Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

32- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Камтар бўлинг ва имкониятларингиз чегараланганини тан олинг

Камтар бўлинг ва имкониятларингиз чегараланганини тан олинг

Камтарлик ила Худога ҳамроҳ бўл! МИХО 6:8

31- ҚЎШИҚ Аллоҳга ҳамроҳ бўлинг!

БУ МАҚОЛАДА *

1. Довуд Яҳованинг камтарлиги ҳақида нима деган эди?

ЯҲОВАНИ чинакамига камтарин, деб айта оламизми? Албатта. Бир сафар Довуд: «Менга нажот қалқонингни берасан, камтарлигинг мени юксалтиради»,— деб ёзган эди. (2 Шоҳ. 22:36; Заб. 18:35) Эҳтимол, бу сўзларни ёзаётиб у Исроилнинг бўлажак шоҳини мойлаш учун отасининг уйига Шомуил пайғамбар келган пайт ҳақида ўйлагандир. Довуд саккиз ўғилнинг кенжаси эди, аммо Яҳова айнан уни Шоулнинг ўрнига шоҳ бўлиши учун танлаганди. (1 Шоҳ. 16:1, 10–13)

2. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

2 Довуд Яҳова ҳақида қуйидаги сўзларни айтган сано бастакорининг фикрига қўшилган бўларди: «У эгилиб осмон билан ерга қарайди, бечорани тупроқдан, камбағални кулдан турғизади. Уни асилзодалар билан... бирга ўтқазади». (Заб. 113:6–8) Мазкур мақолада аввалига Яҳова камтарликни қай йўсин намоён этганини кўриб чиқиб, бу фазилат борасида қандай муҳим сабоқлар олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз. Кейин эса шоҳ Шоул, Дониёр пайғамбар ва Исодан ўз имкониятлари чегараланганини тан олиш борасида нимани ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

ЯҲОВАНИНГ ЎРНАГИДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛИШИМИЗ МУМКИН?

3. Яҳова бизга қандай муомала қилади ва бу нимани исботламоқда?

3 Яҳова номукаммал одамларга қандай муомала қилаётгани билан камтарин эканини исботламоқда. У нафақат топинишимизни қабул қилади, балки бизни дўстлари, деб ҳам билади. (Заб. 25:14) У билан дўст бўла олишимиз учун Яҳова ташаббус кўрсатиб, гуноҳларимизни ювиш мақсадида Ўз Ўғлини қурбонлик сифатида тақдим этди. Яҳова нақадар шафқатли ва раҳмдил-а?!

4. Яҳова бизга нимани берган ва нега?

4 Яҳова камтарликни намоён этган бошқа вазиятни кўриб чиқайлик. Яратувчи сифатида У бизга ўз ҳаёт йўлимизни танлаш қобилиятини бермаслиги мумкин эди. Аммо У бундай қилмади. Худо бизни Ўзига ўхшаш қилиб яратди ва ирода эркинлигини берди. Яҳова билан солиштирганда кичкина ва заиф бўлишимизга қарамай, қарорларимиз У учун муҳим. Аллоҳ биз Унга чин қалбдан, Уни севганимиз ва Унга қулоқ солиш бизга фойда келтиришини тушунганимиз учун хизмат қилишимизни истайди. (Қонун. 10:12; Ишаё 48:17, 18) Яҳова камтарин бўлгани учун Ундан миннатдор бўлишимиз лозим, шундай эмасми?

Исо осмонда тургани тасвирланган. Унинг ёнида у билан бирга бошқарадиган айрим мойланганлар бор. Улар биргаликда кўплаб фаришталарни кузатиб туришибди. Айрим фаришталар ўз вазифаларини бажариш учун Ер томонга учиб кетяпти. Яҳова расмда тасвирланган барчага муайян масъулиятни топширган. (5- хатбошига қаранг.)

5. Яҳова бизни камтарликка қандай ўргатмоқда? (Муқовадаги расмга қаранг.)

5 Яҳова бизга қандай муомала қилаётгани билан бизни камтарликка ўргатмоқда. Аллоҳ коинотдаги энг доно Шахс. Шунга қарамай, У бошқаларнинг таклифларини қабул қилишга тайёр. Масалан, Яҳова яратиш жараёнида Ўғли Унга кўмаклашишига изн берган. (Ҳик. 8:27–30; Колос. 1:15, 16) Яҳова қодир Тангри бўлса-да, бошқаларга ҳам муайян масъулиятни топширади. Мисол учун, У Исони Самовий Шоҳликнинг Шоҳи этиб тайинлади ва Исо билан биргаликда бошқарадиган 144 000 кишига муайян ҳокимият беради. (Луқо 12:32) Тўғри, Яҳова Исога Шоҳ ва Олий руҳоний бўлиши учун таълим берган. (Иброн. 5:8, 9) Худо Исо билан бошқарадиган кишиларга ҳам таълим беряпти, бироқ улар бу ишни қандай бажаришини У майда-чуйдасигача назорат қилишга интилмайди. Аксинча, Яҳова улар Унинг иродасини бажаришига ишонади. (Ваҳ. 5:10)

Бошқаларга таълим бериб, вазифаларимизни улар билан бўлишсак, Яҳовага тақлид қилган бўламиз (6- , 7- хатбошиларига қаранг.) *

6, 7. Ҳокимиятни бошқалар билан бўлишиш борасида самовий Отамиздан нимани ўрганишимиз мумкин?

6 Агар ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож бўлмаган самовий Отамиз ҳокимиятини бошқалар билан бўлишса, биз бундай қилишимиз янада муҳимроқ эмасми?! Эҳтимол, сиз оила боши ёки жамоат оқсоқолидирсиз. Яҳованинг ўрнагига эргашиб бошқалар билан вазифаларингизни бўлишинг ва уларнинг ҳар бир қадамини назорат қилиш истагига қарши туринг. Яҳовага тақлид қилсангиз, нафақат ўз вазифаларингизни бажарасиз, балки бошқаларга ҳам таълим берасиз ва уларнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайсиз. (Ишаё 41:10) Муайян ҳокимиятга эга кишилар Яҳовадан яна нимани ўрганишлари мумкин?

7 Муқаддас Китобдан Яҳова фаришталарининг фикри билан қизиқишини билиб оляпмиз. (3 Шоҳ. 22:19–22) Ота-оналар, сиз Яҳованинг ўрнагига қандай тақлид қила оласиз? Ўринли бўлганида муайян иш қандай бажарилиши кераклиги ҳақида фарзандларингизнинг фикрини сўранг. Агар уларнинг таклифи мос келса, уни қабул қилинг.

8. Яҳова Иброҳим билан Сорага сабр-тоқатини қандай намоён этди?

8 Яҳованинг камтарлиги У сабр-тоқатни намоён этишидан ҳам кўринади. Масалан, хизматчилари Яҳовадан қарорларини қайта кўриб чиқишни илтимос қилишганида У сабр-тоқатни кўрсатади. Иброҳим Худонинг Садўм ва Ғамўра шаҳарларини йўқ қилиш ҳақидаги қароридан ташвишланаётганини изҳор қилганида, У хизматчисини диққат билан тинглади. (Ибт. 18:22–33) Шунингдек, Яҳова Иброҳимнинг хотини Сора билан қандай муомала қилганини эслайлик. Худо Сора қариган бўлса-да, ҳомиладор бўлиши ҳақида ваъда берганида у кулди. Лекин Худо ундан аччиқланмади. (Ибт. 18:10–14) Аксинча, У Сорага ҳурмат ила муомала қилди.

9. Ота-оналару оқсоқоллар Яҳованинг ўрнагидан қандай сабоқ олиши мумкин?

9 Ота-оналару оқсоқоллар, Яҳованинг ўрнагидан қандай сабоқ олишингиз мумкин? Борди-ю, болаларингиз ёки жамоат аъзолари қарорингизга қўшилмаса, қандай йўл тутасиз? Дарҳол улар ноҳақ эканини айтасизми? Ёки уларнинг нуқтаи назарини тушунишга ҳаракат қиласизми? Ҳокимиятга эга кишилар Яҳовага тақлид қилишса, бу оилалар ва жамоатларга фойда келтириши шубҳасиз. Мана Яҳованинг ўрнагидан камтарлик ҳақида нималарни ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқдик. Энди, келинг, Худонинг Каломида ёзилган мисоллардан ўз имкониятлари чегараланганини тан олиш тўғрисида нимани ўрганишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

БОШҚАЛАРНИНГ МИСОЛИДАН НИМАНИ ЎРГАНИШИМИЗ МУМКИН?

10. Бизга таълим бериш учун Яҳова бошқа одамларнинг мисолидан қандай фойдаланади?

10 «Буюк Устози»миз сифатида Яҳова бизга таълим бериш учун Каломида мисоллар ёзилишига ғамхўрлик қилган. (Ишаё 30:20, 21) Муқаддас Китоб ҳикояларидан Худога маъқул фазилатларни намоён этган, жумладан, имкониятлари чегараланганини тан олган одамлар ҳақида билиб олишимиз мумкин. Шунингдек, бундай фазилатларни намоён этмаганларнинг мисолидан сабоқ олсак бўлади. (Заб. 37:37; 1 Кор. 10:11)

11. Шоулнинг огоҳлантирувчи мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин?

11 Шоҳ Шоул билан нима юз бергани ҳақида ўйлаб кўринг. У ёшлигида имкониятлари чегараланганини биладиган ва ҳатто зиммасига кўпроқ масъулият олишдан тортинадиган йигит бўлган. (1 Шоҳ. 9:21; 10:20–22) Бироқ вақт ўтиб Шоул ўзбошимча инсонга айланган. Бу иллат у шоҳ бўлганидан кўп ўтмай юзага чиқа бошлаган. Бир сафар Шомуил пайғамбарни кутишга унинг сабри чидамаган. Яҳова Ўз халқининг манфаатини кўзлаб йўл тутишига ишониш ўрнига, Шоул ҳаққи бўлмаган ишга қўл урган, яъни куйдириладиган қурбонлик келтирган. Оқибатда Шоул Яҳованинг марҳаматидан, кейинчалик эса шоҳлигидан ҳам маҳрум бўлган. (1 Шоҳ. 13:8–14) Агар ушбу огоҳлантирувчи мисолдан сабоқ чиқариб, ўзбошимча иш қилишдан қочсак, доно йўл тутган бўламиз.

12. Нега Дониёр яхши ўрнак қолдирган, дея оламиз?

12 Шоулнинг ёмон ўрнагидан фарқли ўлароқ, Дониёр пайғамбарнинг яхши ўрнагига диққат қаратайлик. Ҳаёти давомида Дониёр Худонинг камтар ва ўз ҳаддини биладиган хизматчиси бўлиб қолган ҳамда доим Яҳовадан йўл-йўриқ излаган. Масалан, Яҳова Дониёр орқали Навуходоносорнинг тушини таъбирлаб берганида, у буни ўз кучи билан қилганини айтмаган. Аксинча, у камтарлик ила бутун шон-шарафни Яҳовага йўналтирган. (Дон. 2:26–28) Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Агар имондошларимизга нутқларимизни тинглаш ёқса ёки хизматда муайян муваффақиятга эришсак, бутун шарафни Яҳовага йўналтиришимиз кераклигини ёдда тутайлик. Бу ишларни Яҳованинг мададисиз амалга ошира олмаслигимизни тан олишимиз лозим. (Филип. 4:13) Бундай йўл тутиб, Исонинг аъло ўрнагига тақлид қилган бўламиз. Қандай қилиб?

13. Юҳанно 5:19, 30 га кўра, Исодан нимани ўрганишимиз мумкин?

13 Худонинг мукаммал Ўғли бўлишига қарамай, Исо Унга таянган. (Юҳанно 5:19, 30 ни ўқинг.) У ҳеч қачон самовий Отасига тегишли ҳокимиятга эга бўлишга интилмаган. Филиппиликларга 2:6 да айтилганидай, Исо «Худога тенгликни қўлга киритишни, аниқроғи, Унга тенг бўлишни хаёлига келтирмаган». Итоаткор Ўғил сифатида Исо имкониятлари чегараланганини тушунган ва Отасининг ҳокимиятини ҳурмат қилган.

Исо имкониятлари чегараланганини тан олган (14- хатбошига қаранг.)

14. Исодан унинг ваколатига кирмаган нарсани сўрашганида у қандай жавоб берган?

14 Ёқуб ва Юҳанно исмли шогирдлари онаси билан бирга Исонинг ёнига келиб, шарафли вазифаларни уларга беришини сўрашган. Бу эса унинг ваколатига кирмаган. Келинг, бу вазиятда у қандай жавоб берганини кўриб чиқайлик. Исо иккиланмай, Шоҳлигида ким унинг ўнг томонидаю ким чап томонида ўтиришини фақатгина самовий Отаси ҳал қилишини айтган. (Мат. 20:20–23) Бу билан Исо имкониятлари чегараланганини тан олганини кўрсатган. У ҳеч қачон Яҳованинг айтганидан ташқарига чиқмаган. (Юҳан. 12:49) Исонинг аъло ўрнагига қандай тақлид қила оламиз?

Имкониятларимиз чегараланганини тан олиш борасида Исога қандай тақлид қила оламиз? (15- , 16- хатбошиларига қаранг.) *

15, 16. Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 4:6 даги маслаҳатни амалда қандай қўлласак бўлади?

15 Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 4:6 даги маслаҳатни амалда қўлласак, Исонинг ўрнагига тақлид қилган бўламиз. Бу оятда: «Ёзилганлардан ташқарига чиқманглар»,— деб айтилган. Шунинг учун, биздан маслаҳат сўрашганида ўз фикримизни олға суришни ёки ақлимизга келган биринчи нарсани айтишни асло истамаймиз. Бунинг ўрнига, инсоннинг диққатини Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётлардаги маслаҳатларга қаратишимиз керак. Шу йўсин биз ҳамма нарсани билмаслигимизни тан олаётганимизни намоён этамиз. Бундай йўл тутаётган бўлсак, демак камтаринмиз, чунки Яҳованинг маслаҳатлари доим бизникидан яхшироқ эканини тушунишимизни кўрсатамиз. (Ваҳ. 15:3, 4)

16 Яҳовага шараф келтиришдан ташқари, камтарлик намоён этишимизнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Энди камтарлик ва имкониятларимиз чегараланганини тан олиш бизга қувонч келтириши ҳамда бошқалар билан тил топишишга қандай ёрдам беришини кўриб чиқамиз.

КАМТАРИН БЎЛИШ ВА ҲАДДИМИЗНИ БИЛИШНИНГ ФОЙДАСИ

17. Нега камтарин ва ҳаддини биладиган одамлар бахтиёр?

17 Камтарин бўлсак ва ҳаддимизни билсак, бахтиёр бўламиз. Нега? Агар имкониятларимиз чегараланганини билсак, бошқалар кўрсатган ҳар қандай ёрдам учун миннатдор бўламиз. Масалан, Исо ўнта моховни соғайтирган вазиятни олайлик. Улардан фақат биттаси Исо уларни даҳшатли касалликдан соғайтиргани, яъни бу инсоннинг ўзи ҳеч қачон қила олмайдиган ишни амалга оширгани учун миннатдорчилик билдиришга келган. Ушбу камтар ва имкониятлари чегараланганини билган инсон унга кўрсатилган ёрдам учун миннатдор бўлган ва Худони шарафлаган. (Луқо 17:11–19)

18. Камтар бўлиш ва ҳаддимизни билиш бошқалар билан тил топишишга қандай ёрдам беради? (Римликларга 12:10)

18 Камтар ва ҳаддини биладиган инсонлар бошқалар билан яхши тил топишади ҳамда яқин дўстларга эга бўлади. Нима учун? Улар бошқа одамларда яхши хислатлар борлигини тан олади ва уларга ишонч билдиради. Камтар ва ҳаддини биладиган кишилар бошқалар олган вазифаларини яхши бажаришганидан қувонади ҳамда уларни мақтаб, ҳурмат кўрсатади. (Римликларга 12:10 ни ўқинг.)

19. Мағрурликдан қочишимиз кераклигининг айрим сабаблари қандай?

19 Булардан фарқли ўлароқ, мағрур кишиларга бошқаларни мақташ қийин, чунки улар ўзлари шараф олишни ёқтиришади. Улар ўзларини бошқалар билан солиштириб, рақобатлашишга мойил бўлишади. Бошқаларга таълим бериш ва масъулиятларини бўлишиш ўрнига, улар: «Иш яхши бажарилишини истасанг, [яъни уларга ёқадиган тарзда] уни ўзинг бажар»,— деган шиор билан яшашади. Мағрур одамлар одатда манман ва ҳасадгўй бўлишади. (Галат. 5:26) Камдан-кам ҳолларда бундай кишиларнинг ҳақиқий дўстлари бўлади. Агар ўзимизда мағрурликка мойилликни пайқасак, бу иллат ичимизда чуқур илдиз отиб кетмаслиги учун Яҳовага ибодат қилиб онгимизни янгилашга ёрдам беришини сўрашимиз керак. (Рим. 12:2)

20. Нега камтар ва ўз ҳаддини биладиган инсон бўлишимиз лозим?

20 Яҳованинг ўрнаги учун нақадар миннатдормиз! У хизматчиларига қандай муомала қилишидан камтарин эканини кўряпмиз ва Унга тақлид қилишни истаймиз. Қолаверса, Муқаддас Китобда тилга олинган ва Худога ҳамроҳ бўлиш шарафига эга бўлган камтар кишиларнинг ажойиб ўрнагига эргашишни хоҳлаймиз. Яҳовага доим шон-шараф келтирайлик, зеро У бунга лойиқ! (Ваҳ. 4:11) Шунда биз ҳам камтар ва ўз ҳаддини биладиган кишиларни севувчи самовий Отамизга ҳамроҳ бўла оламиз.

123- ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз

^ абз. 5 Камтарин инсон шафқатли ва раҳмдилдир. Шу боис, ҳақли равишда Яҳовани камтарин, деб айта оламиз. Ушбу мақоладан Яҳованинг ўрнагидан камтарлик борасида сабоқлар олишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, шоҳ Шоул, Дониёр пайғамбар ва Исодан ўз имкониятлари чегараланганини тан олиш борасида нимани ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 58 РАСМГА ШАРҲ. Оқсоқол ёш биродарга жамоат ҳудудини тақсимлашни ўргатяпти. Кейинроқ оқсоқол ёш биродарнинг ҳар бир қадамини назорат қилмаяпти, балки вазифани қандай бажаришни унинг ихтиёрига қўйиб беряпти.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Имондошимиз оқсоқолдан черковда ўтказиладиган тўйга бориш-бормаслик ҳақида маслаҳат сўраяпти. Оқсоқол ўз нуқтаи назарини айтмаяпти, аксинча, унинг диққатини Муқаддас Китобдаги айрим принципларга қаратяпти.