Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

33- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳованинг нигоҳи хизматчиларига қаратилган

Яҳованинг нигоҳи хизматчиларига қаратилган

Яҳованинг нигоҳи Ундан қўрқадиганларга... қаратилган. ЗАБ. 33:18

4- ҚЎШИҚ «Яҳова менинг Чўпонимдир»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега Исо Яҳовадан издошларини ҳимоя қилишини сўраган?

 ЎЛИМИДАН олдинги кечада Исо самовий Отамизга ибодат қилиб, издошларини ҳимоя қилишини сўраган. (Юҳан. 17:15, 20) Албатта, Яҳованинг нигоҳи халқига қаратилган, яъни У хизматчиларига ғамхўрлик қилади ва уларни ҳимоялайди. Бироқ Исо шуни билганки, Шайтон издошларини қаттиқ таъқиб қилади ва улар унинг маккор ҳужумларига қарши тура олиши учун Худонинг кўмагига муҳтож.

2. Забур 33:18–20 га кўра, қийинчиликларга дуч келганимизда нега қўрқмаслигимиз керак?

2 Шайтон бошқараётган бу дунёда кўп қийинчиликларга дуч келяпмиз. Улар руҳимизни тушириши ва ҳатто Яҳовага бўлган садоқатимизни синаши мумкин. Бу мақоладан қўрқувга берилмаслигимиз кераклигини билиб оламиз. Яҳованинг нигоҳи бизга қаратилган. У дуч келаётган қийинчиликларимизни кўриб турибди ва уларни енгишимизга ёрдам беришга доим тайёр. Келинг, Муқаддас Китобда тилга олинган иккита инсоннинг мисоли орқали «Яҳованинг нигоҳи Ундан қўрқадиганларга» қай йўсин қаратилганини кўриб чиқайлик. (Забур 33:18–20 ни ўқинг.)

ЎЗИМИЗНИ ЁЛҒИЗ ҲИС ҚИЛГАНИМИЗДА

3. Қачон ўзимизни ёлғиз ҳис қилишимиз мумкин?

3 Кўпгина имондошларимиз борлигига қарамай, гоҳида ўзимизни ёлғиз ҳис қилишимиз мумкин. Мисол учун, ёшлар мактабда синфдошларига эътиқодини тушунтираётганида ёки бошқа жамоатга ўтганда ўзини ёлғиз ҳис қилар. Баъзилар эса қайғуга ботиши ёки салбий туйғулар билан курашиши мумкин. Бундай пайтда улар: «Бу туйғуларни якка ўзим енгишим керак»,— деган хаёлга бориши ҳеч гап эмас. Ё бўлмаса, бошқалар бизни тушунмайди деб уларга ичимиздагини айтишдан тортинишимиз мумкин. Баъзида бизга чин дилдан ғамхўрлик қиладиган одам йўқ, деб ўйлармиз. Ёлғизлик туйғусининг сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, хавотирларга берилиб, умидсизликка тушишимиз мумкин. Яҳова ўзимизни бундай ҳис қилишимизни истамайди. Нега бундай дея оламиз?

4. Нега Илёс пайғамбар: «Ёлғиз мен қочиб қутулдим»,— деб айтган?

4 Келинг, садоқатли Илёс пайғамбарнинг мисолига диққат қаратайлик. Малика Изабел уни ўлдиришга қасам ичган. Шу боис, 40 кундан кўпроқ Илёс ундан қочиб юрган. (3 Шоҳ. 19:1–9) Охир-оқибат ғорда ёлғиз қолганида, у Яҳовага илтижо қилиб, шундай деган: «[Пайғамбарлар орасидан] ёлғиз мен қочиб қутулдим». (3 Шоҳ. 19:10) Лекин бошқа пайғамбарлар ҳам бор эди. Ободиё 100 та пайғамбарни малика Изабелнинг қўлидан қутқариб қолган эди. (3 Шоҳ. 18:7, 13) Илёс нега ўзини бунчалик ёлғиз ҳис қилган? У Ободиё қутқариб қолган пайғамбарлар ўлган деб ўйлаганми? Ёки Кармил тоғида Яҳова Ўзини ҳақиқий Худо эканини исботлаганидан кейин ҳам ҳеч ким Унга топинишни бошламагани сабаб бўлганми? Ё бўлмаса, душманлар уни ўлдирмоқчи бўлганини ҳеч ким билмайди ёхуд у билан бирон кимнинг иши йўқ деб ўйлаганми? Баёнотда Илёс нега ўзини бундай ҳис қилгани тўлиқ тушунтирилмаган. Лекин Яҳова нега Илёс ўзини ёлғиз ҳис қилганини тушунганига ва унга қандай ёрдам беришни билганига аминмиз.

Ўзимизни ёлғиз ҳис қилганда Яҳова Илёсга ёрдам бергани бизга қандай сабоқ бўла олади? (5-, 6- хатбошиларига қаранг.)

5. Яҳова Илёсни ёлғиз эмаслигига қай йўсин ишонтирган?

5 Яҳова Илёсга турли йўллар орқали ёрдам берган. Уни гапиришга чорлаб Яҳова икки марта ундан: «Бу ерда нима қиляпсан?» — деб сўраган. (3 Шоҳ. 19:9, 13) Ҳар сафар Яҳова унинг илтижоларини эшитган. Қолаверса, у билан биргалигини ва Қодир Тангри эканини намоён этган. Бундан ташқари, Яҳова Илёсни у каби топинаётган кўпгина исроилликлар борлигига ишонтирган. (3 Шоҳ. 19:11, 12, 18) Шубҳасизки, Илёс Худога ичидагиларини айтиб, Унинг жавобини эшитгач, ўзини анча енгил ҳис қилган. Яҳова Илёсга бир нечта муҳим вазифа топширган. У Хазайилни Сурия, Ёҳуни Исроил устидан шоҳ ҳамда Элишайни пайғамбар этиб тайинлаши керак эди. (3 Шоҳ. 19:15, 16) Бу вазифаларни топшириб, Яҳова Илёсга ижобий нарсаларга диққат қаратишга кўмаклашган. Бунинг устига унга яқин бўлиб қолган ҳамкори Элишайни берган. Хўш, сиз-чи, ўзингизни ёлғиз ҳис қилганда Яҳованинг кўмагига қандай эга бўла оласиз?

6. Ўзингизни ёлғиз ҳис қилганда нималар ҳақида ибодат қилишингиз мумкин? (Забур 62:8)

6 Яҳова сизни Унга ибодат қилишга чорлаяпти. У муаммоларингизни кўриб турибди ва доим ибодатларингизни эшитишига ишонтиряпти. (1 Салон. 5:17) Хизматчиларининг ибодатини эшитиш У учун ёқимли. (Ҳик. 15:8) Ўзингизни ёлғиз ҳис қилганда нима ҳақида ибодат қилишингиз мумкин? Илёсдек ичингиздагини Яҳовага тўкиб-солинг. (Забур 62:8 ни ўқинг.) Унга хавотир ва ҳис-туйғуларингизни айтинг. Улар билан курашиш учун Яҳовадан ёрдам сўранг. Масалан, мактабда ўзингизни ёлғиз ҳис қилсангиз ва шоҳидлик бераётганингизда қўрқсангиз Худодан жасорат сўранг. Эътиқодингизни хушмуомалалик ила тушунтириш учун Ундан донолик сўрасангиз бўлади. (Луқо 21:14, 15) Салбий ҳис-туйғулар билан курашаётган бўлсангиз, бу борада етук имондошимиз билан гаплашишга ёрдам бериши ҳақида Яҳовага ибодат қилишингиз мумкин. Ўша имондошимиз туйғуларингизни тушунишини ҳам ибодатда айтсангиз бўлади. Қалбингиздагини Яҳовага тўкиб-солинг, У сизга қандай жавоб бераётганини кузатинг ва бошқаларнинг ёрдамини қабул қилинг. Шунда ўзингизни камроқ ёлғиз ҳис қиласиз.

Хизматингизни кенгайтириш йўлларини излаб, улар ҳақида бошқаларга айтиб беряпсизми? (7- хатбошига қаранг.)

7. Маурисионинг мисолидан қандай сабоқ олишингиз мумкин?

7 Яҳова барчамизга арзигулик ишларни тақдим этган. Жамоатда ва хизматда қилаётганларимизга У эътибор беришига ва қадрлашига ишончингиз комил бўлсин. (Заб. 110:3) Ўзингизни ёлғиз ҳис қилганингизда бу ишлар билан банд бўлиш қай йўсин ёрдам бериши мумкин? Келинг, Маурисио исмли ёш биродаримизнинг мисолига эътибор берамиз *. Сувга чўмганидан кўп ўтмай, унинг энг яқин дўстларидан бири ҳақиқатдан узоқлаша бошлади. У шундай бўлишди: «Бу ўзимга бўлган ишончимга таъсир қилди. Мен: “Яҳовага берган ваъдамнинг устидан чиқа олармикинман? Ҳақиқатда қола олармикинман?” — деб ўйлардим. Ўзимни ёлғиз ҳис қилиб, бошқалар туйғуларимни тушунмайди деб ўйлардим». Маурисиога нима ёрдам берди? У шундай давом этди: «Хизматда кўпроқ қатнашдим. Бу нуқул ўзим ҳақимда ўйламасликка ва салбий туйғуларга берилмасликка ёрдам берди. Мен бахтли эдим ва бошқалар билан хизматда ҳамкорлик қилиб, ёлғизликни камроқ ҳис қилдим». Имондошлар билан юзма-юз кўришиб хизмат қила олмасак ҳам, масалан, улар билан бирга хатлар ёзиб ва телефон орқали шоҳидлик бериб далда оламиз. Маурисиога яна нима кўмаклашди? У шундай қўшиб қўйди: «Қолаверса, жамоатдаги ишлар билан банд эдим. Мен йиғилишларда бериладиган топшириқларга яхшилаб тайёрланиб, уларни бажарардим. Бу туфайли Яҳова ва бошқалар мени қадрлаётганини ҳис қилардим».

ОҒИР СИНОВЛАР ДАСТИДАН ТУШКУНЛИККА ТУШГАНИМИЗДА

8. Оғир синовлар бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

8 Охирзамонда қийинчиликларга дуч келишимизни биламиз. (2 Тим. 3:1) Аммо биронта қийинчилик бошимизга тушганида ҳайрон қолишимиз ҳеч гап эмас. Эҳтимол, бу пул етишмовчилиги, жиддий касаллик ёки яқинимизнинг ўлими бўлиши мумкин. Бундай пайтларда, айниқса, кетма-кет ёки бирданига бир нечта қийинчиликка дуч келганимизда тушкунликка тушармиз ва хавотирланармиз. Унутмангки, Яҳова нигоҳини бизга қаратяпти ва Унинг ёрдами билан ҳар қандай муаммони албатта енга оламиз.

9. Аюб дуч келган баъзи қийинчиликларни айтиб беринг.

9 Яҳова садоқатли бўлган Аюбга қандай ёрдам бергани ҳақида ўйлаб кўринг. Аюб қисқа вақт ичида бир қанча оғир синовларни бошдан кечирган. У бир куннинг ўзида чорваларидан маҳрум бўлгани, хизматчиларининг ўлгани ва энг оғриқлиси болаларидан айрилгани ҳақида эшитган. (Аюб 1:13–19) Бундан кўп ўтмай Аюб даҳшатли касалликка йўлиққан ва бу унинг ташқи кўринишига таъсир қилиб, оғриқ келтирган. (Аюб 2:7) Вазияти мушкул бўлганидан у: «Ҳаётимдан нафратланаман, умрим давом этишини истамайман»,— деган. (Аюб 7:16)

Яҳова Аюбни севгисига ишонтириш учун мавжудотларига меҳр ила ғамхўрлик қилишини айтиб берган (10- хатбошига қаранг.)

10. Синовлар пайтида бардошли бўла олиши учун Яҳова Аюбга нима тақдим этди? (Муқовадаги расмга қаранг.)

10 Яҳова нигоҳини Аюбга қаратган. У Аюбни севгани туфайли синовларга бардош қилиши ва садоқатли қолиши учун унга керакли барча нарсани тақдим этган. Яҳова Аюб билан гаплашиб, чексиз донолиги ва мавжудотларига меҳр ила ғамхўрлик қилишини эслатган. У кўпгина баҳайбат мавжудотлар ҳақида айтган. (Аюб 38:1, 2; 39:9, 13, 19, 27; 40:15; 41:1, 2) Шунингдек, У Аюбни мустаҳкамлаш ва далда бериш учун унинг ёнига ёш садоқатли хизматчиси Элихуни юборган. У Яҳова бардош қилган хизматчиларини доим мукофотлашига Аюбни ишонтирган ва унга севги ила маслаҳат берган. Элиху биз коинотнинг Яратувчиси Яҳованинг олдида миттигина эканимизни эслатиб, Аюбга фақат ўзи ҳақида ўйламасликка ёрдам берган. (Аюб 37:14) Шунингдек, Яҳова Аюбга вазифа топширган. У гуноҳ қилган учта дўсти учун ибодат қилиши керак эди. (Аюб 42:8–10) Оғир синовларга дуч келганимизда Яҳова бизни қандай қўллаб-қувватлайди?

11. Қийинчиликлар пайтида Муқаддас Китоб қандай ёрдам беради?

11 Аюбнинг вазиятида бўлганидай, Яҳова бизга тўғридан-тўғри гапирмаса-да, Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали мурожаат қилади. (Рим. 15:4) Худо келажакка бўлган умидни бериб бизга тасалли бахш этяпти. Синовларга дуч келганимизда далда бахш этадиган Муқаддас Китобдаги баъзи фикрларни кўриб чиқайлик. Аллоҳ ҳеч нарса, жумладан, мушкул синовлар ҳам бизни Унинг «севгисидан жудо қилишга қодир эмаслигига» ишонтиряпти. (Рим. 8:38, 39) Қолаверса, Худо ибодатда «Уни чақираётган кишиларга» яқин эканига ишонч бахш этяпти. (Заб. 145:18) Яҳова Унга таянсак, ҳар қандай қийинчиликни енга олишимизни ва азоб чекаётган бўлсак ҳам бахтиёр бўлишимизни айтяпти. (1 Кор. 10:13; Ёқб. 1:2, 12) Шунингдек, ваъда қилинаётган абадий баракалар билан солиштирганда ҳозирги қийинчиликларимиз вақтинча эканини билиб оляпмиз. (2 Кор. 4:16–18) Яҳова қийинчиликларимизнинг асл сабабини таг-томири билан суғуриб ташлашни, яъни Шайтон Иблис ва унга тақлид қилаётганларни йўқ қилишни ваъда беряпти. (Заб. 37:10) Келажакдаги синовларни енгишингизга кўмаклашадиган оятларни ёдлаб олдингизми?

12. Худонинг Каломи фойда келтиришини хоҳласак нима қилишимиз керак?

12 Яҳова Муқаддас Китобни доим тадқиқ қилишга ва чуқур мулоҳаза юритишга вақт ажратишимизни хоҳлайди. Ўрганганларимизни амалда қўлласак имонимиз кучли бўлиб, самовий Отамиз билан яқин муносабатларга эга бўламиз. Натижада синовларни енга оламиз. Шунингдек, Яҳова Унинг Каломига ишонаётганларга муқаддас руҳини беради. Бу руҳ ёрдамида ҳар қандай синовларни енгиш учун «инсонларникидан устун турган кучга» эга бўламиз. (2 Кор. 4:7–10)

13. «Ишончли ва ақлли хизматкор» тақдим этаётган маънавий озуқа синовларни енгишимизга қай йўсин ёрдам беради?

13 «Ишончли ва ақлли хизматкор» Яҳованинг ёрдами билан кўпдан-кўп мақолалар, видеолар ҳамда мусиқалар тақдим этяпти. Улар имонимизни мустаҳкамлашга ва маънан ҳушёр туришга ёрдам беради. (Мат. 24:45) Яҳова ўз вақтида тақдим этаётган барча нарсадан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Яқинда Қўшма Штатлардаги бир опамиз маънавий озуқа учун ўз миннатдорчилигини билдириб, шундай деди: «Яҳованинг хизматида ўтказган 40 йил мобайнида бенуқсонлигим бир неча марта синалган». У оғир қийинчиликларга дуч келган. Масалан, маст ҳайдовчи унинг бобосини машинада уриб кетган, ота-онаси оғир касалликка чалиниб ҳаётдан кўз юмган, ўзи эса икки марта саратон касаллигига чалинган. Унга сабр-бардошли бўлишга нима ёрдам берган? Опамиз қуйидагича бўлишди: «Яҳова доим менга ғамхўрлик қилган. У ишончли ва ақлли хизматкор орқали тақдим этаётган маънавий озуқа чидамли бўлишимга кўмаклашди. Шу сабабли, мен ҳам Аюб каби: “Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!” — деб айта оламан». (Аюб 27:5)

Жамоатдагилар учун қандай қилиб барака бўла оласиз? (14- хатбошига қаранг.)

14. Қийинчиликлар пайтида Яҳова бизни қўллаб-қувватлаш учун имондошларимиздан қандай фойдаланади? (1 Салоникаликларга 4:9)

14 Яҳова Ўз халқини қийинчиликлар пайтида бир-бирини севишга ва ўзаро тасалли беришга ўргатяпти. (2 Кор. 1:3, 4; 1 Салоникаликларга 4:9 ни ўқинг.) Қийинчиликларга дуч келганимизда, имондошларимиз Элихуга тақлид қилиб, содиқ бўлиб қолишимизга ёрдам беришга интилишади. (Ҳавор. 14:22) Мисол учун, Диананинг эри жиддий соғлик муаммосидан азоб чекканида жамоатидагилар унга далда бериб, маънан кучли қолишига кўмаклашишган. У шундай деб бўлишди: «Бу жуда оғир эди. Лекин ўша мушкул бир неча ой давомида Яҳованинг қудратли қўллари остида севгисини ҳис қилардик. Имондошлар бизни роса қўллаб-қувватлашди. Улар бизникига келишган, қўнғироқ қилишган, бизни қучоқлашган. Бу олға интилишимизга кўмаклашган. Машина ҳайдашни билмаганим учун имконим бўлганида имондошларимиз мени йиғилишга ва хизматга олиб кетишарди». Бу каби севгига тўла маънавий оила аъзоси бўлиш катта барака!

ЯҲОВАНИНГ ҒАМХЎРЛИГИ УЧУН МИННАТДОР БЎЛИНГ

15. Қийинчиликларни енга олишга нега ишончимиз комил?

15 Барчамиз турли хил қийинчиликларга дуч келамиз. Лекин билиб олганимиздек уларни енгишда ёлғиз эмасмиз. Севувчи ота сингари Яҳова нигоҳини биздан ҳеч қачон узмайди. У бизнинг ёнимизда ва ёрдам сўраб қилган ибодатимизни эшитишга ҳамда бизни қўллаб-қувватлашга доим тайёр. (Ишаё 43:2) Худо бизга керакли барча нарсани тақдим этгани учун қийинчиликларни енга олишга ишончимиз комил. У бизга ибодат қилиш ҳадясини, Муқаддас Китобни, кўпдан-кўп маънавий озуқани ва ёрдамга тайёр меҳрибон имондошларимизни берган.

16. Яҳова бизга ғамхўрлик қилишда давом этиши учун нима қилишимиз керак?

16 Самовий Отамизнинг нигоҳи бизга қаратилганидан жуда миннатдормиз. «У туфайли қалбимиз қувончга тўляпти». (Заб. 33:21) Яҳованинг ғамхўрлиги учун миннатдорчилигимизни У ёрдам тариқасида тақдим этаётган нарсалардан фойдаланиб кўрсата оламиз. Худо бизга ғамхўрлик қилишда давом этиши учун ўзимиз ҳам ҳаракат қилишимиз лозим. Бошқача айтганда, Яҳовага қулоқ солиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилишда ва У тўғри деб билган ишларни қилишда давом этсак, У нигоҳини биздан ҳеч қачон узмайди. (1 Бутр. 3:12)

30- ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим

^ Қийинчиликларимизни енгиш учун Яҳованинг ёрдамига муҳтожмиз. Ушбу мақола бизни Яҳованинг нигоҳи хизматчиларига қаратилганига ишонтиради. У муаммоларимиздан хабардор ва уларни енгиш учун керакли барча нарсани тақдим этади.

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.