Ташқи кўринишга қараб ҳукм қилманг
Ташқи кўринишга қараб ҳукм этишни бас қилинглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин. ЮҲАН. 7:24
1. Ишаё пайғамбар Исо ҳақида нимани башорат қилган ва нега бу далдали?
ИШАЁ пайғамбарнинг Исо Масиҳ ҳақидаги башорати қалбимизга илиқлик ҳамда тинчлик бахш этади. Унинг башоратига кўра, Исо «кўзлари билан кўрганига асосланиб ҳукм қилмайди, қулоғи билан эшитгани бўйича танбеҳ бермайди». Аксинча, «бечораларни у ҳаққоният ила ҳукм қилади». (Ишаё 11:3, 4) Нима учун бу далдали? Чунки ҳозир одамлар кўрганлари билангина баҳо берадиган, яъни юзхотирчиликка тўлиб-тошган дунёда яшаяпмиз. Барчамиз ташқи кўринишимизга қараб ҳукм қилмайдиган мукаммал Ҳакамни, Исони кутяпмиз!
2. Исо бизга нима қилишни буюрган ва ушбу мақолада нима ҳақида гап боради?
2 Ҳар куни инсонлар борасида муайян хулосага келамиз. Аммо номукаммал бўлганимиз сабаб, Исо каби мукаммал даражада ҳукм қила олмаймиз. Кўрган нарсалар бизга осонликча таъсир қилади. Шу боис ҳам Исо ер юзида бўлганида қуйидагича буюрганди: «Ташқи кўринишга қараб ҳукм этишни бас қилинглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин». (Юҳан. 7:24) Шуниси аниқки, Исо унга ўхшашимизни ва бошқаларни ташқи кўринишига қараб ҳукм қилмаслигимизни истайди. Ушбу мақолада одамлар одатда ташқи кўринишга қараб баҳо берадиган учта нарса — ирқ ёки миллат, бойлик ва ёш ҳақида гап боради. Мазкур ҳар бир масалада Исонинг буйруғига қай йўсин бўйсунишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
ИРҚ ЁКИ МИЛЛАТГА ҚАРАБ ҲУКМ ҚИЛИШ
3, 4. а) Бутрус ўзга халқ вакиллари борасидаги нуқтаи назарини кўриб чиқишига қайси воқеалар сабаб бўлди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Яҳова Бутрусга қайси янги тушунчани англашга ёрдам берди?
3 Бутрус Кесарияга ўзга халқдан бўлган Корнилийнинг олдига бориши керак бўлганида, хаёлидан қандай фикрлар ўтганини бир тасаввур қилинг. (Ҳавор. 10:17–29) Бутрус ҳам замондошлари бўлган яҳудийлар каби ўзга халқ вакиллари нопок деган фикр билан улғайган. Аммо у нуқтаи назарини қайта кўриб чиқиши керак бўлган вазиятларга дуч келган. Масалан, Бутрус Худодан ваҳий олган. (Ҳавор. 10:9–16) Хўш, у нимани кўрди? Осмондан нопок ҳайвонларга тўла дастурхонга ўхшаш нарса тушади ва бир овоз: «Бутрус, қани тур, буларни сўйиб еявер!» — дейди. Бутрус буни қатъиян рад этади. Сўнг осмондан: «Бас энди! Худо ҳалол қилган нарсани ҳаром дема»,— деган овоз эшитилади. Ваҳий олгач, Бутрус бу овоз унга нима демоқчи эканини тушунмай ҳайрон бўлади. Шу пайт Корнилий юборган хабарчилар келади. Бутрус муқаддас руҳ бошқаруви остида хабарчилар билан бирга Корнилийнинг уйига боради.
4 Агар Бутрус фақатгина кўрганлари асосида ҳукм қилганида, Корнилийнинг уйига ҳеч қачон бормаган бўларди. Чунки яҳудийлар ўзга халқ вакилларининг уйига кирмас эди. Нега Бутрус қалбида чуқур илдиз отган юзхотирчиликка қарамай, унинг уйига борди? Кўрган ваҳийси ва муқаддас руҳ орқали олган йўл-йўриғи унга қаттиқ таъсир қилган эди. Корнилийни тинглагач, Бутрус муқаддас руҳ остида шундай деган: «Энди тушундим, Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳавор. 10:34, 35) Ҳа, Бутрус учун бу ўзгача янги тушунча эди ва бошқа барча масиҳийларга ҳам таъсир қилиши керак эди. Аммо қандай қилиб?
5. а) Яҳова барча масиҳийлар нимани тушунишларини истайди? б) Ҳақиқатни билсак-да, қалбимизда қандай туйғулар уйғоқ бўлиши мумкин?
5 Яҳова Бутрусдан фойдаланиб, юзхотирчилик қилмайдиган Худо эканини барча масиҳийларга кўрсатмоқчи эди. У одамларни ирқига, миллатига, қабиласига ёки тилига қараб ажратмайди. Худо Ундан қўрқадиган ва Унга маъқул бўлган ишларни қиладиган ҳар қандай эркакни ёки аёлни қабул қилади. (Галат. 3:26–28; Ваҳ. 7:9, 10) Шубҳасизки, бу ҳақиқат эканига қўшиласиз. Бироқ сиз туғилиб ўсган юртда ёки оилангизда юзхотирчилик кенг тарқалган бўлса-чи? Ўзингизни юзхотирчилик қилмайман деб ҳисобласангиз-да, қалбингизнинг тубида бу туйғу уйғоқ бўлиши мумкин. Бутрус Яҳова юзхотирчилик қилмайдиган Худо эканини бошқаларга тушунтириш шарафига эга бўлган. Аммо шунда ҳам у юзхотирчилик намоён этган. (Галат. 2:11–14) Қай йўсин Исога қулоқ солиб, ташқи кўринишга қараб ҳукм этишни бас қила оламиз?
6. а) Қалбимиздан юзхотирчиликни суғуриб ташлашга нима ёрдам беради? б) Масъулиятли биродарнинг ҳисоботи нимани ошкор этди?
6 Қалбимизда юзхотирчилик бор-йўқлигини кўриш учун Худонинг Каломи ёрдамида ўзимизни яхшилаб текширишимиз зарур. (Заб. 119:105) Қолаверса, бизда юзхотирчилик қилиш мойиллиги бор-йўқлиги ҳақида ишончли дўстимиздан сўрасак бўлади. Чунки бу ўзимизга билинмаслиги мумкин. (Галат. 2:11, 14) Юзхотирчилик қилиш мойиллиги бизга шунчалик сингиб кетган бўлиши мумкинки, уни намоён этаётганимизни сезмаймиз. Қуйидаги мисол борасида бир ўйлаб кўринг. Масъулиятли биродар тўла вақтли хизматда иштирок этаётган ажойиб бир эр-хотин ҳақида филиалга ҳисобот юборади. Эр бошқалар одатда паст нуқтаи назар билан қараган миллатдан эди. Эҳтимол, масъулиятли биродар ўша миллатга нисбатан юзхотирчилик қилганини сезмагандир. У ўз ҳисоботида эр ҳақида кўп яхши фикрларни ёзади. Лекин мактубининг охирида, ўша биродар одамлар паст нуқтаи назар билан қарайдиган миллатдан бўлса-да, ўз юриш-туриши ва яшаш тарзи билан бошқаларга бу миллат вакили бўлиш, ифлос ёки унча яхши бўлмаган ҳаёт тарзини олиб бориш керак дегани эмаслигини кўрсатаётганини айтади. Мағзини чақдингизми? Ҳа, қандай масъулиятга эга бўлмайлик, қалбимизда ўрнашган юзхотирчиликнинг ҳар қандай белгисини аниқлаш учун ўзимизни яхшилаб текширишимиз ва ёрдамни қабул қилишга тайёр бўлишимиз керак. Хўш, яна нима қилсак бўлади?
7. Бағримизни кенг очаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
7 Бағримизни кенг очсак, юзхотирчилик ўрнини севги эгаллашига йўл қўямиз. (2 Кор. 6:11–13) Фақатгина сизнинг ирқингиз, миллатингиз, қабилангиздаги ёки муайян тилда гапирадиган инсонлар билан суҳбатлашишга мойилмисиз? Шундай бўлса, бағрингизни кенг қилинг. Келиб чиқиши бошқача бўлган имондошингизни бирга хизмат қилишга ёки уйингизга овқатланишга, суҳбатлашишга таклиф қила оласизми? (Ҳавор. 16:14, 15) Бундай йўл тутсангиз, қалбингиз севгига тўлади ва юзхотирчиликка ҳеч қандай жой қолмайди. Аммо ташқи кўринишга қараб ҳукм қилишимизга сабаб бўладиган яна бошқа нарсалар ҳам бор. Келинг, энди бойликни кўриб чиқайлик.
БОЙ ЁКИ КАМБАҒАЛ ЭКАНИГА ҚАРАБ ҲУКМ ҚИЛИШ
8. Левилар 19:15 га кўра, инсон бой ёки камбағал экани унга бўлган муносабатимизга қандай таъсир қилиши мумкин?
8 Бошқаларга бўлган нуқтаи назаримизга таъсир қиладиган яна бир омил бойликдир. Левилар 19:15 да қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Камбағалнинг тарафини олманглар, бойга ҳам ён босманглар. Яқинингизни адолат билан ҳукм қилинглар». Қизиқ, инсон бой ёки камбағал экани унга бўлган муносабатимизга қандай таъсир қилади?
9. Сулаймон қайси аччиқ ҳақиқатни ёзган ва ундан нимани билиб оляпмиз?
9 Сулаймон илоҳий илҳом остида номукаммал инсонлар ҳақида аччиқ бир ҳақиқатни ёзган. Ҳикматлар 14:20 да: «Қашшоқдан ҳатто яқини ҳам нафратланади, бойнинг дўстлари эса кўп бўлади»,— дейилган. Бу ҳикматдан нимани билиб оляпмиз? Эҳтиёт бўлмасак, камбағал имондошларимиздан қочиб, бой бўлган имондошлар билан дўстлаша бошлашимиз ҳеч гап эмас. Нима учун одамларни моддий фаровонлигига қараб ажратиш хавфли?
10. Ёқуб қандай муаммо ҳақида огоҳлантирган?
10 Одамларни бойлигига қараб ажратсак, жамоатда бўлинишларни юзага келтирамиз. Исонинг шогирди Ёқуб биринчи асрда мазкур муаммо баъзи жамоатларда бўлинишларни келтириб чиқараётгани тўғрисида огоҳлантирган эди. (Ёқуб 2:1–4 ни ўқинг.) Бундай нуқтаи назар жамоатимизга таъсир қилишига йўл қўймаслик учун эҳтиёт бўлишимиз зарур. Одамни эга бўлган нарсасига қараб ҳукм қилишдан қандай қоча оламиз?
11. Қай йўсин одамнинг мол-мулки унинг Яҳова билан бўлган муносабатларига таъсир қилади? Тушунтиринг.
11 Имондошларга Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашимиз керак. Яҳова одамни бой ёки камбағал эканига қараб қадрламайди. Яҳова билан бўлган муносабатларимиз мол-мулкимиз ёки бизда йўқ бўлган нарсалар билан белгиланмайди. Гарчи Исо: «Бой кишининг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади»,— деган бўлса-да, бу умуман имконсиз деб айтмаган. (Мат. 19:23) Қолаверса, Исо: «Эй камбағаллар, сизлар бахтлисиз, боиси Худонинг Шоҳлиги сизларникидир»,— деган. (Луқо 6:20) Аммо бу, барча камбағаллар ўзгача тарзда барака олиб, Исонинг таълимотини қабул қилганини англатмайди. Кўп камбағаллар унга ишонмаган. Хуллас, инсоннинг мол-мулкига қарабгина, унинг Яҳова билан бўлган муносабатларига баҳо бера олмаймиз.
12. Муқаддас Ёзувларда бой ва муҳтожликда бўлганларга қандай маслаҳат ёзилган?
12 Тангри Яҳовага севги ила сидқидилдан хизмат қиладиган бой ва муҳтожликда бўлган кўпгина биродару опа-сингилларимиз борлигидан хурсандмиз. Муқаддас Ёзувларда бой кишиларга қуйидаги маслаҳат берилган: «Бевафо бойликка эмас,.. Аллоҳга таянсинлар». (1 Тимўтийга 6:17–19 ни ўқинг.) Шу билан бирга, Худонинг Каломида Унинг хизматчилари, хоҳ бой бўлсин, хоҳ камбағал, пулпарастликка берилишдан огоҳлантириляпти. (1 Тим. 6:9, 10) Чиндан ҳам, имондошларга Яҳова каби муносабатда бўлсак, уларни эга бўлган нарсаларига қарабгина ҳукм қилишдан қочамиз. Хўш, инсоннинг ёши ҳақида нима деса бўлади? Бу ҳам юзхотирчилик қилишга сабаб бўла оладими? Келинг, буни билиб олайлик.
ЁШГА ҚАРАБ ҲУКМ ҚИЛИШ
13. Ёши улуғ кишиларни ҳурмат қилиш борасида Муқаддас Ёзувлардан нималарни билиб оляпмиз?
13 Ёши катталарни ҳурмат қилишимиз кераклиги борасида Муқаддас Ёзувларда бир неча бор айтилган. Масалан, Левилар 19:32 да қуйидагича ўқиймиз: «Мўйсафид кишининг олдида ўрнингиздан туринглар ва кекса инсонни ҳурмат қилинглар. Худойингиздан қўрқинглар». Ҳикматлар 16:31 да ҳам шунга ўхшаш сўзлар ёзилган: «Одиллик йўлида оқарган сочлар гўзаллик тожидир». Бундан ташқари, ҳаворий Павлус Тимўтийни ёши катта кишиларга қўпол гапирмасликка ва уларни отасидек кўришга ундаган. (1 Тим. 5:1, 2) Гарчанд Тимўтий ёши улуғ биродарлар орасида бошқариш ҳуқуқига эга бўлган бўлса-да, уларга ҳамдардлик ва ҳурмат ила муомала қилиши керак эди.
14. Қандай вазиятда ўзимиздан катта бўлган одамларга маслаҳат бериш ўринли?
14 Хўш, мазкур принципга қанчалик амал қиламиз? Масалан, ёши улуғ киши била туриб гуноҳ қилса ёки Яҳовага маъқул бўлмаган ишларни олға сурса, қандай йўл тутамиз? Яҳова ташқи кўринишга қараб ҳукм қилмайди ва била туриб гуноҳ қилаётган кишининг ёши улуғ бўлгани учунгина, бунга кўз юммайди. Ишаё 65:20 да ёзилган принципга эътибор беринг: «Гуноҳкор эса юз ёшда бўлса ҳам, лаънатга учрайди». Ҳизқиё пайғамбар кўрган ваҳийда ҳам шунга ўхшаш принцип келтирилган. (Ҳиз. 9:5–7) Шу боис, биз учун энг муҳим нарса ҳамиша Азалий Нуроний Тангри Яҳовага ҳурмат кўрсатиш бўлиши зарур. (Дон. 7:9, 10, 13, 14) Шунда, одамнинг ёши нечада бўлишидан қатъи назар, уни тўғри йўлга солиш керак бўлганда маслаҳат беришдан қўрқмаймиз. (Галат. 6:1)
15. Павлуснинг мисолидан ёшроқ биродарларга ҳурмат кўрсатиш борасида нимани билиб оляпмиз?
15 Жамоатдаги ёшроқ биродарлар ҳақида нима деса бўлади? Уларга қандай нуқтаи назар билан қарайсиз? Ҳаворий Павлус ёш Тимўтийга шундай деб ёзган: «Ҳеч ким сени ёш деб камситмасин. Аксинча нутқда, хулқ-атворда, севгида, имонда ва покликда ишончли кишиларга ўрнак бўлгин». (1 Тим. 4:12) Павлус мазкур сўзларни ёзганида, Тимўтий ўттиз ёшларда бўлгандир. Аммо Павлус унга жиддий масъулиятларни ишониб топширган. Хўш, бундан қандай сабоқ оляпмиз? Ёшроқ биродарларга шунчаки улар ёш бўлгани учун нотўғри баҳо бермаслик керак. Қолаверса, Исо 33 ёшида қандай ишлар қилгани ҳақида ўйлаб кўринг.
16, 17. а) Оқсоқоллар биродарни жамоат хизматкори ёки оқсоқол сифатида тавсия қилиш учун нимага асосланиб қарор чиқариши керак? б) Қай йўсин шахсий нуқтаи назар ёки маҳаллий маданият Муқаддас Китобда ёзилганларга мос келмаслиги мумкин?
16 Баъзи маданиятларда одамлар ёшроқ бўлганларга унча ҳурмат кўрсатишмайди. Бу туфайли баъзи оқсоқоллар ҳатто талабларга мос келаётган ёш биродарларни жамоат хизматкори ёки оқсоқол сифатида хизмат қилишга тавсия этмайди. Барча оқсоқоллар шуни унутмаслиги керакки, жамоат хизматкори ёки оқсоқол этиб тайинланиш учун Муқаддас Китобда муайян ёш белгиланмаган. (1 Тим. 3:1–10, 12, 13; Титус. 1:5–9) Борди-ю, оқсоқол маданиятга асосланиб қоида ўрнатса, у Муқаддас Ёзувларга мувофиқ йўл тутмаётган бўлади. Ёшроқ биродарларга шахсий нуқтаи назар ёки маҳаллий маданиятга эмас, балки Худонинг Каломида келтирилган талабларга асосланиб баҳо бериш керак. (2 Тим. 3:16, 17)
17 Муқаддас Китобга асосланмаган бундай нуқтаи назар талабларга мос келадиган биродарларни хизмат қилишдан тўхтатиши ҳақида ўйлаб кўринг. Бир мамлакатда жамоат хизматкорига жиддий масъулиятлар ишониб топширилган эди. Гарчи унинг жамоатидаги оқсоқоллар бу ёш биродарни оқсоқол бўлиш учун Муқаддас Китобдаги талабларга мос келади, деб топган бўлса-да, уни тавсия этишмаган. Чунки ёши катта бир нечта оқсоқол у оқсоқол бўлиш учун жуда ёш деб туриб олган. Афсуски, у ёш деб ҳисоблангани учунгина оқсоқол этиб тайинланмаган. Гарчи бу фақат бир мисол бўлса-да, ҳисоботларга кўра, дунё бўйлаб бундай фикрлаш тарзи кўпларга таъсир қилмоқда. Дарҳақиқат, маданиятимиз ёки ўз нуқтаи назаримизга эмас, Муқаддас Ёзувларга таяниш жуда муҳим! Шундай йўл тутибгина, Исога итоатли бўламиз ва одамларни ташқи кўринишига қараб ҳукм қилишни бас қиламиз.
«ҲУКМИНГИЗ АДОЛАТЛИ БЎЛСИН»
18, 19. Бошқаларга Яҳованинг назари билан қараш учун нима қилишимиз керак?
18 Номукаммал бўлсак ҳам, бошқаларга Яҳованинг нуқтаи назари билан, яъни юзхотирчилик қилмай қарашни ўргана оламиз. (Ҳавор. 10:34, 35) Бунинг учун ўзимиз тинмай ҳаракат қилишимиз лозим. Шунингдек, Худонинг Каломидан мунтазам олаётган эслатмаларга муҳтожмиз. Мазкур эслатмаларга амал қилсак, ташқи кўринишга қараб ҳукм қилишни бас қилинг деган Исонинг буйруғига бўйсунган бўламиз. (Юҳан. 7:24)
19 Тез орада Шоҳимиз Исо Масиҳ инсониятни ҳукм қилади, лекин кўргани ёки эшитгани бўйича эмас, балки ҳаққоният ила ҳукм қилади. (Ишаё 11:3, 4) Бу ажойиб вақтни интиқиб кутяпмиз!