31- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Пойдевори мустаҳкам... шаҳарни» кутяпсизми?
Иброҳим пойдевори мустаҳкам, лойиҳачиси ва бунёдкори Аллоҳ бўлган шаҳарни кутарди. ИБРОН. 11:10
22- ҚЎШИҚ Шоҳлик ерга ҳам келсин!
БУ МАҚОЛАДА *
1. Кўплар қандай фидойиликларга бормоқда ва нега?
ҲОЗИРДА Худонинг миллионлаб хизматчилари фидойиликларга бормоқда. Масалан, кўпгина биродару опа-сингиллар оила қурмасликка қарор қилади. Жуфтликлар эса айни пайтда фарзанд кўрмасликни танлайди. Баъзи оилалар содда ҳаёт кечиради. Улар бундай фидойиликларга боришининг асосий сабабларидан бири — Яҳовага иложи борича кўпроқ хизмат қилиш истаги. Улар бахтиёр ҳамда Яҳова асосий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишига ишонишади. Хўш, уларнинг ишончи оқланадими? Бўлмасам-чи! Нега бунга амин бўлишимиз мумкин? Сабабларидан бири Тангри Яҳова «имони борларнинг отаси» бўлмиш Иброҳимга барака ёғдирганидадир. (Рим. 4:11)
2. а) Ибронийларга 11:8–10, 16 га кўра, нима учун Иброҳим Ур шаҳридан кетишга тайёр бўлган? б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
2 Иброҳим Ур шаҳридаги қулай ҳаётдан тайёрлик ила воз кечган. Нега деганда, у «пойдевори мустаҳкам... шаҳарни» кутган. (Ибронийларга 11:8–10, 16 ни ўқинг.) Бу «шаҳар» нимани билдиради? Иброҳим мазкур шаҳар қурилишини кутаётиб қандай қийинчиликларга дуч келган? Иброҳимга ва бугунги кунда унинг ўрнагига эргашганларга қандай тақлид қила оламиз?
«ПОЙДЕВОРИ МУСТАҲКАМ... ШАҲАР» НИМАНИ БИЛДИРАДИ?
3. Иброҳим кутган «шаҳар» нимани билдиради?
3 Иброҳим кутган шаҳар Худонинг Шоҳлигидир. Бу Шоҳлик Исо Масиҳ ва 144 000 та мойланган масиҳийлардан ташкил топган. Ҳаворий Павлус бу Шоҳликка «барҳаёт Худонинг шаҳри самовий Қуддус» деб таъриф берган. (Иброн. 12:22; Ваҳ. 5:8–10; 14:1) Исо шогирдларига осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Худонинг иродаси бажо бўлиши учун бу Шоҳлик келишини сўраб ибодат қилишни ўргатган. (Мат. 6:10)
4. Ибтидо 17:1, 2, 6 га кўра, Иброҳим Худо ваъда қилган шаҳар, яъни Шоҳлик ҳақида нималарни билган?
4 Иброҳим Худонинг Шоҳлиги қандай ташкиллаштирилиши борасида тафсилотларни билганми? Йўқ. Бу тафсилотлар кўп асрлар давомида «муқаддас сир» бўлиб келган. (Эфес. 1:8–10; Колос. 1:26, 27) Лекин Иброҳим унинг авлодидан баъзилар шоҳ бўлишини билган. Мазкур ваъдани Яҳова айнан унга берган. (Ибтидо 17:1, 2, 6 ни ўқинг.) Иброҳим Худонинг ваъдаларига шунчалик ишонганки, у гўёки Худо Шоҳлигининг Шоҳи Масиҳни кўргандай бўлган. Шу боис, Исо ўз давридаги яҳудийларга: «Отангиз Иброҳим мен қилаётган ишларни кўришга умид боғлаб, жуда қувонганди. Энди кўриб, шод-хуррам бўлди»,— деб айта олган. (Юҳан. 8:56) Иброҳим унинг авлодидан баъзилар Яҳова ўрнатадиган Шоҳликнинг бир қисми бўлишини билгани аниқ. Қолаверса, у Худо бу ваъдасини амалга оширишини тайёрлик ила кутган.
5. Иброҳим лойиҳачиси Аллоҳ бўлган шаҳарни кутганини қаердан биламиз?
5 Иброҳим лойиҳачиси Аллоҳ бўлган шаҳарни, яъни Шоҳликни кутаётганини қандай кўрсатган? Биринчидан, у ер юзидаги ҳеч қайси шоҳликнинг фуқароси бўлмаган. Иброҳим мусофир бўлиб, бир ердан бошқасига кўчиб юрган ва ҳеч қайси шоҳни қўллаб-қувватламаган. Иккинчидан, у ўз шоҳлигини ўрнатишга интилмаган. Аксинча, Иброҳим доим Яҳовага итоат қилган ва У Ўз ваъдасини амалга оширишини кутган. Шу йўсин Иброҳим Яҳовага қаттиқ ишонишини кўрсатган. Келинг, у дуч келган баъзи қийинчиликларни ва унинг ўрнагидан қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
ИБРОҲИМ ҚАНДАЙ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ДУЧ КЕЛГАН?
6. Ур қандай шаҳар бўлган?
6 Иброҳим тарк этган Ур шаҳри яхши ҳимояланган бўлиб, қулай ва аҳолиси ўқимишли ҳамда бой эди. У улкан деворлар ва учта тарафдан чуқур сув каналлари билан ҳимояланган эди. Ур аҳолиси ҳам ёзишда, ҳам арифметикада устаси фаранг бўлган. Ўша ҳудудда тижоратга оид кўпгина ҳужжатлар
топилганига қараганда, шаҳар тижорат маркази бўлганга ўхшайди. Одамларнинг уйлари ғиштдан қурилган бўлиб, деворлари сувалган ва оқланган эди. Уларнинг айримларида 13 ёки 14 та хона бўлиб, тош ётқизилган ҳовли атрофида қад кўтарган эди.7. Нима учун Иброҳим Яҳова уни ва оиласини ҳимоялашига ишониши керак эди?
7 Иброҳим Яҳова уни ва оиласини ҳимоялашига ишониши керак эди. Нима учун? Эсингизда бўлса, Иброҳим ва Сора Канъон юртидаги даштларда чодирда яшаш учун Ур шаҳридаги бехатар ва қулай уйини тарк этишган. Энди уни ва оиласини ҳимоя қиладиган қалин деворлару чуқур сув каналлари йўқ эди. Аксинча, душманлар уларга осонликча ҳужум қилиши мумкин эди.
8. Бир сафар Иброҳим қандай вазиятга дуч келган?
8 Иброҳим Худонинг иродасини бажарган, аммо бир сафар оиласини тўйдириш учун унда етарлича озиқ-овқат бўлмаган. Яҳова унга боришни айтган юртда қаттиқ очарчилик бўлган. Очарчилик шунчалик кучайганидан, Иброҳим оиласи билан вақтинчалик Мисрга кўчишга қарор қилган. Лекин у Мисрда бўлганида, юртнинг бошқарувчиси фиръавн Сорани ўз хотини қилиш мақсадида уйига олиб кетган. Яҳова фиръавнни жазоламагунча ва фиръавн Сорани Иброҳимга қайтармагунча, у қанчалар хавотирланганини бир тасаввур қилинг. (Ибт. 12:10–19)
9. Иброҳим қандай оилавий қийинчиликларга дуч келган?
9 Иброҳимнинг оилавий ҳаёти ҳам қийинчиликлардан холи бўлмаган. Унинг суюкли турмуш ўртоғи Сора фарзанд кўра олмас эди. Йиллар давомида бу уларнинг кўнглини тушириб келган. Охири Сора чўриси Ҳожар у ва Иброҳим учун фарзанд туғиб берсин, деб уни Иброҳимга хотинликка берган. Аммо Ҳожар Исмоилга ҳомиладор бўлганида, Сорани менсимай қўйган. Вазият шунчалик таранглашганки, Ҳожар Сорадан қочиб кетган. (Ибт. 16:1–6)
10. Исмоил ва Исҳоқ билан боғлиқ қайси вазиятлар Иброҳимнинг Яҳовага бўлган ишончини синаган?
10 Ниҳоят Сора ҳомиладор бўлиб, Иброҳимга ўғил туғиб берган. Иброҳим унга Исҳоқ деб исм қўйган. У иккала ўғлини — Исмоил ва Исҳоқни яхши кўрган. Бироқ Исмоил Исҳоққа ёмон муомалада бўлгани туфайли Иброҳим уни ва Ҳожарни жўнатиб юборишига тўғри келган. (Ибт. 21:9–14) Кўп йиллар ўтгач, Яҳова Иброҳимдан Исҳоқни қурбонликка келтиришини сўраган. (Ибт. 22:1, 2; Иброн. 11:17–19) Иккала вазиятда ҳам Иброҳим Яҳова унинг ўғиллари борасида берган ваъдасини амалга оширишига ишониши лозим эди.
11. Нима учун Иброҳим Яҳовани сабр ила кутишига тўғри келган?
11 Бу вақт давомида Иброҳим Яҳовани сабр ила кутишни ўрганишига тўғри келган. Иброҳим оиласи билан Ур шаҳрини тарк этганида, ёши етмишдан ошган бўлса керак. (Ибт. 11:31–12:4) У деярли юз йил давомида Канъон юрти бўйлаб кўчиб, чодирларда яшаб юрган. Иброҳим 175 ёшида вафот этган. (Ибт. 25:7) Аммо Иброҳим у кезиб юрган юрт авлодларига берилиши ҳақидаги Яҳованинг ваъдаси амалга ошганининг гувоҳи бўлмаган. Қолаверса, у шаҳар, яъни Худонинг Шоҳлиги ўрнатилганини кўрмаган. Лекин шунда ҳам Иброҳим ҳақида «ҳаётдан мамнун бўлиб, нуроний бир ёшда вафот этди» дейилган. (Ибт. 25:8) Гарчи кўпгина қийинчиликлар билан курашишига тўғри келган бўлса ҳам, Иброҳим кучли имонни ривожлантирган ҳамда Яҳовани кутишга тайёр бўлган. Хўш, у нима учун саботли бўла олган? Сабаби Яҳова Иброҳимни бутун ҳаёти давомида ҳимоя қилган ва уни дўсти деб билган. (Ибт. 15:1; Ишаё 41:8; Ёқб. 2:22, 23)
12. Нимани кутяпмиз ва нимани кўриб чиқамиз?
12 Иброҳим каби биз ҳам пойдевори мустаҳкам шаҳарни кутяпмиз. Лекин биз мазкур шаҳар қурилишини кутмаяпмиз. Чунки Ваҳ. 12:7–10) Биз бу Шоҳлик бутун ер юзи устидан бошқаришини кутяпмиз. Бу вақтни кутар эканмиз, Иброҳим ва Сораникига ўхшаш кўпгина қийинчиликлар билан курашишимизга тўғри келиши ҳеч гап эмас. Яҳованинг бугунги хизматчилари Иброҳимнинг ўрнагига тақлид қилиб келмоқда. «Қўриқчи минораси»даги таржимаи ҳоллардан кўриняптики, ҳозирда кўплар Иброҳим ва Сора каби имон ва сабр-бардошни намоён этмоқда. Келинг, улардан атиги бир нечтасига диққат қаратиб, қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Худонинг Шоҳлиги 1914 йили ўрнатилди ва бутун осмонни бошқариб келмоқда. (ИБРОҲИМНИНГ ЎРНАГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИБ...
13. Уолден биродарнинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?
13 Фидойиликларга боришга тайёр бўлинг. Худонинг шаҳрини — Шоҳлигини — ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишни истасак, Худони мамнун қилиш учун Иброҳим каби фидойиликларга боришга тайёр бўлишимиз даркор. (Мат. 6:33; Марк 10:28–30) Билл Уолден * исмли биродаримизнинг мисолига диққат қаратайлик. Билл 1942 йили Қўшма Штатлардаги бир университетни битириб архитектор муҳандислиги бўйича бакалавр даражасини олиш арафасида бўлганида, Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ ўтишни бошлаган. Биллнинг профессорларидан бири у ўқишни битирганидан сўнг ишлаши учун иш ҳозирлаб қўйган, лекин у рад этган. У Худога кўпроқ хизмат қилиш учун яхши маошли ишдан воз кечишга қарор қилганини тушунтирган. Кўп ўтмай Билл ҳарбий хизматни ўташга чақирилган. У буни ҳурмат ила рад этган ва оқибатда унга 10 000 доллар жарима солиниб, беш йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Уч йилдан сўнг Билл озод этилган. Кейинчалик у Гилад мактабига таклиф этилган ва Африкада тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган. Вақт ўтиб Билл Ева исмли имондошимиз билан оила қурган ва улар биргаликда Африкада хизмат қилишган. Бу эса фидойиликларга боришни талаб қилган. Бир неча йил ўтгач, Биллнинг онасига ғамхўрлик қилиш мақсадида улар Қўшма Штатларга қайтишган. Билл бутун ҳаёти борасида қуйидагича хулосага келган: «70 йилдан ошиқ вақт давомида Яҳовага хизмат қилиш каби ажойиб шарафга эга бўлганим ҳақида ўйлаганимда, кўзларимда ёш қалқийди. Бутун ҳаётим давомида Унга хизмат қилишимга ёрдам бергани учун Яҳовага тез-тез миннатдорчилик билдираман». Сиз ҳам тўла вақтли хизматни ҳаёт йўлингизга айлантира оласизми?
14, 15. Апостолидис жуфтлигининг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?
14 Ҳаётингиз ташвишлардан холи бўлишини кутманг. Иброҳимнинг мисолидан шуни кўрдикки, бутун ҳаётини Яҳовага хизмат қилишга бағишлаганлар ҳам муаммолар билан курашишига тўғри келади. (Ёқб. 1:2; 1 Бутр. 5:9) Аристотелис Апостолидиснинг * мисоли буни қай йўсин тасдиқлаётганини кўриб чиқайлик. У 1946 йили Грецияда сувга чўмган ва 1952 йили Элени исмли опамиз билан унаштирилган. Улар биргаликда Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишни исташган. Аммо Элени касал бўлган ва миясида ўсимта борлиги аниқланган. Ўсимта олиб ташланган, бироқ бу жуфтлик турмуш қурганидан атиги бир неча йил ўтиб, ўсимта яна пайдо бўлган. Шифокорлар Эленини яна операция қилишган, лекин у қисман шол ва яхши гапира олмайдиган бўлиб қолган. Касаллиги ва ўша пайтда ҳукумат қувғун қилганига қарамай, Элени ғайратини йўқотмаган.
15 Аристотелис 30 йил давомида хотинига ғамхўрлик қилган. Бу вақт мобайнида у оқсоқол сифатида ва анжуман қўмиталарида хизмат қилган, Анжуман залининг қурилишида кўмаклашган. 1987 йили Элени ваъз қилаётганида бахтсиз ҳодиса юз бериб, жароҳат олган. Элени уч йил давомида кома ҳолатида бўлган ва охири вафот этган. Аристотелис бошидан кечирганлари борасида шундай хулосага келган: «Йиллар давомида кўпгина муаммоларга дуч келдим ва улардан баъзилари тўсатдан юз берди. Шу боис, саботли бўлишга қатъий бел боғлашим ва ҳеч нарса мени тушкунликка туширишига йўл қўймаслигим керак эди. Бу муаммоларни енгишим учун Яҳова доим менга керакли кучни бериб келган». (Заб. 94:18, 19) Ҳа, қийинчиликларга қарамай, Унга қўлдан келганча хизмат қилаётганларни Яҳова қаттиқ севади!
16. Норр биродар турмуш ўртоғига қандай маслаҳат берган?
16 Нигоҳингизни келажакка қаратинг. Иброҳим нигоҳини Яҳова келажакда унга берадиган мукофотларга қаратгани муаммоларини енгишига ёрдам берган. Одри Хайд * опамиз биринчи турмуш ўртоғи Нейтан Норр саратондан вафот этганига, иккинчи эри Гленн Хайд эса Альцгеймер касаллигига чалинганига қарамай, ижобий нуқтаи назарни сақлашга интилган. Одри опамизнинг айтишича, Норр биродаримиз ўлимидан атиги бир неча ҳафта олдин айтган гаплари унга ёрдам берган. У қуйидагича бўлишган: «Нейтан: “Ўлим бу ҳаммаси тугади, дегани эмас. Мустаҳкам умидимиз бор. Бошқа ҳеч қачон азоб-уқубат чекмаймиз”,— деб эслатди. Кейин эса: “Олдинга интилинг, чунки мукофотингиз ўша ерда”,— деб ундади. [...] Сўнг у шундай деб қўшиб қўйди: “Ҳаётингиз давомида бошқалар учун нимадир қилиш билан банд бўлинг. Бу қувончни йўқотмаслигингизга ёрдам беради”». Бошқаларга доим яхшилик қилиш билан банд бўлиш ва умидимиз бўлгани учун севиниш нақадар ажойиб маслаҳат!
17. а) Нигоҳимизни келажакка қаратиш учун қандай асосли сабабимиз бор? б) Қай йўсин Михо 7:7 даги сўзларга амал қилиш келажакдаги баракалардан завқ олишимизга кўмаклашади?
17 Нигоҳимизни келажакка қаратиш учун ҳозирда сабабларимиз кўпроқдир. Зеро, дунёдаги воқеалардан аниқ кўриняптики, охирзамоннинг сўнгги кунларида яшаяпмиз. Тез орада пойдевори мустаҳкам шаҳар бутун ер юзи устидан бошқаришини кутишимизга тўғри келмайди. Биз эришадиган кўпгина ажойиб баракалардан бири тирилган яқинларимизни кутиб олиш бўлади. Ўшанда Яҳова Иброҳимни ва оиласини ҳаётга қайтариб, уни имони ва сабр-тоқати учун мукофотлайди. Хўш, ўшанда уларни кутиб оласизми? Иброҳим сингари Худонинг Шоҳлиги учун фидойиликларга боришга тайёр бўлсангиз, муаммоларга қарамай, имонингизни сақласангиз ва Яҳовани сабр ила кутсангиз, буни қила оласиз. (Михо 7:7 ни ўқинг.)
74- ҚЎШИҚ Келинг, Шоҳлик ҳақда куйлайлик
^ абз. 5 Бирон ваъда амалга ошишини кутар эканмиз, сабримиз ва баъзи ҳолларда имонимиз синалиши мумкин. Яҳованинг ваъдалари амалга ошишини сабр ила кутиш қароримизни мустаҳкамлашда Иброҳимдан қандай сабоқлар олсак бўлади? Яҳованинг бугунги хизматчилари қандай ўрнак кўрсатмоқда?
^ абз. 13 Уолден биродарнинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 1 декабрь (рус) сонидаги 8–10- саҳифаларда келтирилган.
^ абз. 14 Аристотелис Апостолидиснинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси»нинг 2002 йил 1 февраль (рус) сонидаги 24–28- саҳифаларда келтирилган.
^ абз. 16 Хайд опамизнинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси»нинг 2004 йил 1 июль (рус) сонидаги 23–29- саҳифаларда келтирилган.
^ абз. 56 РАСМГА ШАРҲ. Қийинчиликларга қарамай, кекса жуфтлик Яҳовага хизмат қилишда давом этяпти. Улар нигоҳини Яҳованинг келажак борасидаги ваъдаларига қаратиб имонини мустаҳкам сақлаяпти.