ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Беришнинг бахтиёрлиги катта
ЁШИМ 12 да бўлганида, бошқаларга бериш учун қимматбаҳо бир нарсам борлигини англаб етдим. Анжуман пайтида бир биродар мендан: «Ваъз қилишни хоҳлайсанми?» — деб сўради. Гарчи бундан олдин ҳеч қачон ваъз қилмаган бўлсам-да, мен: «Ҳа»,— деб жавоб бердим. Шунда биз ваъз қилиш учун тайинланган ҳудудга бордик ва у менга Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги баъзи букламаларни берди. Кейин эса у шундай деди: «Сен кўчанинг анави ёқасида яшайдиган одамларникига кириб ваъз қиласан, мен эса — бу томонида яшайдиганларга». Шунда мен ҳаяжон ила уйма-уй ваъз қила бошладим ва тез орада барча букламаларни тарқатиб чиққанимга ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Кўп одамлар мен бермоқчи бўлган нарсани олишни исташгани кўриниб турганди.
Мен 1923 йили Англиянинг Кент қироллигидаги Чатем шаҳрида таваллуд топганман. Биринчи жаҳон урушидан кейинги йилларда инсонлар дунё яхши томонга ўзгаришини орзу қилишганди. Аммо бунинг акси бўлиб чиққанида, кўплаб одамларнинг, шу жумладан, ота-онамнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди. Шунингдек, дадам ва ойимнинг баптист руҳонийлардан ҳам кўнгли қолганди, сабаби улар фақат ўз манфаатларини ўйлашарди. Ёшим тахминан тўққизда бўлганида, ойим Халқаро Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари ташкилотининг аъзолари йиғиладиган жойга қатнай бошлаганди. Кейинчалик Яҳованинг Шоҳидлари деб ном олган бу тадқиқотчилар шу жойда ўз «дарсларини», яъни учрашувларини ўтказишарди. У ердаги опалардан бири бизга, болаларга, Муқаддас Ёзувлар ва «Илоҳий арфа» номли адабиёт ёрдамида Муқаддас Китоб бўйича дарс берарди. Ўрганаётган нарсаларим менга жудаям ёқарди.
КАТТА ЁШЛИ БИРОДАРЛАРДАН САБОҚ
Ўсмирлик чоғимда инсонларга Аллоҳ Каломидаги умидбахш хабарни айтишдан қувонч топардим. Одатда битта ўзим уйма-уй хизмат қилган бўлсам-да, бошқалар билан ваъз қилишни ҳам ўргангандим. Масалан, бир куни ёши катта биродар билан велосипедда ваъз қилинадиган ҳудудга кетаётганимизда, руҳонийнинг олдидан ўтиб кетиб, мен: «Қаранг, эчки кетяпти!» — деб айтдим. Ўшанда бу биродар велосипедини тўхтатди-да, менга у билан йўл бўйидаги ходага ўтиришни айтди. Шунда у менга қуйидагича деди: «Одам эчки ё эчки эмаслигини ҳал қилишга ким сенга ҳуқуқ берди? Кел, ундан кўра хушхабарни одамлар билан қувонч ила бўлишиб, ҳукм чиқаришни Яҳовага қўйиб берайлик». Ўша пайтлари бошқаларга беришнинг бахтиёрлиги борасида кўп нарсани ўргандим. (Мат. 25:31–33; Ҳавор. 20:35)
Бошқа катта ёшли биродардан эса беришнинг бахтиёрлигини ҳис этиш учун баъзида сабр ила чидаш кераклигини ўргандим. Гап шундаки, бу имондошимизнинг хотини Яҳованинг Шоҳидларини яхши кўрмасди. Бир куни бу биродар мени уйига тамадди қилишга таклиф этди. Ўшанда у ваъзгўйликка
чиққанидан хотини шунчалик ғазабга минган эдики, ҳатто чой пакетчаларини биз томон ота бошлади. Лекин бу биродар хотинини уришмади, аксинча, табассум ила чой пакетчаларини жойига қўйиб қўйди. Йиллар ўтгач эса, имондошимизнинг сабри мукофотланди: хотини сувга чўмиб, Яҳова Шоҳидларидан бири бўлди.1939 йили сентябрда Британия Германияга қарши уруш эълон қилди. Ўшанда ёшим 16 да эди. Ўша пайтлари бошқалар билан келажак ҳақидаги умидбахш хабарни бўлишиш истагим тобора кучайиб борарди ва ойим икковимиз 1940 йили мартда Дувр шаҳрида сувга чўмдик. Шу йилнинг июнь ойида эса, минглаб жароҳатланган аскарларга тўла юк машиналари ўтиб кетаётганини эшигимиз остонасидан туриб кўргандим. Бу — Дюнкерк учун курашда омон қолган аскарлар эди. Уларнинг кўзларида ҳеч қандай умид учқуни кўринмагани учун уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида айтиш истаги қалбимда жўш ура бошлади. Бироз вақт ўтиб, шу йилнинг ўзида, Германия Британияни бомбардимон қила бошлади. Ҳар кеча Германиянинг бомбардимончи самолётлари яшаш жойимиз устидан учиб ўтаётганини кўрардим. Бомбалар портлаганида чиққан кучли овоз бизни даҳшатга соларди. Кейинги куни эрталаб эса ташқарида уйлар вайрон бўлиб ётганини кўрардик. Бу воқеалар туфайли Шоҳлик — келажакка бўлган ягона умидим эканига янада амин бўлдим.
ЯНАДА БАХТЛИ ҲАЁТГА ҚАДАМ ҚЎЙИШ
1941 йили мен янада бахтли ҳаётга қадам қўйдим. Ўша пайт Чатемдаги Британия кемасозлик заводида ишлардим. Бу, кўпчилик орзу қилган ва ажойиб имтиёзлар берадиган иш эди. Яҳованинг хизматчилари халқ халққа қарши урушмаслиги кераклигини аллақачон тушунишганди. 1941 йилга келиб эса биз, Яҳованинг Шоҳидлари, ҳарбий саноатда ишламаслигимиз кераклигини англаб етдик. (Юҳан. 18:36) Ушбу кемасозлик заводида ҳарбий сувости кемалари қурилгани учун, мен ишдан кетишга ва тўла вақтли хизматни бошлашга қарор қилдим. Биринчи манзилим — Котсуолдснинг хушманзара шаҳри Сайренсестер эди.
Ёшим 18 да бўлганида, ҳарбий хизматни ўташдан бош тортганим учун мени тўққиз ойга қамоққа олишди. Мен ўтирган камеранинг эшиги тарақлаб ёпилганида ва якка қолганимда, ичимни қўрқинчли бир туйғу куйдириб ўтди. Кўп ўтмай эса соқчилар ва маҳбуслар нега у ерда эканим борасида сўрашни бошлашди ва мен уларга эътиқодим ҳақида бажонидил айтиб бердим.
Озод бўлганимдан кейин менга Леонард Смит * билан бирга туғилиб ўсган жойимиз — Кентнинг турли шаҳарларида хизмат қилишни таклиф этишди. Лондонни ўққа тутиш учун фашистлар самолётлари Кент устидан учиб ўтиши керак эди. 1944 йилдан бошлаб, мингдан зиёд бомбалар Кент ҳудудига тушди. Биз, фашистлар истило этган Европа ва Лондон орасида учаётган самолётларнинг нақ тагида эдик. Учиб ўтаётган бу бомбаларнинг двигателлари ишга тушганини эшитганимизда, бир неча сониядан кейин улар ерга қулаб, портлашини билардик. Бундан ҳаммамизнинг ўтакамиз ёриларди. Ўшанда биз беш кишидан иборат бўлган оила билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилардик. Гоҳида уй қулаши мумкин бўлганда бизни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган темир стол тагида ўтирардик. Ўша оиланинг барча аъзолари кейинчалик сувга чўмишди.
ХОРИЖДА ХУШХАБАРНИ ТАРҚАТИШ
Урушдан сўнг Жанубий Ирландияда икки йил мобайнида кашшоф бўлиб хизмат қилдим. Уйма-уй ваъз қилаётиб, яшашга жой излаётганимизни ва тўла вақтли махсус ваъзгўй эканимизни айтардик. Шунингдек, кўчада журналларимизни тарқатардик. Аммо Ирландия Англиядан қанчалик фарқ қилишини билмаган эканмиз. Кўпчиликнинг фикрича, бундай католик мамлакатда инсонлар сўзларимизга ижобий муносабат билдиришларини кутиб, чучварани ҳом санабмиз экан. Бир киши бизга зўравонлик билан таҳдид қилганида, мен полициячига шикоят қилдим. У эса: «Тўғри-да, сен нимани кутгандинг?!» — деб жавоб берди. Бу ерда руҳонийлар қанчалик катта таъсирга эга эканини хаёлимизга ҳам келтирмаган эканмиз. Одамлар адабиётларимизни олишганида, руҳонийлар уларни ишдан ҳайдашарди, бизни эса яшаш жойимиздан кўчишга мажбурлашарди.
Шу сабабли, бошқа ҳудудга кўчиб ўтганимизда, руҳоний бизни танимаган ерларда ваъз қилиш биз учун хавфсизроқ бўлади, деган хулосага келдик. Шунга аввал уйимиздан узоқроққа бориб, ўша жойлардаги одамларга ваъз қилардик, кейин эса — қўни-қўшниларга. Килкеннида эса, ғазабга минган оломоннинг дўқ-пўписаларига қарамай, бир йигит билан ҳафтада уч марта Муқаддас Китобни тадқиқ қилардик. Мен Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни инсонларга ўргатишни шунчалик яхши кўрардимки, ҳатто тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабида таҳсил олиш учун ариза тўлдирдим.
Нью-Йоркда беш ой давомида таҳсил олгандан сўнг, Гилад битирувчиларидан тўртталамизни Кариб денгизидаги кичик оролларда хизмат қилишга тайинлашди. 1948 йили ноябрда биз Нью-Йоркни тарк этиб, 18 метрли «Сибиа» номли шхунада — кичик елканли қайиқда йўлга чиқдик. Бундан олдин ҳали ҳеч қачон денгиз сафарига чиқмаганим боис, қувончим ичимга сиғмасди. Битирувчилардан бири Гаст Маки тажрибали кема капитани эди. У бизга кема юритиш санъатининг баъзи сир-асрорларини, хусусан, турли елканларни тушириш ва кўтаришни, кемани компас ёрдамида бошқаришни ҳамда шамолга нисбатан кема йўналишини ўзгартиришни ўргатганди. Гаст 30 кун давомида, ваҳимали бўронларга қарамай, Багама оролларига етиб келгунимизга қадар қайиғимизни маҳорат ила бошқариб келди.
«ДЕНГИЗ ОРТИДАГИ ЮРТЛАРДА... ЭЪЛОН ҚИЛИНГЛАР»
Кичик Багама оролларида бир неча ой ваъз қилгандан кейин, биз Ливард ва Винвард оролларига отландик. Мазкур кичик ороллар Виргиния ороллари ва Тринидад оралиғида жойлашган бўлиб, тахминан 800 километргача чўзилган. Беш йил мобайнида асосан олис оролларда, битта ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган жойларда, ваъз қилардик. Баъзида бир неча ҳафталаб ваъзгўйликда бўлганимиз учун хатларни на жўнатиб, на қабул қила олардик. Бироқ шунга қарамай, оролларда Яҳованинг Каломини эълон қилиб юрганимиздан ниҳоятда бахтли эдик! (Ерм. 31:10)
Лангар ташлаб қўлтиқда тўхтаганимизда, маҳаллий аҳоли келганимизни кўриб, ғимирлаб қоларди ва келганлар ким экан деб, пристанга йиғиларди. У ердагиларнинг айримлари шу пайтгача бизникига ўхшаш қайиқни ёки оқ танли инсонни кўришмаганди. Оролдаги инсонлар самимий ва тақводор бўлиб, Муқаддас Китобни яхши билишарди. Улар бизга янги тутилган балиқларни, авокадо ва ерёнғоқларни тез-тез бериб туришарди. Қайиғимизда ухлаш, овқат тайёрлаш ва кир ювиш учун жой кам эди, лекин шунга қарамай, бир амаллардик.
Биз қайиқни қирғоқ томон эшкак билан ҳайдаб, у ерда яшайдиган одамларга кун бўйи ваъз қилардик. Биз уларни Муқаддас Китобга асосланган нутққа таклиф этардик. Шом тушганда эса, қайиқдаги қўнғироқчани чалардик. Маҳаллий аҳоли нутққа йиғилаётганини кўриш унутилмас эди! Тепаликлардан тушиб келишаётганида, уларнинг қўлларидаги мойчироқлар бамисоли юлдузлар каби милтилларди. Баъзида юзтача одам келиб, ярим кечагача бизга саволлар берарди. Улар қўшиқ куйлашни яхши кўришарди, шунинг учун биз айрим ҳамду сано қўшиқларининг сўзларини машинкада ёзиб, уларга тарқатардик. Қўшиқларни куйлаш учун тўртталамиз астойдил ҳаракат қилардик. Кейин бошқалар бизга жўр бўлишарди ва натижада оҳанрабо қўшиқлар янграрди. Оҳ, бу нақадар бахтли дамлар эди!
Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказганимиздан сўнг, баъзи қизиқувчилар биз билан бошқа оилаларникига ҳам тадқиққа боришарди. Муайян жойда бир неча ҳафта хизмат қилгач, кетишимизга тўғри келарди. Лекин одатда биз ҳақиқатга кучли қизиқиш билдирганлардан қайтиб келгунимизча бошқалар билан тадқиқни давом эттиришларини сўрардик. Баъзилар берилган топшириққа жиддий ёндашганини кўрганимизда, қалбимизда ёқимли туйғулар уйғонарди.
Бугунги кунда ушбу оролларнинг аксарияти гавжум сайёҳлик курортларига айланган. Илгари эса бу жойлар фақатгина мовий кўрфазлари, қумлоқ соҳиллари ҳамда пальма дарахтлари бор овлоқ бир жой эди. Биз оролдан оролга кўпинча тунда сузардик. Қайиғимиз олдидан ўйноқи дельфинлар сузиб ўтишарди ва у ерда фақатгина қайиқ тумшуғига урилаётган тўлқинларнинг шалп-шалп овози эшитиларди. Сокин денгиздаги ойнинг шуъласи гўёки уфққа олиб борувчи кумуш йўлга ўхшарди.
Оролларда беш йил ваъзгўйлик қилганимиздан кейин, қайиғимизни моторли қайиққа алмаштириш учун Пуэрто-Рикога жўнадик. У ерга етиб борганимизда, мен тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган Максэн Бойд исмли гўзал бир қизни учратдим ва уни севиб қолдим. У болалигиданоқ хушхабарни ғайрат ила ваъз қилиб келарди. 1950 йили католик ҳукумати томонидан қувғун қилинмагунига қадар, у Доминикана Республикасида тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган. Экипаж аъзоси сифатида мен Пуэрто-Рикода фақат бир ой қолишим мумкин эди. Бундан сўнг эса оролларга сузиб, яна бир неча йил бу жойдан йироқда бўлишимга тўғри келарди. Шунинг учун ўзимга: «Рональд, агар бу қизга уйланишни истасанг, унда зудлик билан ҳаракат қилишинг керак»,— деб айтдим. Уч ҳафтадан сўнг эса Максэннинг қўлини сўрадим ва олти ҳафта ўтгач, биз турмуш қурдик. Максэн билан мени Пуэрто-Рикога тўла вақтли махсус ваъзгўй қилиб тайинлашди. Шу сабабли, янги қайиқда сузишга имкон бўлмади.
1956 йили биз туман нозирлик хизматини бошлаб, жамоатларга ташриф буюрадиган бўлдик. У ердаги кўпгина имондошларимиз ночор яшашарди, лекин биз уларнинг уйларига боришни яхши кўрардик. Мисол учун, Потала Пастилло қишлоғида кўп фарзандли иккита Яҳова Шоҳидининг оиласи яшарди. Мен уларга флейтада мусиқа чалиб берардим. Бир куни уларнинг жажжи қизларидан бири Ҳильдадан: «Биз билан ваъзгўйликка боришни хоҳлайсанми?» — деб сўрадим. У бўлса: «Боришни хоҳлардим-у, аммо оёқ кийимим йўқ-да»,— деб жавоб берди. Биз унга бир жуфт оёқ кийим сотиб олдик ва у биз билан ваъзгўйликка чиқди. Йиллар ўтиб, 1972 йили рафиқам Максэн билан Бруклиндаги Байтилга борганимизда, Гилад мактабини эндигина битирган бир синглимиз олдимизга келди. У топшириғини олиб, Эквадорга жўнаб кетмоқчи бўлиб турганди. Шунда у бизга: «Мени танимадингиз, шекилли. Мен пастиллолик оёқ кийими йўқ ўша кичкина қизчаман»,— деди. Бу Ҳильда эди! Ўшанда хурсанд бўлиб кетганимиздан ҳатто йиғлаб юбордик!
1960 йили бизни Пуэрто-Рикодаги филиалда хизмат қилишга таклиф этишди. У Сантурцеда (Сан-Хуан) икки қаватли кичик уйда жойлашганди. Бошида ишнинг катта қисмини Ленарт Жонсон билан бирга бажарардик. Ленарт ва унинг хотини Доминикана Республикасида илк Яҳованинг Шоҳидлари бўлишган. Пуэрто-Рикога эса улар 1957 йили келишган. Максэн ҳафта мобайнида мингдан ошиқ журналларни обуначиларга тарқатиб чиқарди. У бу ишни бажаришдан қувонч топарди, чунки шу йўсин инсонлар маънавий озуқа олишларини биларди.
Менга Байтилда хизмат қилиш ёқади, сабаби Байтилда кучимни Яҳовага хизмат қилишга сарфлай оламан. Аммо бу хизматнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Масалан, 1967 йили Пуэрто-Рикода бўлиб ўтган биринчи халқаро анжуманда менга топширилган масъулиятдан довдираб қолгандим. Ўша даврда Яҳова Шоҳидлари орасида бошчиликни зиммасига олган Нейтан Норр Пуэрто-Рикога ташриф буюрганди. Тўла вақтли махсус ваъзгўйларнинг анжуманга етиб келишлари ҳақида ғамхўрлик қилган бўлсам-да, Нейтан Норр мени вазифасига эътиборсиз қарайдиган одам деб, хато фикрга борди. Кейинроқ у менга тартибли бўлиш борасида жиддий маслаҳат бериб, мендан ҳафсаласи пир бўлганини
айтди. У билан баҳслашишни истамасдим, бироқ озмунча вақт ўзимни ноҳақ айблангандай ва ранжигандай ҳис қилдим. Лекин шунга қарамай, кейинги сафар Максэн икковимиз Нейтан Норр биродарни кўрганимизда, у бизни хонасига таклиф қилиб, овқат тайёрлаб берди.Оила аъзоларимни кўриб келиш учун бир неча бор Пуэрто-Рикодан Англияга бордик. Ойим икковимиз ҳақиқатни қабул қилганимизда, дадам ҳали бизга қўшилмаганди. Лекин шунга қарамай, ойим Байтилдан келган маърузачиларни тез-тез уйга таклиф қиларди. Дадам Байтилдаги камтарин биродарлар унинг нафратини келтирган руҳонийлардан қанчалик фарқ қилишини кўрарди. Натижада, у 1962 йили сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳидларидан бири бўлди.
Менинг суюкли рафиқам Максэн 2011 йили вафот этди. Тирилиш бўлганида уни яна кўришни орзиқиб кутяпман. Бу фикр менга тасалли бағишлайди. Максэн билан 58 йил мобайнида бирга хизмат қилиб, Пуэрто-Рикода Яҳованинг халқи тахминан 650 нафар кишидан 26 000 гача ўсганининг гувоҳи бўлдик. 2013 йили Пуэрто-Рико филиали Қўшма Штатлардаги филиал билан бирлашди ва менга Уолкиллда (Нью-Йорк) хизмат қилишни таклиф этишди. Оролда 60 йил яшагандан кейин мен пуэрто-риколик «коке»дай, яъни кеч кирганда «ко-ке, ко-ке» дея товуш чиқарадиган машҳур миттигина дарахт бақасидай бўлиб қолдим. Аммо бу ердан кўчишга тўғри келди.
«АЛЛОҲ ҚУВОНЧ БИЛАН БЕРГАННИ СЕВАДИ»
Мен ҳали-ҳануз Байтилда хизмат қилаётганимдан бахтлиман. Ёшим 90 дан ошди ва ҳозирги вазифам маънавий чўпон сифатида Байтил оиласининг аъзоларига далда беришдан иборат. Айтишларича, Уолкиллга келганимдан буён, 600 дан зиёд байтилчига далдали ташриф қилибман экан. Баъзилар ўзининг шахсий ва оилавий муаммоларини муҳокама қилишга келишади. Бошқалар эса Байтил хизматида қандай қилиб муваффақиятли бўлишлари мумкинлиги борасида маслаҳатлашишади. Айримлар яқиндагина турмуш қурганлари ёки кашшоф бўлиб хизмат қилишга тайинланишгани учун маслаҳат сўраб келишади. Уларнинг барчасини тинглаб, ўрни келганда, кўпинча шундай дейман: «“Аллоҳ қувонч билан берганни севади”. Шунинг учун хурсанд бўлиб хизмат қилинг. Буни Яҳова учун қиляпсиз». (2 Кор. 9:7)
Байтилда бўласизми ё бошқа жойдами, қувончни сақлаб қолиш учун диққатингизни бажараётган ишингизнинг муҳимлигига қаратинг. Байтилдаги ҳар қандай иш — муқаддас хизматдир. Бу хизматда қатнашиб, умумжаҳон биродарлигимизни маънавий ризқ-рўз билан таъминлашга тайинланган «ишончли ва ақлли хизматкор»га кўмаклашган бўламиз. (Мат. 24:45) Ҳа, Яҳовага қаерда хизмат қилмайлик, Уни мадҳ этиш учун албатта имконият топа оламиз. Шу сабаб, келинг, бизга топширилган ишни қувонч ила бажарайлик, зотан «Аллоҳ қувонч билан берганни севади».
^ 13- х.б. Леонард Смитнинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси» журналининг 2012 йил 15 апрель сонида келтирилган.