33- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Эга бўлган шарафли вазифаларингиздан қувонинг!
Хомхаёл бўлгандан кўра, кўз олдида турган нарсалардан қувонган яхшироқ. ВОИЗ 6:9
111- ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик Манбаидир
БУ МАҚОЛАДА *
1. Кўпчилик хизматини кенгайтириш ниятида нималар қиляпти?
УШБУ замонанинг охири яқинлашар экан, қиладиган ишларимиз бисёр. (Мат. 24:14; Луқо 10:2; 1 Бутр. 5:2) Барчамиз Яҳовага иложи борича кўпроқ хизмат қилишни истаймиз. Кўпчилик хизматини кенгайтиряпти. Баъзилар доимий кашшоф бўлиб хизмат қилишни истайди. Яна бошқалар эса Байтилда хизмат қилишни ёки ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида қатнашишни хоҳлайди. Сон-саноқсиз биродарлар жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлиб хизмат қилиш учун талабларга мос келишга интилади. (1 Тим. 3:1, 8) Халқи орасида тайёрлик руҳини намоён этаётганларни кўриш Яҳовага қувонч келтиради! (Заб. 110:3; Ишаё 6:8)
2. Айрим маънавий мақсадларимизга эришмаётган бўлсак, ўзимизни қандай ҳис этишимиз мумкин?
2 Баъзи маънавий мақсадларимизга узоқ вақт мобайнида эришмаётган бўлсак, руҳимиз тушиши ҳеч гап эмас. Ё бўлмаса, ёшимиз ё бошқа сабаблар туфайли муайян шарафли вазифаларга эга бўлмасак, кўнглимиз чўкар. (Ҳик. 13:12) Мелисса * исмли опамиз билан шундай бўлган. У Байтилда хизмат қилишни ёки Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқишни истарди. Мелисса шундай деди: «Ёшим тўғри келмайди. Ҳозирда бу вазифалар мен учун фақат орзу. Гоҳида кўнглим тушади».
3. Муайян вазифаларга лаёқатли бўлиш учун айримлар қандай қадамлар қўйиши керак бўлади?
3 Ёш ва соғлом бўлган айримлар қўшимча шарафли вазифаларни олишга лаёқатли бўлиш учун маънан етук бўлиб, баъзи фазилатларни намоён этиши керак. Бир тарафдан
улар ақлли, иккиланмайдиган ва ишдан қочмайдиган бўлиши мумкин. Бошқа тарафдан эса сабрли, синчков бўлишни ёки бошқаларга кўпроқ ҳурмат кўрсатишни ўрганишига тўғри келар. Керакли фазилатларни ривожлантириш учун жон куйдирсангиз, кутилмаганда сизга шарафли вазифалар топширилиши мумкин. Келинг, Никнинг мисолини кўриб чиқайлик. У 20 ёшда бўлганида жамоат хизматкори этиб тайинланмагани учун кўнгли қаттиқ ўксиган. У шундай деди: «Ниманидир нотўғри қиляпман, деб ўйлардим». Лекин Ник таслим бўлмади. У жамоатда ва ваъзгўйлик ишида жон куйдирди. Ҳозирда Ник Филиал қўмитасининг аъзоси сифатида хизмат қиляпти.4. Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
4 Айрим маънавий мақсадларга ҳали эриша олмаганингиз туфайли руҳингиз тушдими? Агар шундай бўлса, ташвишингизни Яҳова билан бўлишинг. (Заб. 37:5–7) Қолаверса, маънан етук биродарлардан хизматда қай йўсин яхшиланишингиз мумкинлиги борасида маслаҳат сўранг. Сўнг унга амал қилиш учун жон куйдиринг. Шундай қилиб, шарафли вазифага эга бўлишингиз ёки мақсадингизга етишингиз мумкин. Лекин юқорида тилга олинган Мелисса каби бирон шарафли вазифани бажариш балки ҳозир сиз учун имконсиздир. Хўш, бунга қарамай, қай йўсин қувончингизни сақлай оласиз? Мазкур саволга жавоб топиш учун ушбу мақолада қуйидаги саволларни кўриб чиқамиз: 1) нимадан қувонишингиз мумкин? 2) Қай йўсин қувончингизни ошира оласиз? 3) Қандай мақсадлар қўйиб, қувончингизга қувонч қўша оласиз?
НИМАДАН ҚУВОНИШИНГИЗ МУМКИН?
5. Қувончга эга бўлиш учун нимага диққат қаратишимиз керак? (Воиз 6:9)
5 Воиз 6:9 да (ўқинг) қувончга эга бўлишимизга нима ёрдам бериши мумкинлиги тушунтирилган. «Кўз олдида турган нарсаларга» диққат қаратадиган киши ўзида бор нарсаларидан, масалан, ҳозирги вазиятидан мамнун бўлади. Бундан фарқли равишда, хомхаёл бўлган киши эриша олмайдиган нарсаларини орзу қилиб юраверади. Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Қувончга эга бўлишни истасак, бизда бор нарсаларга ва эришса бўладиган мақсадларга диққат қаратишимиз лозим.
6. Ҳозир қайси масални кўриб чиқамиз ва нимани билиб оламиз?
6 Янги қийинчиликларга дуч келишимиз табиий ҳол бўлса-да, ўзингизда бор нарсадан мамнуният ҳис қилишнинг чиндан ҳам иложи борми? Бўлмасам-чи! «Кўз олдимизда» турган нарсалардан нафақат мамнун бўлишимиз, балки қувонч топишимиз мумкин. Буни қай йўсин қила оламиз? Келинг, Исонинг Матто 25:14–30 да ёзилган талантлар ҳақидаги масалини кўриб чиқайлик. Мазкур масал ёрдамида ҳозир эга бўлган баракаларимиздан қай йўсин қувонч топишимиз ва ҳатто уни оширишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
ҚАЙ ЙЎСИН ҚУВОНЧИНГИЗНИ ОШИРА ОЛАСИЗ?
7. Исонинг талантлар ҳақидаги масалини қисқача айтиб беринг.
7 Масалдаги киши сафарга жўнаб кетмоқчи эди. Йўлга чиқишдан аввал у қулларини чақириб, ишга солиши учун ҳар бирига талантлар берди *. Ўша одам қулларининг қобилиятларига яраша бирига беш талант, бошқасига икки ва учинчисига бир талант берди. Биринчи иккита қул хўжайини учун кўпроқ пул орттириш ниятида астойдил меҳнат қилди. Учинчи қул эса унга берилган пул билан ҳеч нарса қилмади. Шу боис, хўжайини уни ишдан ҳайдади.
8. Биринчи қул хурсанд бўлиши учун қандай сабаб бор эди?
8 Хўжайини биринчи қулга бешта талантни ишониб топширганида, у буни шараф деб билган бўлса керак. Бу катта пул эди ва хўжайини унга қай даражада ишонишини кўрсатарди. Қизиқ, иккинчи қул ҳақида нима деса бўлади? У биринчи қул каби кўп талантга эга бўлмагани туфайли ҳафсаласи пир бўлиши мумкин эди. Бироқ у қандай йўл тутди?
9. Исо иккинчи қул ҳақида нима деб айтмаган? (Матто 25:22, 23)
9 Матто 25:22, 23 ни ўқинг. Исо иккинчи қул атиги икки талант олгани туфайли кўнгли тушган ва жаҳли чиққан, деб айтмаган. Исо қулни қуйидагича нолиган ҳолда тасвирламаган: «Нега хўжайиним менга кам берди? Ахир беш талант олган қул каби оғир меҳнат қиламан-ку! Хўжайиним мени яхши ишчи деб билмас экан, берган пулларини ерга кўмиб, у учун эмас, ўзим учун ишлаганим маъқул».
10. Иккинчи қул талантлари билан нима қилди?
10 Биринчи қул каби иккинчиси ҳам унга топширилган масъулиятга жиддий ёндашди ва хўжайинига сидқидилдан хизмат қилди. Натижада у хўжайинининг талантларини икки карра кўпайтирди. Бу қул астойдил меҳнат қилгани учун муносиб тақдирланди. Хўжайини уни мақтаб, унга қўшимча вазифаларни ишониб топширди.
11. Қандай қилиб қувончимизга қувонч қўша оламиз?
11 Шу сингари, бизга топширилаётган ҳар қандай вазифани енгимизни шимариб бажарсак, қувончимизга қувонч қўша оламиз. Ваъзгўйлик ишига «астойдил киришинг» ва жамоатдаги вазифаларингизни тўлақонли бажаринг. (Ҳавор. 18:5; Иброн. 10:24, 25) Йиғилишларга борар экансиз, тадқиқ қилинаётган мавзу борасида далда бахш этувчи шарҳлар тайёрланг. Ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувларда бериладиган топшириқларни бажаришга жиддий ёндашинг. Жамоатда бирон вазифани бажаришда сиздан ёрдам сўрашса, пухта ва ўз вақтида бажаринг ҳамда ишончли бўлинг. Сизга берилган вазифани муҳим эмас ва унга вақт сарфлаш арзимайди, деб ўйламанг. Қобилиятларингизни яхшилашга интилинг. (Ҳик. 22:29) Маънавий ишлар ҳамда топшириқларни бажариш учун қанча кўп жон куйдирсангиз, шунча кўп маънан ўсасиз ва қувончингизга қувонч қўшилади. (Галат. 6:4) Қолаверса, сиз хоҳлаган шарафли вазифага бошқалар эга бўлганда, улар билан хурсанд бўла оласиз. (Рим. 12:15; Галат. 5:26)
12. Мелисса ва Ник кўпроқ хурсанд бўлиш учун қандай қадамлар қўйди?
12 Байтилда хизмат қилишни ёки Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқишни истаган Мелиссани эсланг. Орзулари ушалмаган бўлса-да, у шундай деб бўлишди: «Кашшофлик хизматида жон куйдиряпман ҳамда ваъзгўйликнинг турли усулларини қўллаб, хизматда иштирок этишга ҳаракат қиляпман. Бу менга улкан қувонч бахш этяпти». Ник ҳақида-чи, нима деса бўлади? У жамоат хизматкори этиб тайинланмаганида, тушкунликни қай йўсин енгди? У қуйидагича деди: «Эга бўлган шарафли вазифаларимга — хизматда иштирок этиш ҳамда йиғилишларда яхши шарҳлар беришга диққат қаратдим. Шунингдек, Байтилда хизмат қилиш учун ариза тўлдирдим. Мени кейинги йили таклиф қилишди».
13. Вазифани енг шимариб бажарсангиз, қандай натижага эришасиз? (Воиз 2:24)
13 Ҳозирги вазифаларингизни енг шимариб бажарсангиз, келажакда кўпроқ масъулиятларга эга бўласизми? Ник билан юз бергани каби эга бўларсиз. Лекин акси бўлса, Мелисса каби барибир қувончингизни ошира оласиз ва Яҳованинг хизматида қўлингиздан келганини қилаётганингиздан бахтиёр бўласиз. (Воиз 2:24 ни ўқинг.) Қолаверса, хатти-ҳаракатларимиз Хўжайинимиз Исо Масиҳни мамнун қилаётганини билишдан қувонишимиз шубҳасиз.
ҚУВОНЧИНГИЗГА ҚУВОНЧ ҚЎШАДИГАН МАҚСАДЛАР
14. Маънавий мақсадларга келсак, нимани ёдда тутишимиз лозим?
14 Диққатимизни ҳозирги вазифаларимизга қаратиш хизматимизни кенгайтириш керак эмас деганими? Йўқ, ундай эмас. Аксинча, яхшироқ ваъз қилиш, таълим бериш ва биродару опа-сингилларимизга ёрдам беришга ҳисса қўшадиган мақсадлар қўйишимиз керак. Донолик ва камтарликни намоён этиб ўзимизга эмас, балки бошқаларга хизмат қилишга диққат қаратсак, муваффақиятга эришамиз. (Ҳик. 11:2; Ҳавор. 20:35)
15. Кўпроқ қувонч ҳис қилиш учун қайси мақсадлар сари интилсангиз бўлади?
15 Хўш, қандай мақсадлар қўйишингиз мумкин? Нималарга эриша олишингизни аниқлаш учун Яҳовадан ёрдам сўранг. (Ҳик. 16:3; Ёқб. 1:5) Мазкур мақоланинг биринчи хатбошисида тилга олинган мақсадлардан бирига — кўмакчи ёки доимий кашшоф бўлиш, Байтилда хизмат қилиш ё бўлмаса, ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида иштирок этишга интила оласизми? Балки янги тилни ўрганарсиз? Ёхуд бошқа ҳудудга бориб ваъз қила оларсиз? «Яҳованинг иродасини бажараётган ташкилот» китобининг 10- бобини ўқиб ва жамоатингиз оқсоқоллари билан суҳбатлашиб кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин *. Шу каби мақсадларга интилсангиз, муваффақиятингиз бошқаларга ошкор бўлиб, қувончингиз янада ошади.
16. Ҳозир муайян мақсадга эришишнинг имкони бўлмаса, нима қилсангиз бўлади?
16 Бироқ юқорида тилга олинган мақсадлардан биронтасига ҳозир эриша олмасангиз-чи? Эришишингиз мумкин бўлган мақсад қўйинг. Келинг, баъзиларини кўриб чиқайлик.
17. Биродар яхшироқ таълим бериши учун нима қилиши мумкин? (1 Тимўтийга 4:13, 15)
17 Тимўтийга биринчи мактуб 4:13, 15 ни ўқинг. Сувга чўмган биродар бўлсангиз, нотиқлик ва таълим бериш қобилиятини яхшилаш устида ишлашингиз мумкин. Нега? Сабаби ўқиш, нутқ сўзлаш ва таълим беришда жон куйдириб меҳнат қилсангиз, тингловчиларга кўпроқ фойда келтира оласиз. «Ўқишда ва таълим беришда давом этинг» рисоласининг ҳар бир дарсини тадқиқ қилиб, амалда қўллашни мақсад қилишга интилинг. Битта дарсни муайян вақт давомида ўрганиб, уйда астойдил машқ қилинг ва нутқ билан чиққанда билиб олганларингизни амалда қўллашга интилинг. Махсус маслаҳатчи ёки «Худонинг Каломи ҳақида гапиришда ва таълим беришда заҳмат чекаётган оқсоқоллар» билан бу борада маслаҳатлашинг *. (1 Тим. 5:17) Рисоладаги дарсларни нафақат амалда қўллашга, балки тингловчиларга имонини мустаҳкамлашга ёки уларни муайян ҳаракатга ундашга диққат қаратинг. Бундай йўл тутиб, ҳам ўзингизнинг, ҳам бошқаларнинг қувончига қувонч қўшасиз.
18. Ваъзгўйлик хизмати борасидаги мақсадларимизга эришишга нима ёрдам беради?
18 Ҳаммамизга ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш вазифаси топширилган. (Мат. 28:19, 20; Рим. 10:14) Ушбу муҳим ишда маҳоратингизни оширишни истайсизми? «Таълим бериш» рисоласини тадқиқ қилинг ва билиб олганларингизга амал қилишга ёрдам берадиган муайян мақсадлар қўйинг. Бундан ташқари, ҳафта ўртасида ўтадиган йиғилишларда «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»дан ҳамда тахминий суҳбатларга оид видеолардан амалий фикрларни топа оласиз. Ҳудудингизга мос келадиган турли фикрларни қўллаб кўринг. Ушбу маслаҳатларга амал қилсангиз, ваъз қилиш ҳамда таълим беришда янада маҳоратли бўлиб кўпроқ суюнасиз. (2 Тим. 4:5)
19. Худони мамнун қиладиган фазилатларни қай йўсин ривожлантира оласиз?
19 Мақсадлар қўйиш борасида ўйлар экансиз, энг муҳимини — Худони мамнун қиладиган фазилатларни ривожлантиришни унутманг. (Галат. 5:22, 23; Колос. 3:12; 2 Бутр. 1:5–8) Хўш, бунга эришиш учун нима қилишингиз мумкин? Айтайлик, имонингизни мустаҳкамламоқчисиз. Адабиётларимиздан имонни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган амалий тавсиялар келтирилган мақолаларни ўқишингиз мумкин. Албатта, JW Интернет-телевидениесидаги видеоларни томоша қилиб, биродару опа-сингилларимиз турли қийинчиликларни енгаётганини ва қай йўсин кучли имонни намоён этаётганини кўриб фойда оласиз. Сўнг ҳаётингизнинг қайси соҳаларида уларнинг имонига эргашишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг.
20. Қай йўсин янада қувончга тўлишимиз ва тушкунлик туйғусини камайтиришимиз мумкин?
20 Шубҳасизки, барчамиз Яҳова учун кўпроқ қилишни хоҳлаймиз. Янги дунёда Худога тўлақонли хизмат қила оламиз. У пайт келгунига қадар энг яхшисини қилишга жон куйдирсак, янада қувончга тўламиз ва тушкунлик туйғуси камаяди. Энг асосийси, «бахтиёр Тангримиз» Яҳовани улуғлаб, Унга шараф келтирамиз. (1 Тим. 1:11) Шундай экан, келинг, ўзимизда бор шарафдан қувонч топайлик.
82- ҚЎШИҚ Нурингиз порлаб турсин
^ абз. 5 Яҳовани қаттиқ севамиз ва Унга қўлимиздан келганича хизмат қилишни истаймиз. Шунинг учун, кўпчилигимиз хизматимизни кенгайтиришни ёки жамоатда қўшимча вазифаларни бажариш учун лаёқатли бўлишни хоҳлаймиз. Бироқ жон куйдиришимизга қарамай, баъзи мақсадларимизга эриша олмасак-чи? Яҳованинг хизмати билан банд бўлишимизга ва қувончни йўқотмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? Бу саволнинг жавобини Исонинг талантлар ҳақидаги масалидан билиб оламиз.
^ абз. 2 Баъзи исмлар ўзгартирилган.
^ абз. 7 ИБОРА МАЪНОСИ. Бир талант битта ўртаҳол ишчи тахминан 20 йил давомида ишлаб орттирган пул миқдорига тўғри келарди.
^ абз. 15 Сувга чўмган биродарлар жамоат хизматкори ва оқсоқол сифатида хизмат қилиш учун талабларга мос келишга интилиши мумкин. Бу талаблар ҳақида билиш учун «Яҳованинг иродасини бажараётган ташкилот» китобининг 5- ва 6- бобларига қаранг.
^ абз. 17 ИБОРА МАЪНОСИ. Махсус маслаҳатчи тайинланган оқсоқол бўлиб, жамоатда вазифа билан чиққан, масалан, нутқ сўзлаган оқсоқол ва жамоат хизматкорига шахсан маслаҳат беради.
^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Биродаримиз яхшироқ таълим бериш мақсадига эришиш учун адабиётларимиз ёрдамида тадқиқ ўтказяпти.
^ абз. 66 РАСМГА ШАРҲ. Опамиз норасмий шоҳидлик бериш мақсадини қўйгач, унга хизмат кўрсатган кафе ходимига jw.org карточкасини беряпти.
^ абз. 68 РАСМГА ШАРҲ. Илоҳий фазилатларни кўрсатишни истаган опамиз имондошига кутилмаганда совға беряпти.