Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Барча далилларни биласизми?

Барча далилларни биласизми?

Тингламасдан жавоб бериш, аҳмоқлик ва шармандаликдир. ҲИК. 18:13

ҚЎШИҚЛАР: 43, 52

1, 2. а) Қайси қобилиятни ривожлантиришимиз муҳим ва нима учун? б) Бу мақолада нима кўриб чиқилади?

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ сифатида маълумотни таҳлил қилиб, тўғри хулосага келиш қобилиятини ривожлантиришимиз лозим. (Ҳик. 3:21–23; 8:4, 5) Ушбу қобилиятни ривожлантирмасак, Шайтон ва унинг дунёси фикрлаш тарзимизни осонликча бузиши ҳеч гап эмас. (Эфес. 5:6; Колос. 2:8) Шубҳасизки, далилларга эга бўлибгина тўғри хулосага кела оламиз. Ҳикматлар 18:13 да: «Тингламасдан жавоб бериш, аҳмоқлик ва шармандаликдир»,— дейилган.

2 Ушбу мақолада, далилларга эга бўлиш ва тўғри хулоса ясаш билан боғлиқ бир нечта қийинчилик кўриб чиқилади. Қолаверса, маълумотни таҳлил қилиш қобилиятимизни яхшилашга кўмаклашадиган Муқаддас Китобдаги принциплар ва мисоллар тўғрисида сўз юритилади.

«ҲАР БИР СЎЗГА» ИШОНАВЕРМАНГ

3. Нега Ҳикматлар 14:15 даги принципни қўллашимиз лозим? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 Бугунги кунда одамлар маълумотга кўмиб ташланган. Интернет, телевидение ва оммавий ахборот воситалари охири йўқдай туюлган ғояларни тақдим этмоқда. Аксарият кишиларга шунингдек, дўстлари ва танишлари электрон почта, СМС орқали хабар юбориб, ҳикоялар айтиб беришади. Нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотни юбориш кенг тарқалган экан, эҳтиёт бўлиш ҳамда эшитаётганларимизни пухта таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ. Қизиқ, Муқаддас Китобдаги қайси принцип бунда қўл келиши мумкин? Ҳикматлар 14:15 да: «Содда ҳар бир сўзга ишонади, заковатли эса ҳар бир қадамини ўйлаб босади»,— деб ёзилган.

4. а) Филиппиликларга 4:8, 9- оятлар ўқимоқчи бўлган маълумотни танлашга қай йўсин қўл келади? б) Нима учун аниқ маълумотга эга бўлиш муҳим? (« Аниқ маълумот манбалари» номли рамкага ҳам қаранг.)

4 Тўғри қарорлар чиқаришимиз учун аниқ маълумотга эга бўлишимиз зарур. Шу боис, ўқимоқчи бўлган маълумотга нисбатан ўта синчков бўлиб, яхшилаб текширишимиз керак. (Филиппиликларга 4:8, 9 ни ўқинг.) Интернетдаги шубҳали янгиликларни ҳамда электрон почта ёхуд ижтимоий тармоқлар орқали келадиган ишончсиз хабарларни ўқишга вақтимизни сарфламаслигимиз даркор. Айниқса муртадлар яратадиган сайтлардан эҳтиёт бўлишимиз зарур. Негаки, уларнинг мақсади Худонинг халқини тўғри йўлдан оздириб, ҳақиқатни бузиш, холос. Сифати паст маълумот охири вой бўладиган қарорларга етаклайди. Сохта маълумот қалб ва онгимга таъсир қилмайди деб сира ҳам ўйламанг! (1 Тим. 6:20, 21)

5. Исроил халқи қайси ёлғон хабарга ишонди ва нега бу юз берди?

5 Ёлғон хабарларга ишониш аянчлидир. Мисол учун, Мусонинг даврида ваъда қилинган юртга юборилган 12 та айғоқчининг 10 таси ёмон хабар олиб келган эди. (Саҳ. 13:25–33) Уларнинг кўпиртириб етказган ва ваҳимали хабари туфайли Яҳованинг халқи қўрқиб, саросимага тушган эди. (Саҳ. 14:1–4) Нима учун бундай юз берди? Эҳтимол, улар бу хабарни аксарият айғоқчилар айтгани учун унга ишонишгандир. Улар Ёшуа билан Холиб айтган яхши хабарга қулоқ солишмаган эди. (Саҳ. 14:6–10) Улар далилларга эга бўлиб, Яҳовага ишонишнинг ўрнига, ёмон хабарга қулоқ солишни афзал кўришди. Нақадар нодонлик!

6. Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида бўлмағур гап-сўзларни эшитганимизда ажабланмаслигимиз керак?

6 Айниқса, Яҳованинг халқи тўғрисида эшитадиган хабарларга нисбатан эҳтиёткор бўлиш муҳим. Аллоҳнинг садоқатли хизматчиларига туҳмат қилаётган Шайтон борлигини эсдан чиқарманг. (Ваҳ. 12:10) Шунингдек, Исо бизга қарши «ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни» айтадиган душманлардан огоҳлантирган. (Мат. 5:11) Ушбу огоҳлантиришга жиддий ёндашсак, Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида бўлмағур гап-сўзларни эшитганимизда ажабланмаймиз.

7. Бирон хабар ёки СМС юборишдан аввал нималар ҳақда ўйлаб кўришимиз керак?

7 Сиз ҳам дўстларингизга бирон хабар ёки СМС юборишни ёқтирасизми? Ундай бўлса, қандайдир қизиқарли хабарни ўқиб ёки эшитиб қолсангиз, уни худди мухбир каби биринчилардан бўлиб бошқаларга етказишни хоҳларсиз. Лекин уни юборишдан аввал ўзингиздан қуйидагича сўраб кўринг: «Бу хабар ёлғон эмасми? Исботларини биламанми?» Бунда амин бўлмай туриб, имондошларингизга ёлғон маълумотни билмаган ҳолда жўнатишингиз ҳеч гап эмас. Борди-ю, шубҳангиз бўлса, юбориш эмас, ўчириш тугмачасини босинг!

8. Айрим мамлакатларда бизни таъқиб қилаётганлар нима қилади ва қай йўсин билмаган ҳолда уларга қўшилиб қолишимиз мумкин?

8 Бирон хабар ёки СМСни дарров юборишнинг яна бир хавфли томони бор. Маълумки, айрим мамлакатларда фаолиятимиз тақиқ остида ёки ҳатто ман этилган. Ушбу мамлакатларда бизни таъқиб қилаётганлар биродарларимизни қўрқитиш ёки орамизда шубҳа туғдириш ниятида нотўғри хабарларни тарқатишади. Собиқ Совет Иттифоқида юз берган воқеага назар солайлик. КГБ ходимлари томонидан баъзи масъулиятли биродарларимиз Яҳованинг халқига хиёнат қилгани ҳақида турли миш-мишлар тарқатилган *. Кўплар шу каби уйдирмаларга лаққа тушган. Натижада эса улар Яҳованинг ташкилотини тарк этишган. Ачинарли, шундай эмасми?! Минг шукурки, уларнинг аксарияти қайтди, аммо баъзилари йўқ. Уларнинг имони кема сингари ҳалокатга учради. (1 Тим. 1:19) Қандай қилиб биз бу каби аянчли оқибатдан қочишимиз мумкин? Салбий ёки исботланмаган хабарларни тарқатманг. Содда ёки ҳамма нарсага ишониб кетадиган бўлманг. Барча далилларга эга эканингизга ишонч ҳосил қилинг.

НОАНИҚ МАЪЛУМОТ

9. Тўғри хулосага келишга яна нима тўсқинлик қилиши мумкин?

9 Тўғри хулосага келишга тўсқинлик қиладиган яна бир нарса бу қисман рост бўлган ёки ноаниқ маълумотдан иборат хабарлардир. Масалан, бирон ҳикоянинг фақат 10 фоизи рост бўлса, демак у 100 фоиз ёлғон. Хўш, баъзи фикрлари рост, аммо умуман олганда ёлғон бўлган ҳикояларга лаққа тушмаслигимизга нима ёрдам беради? (Эфес. 4:14)

10. Нега исроилликлар жанг қилмоқчи бўлишган ва уларга бундай қилмасликка нима кўмаклашган?

10 Келинг, Ёшуанинг даврида Иордан дарёсининг ғарб томонида яшаган исроилликлар билан нима юз берганини кўриб чиқайлик. (Ёшуа 22:9–34) Улар Иордан дарёсининг шарқий томонидаги исроилликлар (Рубен билан Гад қабилалари ҳамда Манаше қабиласининг ярми) унинг яқинида жуда катта қурбонгоҳ қуришганидан хабар топишади. Бу қисман рост эди. Ушбу хабар асосида ғарбдаги исроилликлар шарқдаги биродарлари Яҳовага қарши исён кўтарди деган хулосага келиб, уларга қарши жанг қилиш учун йиғилади. (Ёшуа 22:9–12 ни ўқинг.) Яхшиямки, улар ҳужум қилишдан аввал барча тафсилотларни билиб олиш учун у ерга ишончли кишиларни юборишади. Хўш, улар нимани билиб олишади? Улар Рубен билан Гад қабилалари ҳамда Манаше қабиласининг ярми қурбонлик келтириш учун эмас, балки ёдгорлик сифатида қурбонгоҳ қуришганини билиб олишади. У келажакда ҳам одамлар улар Яҳованинг содиқ хизматчилари эканини билишсин дея қурилган эди. Ўша исроилликлар ноаниқ маълумот асосида хунрезлик қилишнинг ўрнига, барча тафсилотларни билиб олишни танлаганидан жуда хурсанд бўлгандир-а?!

11. а) Қай йўсин Мефибосит адолатсизлик қурбонига айланди? б) Қандай қилиб Довуд бунинг олдини олиши мумкин эди?

11 Шахсан ҳар биримиз биз ҳақимизда қисман рост ёки ноаниқ маълумот тарқалгани туфайли адолатсизлик қурбонига айланишимиз мумкин. Келинг, Довуд билан Мефибоситнинг мисолига диққат қаратайлик. Довуд сахийлик намоён этиб, меҳрибонлик ила бобоси Шоулнинг барча ерларини унга қайтариб берган эди. (2 Шоҳ. 9:6, 7) Лекин кейинчалик у Мефибосит ҳақида салбий хабар эшитиб қолган. Маълумотни текширмай, Довуд уни барча мол-мулкидан маҳрум қилган. (2 Шоҳ. 16:1–4) Мефибосит билан гаплашгач эса, Довуд хато қилганини тушуниб, мол-мулкининг муайян қисмини унга қайтариб берган. (2 Шоҳ. 19:24–29) Довуд ноаниқ маълумот асосида шошилиб ҳаракат қилмай, барча тафсилотларни билиш учун вақт ажратганида эди, бундай адолатсизлик юз бермаган бўларди.

12, 13. а) Исо у ҳақда ёлғон гапиришганда нима қилган? б) Агар биз ҳақимизда ёлғон тарқатишса қандай йўл тутишимиз мумкин?

12 Туҳматга қолиб кетсангиз-чи, қандай йўл тутасиз? Исо ва сувга чўмдириб юрган Яҳё ҳам шундай вазиятга дуч келишган. (Матто 11:18, 19 ни ўқинг.) Хўш, Исо нима қилган? У бор кучию вақтини ўзини ҳимоя қилиш учун сарфламаган. Аксинча, у одамларни далилларга, яъни унинг иши ва таълимотларига эътибор қаратишга ундаган. Исо: «Одамнинг донолиги адолатли ишларидан кўринади»,— деган.

13 Бу биз учун муҳим сабоқ. Гоҳида одамлар шахсан биз ҳақимизда нотўғри ёки салбий фикрлар билдириши мумкин. Номимизга доғ тушмаслиги учун адолат тиклансин деб бирон нима қилишни хоҳлармиз. Ҳа, қилишимиз мумкин бўлган бир нарса бор. Мабодо биз ҳақимизда ёлғон тарқатишса, ҳаёт тарзимиз орқали аслида бундай эмаслигини кўрсатишимиз мумкин. Дарҳақиқат, Исонинг ўрнагидан кўрганимиздай, тарқатилган маълумот қисман рост ёки туҳмат эканини юриш-туришимиз билан исботлай оламиз.

ЎЗИНГИЗГА ҲАДДАН ОРТИҚ ИШОНМАНГ!

14, 15. Қандай қилиб ўз ақлимизга ишониш тузоққа айланиши мумкин?

14 Тўғри хулосага келиш учун ишончли далилларга эга бўлиш осон эмаслигини билдик. Шунингдек, яна бир муаммо ўз номукаммаллигимиздир. Айтайлик, Яҳовага анча йиллар мобайнида садоқат ила хизмат қилаётгандирмиз. Балки ақл-идрок ва фаҳм-фаросатга эгадирмиз. Эҳтимол, донолик ила йўл тутаётганимиз учун бизни ҳурмат қилишар. Хўш, бу биз учун тузоқ бўлиши мумкинми?

15 Ҳа, ўз ақлимизга ҳаддан ортиқ ишонсак, бу биз учун тузоқ бўлиши мумкин. Ҳис-туйғуларимиз ва шахсий нуқтаи назаримиз фикрлаш тарзимизни бошқариб кетиши ҳеч гап эмас. Ҳатто барча тафсилотларни билмай туриб вазиятни тўла-тўкис тушуняпман деб ўйлай бошлашимиз мумкин. Бу жуда ҳам хавфли! Муқаддас Китобда ўз ақлимизга ишонмаслик борасида аниқ огоҳлантириш ёзилган. (Ҳик. 3:5, 6; 28:26)

16. Ўйлаб топилган мисолда нима юз беради ва Сарвар қандай хаёлга боради?

16 Бир вазиятни тасаввур қилайлик. Дейлик, Жасур исмли оқсоқол кафеда бир аёл билан ўтирганини Сарвар исмли оқсоқол кўриб қолади. Сарвар Жасур хотини бўлмаган бу аёл билан кулиб, мароқ ила гаплашаётгани ва қучоқлашиб қўйишганини кузатади. Шунда у хавотирланиб: «Энди Жасурнинг оиласи барбод бўладими? Хотини-чи, унга бу қандай таъсир қилади? Фарзандлари билан нима бўлади?» — деган хаёлга боради. Сарвар бунга ўхшаш оғир вазиятлар юз берганини олдин кўрган эди. Сиз-чи, унинг ўрнида бўлганингизда нима қилган бўлардингиз?

17. Мазкур мисолдаги Сарвар кейинчалик нимани билади ва биз бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

17 Тўхтанг-чи. Гарчи Сарвар дарров Жасур хотинига бевафолик қилди деган хулосага келган бўлса-да, у барча тафсилотларни биладими? Ўша куни Сарвар Жасурга қўнғироқ қилади. Жасур бошқа шаҳардан келган туғишган синглиси билан ўтирганини билгач, Сарвар ўзини қанчалар енгил тортганини бир тасаввур қилинг. Улар бир-бирини кўп йиллар давомида кўрмаган эди. Синглиси бир неча соатдан кейин кетиши керак бўлгани учун, акаси билан ўша кафеда кўришиб кетиш имкони бор эди. Жасурнинг хотини эса улар билан кўриша олмади. Яхшиямки, Сарвар нотўғри хулосаларини бошқаларга тарқатмади. Бу биз учун қандай сабоқ? Ҳа, неча йилдан бери Яҳовага хизмат қилмайлик, тўғри хулосага келишдан аввал барча тафсилотларга эга бўлишимиз даркор.

18. Нима сабабли имондошимиз ҳақида нотўғри хулосага келишимиз мумкин?

18 Агар имондошимиз билан орамизда келишмовчилик юз берса ҳам вазиятга тўғри баҳо бериш осон эмас. Ўша имондошимиз билан феълимиз турли экани тўғрисида ўйлайверсак, унга шубҳа билан қарай бошлашимиз мумкин. У ҳақида салбий хабар эшитиб қолсак, бунга осонликча ишониб кетишимиз ҳеч гап эмас. Нимани ўргансак бўлади? Имондошларимиз тўғрисида салбий туйғуларга берилсак, далилларга асосланмаган нотўғри хулосаларга келишимиз турган гап. (1 Тим. 6:4, 5) Қалбимизда рашку ҳасад илдиз отишига йўл қўймасак, нотўғри хулосага келишнинг олдини олишимиз мумкин. Шу каби салбий туйғуларга берилишнинг ўрнига, келинг, имондошларимизни севиш масъулиятини унутмайлик ва уларни чин дилдан кечирайлик. (Колосаликларга 3:12–14 ни ўқинг.)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИПЛАР БИЗНИ ҲИМОЯЛАЙДИ

19, 20. а) Қайси принциплар вазиятга тўғри баҳо беришимизга кўмаклашади? б) Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

19 Билиб олганимиздай, бугунги кунда сифати паст маълумот, қисман рост бўлган хабарларнинг тўлиб-тошгани ва номукаммаллигимиз дастидан ишончли маълумотга эга бўлиш ҳамда уларга тўғри баҳо бериш осон эмас. Хўш, бу қийин вазиятда бизга нима қўл келади? Муқаддас Китобдаги принципларни билиб, уларга амал қилишимиз даркор. Бундай принципларнинг биридан тингламасдан жавоб бериш, аҳмоқлик ва шармандалик эканини билиб оляпмиз. (Ҳик. 18:13) Яна бир принципга кўра, тафсилотларни текширмай туриб ҳар бир сўзга ишонмаслик керак. (Ҳик. 14:15) Қолаверса, Яҳовага неча йилдан бери хизмат қилмайлик, ўз ақлимизга ишониб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. (Ҳик. 3:5, 6) Тўғри хулосаларга келиш ва доно қарорлар чиқариш учун ишончли манбалардан фойдалансак, Муқаддас Китобдаги принциплар бизни ҳимоя қилади.

20 Бироқ яна бир қийинчилик бор. Бу ҳам бўлса, ташқи кўринишга қараб баҳо бериш мойиллиги. Навбатдаги мақолада, бу борада хатога йўл қўйишимиз мумкин бўлган соҳаларни кўриб чиқамиз. Шунингдек, эҳтиёт бўлишимизга нима ёрдам бериши мумкинлигини ҳам билиб оламиз.

^ абз. 8 2004 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (рус) 111–112- саҳифаларига ва 2008 йилги «Йилнома»нинг (рус) 133–135- саҳифаларига қаранг.