Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

35- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар»

«Бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар»

Бир-бирингизга далда бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар. 1 САЛОН. 5:11

90- ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Барчамиз қандай ишни бажаряпмиз? (1 Салоникаликларга 5:11)

 ЙИҒИЛИШ залининг қурилишида ёки таъмирланишида қатнашганмисиз? Шундай бўлса, бу каби янги бинода илк бор ўтган учрашув эсингиздадир. Шубҳасизки, ўшанда Яҳовадан миннатдор бўлгансиз. Йиғилишнинг бошида ҳамду сано қўшиғини куйлаганингизда қувончдан кўзингизга ёш келгандир. Бу каби залларимиз Яҳовага шараф келтиради. Бироқ қурилишнинг бошқа турида қатнашганимизда Худога янада кўпроқ шараф келтирамиз. Бу том маънодаги қурилишдан муҳимроқ бўлган ишни ўз ичига олади. Бунга ўша топиниш жойларига келаётган инсонларни қўллаб-қувватлаш киради. Ҳаворий Павлус очқич оятда, яъни 1 Салоникаликларга 5:11 даги (ўқинг) сўзларни ёзганда масиҳийлар шу каби қурилишда иштирок этишига умид қилган. Бу оятда «қўллаб-қувватламоқ» деб таржима қилинган юнонча сўз «қурмоқ» деган маънога ҳам эга.

2. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Ҳаворий Павлус имондошларни қўллаб-қувватлашда ажойиб намунадир. У уларга ҳамдардлик кўрсатган. Ушбу мақолада Павлус имондошларга 1) қийинчиликларни енгишга; 2) ўзаро тинч яшашга ва 3) Яҳовага бўлган имонини мустаҳкамлашга қай йўсин ёрдам берганини муҳокама қиламиз. Келинг, ундан қандай ўрнак олишимиз ва имондошларимизни қўллаб-қувватлашимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. (1 Кор. 11:1)

ПАВЛУС ИМОНДОШЛАРИГА ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШГА КЎМАКЛАШГАН

3. Павлус хизмат ҳамда иш борасида қандай нуқтаи назарда эди?

3 Павлус биродарларини қаттиқ севган. Унинг ўзи ҳам қийинчиликларга дуч келгани учун имондошларига раҳм-шафқат ва ҳамдардлик кўрсата олган. Бир сафар у пулсиз қолганида ўзини ҳамда ҳамкорларини қўллаб-қувватлаш учун иш топган. (Ҳавор. 20:34) У чодирлар тиккан. Павлус Коринф шаҳрига келганида, чодирлар тиккан Акила ва Прискилла билан ишлаган. Бироқ «ҳар Шаббат куни» у яҳудийларга ва юнонларга ваъз қилган. Сила билан Тимўтий келганида эса «Аллоҳнинг Каломи ҳақида айтишга астойдил киришган». (Ҳавор. 18:2–5) Павлус ҳаётидаги энг муҳим мақсадни, яъни Яҳовага хизмат қилишни ҳеч қачон унутмаган. У хизмат қилишда ва ўз эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишда яхши ўрнак бўлгани учун биродару опа-сингилларига далда бера олган. Павлус имондошларига ташвишларга кўмилиб кетмасликни ва оиласи учун ғамхўрлик қиламан деб «қайси нарсалар муҳимроқ эканини» унутмасликни эслатган. Улар Яҳовага топинишнинг барча соҳаларини қадрлаши керак эди. (Филип. 1:10)

4. Павлус билан Тимўтий имондошларга қийинчиликларни енгишга қандай кўмаклашган?

4 Салоникада янги жамоат ташкил этилганидан кўп вақт ўтмай у ердаги имондошлар кучли таъқибларга дуч келишди. Бир тўда душманлар Павлус билан Силани топа олмаганидан кейин, «айрим биродарларни шаҳар бошлиқларининг олдига судраб бориб, шундай деб бақиришди: “Бу кишиларнинг бари... подшоҳимизнинг фармонига қарши чиқишяпти”». (Ҳавор. 17:6, 7) Яқинда масиҳий бўлганлар шаҳар бошлиқлари уларга қарши чиққанидан қўрққан бўлса керак. Уларнинг ғайрати сусайиши мумкин эди. Павлус бундай бўлишини хоҳламаган. Павлус билан Сила шаҳарни тарк этган бўлса ҳам у ердаги жамоатга ёрдам берилиши учун ҳаракат қилишган. Ҳаворий Павлус салоникаликларга: «Тимўтийни олдингизга юбордик. У имонингизни мустаҳкамлаш учун сизларга тасалли бериб, қўллаб-қувватлайди. Токи ушбу қайғулар дастидан ҳеч бирингизнинг имонингиз тебранмасин»,— деб айтган. (1 Салон. 3:2, 3) Эҳтимол, Тимўтий ҳам она шаҳри Листрада қувғунларга учраган. У Павлус биродарларини қандай қўллаб-қувватлаганини кўрган. Тимўтий яқинда масиҳий бўлган биродару опа-сингилларни Яҳованинг кўмаги билан қийинчиликларни енга олишига ишонтирган. (Ҳавор. 14:8, 19–22; Иброн. 12:2)

5. Брайт оқсоқолнинг ёрдамидан қандай фойда олган?

5 Павлус яна қайси йўл орқали имондошларини мустаҳкамлаган? У ҳамда Барнабо Листра, Икония ва Антиохияга қайта ташриф буюришганида «ҳар бир жамоатда оқсоқолларни тайинлашган». (Ҳавор. 14:21–23) Шубҳасизки, ўша тайинланган оқсоқоллар жамоатдагилар учун тасалли манбаи бўлишган. Ҳозир ҳам худди шундай. Брайт исмли биродаримизнинг сўзларига эътибор беринг: «15 ёшда бўлганимда дадам уйдан кетди. Онам эса жамоатдан четлатилди. Ўшанда ўзимни ташлаб кетилган ва тушкун аҳволда ҳис қилардим». Бундай қийин пайтда Брайтга нима ёрдам берди? У шундай деди: «Тони исмли оқсоқол мен билан йиғилишларда ва бошқа пайтларда гаплашарди. У менга қийинчиликларга қарамай бахтли ҳаёт кечирганлар ҳақида гапириб берган. Тони Забур 27:10- ни мен билан бўлишган. Қолаверса, отаси яхши ўрнак бўлмаганига қарамай, Яҳовага садоқат ила хизмат қилган Ҳизқиё ҳақида тез-тез айтиб берган». Оқсоқолнинг қўллаб-қувватлагани Брайтга қандай таъсир қилди? У қуйидагича бўлишди: «Тонининг далдаси билан мамнуният келтирадиган тўла вақтли хизматни бошладим». Қадрдон оқсоқоллар, Брайтга ўхшаган имондошларга ёрдам беришга тайёр бўлинг. Эҳтимол, улар далда бахш этувчи «яхши сўзга» муҳтождир. (Ҳик. 12:25)

6. Қай йўсин Павлус Худонинг ўтмишдаги хизматчиларининг мисолидан фойдаланиб имондошларига далда берган?

6 Павлус имондошларига Яҳованинг кўмаги билан қийинчиликларни енгган «шоҳидлар оломони» ҳақида эслатган. (Иброн. 12:1) У ўтмишда ҳар хил қийинчиликларда бардошли бўлган Худо хизматчиларининг мисолларидан фойдаланган. Шу йўсин, Павлус биродару опа-сингилларига жасоратли бўлишга ва «барҳаёт Худонинг шаҳрига» кўз тикишга ёрдам берган. (Иброн. 12:22) Биз ҳам Гидўн, Барақ, Довуд, Шомуил ва бошқа кўпларга Яҳова қандай ёрдам берганини ўқиганимизда кучга тўламиз, шундай эмасми?! (Иброн. 11:32–35) Бизнинг давримиздаги имондошларимиз ҳақида нима деса бўлади? Яҳованинг садоқатли хизматчиларининг таржимаи ҳолларини ўқиб, имони мустаҳкамланган биродару опа-сингиллардан халқаро бош идорага тез-тез хатлар келади.

ПАВЛУС ИМОНДОШЛАРИГА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЎЗАРО ТИНЧ ЯШАШ МУМКИНЛИГИНИ КЎРСАТГАН

7. Павлуснинг маслаҳатидан нимани ўрганишингиз мумкин? (Римликларга 14:19–21)

7 Жамоатда тинчлик пайида бўлсак, имондошларимизни қўллаб-қувватлаймиз. Турли хил нуқтаи назарга эга бўлганимиз бўлинишларга сабаб бўлишини истамаймиз. Муқаддас Китобга зид бўлмаган вазиятда мослашувчан бўлишга ҳаракат қиламиз. Бир мисолни олайлик. Римдаги жамоатда ҳам яҳудий, ҳам ўзга халқ вакиллари бўлган. Мусонинг Қонуни бекор қилинганда, Худонинг хизматчилари муайян нарсаларни емаслик ҳақидаги қонунларга амал қилмасликлари керак эди. (Марк 7:19) Ўша вақтдан бошлаб баъзи яҳудий масиҳийлар ҳамма нарсани бемалол ея олишган. Лекин айрим яҳудий масиҳийлар бундай йўл тутишни тўғри деб билишмаган. Шу сабабли жамоатда бўлинишлар юзага келган. Павлус тинчлик пайида бўлиш муҳим эканини таъкидлаб, шундай деган: «Ундан кўра гўшт емаган, шароб ичмаган ёки биродарингизни қоқинтирадиган бирон иш қилмаган маъқул». (Римликларга 14:19–21 ни ўқинг.) Шу тариқа, Павлус имондошларига бундай баҳс-мунозаралар нафақат алоҳида бир кишига, балки бутун жамоатга зарар келтириши мумкинлигини тушунишга ёрдам берган. У шунингдек, бошқаларни қоқинтирмаслик учун ўз нуқтаи назарини ўзгартиришга тайёр бўлган. (1 Кор. 9:19–22) Биз ҳам шахсий танлов масалаларида баҳслашмасак, тинчликни сақлаймиз ва бошқаларни қўллаб-қувватлаймиз.

8. Муҳим масала жамоатнинг тинчлигига рахна солаётганда Павлус бунга қандай муносабатда бўлган?

8 Павлус муҳим масалаларда норози бўлганлар билан тинчликни сақлаш борасида яхши ўрнак кўрсатган. Масалан, биринчи асрдаги баъзи масиҳийлар ўзга миллат вакили бўлган масиҳийлар суннат қилиниши керак деб ҳисоблашган. Эҳтимол, улар яҳудийларнинг танқидига дуч келмаслик учун бундай ўйлагандир. (Галат. 6:12) Павлус бунга қарши бўлган, лекин у ўз нуқтаи назарини олға суришнинг ўрнига камтарлик ила Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллардан маслаҳат сўраган. (Ҳавор. 15:1, 2) Натижада Павлус ўша масиҳийларга жамоатда қувонч ва тинчликни сақлаб қолишга ёрдам берган. (Ҳавор. 15:30, 31)

9. Павлуснинг ўрнагига қандай тақлид қилишимиз мумкин?

9 Жиддий баҳс-мунозаралар кўтарилганида, Яҳова жамоатга ғамхўрлик қилиш учун тайинлаган кишилардан йўл-йўриқ изласак тинчлик пайида бўламиз. Кўп ҳолларда адабиётларимиздан ёки ташкилотимиз тақдим этаётган йўл-йўриқлардан Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатларни топишимиз мумкин. Шахсий нуқтаи назаримизни олға суришнинг ўрнига уларга амал қилсак, жамоатда тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшамиз.

10. Павлус жамоатда тинчлик бўлиши учун яна нима қилган?

10 Павлус имондошларининг салбий эмас, ижобий фазилатларини таъкидлаб тинчликни сақлаган. Масалан, римликларга йўллаган мактубининг охирида у кўпларнинг исмларини тилга олиб, уларнинг ижобий томонларини ва ўзига хос яхши фазилатларини айтиб ўтган. Биз ҳам имондошларимизнинг ижобий фазилатларини айтишдан тортинмасак, Павлусга ўхшаб йўл тутган бўламиз. Шу тариқа, имондошларимиз орасидаги севгини ошириб, дўстона муносабатларни ривожлантира оламиз.

11. Тушунмовчилик юзага келганида тинчлик ўрнатишга қандай қилиб ҳисса қўша оламиз?

11 Баъзида маънан етук имондошлар ҳам норози бўлиши ёки ўзаро баҳслашиши мумкин. Бу Павлус ва унинг яқин дўсти Барнабо билан юз берган. Улар орасида Маркни кейинги ваъзгўйлик сафарига олиб бориш борасида норозилик юзага келган. Улар «қаттиқ тортишиб қолишди-да, бир-биридан айрилишди». (Ҳавор. 15:37–39) Лекин Павлус, Барнабо ва Марк ўзаро ярашиб олишган. Шу йўсин, жамоатдаги тинчлик ва бирликни қадрлашини кўрсатишган. Кейинчалик Павлус Барнабо ва Марк тўғрисида ижобий тарзда гапирган. (1 Кор. 9:6; Колос. 4:10) Жамоатдагилар билан тушунмовчилик юзага келганида биз ҳам масалани ҳал қилиб, уларнинг ижобий фазилатларига диққат қаратишда давом этишимиз керак. Бундай қилсак, тинчликка ва бирликка ўз ҳиссамизни қўшамиз. (Эфес. 4:3)

ПАВЛУС БИРОДАРУ ОПА-СИНГИЛЛАРИНИНГ ИМОНИНИ МУСТАҲКАМЛАГАН

12. Биродару опа-сингилларимиз дуч келаётган баъзи қийинчиликлар қандай?

12 Имондошларимизнинг Яҳовага бўлган ишончини кучайтириб, уларни қўллаб-қувватлаган бўламиз. Баъзилар имондошимиз бўлмаган оила аъзолари, ҳамкасблари ёки синфдошлари томонидан масхара қилинади. Айримлар жиддий соғлик муаммолари ёки оғриқли ҳис-туйғулари билан курашади. Бошқалар эса анча йиллар олдин сувга чўмиб бу ёвуз дунёнинг охирини кутади. Бундай вазиятларда имонимиз синалиши ҳеч гап эмас. Биринчи асрдаги масиҳийлар ҳам бу каби қийинчиликларга дуч келган. Павлус уларни қай йўсин қўллаб-қувватлаган?

Қай йўсин ҳаворий Павлус каби бошқаларни қўллаб-қувватлай оламиз? (13–16- хатбошиларига қаранг.) *

13. Павлус эътиқоди учун масхара қилинган имондошларига қандай ёрдам берган?

13 Павлус Муқаддас Ёзувлардан фойдаланиб, биродару опа-сингилларининг имонини мустаҳкамлаган. Мисол учун, яҳудий масиҳийлар имондоши бўлмаган оила аъзолари ўз динини уларникидан устунроқ деб таъкидлашганида қандай жавоб беришни билишмагандир. Шубҳасизки, Павлуснинг ибронийларга йўллаган мактуби уларни мустаҳкамлаган. (Иброн. 1:5, 6; 2:2, 3; 9:24, 25) Улар Павлуснинг таъсирли фикр-мулоҳазаларидан фойдаланиб, қарши чиққан оила аъзоларига нима дейиш кераклигини билишган. Бугунги кунда масхараларга дуч келаётган имондошларимизга эътиқод қилаётган нарсаларнинг сабабларини тушунтиришга ёрдам бериш ниятида Муқаддас Китобга асосланган адабиётлардан фойдаланишимиз мумкин. Агар ёшлар байрамларни нишонламаётгани учун масхара қилинаётган бўлса, уларга «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобининг 44- дарсидан маълумотни топишга ёрдам бериб, нега байрамларни нишонламаслигимизни кўрсата оламиз.

Қай йўсин ҳаворий Павлус каби бошқаларни қўллаб-қувватлай оламиз? (14- хатбошига қаранг.) *

14. Павлус ваъзгўйлик ва таълим бериш иши билан банд бўлишига қарамай нималар қилган?

14 Павлус биродару опа-сингилларини «эзгу ишлар» орқали севги кўрсатишга ундаган. (Иброн. 10:24) У имондошларига нафақат сўзда, балки амалда ёрдам кўрсатган. Мисол учун, Яҳудиядаги имондошлар очарчиликка дуч келганида Павлус уларга керакли баъзи нарсаларни етказиб берган. (Ҳавор. 11:27–30) Дарҳақиқат, Павлус ваъзгўйлик ва таълим бериш иши билан банд бўлишига қарамай, моддий ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашиш йўлларини доим излаган. (Галат. 2:10) Бундай қилиб, у имондошларининг Яҳова уларга ғамхўрлик қилишига бўлган ишончини мустаҳкамлаган. Биз ҳам табиий офатлардан зарар кўрганларга кўмаклашиш учун вақт, куч ва кўникмаларимиздан фойдалансак, биродару опа-сингилларимизнинг имонини мустаҳкамлаймиз. Шунингдек, умумжаҳон ишига мунтазам равишда хайр-эҳсон қиламиз. Шу ва бошқа йўллар орқали биродару опа-сингилларимизга Яҳова уларни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигига ишонишга ёрдам берамиз.

Қай йўсин ҳаворий Павлус каби бошқаларни қўллаб-қувватлай оламиз? (16- хатбошига қаранг.) *

15, 16. Имони сусайиб қолган имондошларга қай йўсин далда бера оламиз?

15 Павлус имони сусайиб қолганларга доим ёрдам берган. Уларга раҳм-шафқат кўрсатиб, илиқ ва ижобий тарзда гапирган. (Иброн. 6:9; 10:39) Мисол учун, Павлус ибронийларга ёзган мактубида «биз» каби сўзлардан фойдаланган. Шу йўсин, у берган маслаҳатларига ўзи ҳам амал қилиши кераклигини кўрсатган. (Иброн. 2:1, 3) Павлус каби биз ҳам имони сусайиб қолганлардан умидимизни узмаслигимиз лозим. Бундай инсонларга самимий қизиқиш кўрсатиш орқали уларни қўллаб-қувватлаймиз ва ўз севгимизга ишонтирамиз. Мулойим оҳангимиз сўзларимизни янада таъсирли қилиб, тингловчиларга далда беради.

16 Павлус имондошларини Яҳова уларнинг эзгу ишларини билишига ишонтирган. (Иброн. 10:32–34) Биз ҳам имони сусайиб қолган имондошларимизни қўллаб-қувватламоқчи бўлганимизда шундай қилсак бўлади. Масалан, улардан ҳақиқатни қандай билиб олишганини сўрармиз ёки Яҳованинг ёрдамини ҳис қилган вазиятлари ҳақида ўйлаб кўришга ундармиз. Яҳова уларнинг севги ила қилган ишларини унутмаганига ва келажакда ҳам ташлаб қўймаслигига уларни ишонтирсак бўлади. (Иброн. 6:10; 13:6) Бу каби суҳбатлар бундай азиз имондошларимизга далда бериб, хизматини давом эттиришга туртки бўлиши мумкин.

«БИР-БИРИНГИЗГА ДАЛДА БЕРИНГЛАР»

17. Нималар устида ишлашда давом эта оламиз?

17 Қурувчи вақт ўтгани сари маҳоратини яхшилаганидек, биз ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлашда яхшиланишимиз мумкин. Ўтмишда сабр-бардош қилганларнинг мисолларини бўлишиш орқали имондошларимизга синовларни енгиш учун кучли бўлишга ёрдам бера оламиз. Ўзгаларнинг яхши томонларига диққат қаратиб тинчлик пайида бўлишимиз мумкин. Босимга дуч келганда тинчлик сақлай оламиз. Турли хил нуқтаи назар пайдо бўлганида тинчлик ўрнатсак бўлади. Бундан ташқари, биродару опа-сингилларимиз билан Муқаддас Китобдаги муҳим ҳақиқатларни бўлишиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва маънан сусайиб қолганларнинг имонини мустаҳкамлаш орқали уларни қўллаб-қувватлашда давом эта оламиз.

18. Нима қилишга қарорингиз қатъий?

18 Ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида иштирок этадиганлар қувонч ва мамнуният ҳис қилишади. Биз жамоатимизнинг мажозий маънодаги қурилишида иштирок этиб, яъни биродару опа-сингилларимизнинг имонини мустаҳкамлашга кўмаклашиб, бу гўзал туйғуларни ҳис эта оламиз. Охир-оқибат бузилиб кетадиган том маънодаги бинолардан фарқли ўлароқ, ҳаракатларимизнинг натижаси абадий давом этиши мумкин. Шунинг учун, келинг: «Бир-бирингизга далда бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар»,— деган сўзларга амал қилиш қароримиз қатъий бўлсин! (1 Салон. 5:11)

100- ҚЎШИҚ Меҳмондўст бўлинглар

^ Ҳозир ҳаёт ниҳоятда оғир. Биродару опа-сингилларимиз турли босимларга дуч келяпти. Агар имондошларимизга далда бериш йўлларини изласак уларга ёрдам бера оламиз. Бунда ҳаворий Павлуснинг ўрнагини кўриб чиқиш биз учун фойдали бўлади.

^ РАСМГА ШАРҲ. Қизалоқ Янги йилни нишонлаш босимига дуч келган. Отаси унга бу босимга қарши туриш учун адабиётлардаги маслаҳатларни топишга ёрдам беряпти.

^ РАСМГА ШАРҲ. Бир жуфтлик мамлакатнинг бошқа жойига бориб, табиий офатдан зарар кўрганларга ёрдам беряпти.

^ РАСМГА ШАРҲ. Бир оқсоқол имони сусайиб қолган биродар билан учрашган. У ўша биродарга доимий кашшофлар мактабида бирга тушган расмларни кўрсатяпти. Ўша биродар расмларни кўриб, қувончли дамларни эслаяпти. У Яҳовага хизмат қилган пайтда туйган қувончни яна ҳис қилмоқчи. Вақт ўтиб, у жамоатга қайтди.