор эди». (Ибт. 6:1–5)

9. Нуҳнинг давридаги ёвузлар билан Яҳова нима қилди ва ўша пайтдаги воқеалардан қандай сабоқ олсак бўлади?

9 Яҳова Нуҳнинг даврида ёвузларни йўқ қилиш мақсадида ер юзига Тўфон юборди. Ўша пайтда одамлар турмуш ташвишлари, хусусан, никоҳ қуриш билан шунчалик банд бўлишгандики, «адолат йўлини хабарлаб юрган Нуҳ пайғамбарнинг» Тўфон ҳақидаги огоҳлантиришини назарларига ҳам илишмади. (2 Бутр. 2:5) Кейинчалик Исо Нуҳнинг давридаги вазиятни бугунги кундаги аҳвол билан солиштирди. (Матто 24:37–39 ни ўқинг.) Бугунги кунда биз ҳам ёвуз дунё йўқ қилинишидан олдин Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни жаҳон бўйлаб ҳамма халқларга ваъз қиляпмиз, аммо кўплаб одамлар уни эшитишдан бош тортишяпти. Келинг, Тўфон давридаги воқеалардан сабоқ олган ҳолда, ҳатто оилавий масалалар, мисол учун, турмуш қуриш ва фарзандларни вояга етказиш ҳақидаги ташвишларга кўмилиб кетмайлик. Зероки бу, Яҳованинг куни яқин эканини унутиб қўйишимизга олиб келиши мумкин.

ТЎФОНДАН ИСОНИНГ ДАВРИГАЧА ҚУРИЛГАН НИКОҲЛАР

10. а) Кўплаб маданиятларда жинсий ахлоқсизликка қандай қарашган? б) Қай йўсин Иброҳим ва Сора никоҳ масаласида аъло ўрнак кўрсатишган?

10 Гарчи Нуҳ ва унинг ўғилларида биттадан хотин бўлган бўлса-да, қадимда полигамия (кўп хотинлилик) кенг тарқалганди. Кўплаб маданиятларда жинсий ахлоқсизлик ҳаёт тарзига айланиб, ҳатто диний удумларнинг бир қисми бўлиб қолганди. Ибром (Иброҳим) ва унинг рафиқаси Сорай (Сора) Худога итоат этиб, Канъонга кўчишганида, ўша юртдаги одамлар ахлоқсиз бўлиб, никоҳга ҳурматсизлик кўрсатишарди. Шу боис, Яҳова Садўм ва Ғамўрани яксон қилишга қарор қилганди. Сабаби, у ердаги одамлар ўтакетган ахлоқсиз бўлиб, бошқаларнинг бундай ножўя ишларига кўз юмишарди. Иброҳимга келсак, у яхши оила боши бўлган, Сора ҳам, ўз навбатида, эрига бўйсунишда аъло ўрнак кўрсатган. (1 Бутрус 3:3–6 ни ўқинг.) Иброҳим, ўғли Исҳоқ Яҳовага топинаётган қизга уйланишига ғамхўрлик қилган. Исҳоқ ҳам бу масалада ўғли Ёқуб учун жон куйдирган. Натижада, Ёқубнинг ўғилларидан Исроил халқининг 12 та қабиласи келиб чиққан.

11. Қай йўсин Таврот қонуни Исроил халқини ҳимоя қилган?

11 Кейинчалик Яҳова Ёқуб (Исроил) авлодлари билан аҳд тузади. Қадимда никоҳ қуришга тегишли анъаналар, жумладан полигамияга оид йўл-йўриқлар Тавротда белгиланганди. Мазкур Қонунда бошқа худоларга сиғинадиган одам билан турмуш қуриш тақиқланганди ва бу, Исроил халқини маънавий жиҳатдан ҳимоя қиларди. (Қонунлар 7:3, 4 ни ўқинг.) Никоҳда жиддий муаммолар пайдо бўлганида, одатда оқсоқоллар ёрдам беришарди. Қолаверса, хиёнат, рашк ва шубҳаларга доир қонунлар ҳам бор эди. Ажралишга рухсат берилган бўлса-да, бунинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор эди. Киши «хотинидан бирорта уятли қилиқ топган» тақдирда у билан ажралиши мумкин эди. (Қонун. 24:1) «Уятли қилиқ» сўзи остида нима назарда тутилганини билмаймиз, лекин бу, арзимас масалаларни англатмагани аниқ. (Лев. 19:18)

УМР ЙЎЛДОШИНГИЗГА ҲЕЧ ҚАЧОН ХИЁНАТ ҚИЛМАНГ

12, 13. а) Малаки пайғамбар даврида баъзи эрлар хотинларига қандай муносабатда бўлишган? б) Агар турмуш қурган имондошимиз бошқанинг умр йўлдоши билан зино қилса, оқибати қандай бўлади?

12 Малаки пайғамбар даврида кўплаб яҳудий эркаклар хотинлари билан ажралиш учун ҳар хил баҳоналар топишарди. Ўша кишилар, эҳтимол, ёшроқ ёки ҳатто бутпараст аёлларга уйланиш мақсадида ёшлик чоғида уйланган хотинидан воз кечишарди. Исо ер юзида бўлганида, яҳудий эркаклар ҳали-ҳануз «ҳар қандай сабабга кўра» хотинлари билан ажрашиб юришганди. (Мат. 19:3) Шубҳасиз, Аллоҳ Яҳова бундай ажралишлардан нафратланарди. (Малаки 2:13–16 ни ўқинг.)

13 Бугунги кунда ҳам Яҳованинг халқи хиёнатни номаъқул деб билади. Лекин тасаввур қилинг, турмуш қурган имондошимиз умр йўлдоши бор бошқа инсон билан зино қилиб, у билан оила қуриш учун ўзининг турмуш ўртоғи билан ажрашади. Агар бундай инсон тавба қилмаса, жамоатнинг маънавий поклигини сақлаш ниятида уни жамоатдан четлатишади. (1 Кор. 5:11–13) Уни жамоатга қайтадан қабул қилишдан олдин эса, у «тавбага яраша ҳосил бериши» керак. (Луқо 3:8; 2 Кор. 2:5–10) Гарчи инсоннинг тикланиши учун муайян бир муддат белгиланмаса ҳам, Худонинг халқи орасида камдан-кам учрайдиган бундай хиёнатга кўз юмишмайди. Гуноҳкор чиндан ҳам тавба қилганини исботлаши учун бир йил ёки ундан ҳам кўпроқ вақт керак бўлади. Бундай инсон тикланган тақдирда ҳам, у чин дилдан тавба қилган-қилмагани борасида барибир «Тангрининг ҳакамлик минбари олдида» ҳисобот беради. (Рим. 14:10–12; «Қўриқчи минораси» журналининг 2006 йил 15 сентябрь сонидаги (рус) 29–30- саҳ. «Ўқувчиларнинг саволлари» номли мақолага қаранг.)

МАСИҲИЙЛАР НИКОҲИ

14. Тавротнинг асосий мақсади қанақа бўлган?

14 Исроил халқи 1500 йилдан зиёд Таврот қонуни бўйича яшаган. Бу Қонун Худонинг халқига оилавий ва бошқа масалаларда илоҳий принципларни ёдда сақлашга ёрдам бериб, Масиҳга етаклайдиган тарбиячи сифатида хизмат қилган. (Галат. 3:23, 24) Исо ўлганида эса, Таврот бекор қилинди ва Аллоҳ янги аҳд тузди. (Иброн. 8:6) Унга кўра, Тавротда рухсат берилган айрим нарсалар масиҳийларга тақиқланганди.

15. а) Масиҳийлар никоҳ масаласида қайси тартибга риоя қилишлари керак? б) Ажралиш ҳақида ўйлаётган масиҳий қайси омилларни инобатга олиши лозим?

15 Бир куни фарзийлар никоҳ ҳақида Исога савол беришди. Шунда Исо уларга жавобан айтдики, гарчи Худо уларга Таврот бўйича ажралишга рухсат берган бўлса ҳам, бу Худонинг илк ниятига кирмаганди. (Мат. 19:6–8) Шу йўсин Исо бундан буён масиҳийлар Адан боғида никоҳга нисбатан ўрнатилган илоҳий тартибга риоя қилишлари кераклигини кўрсатди. (1 Тим. 3:2, 12) «Бир тан» сифатида турмуш ўртоқлар ҳамиша бирга бўлишлари ҳамда Аллоҳга ва бир-бирларига бўлган севги улар орасидаги ришталарни мустаҳкамлашига йўл қўйиб беришлари керак. Мабодо, инсон зино туфайли эмас, балки бошқа сабабларга кўра ажрашса, у қайтадан турмуш қура олмайди. (Мат. 19:9) Ҳўшея пайғамбар фоҳиша хотини Гўмерани кечиргани каби, эҳтимол, инсон қилмишига иқрор бўлган зинокор турмуш ўртоғини кечиришга қарор қилар. Ахир Яҳова ҳам бевафо Исроил халқи тавба қилганида, уларга раҳм-шафқатини кўрсатганди-ку! (Ҳўш. 3:1–5) Яна шуни айтиш жоизки, агар инсон унинг жуфти хиёнат қилганини билиб, жинсий алоқа қилишни давом этса, демак бу билан уни кечирганини кўрсатади. Бундай ҳолда Муқаддас Китобдаги ажралишга сабаб бўла оладиган асос йўқолади.

16. Исо турмуш қурмаслик тўғрисида нима деган?

16 Исо масиҳийлар орасида ажралиш учун зинодан бўлак бошқа сабаб йўқлиги борасида айтгандан сўнг, турмуш қурмай яшаш инъомига эга бўлганлар ҳақида сўзлаб: «Ким бундай яшай олса, яшайверсин»,— деди. (Мат. 19:10–12) Кўплар Яҳовага чалғимай хизмат қилиш учун турмуш қурмасликни афзал кўришган. Бундай қилишгани учун улар мақтовга сазоворлар.

17. Турмуш қуриш-қурмаслик масаласида масиҳийга нима ёрдам бериши мумкин?

17 Агар инсон турмуш қуриш-қурмасликни ўйлаётган бўлса, бунда унга нима ёрдам бериши мумкин? Бу учун инсон турмуш қурмай яшаш инъомига мувофиқ ҳаёт кечира олиш-олмаслигини текшириб кўриши лозим. Ҳаворий Павлус турмуш қурмасликни маслаҳат берганди. Аммо шу билан бирга у шундай деганди: «Ҳамма жойда зино тарқалгани сабабли, ҳар бир эркакнинг ўз хотини, ҳар бир аёлнинг ўз эри бўлсин». Кейин у қуйидагича давом этди: «Лекин ўзларини тия олишмаса, турмуш қуришсин. Сабаби, эҳтирос ўтида ёнгандан кўра, турмуш қурган яхшироқдир». Турмуш қуриш инсонга мастурбация ёки зино каби ёмон ишларга олиб келиши мумкин бўлган эҳтирослардан қочишга ёрдам беради. Қолаверса, инсон неча ёшда эканини ҳам инобатга олиши керак, сабаби Павлус: «Кимдир турмуш қурмай нотўғри йўл тутяпман, деб ўйласа, илк ёшлик давридан ўтган ва оила қуришга қарор чиқарган бўлса, истагандай йўл тутсин, гуноҳ қилмайди. Бундайлар турмуш қуришсин»,— деб айтганди. (1 Кор. 7:2, 9, 36; 1 Тим. 4:1–3) Кўпгина ёшларда ҳиссиётлар жунбушга келадиган пайтлар бўлади. Аммо уларни фақат шу сабаблигина турмуш қуришга ундаш оқилона эмас. Нега деганда, улар оилада масъулиятни ўз зиммасига олиш учун ҳали тайёр бўлмасликлари мумкин.

18, 19. а) Масиҳийлар орасидаги никоҳ нимага асосланган бўлиши керак? б) Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

18 Никоҳ қуришни режалаштираётган масиҳийлар Яҳовани астойдил севиб, Унга ҳаётларини бағишлаган бўлишлари лозим. Улар бир-бирларини шунчалик қаттиқ севишлари керакки, ҳатто умрларини бирга ўтказишга тайёр бўлишлари даркор. Улар «фақат... Ҳазратимизга тегишли» киши билан турмуш қуриш маслаҳатига қулоқ солишгани учун Яҳова уларга барака ёғдиради. (1 Кор. 7:39) Турмуш қургач эса, улар Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар чиндан ҳам оилавий ҳаётни бахтли қилишига амин бўлишлари шубҳасиз.

19 Бугунги «ниҳоятда оғир вақтлар»да аксарият одамларга оилавий ҳаётни бахтли қилишда ёрдам берадиган фазилатлар етишмайди. (2 Тим. 3:1–5) Лекин қийинчиликларга қарамай, масиҳий эр-хотинлар никоҳда бахтли бўлишлари мумкин. Бунда уларга кейинги мақолада муҳокама қилинадиган Муқаддас Ёзувлардаги принциплар ёрдам беради. Ҳа, Яҳова никоҳимиз муваффақиятли ва бахтли бўлиши учун Ўзининг қимматбаҳо Каломида керакли барча нарсани ёзиб қолдирган. Бу бизга Унинг халқи билан абадий ҳаётга элтувчи йўлдан боришга кўмаклашади. (Мат. 7:13, 14)