Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

33- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тирилиш Худонинг севгиси, донолиги ва сабр-тоқатидан даракдир

Тирилиш Худонинг севгиси, донолиги ва сабр-тоқатидан даракдир

Одамларнинг тирилишига ишониб, Худога умид боғлайман. ҲАВОР. 24:15

151- ҚЎШИҚ Тирилиш ваъдаси

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега Яҳова бошқаларга ҳаёт ато этди?

БИР пайтлар Яҳова танҳо Ўзи яшарди. Бироқ У Ўзини ёлғиз ҳис этмасди. У ҳар томонлама тўкис эди. Шунга қарамай, Худо бошқалар ҳам ҳаётдан баҳраманд бўлишини истади. Севги Яҳовани яратишни бошлашга ундади. (Заб. 36:9; 1 Юҳан. 4:19)

2. Яҳова бошқа нарсаларни яратганида, Исо ва фаришталар нималарни ҳис этишган?

2 Аввалига Яҳова Ўғли бўлмиш Исони яратди. Кейин эса тўнғич Ўғли орқали «бор мавжудот»ни, жумладан, миллионлаб фаришталарни яратди. (Колос. 1:16) Исо Отаси билан бирга меҳнат қилишдан шод-хуррам эди. (Ҳик. 8:30) Шунингдек, фаришталар ҳам бахтиёр эди. Улар Яҳова ҳамда Унинг моҳир ишчиси Исо еру осмонни яратганида бу жараённи яқиндан кузатишди. Фаришталар бахтиёрлигини қандай намоён этишди? Ер яратилганида улар «ҳайқириб олқиш айтган» ва шубҳасизки, Яҳова ҳар бир нарсани, айниқса, шоҳ асари бўлмиш одамзодни яратганида Уни олқишлашда давом этишди. (Аюб 38:7; Ҳик. 8:31) Яҳованинг ҳар бир ижодидан Унинг севгиси ва донолигини кўрса бўлади. (Заб. 104:24; Рим. 1:20)

3. Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 15:21, 22 га кўра, Исонинг тўлов қурбонлиги нимага йўл очди?

3 Яҳова У яратган гўзал сайёрада инсонлар абадий ҳаётдан баҳраманд бўлиб яшашларини хоҳлади. Аммо Одамато ва Момоҳаво севувчи Отасига қарши исён кўтарганида, гуноҳ ва ўлим ер юзига соя солди. (Рим. 5:12) Бу вазиятда Яҳова нима қилди? У ўша заҳотиёқ инсониятни қандай халос этмоқчи эканини айтди. (Ибт. 3:15) Яҳова Одамато ва Момоҳавонинг фарзандлари гуноҳ ва ўлимдан халос бўла олиши учун тўлов тақдим этишни ният қилди. Яҳова Унга хизмат қилишни танлаган ҳар бир кишига абадий ҳаётга эга бўлиш имконини берди. (Юҳан. 3:16; Рим. 6:23; 1 Коринфликларга 15:21, 22 ни ўқинг.)

4. Ушбу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз?

4 Худонинг ўлганларнинг тирилиши тўғрисидаги ваъдаси кўплаб саволларни юзага келтиради. Масалан, тирилиш қандай юз беради? Яқинларимиз ҳаётга қайтганида, уларни таний оламизми? Қайси жиҳатдан тирилиш бизга қувонч келтиради? Қай йўсин тирилиш устида мулоҳаза юритиш Яҳованинг севгиси, донолиги ва сабр-тоқати учун миннатдорчилигимизни оширишга ёрдам беради? Келинг, ушбу саволларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

ТИРИЛИШ ҚАНДАЙ ЮЗ БЕРАДИ?

5. Нега барча одамлар бир вақтнинг ўзида тирилишини кутмаймиз?

5 Яҳова Ўғли орқали миллионлаб кишиларни ҳаётга қайтарганда, уларнинг ҳаммаси бир вақтда тирилишини кутмаймиз. Нега? Чунки ер юзида одамларнинг сони бирданига кўпайиб кетиши тартибсизликларга олиб келади. Яҳова эса ҳеч бир ишни тартибсиз бажармайди. У биладики, тинчлик ҳукм суриши учун тартиб сақланиши керак. (1 Кор. 14:33) Яҳова инсонларни яратишидан аввал, ерни босқичма-босқич тайёрлаш учун Исо билан бирга меҳнат қилиб донолигию сабр-тоқатини намоён этган. Ўз навбатида, Исо минг йиллик ҳукмронлиги давомида Армагеддондан омон қолганлар билан ҳамкорликда ерни ҳаётга қайтганлар учун тайёрлаб ушбу фазилатларни намоён этади.

Армагеддондан омон қолганлар ҳаётга қайтганларга Худонинг Шоҳлиги ҳамда талаблари тўғрисида таълим беришлари керак бўлади (6- хатбошига қаранг.) *

6. Ҳаворийлар 24:15 га кўра, Яҳова тирилтирганлар орасида кимлар бўлади?

6 Энг муҳими, Армагеддондан омон қолганлар ҳаётга қайтганларга Худонинг Шоҳлиги ҳамда талаблари тўғрисида таълим беришлари керак бўлади. Нега? Чунки тирилганларнинг аксарияти «адолатсиз» кишилар бўлади. (Ҳаворийлар 24:15 ни ўқинг.) Улар Масиҳнинг қурбонлигидан фойда олиши учун ҳаётида кўплаб ўзгаришлар қилиши керак бўлади. Бир ўйлаб кўринг, Яҳова тўғрисида ҳеч нарсани билмайдиган миллионлаб кишиларга Худо ҳақидаги ҳақиқатларни ўргатиш учун қанча меҳнат қилиш керак бўлади. Бугунги кунда ўтказилаётган Муқаддас Китоб тадқиқлари каби, ўшанда ҳам ҳар бир кишига алоҳида таълим бериладими? Бундай кишилар жамоатларга тайинланиб, ўзларидан кейин тирилганларга таълим беришга ўргатиладими? Сабр қилсак кўрамиз. Лекин Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви сўнгига келиб «ер юзи... Яҳова ҳақидаги билимга» тўлишини биламиз. (Ишаё 11:9) Дарҳақиқат, минг йил давомида завқ келтирадиган фаолият билан банд бўламиз!

7. Нега Худонинг халқи тирилганларга таълим бераётиб ҳамдардлик кўрсатади?

7 Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви давомида Яҳованинг ер юзидаги фарзандлари Уни мамнун этиш учун ҳаётига ўзгаришлар киритишни давом эттиришлари керак бўлади. Улар ҳаётга қайтганларга гуноҳли истакларига қарши курашишга ва Яҳованинг меъёрларига мувофиқ яшашга ёрдам бераётиб ҳамдардликни намоён этишади. (1 Бутр. 3:8) Шубҳасизки, ҳаётга қайтганлар нажотга эришишга уринаётган Яҳованинг камтар халқига қўшилади. (Филип. 2:12)

ЯҚИНЛАРИМИЗ ҲАЁТГА ҚАЙТГАНИДА, УЛАРНИ ТАНИЙ ОЛАМИЗМИ?

8. Нега тирилган яқинларимизни таний оламиз, деб хулоса қилишимиз мумкин?

8 Тирилган яқинларимизни таний оламиз, деб хулоса қилишга бир нечта сабабимиз бор. Масалан, ўтмишда содир бўлган тирилишлар асосида одамларнинг кўриниши, гапириши ва фикрлаш тарзи ўлимидан сал олдин қандай бўлган бўлса, Яҳова уларни худди шу ҳолатда қайта яратишини кутишимиз мумкин. Эсингизда бўлса, Исо ўлимни уйқуга, тирилишни эса уйғонишга ўхшатган. (Мат. 9:18, 24; Юҳан. 11:11–13) Одамлар уйқуга кетишидан аввал, уларнинг кўриниши, овози ва хотираси қандай бўлган бўлса, уйғонганида ҳам шундайлигича қолади. Масалан, Лазарнинг мисолига диққат қаратайлик. Ўлганига тўрт кун бўлгани туфайли унинг танаси чирий бошлаганди. Бироқ Исо Лазарни тирилтирганида сингиллари уни ўша заҳотиёқ танишган ва у ҳам уларни танигани турган гап. (Юҳан. 11:32–44; 12:1, 2)

9. Нега ҳаётга қайтадиганлар бирданига мукаммал онг ва тана билан тирилмайди?

9 Яҳованинг ваъдасига кўра, Масиҳнинг ҳукмронлиги даврида ҳеч ким: «Мен касалман»,— демайди. (Ишаё 33:24; Рим. 6:7) Шу сабабли, ўлим уйқусидан турганлар соғлом танага эга бўлишади. Лекин улар бирданига мукаммал бўлиб қолишмайди. Акс ҳолда, оила аъзолари ва дўстлари уларни таний олмаслиги мумкин. Масиҳнинг минг йиллик бошқаруви давомида бутун инсоният мукаммалликка аста-секин эришади. Минг йилнинг сўнгида эса Исо Шоҳликни Отасига қайтариб беради. Бу Шоҳликда барча нарса Яҳова истагандек бажарилган ва шу қаторда инсоният мукаммалликка эришган бўлади. (1 Кор. 15:24–28; Ваҳ. 20:1–3)

ҚАЙСИ ЖИҲАТДАН ТИРИЛИШ БИЗГА ҚУВОНЧ БАХШ ЭТАДИ?

10. Тирилиш бўлганда нималарни ҳис этасиз?

10 Яқинларингиз билан қайта учрашиш қандай бўлишини бир тасаввур қилинг. Қувончдан куласизми ё кўзларингиз ёшга тўладими? Ёхуд хурсандлигингиздан Яҳовага ҳамду сано куйлайсизми? Шуниси аниқки, тирилиш каби ажойиб ҳадя учун ғамхўр Отангизга ва Унинг фидойи Ўғлига севгингиз янада аланга олади.

11. Исонинг Юҳанно 5:28, 29 да келтирилган сўзларига кўра, Худонинг адолатли меъёрлари бўйича яшайдиганлар нимага эга бўлади?

11 Тирилганлар эски ўзликни ишлари билан ечиб ташлаб, Худонинг адолатли меъёрлари бўйича яшаганида, бу қанчалар қувонч бахш этишини кўз олдингизга келтиринг. Ҳаётига бундай ўзгаришлар киритган кишилар жаннатда абадий яшаш имкониятига эга бўлади. Бундан фарқли равишда, Худога қарши исён кўтарганлар жаннатдаги тинчликни бузишларига йўл қўйилмайди. (Ишаё 65:20; Юҳанно 5:28, 29 ни ўқинг.)

12. Қай йўсин ер юзидаги барча одамлар Яҳовадан барака олади?

12 Худонинг Шоҳлиги остида Унинг хизматчилари Ҳикматлар 10:22 даги: «Яҳованинг баракаси кишини бойитади, бу баракага У ҳеч қандай дард-алам қўшмайди»,— деган сўзлар нечоғлик ҳақиқат эканига гувоҳ бўлишади. Муқаддас руҳ ёрдамида Худонинг халқи маънан бойийди, яъни тобора Масиҳнинг қоматига етишиб, мукаммалликка эришади. (Юҳан. 13:15–17; Эфес. 4:23, 24) Қолаверса, кун сайин улар жисмонан кучга тўлиб, шахсияти янада яхшиланиб боради. Ўшанда ҳаётимиз нақадар қувончга тўлади-я?! (Аюб 33:25) Аммо тирилиш устида мулоҳаза юритиш ҳозир сизга қандай ёрдам беради?

ЯҲОВАНИНГ СЕВГИСИНИ ҚАДРЛАНГ

13. Забур 139:1–4 га биноан, қай йўсин тирилиш Яҳова бизни қанчалик яхши билишини кўрсатади?

13 Юқорида айтиб ўтилганидай, Яҳова ўлганларни ўша-ўша хотиралари ва шахсияти билан ҳаётга қайтаради. Бу нимани англатишини бир ўйлаб кўринг! Яҳова сизни шунчалик қаттиқ севадики, фикрларингиз, туйғуларингиз, сўзларингизу ишларингизга диққат қаратиб, уларни эсида сақлайди. Яҳова сизни тирилтиришига тўғри келса, У хотирангизни, нуқтаи назарингизни ҳамда шахсиятингизни осонликча тиклайди. Шоҳ Довуд Яҳова ҳар биримиз билан қанчалик қизиқишидан хабардор эди. (Забур 139:1–4 ни ўқинг.) Хўш, Яҳова бизни қанчалик яхши билишини тушуниш бизга қандай таъсир қилади?

14. Яҳова бизни қанчалик яхши билиши тўғрисида ўйлаганимизда нималарни ҳис этамиз?

14 Яҳова бизни қанчалик яхши билиши устида мулоҳаза юритганимизда, У фақат заифликларимизга эътибор қаратади, деб хавотирланмаслигимиз керак. Нега? Яҳова бизга ғамхўрлик қилишини ёдда тутайлик. Яҳова ҳар биримизни ўзгача қилиб турадиган шахсиятимизни қадрлайди. У ҳаётимиз давомида бизга таъсир қилган барча нарсага диққат қаратади. Нақадар далдали сўзлар! Ўзимизни асло ёлғиз ҳис этмаслигимиз керак. Зеро, Яҳова ҳар он ёнимизда туриб, бизга ёрдам бериш имкониятларини излайди. (2 Сол. 16:9)

ЯҲОВАНИНГ ДОНОЛИГИНИ ҚАДРЛАНГ

15. Қай йўсин тирилиш Яҳованинг донолигини намоён этяпти?

15 Ўлим билан таҳдид қилиш қудратли қуролдир. Шайтоннинг назорати остидагилар бу қуролдан фойдаланиб одамларни дўстлари ёки эътиқодидан тонишга мажбурлашади. Лекин бизга келганда бу қурол ўз кучини йўқотади. Чунки душманларимиз бизни ўлдирса ҳам, Яҳова бизни ҳаётга қайтаришини биламиз. (Ваҳ. 2:10) Уларнинг ҳеч бир иши бизни Худога хизмат қилишдан тўхтата олмаслигига ишончимиз комилдир. (Рим. 8:35–39) Дарҳақиқат, Яҳова бизга тирилиш умидини бериб, чуқур донолигини кўрсатди. Шайтоннинг тарафдорлари айтганларини қилмасак ўлдиришларини айтиб бизга таҳдид қилиши мумкин. Лекин қўрқмаймиз, чунки тирилиш умиди туфайли жасоратли бўлиб Яҳовага садоқатни сақлай оламиз.

Яҳова жисмоний эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилишига ишонаётганимиз ҳаёт тарзимизда акс этяптими? (16- хатбошига қаранг.) *

16. Ўзингизга қайси саволларни беришингиз керак ва берган жавобларингиз Яҳовага қанчалик ишонаётганингизни билишга қай йўсин ёрдам беради?

16 Яҳовадан нафратланадиган кишилар сизни ўлдирмоқчи эканини айтиб таҳдид қилса, У сизни тирилтиришига ишонасизми? Ўшанда Яҳовага ишониш-ишонмаслигингизни қандай аниқлай оласиз? Йўлларидан бири ўзингиздан қуйидагича сўрашдир: «Ҳар куни чиқараётган кичик қарорларимдан Яҳовага ишонаётганим кўриняптими?» (Луқо 16:10) Ёки ўзингизга шундай савол берарсиз: «Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйсам, Яҳова жисмоний эҳтиёжларимга ғамхўрлик қилишига ишонаётганим ҳаёт тарзимда акс этяптими?» (Мат. 6:31–33) Юқоридаги саволларга жавобингиз «ҳа» бўлса, унда Яҳовага ишонаётганингизни исботлайсиз ва дуч келадиган ҳар қандай қийинчиликни енгишга тайёр бўласиз. (Ҳик. 3:5, 6)

ЯҲОВАНИНГ САБР-ТОҚАТИНИ ҚАДРЛАНГ

17. а) Қандай қилиб тирилиш Яҳова сабр-тоқатли эканини кўрсатяпти? б) Яҳованинг сабр-тоқатини қадрлаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

17 Яҳова бу ёвуз дунёни йўқ қиладиган кунни ва соатни белгилаб қўйган. (Мат. 24:36) Ўша вақт келмагунча, У сабр-тоқатни намоён этади. Худо ўлганларни тирилтиришни жуда хоҳласа-да, сабрсизлик ила ҳаракат қилмайди. (Аюб 14:14, 15) У ўлганларни ҳаётга қайтариш учун мақбул вақт келишини кутяпти. (Юҳан. 5:28) Яҳованинг сабр-тоқатини қадрлаш учун асосли сабабларимиз бор. Ўйлаб кўринг: Яҳованинг сабр-тоқати туфайли кўплаб инсонлар, шу жумладан, биз ҳам «тавба қилиш» имконига эга бўлдик. (2 Бутр. 3:9) Яҳова имкон қадар кўп одам абадий ҳаётга эга бўлиш истиқболидан баҳраманд бўлишини хоҳлайди. Келинг, Яҳованинг сабр-тоқатини қадрлаётганимизни намоён этайлик. Қандай қилиб? «Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» одамларни астойдил излаб, уларга Яҳовани севишга ва Унга хизмат қилишга ёрдам бериш орқали кўрсата оламиз. (Ҳавор. 13:48) Ўшанда улар ҳам биз каби Яҳованинг сабр-тоқатидан фойда олишади.

18. Нега бошқаларга сабр-тоқатни намоён этишимиз керак?

18 Яҳова минг йилнинг охирида мукаммал бўлгунимизча сабр ила кутади. Ўша вақт келмагунча Яҳова гуноҳларимизни кечиришга тайёр. Шундай экан Унинг ўрнагига тақлид қилиб бошқаларнинг яхши хислатларига диққат қаратишимиз ва уларга нисбатан сабрли бўлишимиз керак. Келинг, бир имондошимизнинг мисолини кўриб чиқамиз. Унинг эри ваҳима ҳуружларидан азият чека бошлаган ва жамоат учрашувларига бормай қўйган. Имондошимиз шундай деб бўлишди: «Бу мен учун жуда оғриқли эди. Оила сифатида келажак борасида тузган режаларимиз барбод бўлганди». Лекин буларнинг барига қарамай, бу меҳрибон аёл эрига нисбатан сабрли бўлишда давом этди. У Яҳовага таяниб, асло таслим бўлмади. Яҳова каби бу имондошимиз ҳам эрининг яхши томонларига диққат қаратди. У яна шундай деди: «Эримнинг ажойиб хислатлари бор. Қолаверса, у аста-секинлик билан ваҳималарини енгишга ҳаракат қиляпти». Ҳа, қийинчиликлар билан курашиб келаётган оила аъзоларимизу жамоатдаги имондошларимизга сабр-тоқатни намоён этиш нечоғлик муҳим!

19. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши керак?

19 Ер яратилганида Исо ва фаришталар жуда қувонишган. Ер юзи Яҳовани севадиган ва Унга хизмат қиладиган мукаммал инсонлар билан тўлганини кўришганида, улар қанчалик бахтиёр бўлишини бир тасаввур қилинг. Исо билан осмонда бошқариш учун ер юзидан танлаб олинган кишилар инсониятга уларнинг меҳнати фойда келтираётганини кўриб, нақадар хурсанд бўлишини кўз олдингизга келтиринг. (Ваҳ. 4:4, 9–11; 5:9, 10) Қайғу кўз ёшлари ўрнини қувонч кўз ёшлари эгаллаганда, касаллик, азоб-уқубат ва ўлим тоабад йўқ қилинганида, ҳаёт қандай бўлишини хаёлингизга келтиринг. (Ваҳ. 21:4) Унгача эса севувчи, доно ва сабр-тоқатли Отангиз Яҳовага тақлид қилиш қарорингиз қатъий бўлсин! Агар шундай йўл тутсангиз, нима юз беришидан қатъи назар, қувончингизни сақлай оласиз. (Ёқб. 1:2–4) Яҳованинг ўлганларни ҳаётга қайтариш ваъдаси учун жуда миннатдормиз! (Ҳавор. 24:15)

141- ҚЎШИҚ Ҳаёт — мўъжизадир

^ абз. 5 Яҳова севувчи, доно ва сабр-тоқатли Отадир. Унинг бу фазилатларини барча яратган ижодларидан ва ўлганларни ҳаётга қайтариш ваъдасидан кўрсак бўлади. Ушбу мақолада тирилиш тўғрисида баъзи саволларни муҳокама қиламиз ва Яҳованинг севгиси, донолиги ҳамда сабр-тоқатини қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсатишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Юз йиллар олдин оламдан ўтган америкалик ҳинду Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви давомида тирилди. Армагеддонда омон қолган биродаримиз тирилган бу кишига Масиҳнинг тўловидан фойда олиш учун нима қилиши кераклигини қувонч ила ўргатяпти.

^ абз. 61 РАСМГА ШАРҲ. Биродар иш берувчисига ҳафтанинг баъзи кунлари қўшимча ишлай олмаслигини айтяпти. У ўша оқшомлари маънавий ишлар билан банд бўлишини тушунтиряпти. Лекин бошқа вақтлари керак бўлганда қўшимча ишлаб беришга тайёр эканини айтяпти.