Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Тушкунликка тушмаслик қарорим қатъий

Тушкунликка тушмаслик қарорим қатъий

«ДАДА», «ОТА», «АМАКИ». Одатда Байтилдаги кўпгина ёшлар мени шундай деб чақиради. Ёшим 89 да экан, бу менга ёқади. Уларнинг севги ила айтган бу сўзларини 72 йиллик тўла вақтли хизматим учун Яҳова тақдим этган мукофотнинг бир қисми деб биламан. Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ёшларни чин дилдан: «Тушкунликка тушмасангиз, хизматингиз учун мукофот оласизлар»,— деб ишонтираман. (2 Сол. 15:7)

ОИЛА АЪЗОЛАРИМ

Ота-онам Украинадан Канадага кўчиб келишган. Улар Манитоба провинциясидаги Россберн шаҳрига жойлашган. Ойижоним 8 ўғилу 8 қизни дунёга келтирган. Эгизаклар бўлмаган. Мен 14- фарзандман. Отам Муқаддас Китобни роса яхши кўрарди ва ҳар якшанба эрталаб бизга ўқиб берарди. Аммо дин раҳбарларини одамларга ёрдам бериш эмас, пул кўпроқ қизиқтиради деган фикрда эди. У ҳазил қилиб: «Исо ваъз қилгани ва таълим бергани учун ким унга пул тўлаган экан?» — деб айтарди.

Оиламиздан яна саккиз киши — опа-акаларим ва укам билан синглим — ҳақиқатни қабул қилди. Опам Роза умрининг охиригача кашшоф бўлиб хизмат қилди. Ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам у бошқаларни Худонинг Каломига диққат қаратишга ундаб: «Мен сизларни янги дунёда кўришни истайман»,— дерди. Акам Тед оташин дўзах ҳақида айтиб юрганлардан биринчиси бўлган. Ҳар якшанба у радио орқали нутқ сўзлаб, тингловчиларга барча гуноҳкорлар абадулабад оташин дўзахда ёнишини берилиб гапириб берарди. Аммо кейинчалик акам Яҳованинг садоқатли ва ғайратли хизматчиси бўлди.

ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТИМНИНГ БОШЛАНИШИ

1944 йилнинг июнь ойи эди. Бир куни мактабдан қайтсам, ошхонамиздаги стол устида «Бўлажак дунёнинг тикланиши» * номли букламани кўрдим. Биринчи саҳифасини ўқидим, кейин иккинчисини. Шундай қилиб, ундан кўзимни уза олмадим. Букламани охиригача ўқиб бўлгач, Исо каби Яҳовага хизмат қилишни истадим.

Хўш, қай йўсин ўша буклама столимизга тушиб қолди? Акам Стив иккита киши китоб ва букламалар сотиб уйимизга келганини айтди. «Мен биттасини олдим. Атиги беш цент экан»,— деди у. Ўша кишилар кейинги якшанба яна келишди. Улар Яҳованинг Шоҳидлари эканини ва одамларнинг саволларига Муқаддас Китоб ёрдамида жавоб беришларини айтди. Бу бизга жуда ёқди. Чунки кичиклигимизданоқ ота-онам Худонинг Каломини ҳурмат қилишни ўргатган. Шунингдек, ўша кишилар яқинда Виннипег шаҳрида Яҳова Шоҳидларининг анжумани бўлишини айтди. Опам Элизе ҳам ўша ерда яшарди. Мен анжуманга боришга қарор қилдим.

Виннипег шаҳригача деярли 320 км йўлни велосипедимда босиб ўтдим. Йўлда бизнинг уйимизга келган иккита Яҳованинг Шоҳиди яшаган Келвуд шаҳрига кириб ўтдим. У ерда йиғилишларга қатнадим ва жамоат учрашувлари қандай ўтишини кўрдим. Қолаверса, ҳар бир киши Исо сингари уйма-уй юриб, таълим бериши кераклигини тушундим.

Виннипегда акам Жекни учратдим. У анжуманга бориш учун шимолий Онтариодан келган эди. Анжуманнинг биринчи кунида биродар сувга чўмиш ҳақида эълон қилди. Акам Жек билан ўша анжуманда сувга чўмишга қарор қилдик. Иккаламиз ҳам анжумандан сўнг иложи борича тезроқ кашшофлик хизматини бошламоқчи эдик. Жек ўша анжумандан кейин кашшофликни бошлади. Ўшанда мен 16 ёшда эдим ва мактабга қайтишим керак эди. Бироқ келаси йили мен ҳам доимий кашшоф бўлдим.

КЎП НАРСАНИ ЎРГАНДИМ

Стен Николсон билан бирга Манитоба провинциясидаги Сурис шаҳрида кашшофлик қилишни бошладим. Кўп ўтмай, кашшофликнинг ўзига яраша қийинчиликлари борлигини тушундим. Пулимиз камайиб бораётган эди, лекин биз ваъз қилишда давом этавердик. Бир сафар кун бўйи хизматда бўлиб уйга қайтганимизда, бир чақамиз ҳам йўқ эди ва жуда оч эдик. Шунда, эшигимиз олдида озиқ-овқатга тўла катта саватни кўриш биз учун кутилмаган совға бўлди. Бу саватни ким ташлаб кетганини ҳалигача билмаймиз. Ўша оқшом биз шоҳлар каби овқатландик. Тушкунликка тушмаганимиз учун бу бизга ажойиб мукофот бўлди! Ростини айтсам, ой охирига бориб ҳар қачонгидан ҳам семириб қолдим.

Бир неча ой ўтгач, Суриснинг шимолидан тахминан 240 км узоқликда жойлашган Гилберт-Плейнс шаҳрига тайинландик. Ўша пайтлари ҳар бир жамоатнинг ойдан-ойга қиладиган ваъзгўйлик хизмати ҳақидаги ҳисобот саҳнадаги жадвалда келтириларди. Бир сафар ваъзгўйлик хизмати сусайиб кетганида, жамоат аъзоларини яхшироқ ҳаракат қилишга ундаб, нутқ сўзлаган эдим. Йиғилишдан сўнг эри имондошимиз бўлмаган ёши улуғ кашшоф бир опамиз йиғлаб: «Мен ҳаракат қилдим, лекин бундан ортиғи қўлимдан келмади»,— деди. Мен ҳам йиғлаб юбордим ва ундан узр сўрадим.

Мен билан бўлганидек, ғайратли ёш биродарларимиз хатоларга йўл қўйиб, руҳи тушиши мумкин. Ўз тажрибамдан шуни кўрдимки, тушкунликка тушмай хатодан сабоқ олиб, олдинга интилганда ўша сабоқни доим ёдда сақлаш керак. Садоқат ила қилган кейинги ишлар учун мукофот оламиз.

КВЕБЕКДАГИ ЖАНГ

Ёшим 21 да бўлганида Гилад мактабининг 14- синфида ўқиш шарафига мушарраф бўлдим. Уни 1950 йили февраль ойида битирдим. Синфдошларимнинг тахминан тўртдан бир қисми Канаданинг Квебек провинциясига француз забон ҳудудга тайинланди. У ердаги дин раҳбарлари Яҳованинг Шоҳидларини шиддат билан таъқиб қилар эди. Мен олтин чиқариш саноати билан шуғулланадиган Валь-д’Ор шаҳрига тайинландим. Бир куни гуруҳимиз билан Валь-Сенневиль қишлоғи яқинида ваъз қилаётган эдик. Маҳаллий руҳоний шу заҳоти қишлоқдан кетишимизни айтиб, таҳдид қилди. Золимларча таҳдид қилгани учун мен уни судга бердим. Ўша руҳонийга жарима солинди. *

Бу ва шунга ўхшаш кўпгина воқеалар «Квебекдаги жанг» деб ном олган таъқибларнинг бир қисми бўлди. Квебек провинцияси 300 йилдан ошиқ вақт давомида Рим католик черковининг назоратида бўлган. Руҳонийлар ва сиёсий кучлар Яҳованинг Шоҳидларини таъқиб қилган. Бу оғир дамлар эди. Сон жиҳатдан кам эдик, лекин тушкунликка тушмадик. Бу ердаги самимий кишилар ҳақиқатга ижобий муносабат кўрсатган. Ҳақиқатни қабул қилган бир нечта киши билан тадқиқ ўтказиш шарафига эга бўлганман. 10 кишидан иборат бўлган оила билан тадқиқ ўтказганман. Уларнинг бари Яҳовага хизмат қилишни бошлаган. Бу оиланинг жасорат ила тутган йўли бошқаларни ҳам католик черковини тарк этишга ундаган. Ваъз қилишдан тўхтамадик ва ниҳоят ўша жангда ғолиб чиқдик!

БИРОДАРЛАРГА ОНА ТИЛИДА ТАЪЛИМ БЕРИШ

1956 йили мени Гаитига тайинлашди. Бу ердаги кўпгина янги тўла вақтли махсус ваъзгўйлар француз тилини ўрганишга қийналишган, аммо одамлар уларни тинглашарди. Тўла вақтли махсус ваъзгўй Стэнли Боггес шундай деганди: «Нима демоқчи эканимизни тушунтириб беришимиз учун одамлар бизга ёрдам берганини кўриб ҳайрон қолардик». Квебекда француз тилини ўрганганим менга бу ерда қўл келди. Лекин тез орада шуни тушундикки, аксарият маҳаллий биродарлар фақатгина гаити креол тилида сўзлашар экан. Шу боис, тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида самарали бўлиш учун маҳаллий тилни ўрганишимиз керак эди. Шундай қилдик ҳам ва ҳаракатларимиз учун мукофотга эга бўлдик.

Имондошларга кўпроқ ёрдам бера олишимиз учун Етакчи кенгаш «Қўриқчи минораси» ва бошқа адабиётларимизни гаити креол тилига таржима қилишга рухсат берди. Мамлакат бўйлаб йиғилишларга қатнайдиганлар сони тезда ўсди. 1950 йили Гаитида 99 та ваъзгўй бор эди, аммо 1960 йилга келиб бу сон 800 дан ошди. Ўша пайтда мени Байтилга тайинлашди. 1961 йили Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастурида иштирок этиб, таълим беришдан роса хурсанд бўлдим. Биз 40 та оқсоқол ва махсус кашшофга таълим бердик. 1962 йили январь ойида бўлиб ўтган анжуманда талабларга мос келган маҳаллий биродарларни хизматларини кенгайтиришга ундадик. Уларнинг баъзилари махсус кашшоф этиб тайинланди. Бу айни муддао эди, сабаби қаршиликлар бошланди.

1962 йили 23 январда анжуман тугаши биланоқ тўла вақтли махсус ваъзгўй Эндрю Дамико ва мен филиалда хибсга олиндик. «Уйғонинг!» журналининг 1962 йил 8 январь сонининг француз тилидаги бир қанча нусхалари мусодара қилинди. «Уйғонинг!» журналида француз газетаси Гаити аҳолиси сеҳр-жоду (вуду) билан шуғулланиши ҳақида хабар қилгани айтилган эди. Баъзиларга бу ёқмади ва улар мазкур мақолани филиалингизда ёзгансиз деб бизни айблашди. Бир неча ҳафта ўтгач, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар мамлакатдан ҳайдаб юборилди *. Лекин таълим олган маҳаллий биродарлар ишни аъло тарзда уддалашди. Бугунги кунда, улар намоён этган сабр-бардошни ва маънан ўсганини кўриб қувонаман. Ҳозир уларда гаити креол тилидаги «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» бор. Ўша пайтлари буни фақат орзу қилардик.

МАРКАЗИЙ АФРИКА РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ҚУРИЛИШ

Гаитида хизмат қилгач, Марказий Африка Республикасига тўла вақтли махсус ваъзгўй этиб тайинландим. Кейинчалик, бу ерда кўчма нозир ва сўнг филиал нозири бўлиб хизмат қилиш шарафига эга бўлдим.

Ўша пайтларда кўпгина Йиғилиш заллари жуда оддий эди. Мен сомон йиғиб, ундан том ясашни ўргандим. Бу янги ҳунарни ўзлаштиришда қийналаётганимни кўриш йўловчилар учун бир томоша эди. Бу туфайли биродарлар ҳам Йиғилиш залларини қуриш ва таъмирлаш ишларида кўпроқ қатнаша бошлашди. Дин раҳбарлари устимиздан куларди. Чунки черков томлари тунукадан эди, залларимизники эса йўқ. Бунга қарамай, оддийгина сомон томли Йиғилиш залларимизни қуришда давом этдик. Пойтахт шаҳар Бангида кучли бўрон юз берганида улар масхара қилмай қўйишди. Чунки уларнинг тунукадан қилинган томи асосий кўчага қулаб тушган эди. Йиғилиш залимизнинг сомон томи эса ўз жойида эди. Шоҳлик ишини яхшироқ назорат қилиш учун атиги беш ойда янги филиал ва тўла вақтли махсус ваъзгўйлар учун уй қурдик *.

ҒАЙРАТЛИ ИНСОН БИЛАН ОИЛА ҚУРДИМ

Тўй кунимиз

1976 йили Марказий Африка Республикасида фаолиятимиз тақиқланган эди ва мен қўшни давлат Чаднинг пойтахти Нжаменага тайинландим. У ерда ғайратли махсус кашшоф бўлган камерунлик Хеппини учратдим. Биз 1978 йили 1 апрелда турмуш қурдик. Ўша ой фуқаролар уруши бошланди ва биз бошқалар сингари мамлакатнинг жанубига қочдик. Уруш тугагач, қайтиб келсак, уйимиз қуролланган гуруҳнинг бош идорасига айланган экан. Нафақат адабиётларимиз, балки Хеппининг тўй кўйлаги ва тўй совғаларимиздан ҳам маҳрум бўлган эдик. Аммо тушкунликка тушмадик. Асосийси, бирга эдик ва олдинга қараб интилдик.

Тахминан икки йил ўтгач, Марказий Африка Республикасида тақиқ олиб ташланди. Биз у ерга қайтиб, кўчма нозирлик хизматида иштирок этдик. Уйимиз юк машинаси эди. Унда каравот, 200 литр сув сиғадиган идиш, пропан газида ишлайдиган совиткич ва газ ёқиш учун мослама (газ горелкаси) бор эди. Сафарларимиз осон кечмаган. Бир жойга етиб олишимиз учун йўлда камида 117 та полиция постидан ўтардик.

Кўпинча ҳаво ҳарорати 50 даражага кўтариларди. Баъзида анжуманларда сувга чўмдириш учун етарлича сув топиш қийин бўларди. Шунинг учун биродарлар қуриб қолган дарё ўзанларини ковлашарди ва оз-оздан сув тўплаб, етарлича сув бўлишига ғамхўрлик қилишарди. Одатда уни бочкага тўплашарди ва у ерда сувга чўмдиришарди.

АФРИКАНИНГ БОШҚА ЕРЛАРИДАГИ ХИЗМАТ

1980 йили Нигерияга тайинландик. Бу ерда икки ярим йил давомида янги филиалнинг қурилишига тайёргарлик кўришда ёрдам бердик. Биродарлар икки қаватли омборни сотиб олишди ва уни ўзимизга мослаб таъмирлашди. Бир куни эрталаб қурилиш ишларида ёрдам бериш учун бинонинг юқорисига кўтарилган эдим. Тушга яқин ўша йўлим билан қайтиб тушмоқчи эдим. Лекин таъмирлаш ишлари туфайли йўл ўзгарган экан ва мен бинодан йиқилиб тушдим. Аҳволим оғир деб ўйлагандим, бироқ рентген натижалари чиққач, шифокор Хеппига хавотирланмасликни ва бир ҳафта ўтар-ўтмас тузалиб кетишимни айтди.

«Жамоат транспортида» анжуманга кетяпмиз

1986 йили Кот-д’Ивуарга тайинландик ва у ерда кўчма нозирлик хизматимизни давом эттирдик. Кейин қўшни давлатда Буркина-Фасода ҳам бу хизмат турида иштирок этдик. Йиллар ўтиб, Буркина-Фасо уйимизга айланади деб ҳеч ҳам ўйламаган эдим.

Кўчма нозирлик хизматида иштирок этганимизда, уйимиз юк машинаси эди

Канададан 1956 йили кетган эдим. Орадан 47 йил ўтиб, 2003 йили Канаданинг Байтилига қайтдим. Энди ёнимда Хеппи ҳам бор эди. Гарчи Канада фуқаролари бўлсак-да, ўзимизни африкаликдек ҳис қилардик.

Буркина-Фасода Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказяпман

2007 йили 79 ёшимда яна Африкага қайтдик. Биз Буркина-Фасога тайинландик. У ерда Мамлакат Қўмитасининг аъзоси сифатида ёрдам бердим. Кейинчалик филиал Бенин филиали назорати остидаги масофавий таржима офисига айланди. 2013 йили августда биз Бениндаги Байтилга тайинландик.

Хеппи билан Бениндаги Байтилда хизмат қиляпмиз

Жисмоний қийинчиликларимга қарамай, хизматни жуда қадрлайман. Сўнгги уч йил давомида оқсоқолларнинг меҳрибонлик ила кўрсатган ёрдами ва рафиқамнинг севги ила қўллаб-қувватлагани туфайли, мен Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган Гедеон ва Фрегис сувга чўмганини кўриб қувондим. Ҳозир улар ғайрат ила Яҳовага хизмат қилмоқда.

Ўшанда Жанубий Африка филиалига тайинландик. Бу ерда Байтил оиласи соғлигим ҳақида ғамхўрлик қилади. Жанубий Африка мен бу қитъада хизмат қилиш шарафига эга бўлган еттинчи мамлакатдир. 2017 йили октябрда ажойиб барака кўрдик. Уорвикдаги (Нью-Йорк) Бош идорани бағишлаш маросимига ташриф буюришга муваффақ бўлдик. Бу унутилмас воқеа эди!

1994 йилги «Йилнома»нинг 255- саҳифасида шундай ёзилган: «Узоқ йиллар давомида сабр-бардош ила меҳнат қилаётганларни: “Кучли бўлинглар, тушкунликка тушманглар! Зеро, ишингизга яраша тақдирланасизлар!” — деб ундаймиз. (2 Сол. 15:7)» Хеппи ва менинг мазкур сўзларга амал қилиш қароримиз қатъий ва бошқаларни ҳам шундай йўл тутишга чорлайман.

^ абз. 9 Бу буклама 1944 йили Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган, ҳозир эса нашр қилинмайди.

^ абз. 18 «Уйғонинг!» журналининг 1953 йил 8 ноябрь сонининг (ингл.) 3–5- саҳифаларидаги «Квебекдаги руҳоний Яҳованинг Шоҳидларига ҳужум қилгани учун жазоланди» номли мақолага қаранг.

^ абз. 23 1994 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (ингл.) 148–150- саҳифаларида бу ҳақида батафсил ёзилган.

^ абз. 26 «Уйғонинг!» журналининг 1966 йил 8 май сонининг (ингл.) 27- саҳифасидаги «Мустаҳкам пойдеворда қуриш» номли мақолага қаранг.