Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

34- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Ҳақиқат йўлида юринг»

«Ҳақиқат йўлида юринг»

Ҳақиқат йўлида юринг. 3 ЮҲАН. 4

111- ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик Манбаидир

БУ МАҚОЛАДА *

1. «Ҳақиқатни» билганимиз борасидаги суҳбатлар бизга қандай фойда келтиради?

 «ҲАҚИҚАТНИ қандай билиб олгансиз?» Шубҳасизки, бу саволга кўп маротаба жавоб бергансиз. Имондошларимиз билан танишганимизда бу саволни берамиз. Улар Яҳовани қандай таниб-билгани ва Унга нисбатан севгиси қай йўсин пайдо бўлгани ҳақида айтиб берганларини эшитишни яхши кўрамиз. Ўзимиз ҳам бу билан бўлишишни хуш кўрамиз. (Рим. 1:11) Бундай суҳбатлар ҳақиқат қанчалик қадрли эканини бизга эслатади. Шунингдек, бу «ҳақиқат йўлида юриш», яъни Яҳованинг баракаларига ва Уни марҳаматига эга бўлишга ёрдам берадиган тарзда яшаш қароримизни мустаҳкамлайди. (3 Юҳан. 4)

2. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

2 Ушбу мақолада нега ҳақиқатни яхши кўришимизнинг баъзи сабабларига диққат қаратамиз. Қолаверса, бу ажойиб ҳадяни севишимизни қай йўсин кўрсатишимизни ҳам муҳокама қиламиз. Шак-шубҳасизки, ушбу мақола Яҳова бизни ҳақиқатга жалб қилганига бўлган миннатдорчилигимизни оширади. (Юҳан. 6:44) Шунингдек, бу Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни бошқалар билан бўлишиш истагимизни кучайтиради.

«ҲАҚИҚАТНИ» НЕГА ЯХШИ КЎРАМИЗ?

3. Ҳақиқатни яхши кўришимизнинг энг муҳим сабаби қандай?

3 Ҳақиқатни кўп сабабларга кўра яхши кўрамиз. Энг муҳими, ҳақиқат Манбаи бўлмиш Тангри Яҳовани севамиз. Унинг Каломидан У нафақат осмону ерни барпо қилган қудратли Яратувчи, балки бизга севги ила ғамхўрлик қилаётган меҳрибон самовий Отамиз эканини ҳам билиб олдик. (1 Бутр. 5:7) Ҳа, Аллоҳимиз «шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой». (Чиқ. 34:6) Яҳова адолатни яхши кўради. (Ишаё 61:8) Азоб чекаётганимизни кўриш Худога оғир ботади. Шунинг учун, У ўз вақтида барча азоб-уқубатларга чек қўйишни хоҳлайди ва У бунга тайёр. (Ерм. 29:11) Нақадар ажойиб! Бу Яҳовани қаттиқ севишимизнинг сабабларидан бири, холос!

Муқаддас Китобдаги ҳақиқат... Лангардай

Лангар кемани бир жойда тўхтатиб турганидек, Муқаддас Китобга асосланган умидимиз ҳам қийинчиликларга дуч келганимизда хотиржамликни сақлашга ёрдам бериши мумкин. Муқаддас Китобдаги ҳақиқат келажакка бўлган умидимизни бошқаларга айтишга ундайди (4–7- хатбошиларига қаранг.)

4, 5. Нега ҳаворий Павлус умидимизни лангар билан солиштирган?

4 Ҳақиқатни яхши кўришимизнинг яна қандай сабаби бор? У бизга кўп фойда келтиради. Муқаддас Китобдаги ҳақиқат келажакка бўлган умидни ҳам ўз ичига олади. У муҳим экани борасида ҳаворий Павлус қуйидагича мисол келтирган: «Бу умид жонимиз учун лангардек ишончли ва мустаҳкамдир». (Иброн. 6:19) Лангар кемани бир жойда тўхтатиб турганидек, Муқаддас Китобга асосланган умидимиз ҳам қийинчиликларга дуч келганимизда ички хотиржамликни сақлашимизга ёрдам беради.

5 Ушбу матн таркибида Павлус мойланган масиҳийлар қадрлайдиган самовий умид ҳақида айтган. Лекин унинг сўзлари ер юзидаги жаннатда абадий яшашни интиқиб кутаётган масиҳийларга ҳам тегишли. (Юҳан. 3:16) Ҳа, абадий яшаш умиди ҳақида билиб олганимиз ҳаётимизни чинакамига мазмунли қилди.

6, 7. Келажак борасида ҳақиқатни билиш Ивонга қандай фойда келтирди?

6 Ивон исмли опамизнинг мисолига эътибор қаратайлик. У ҳақиқатда улғаймаган ва болалигида ўлимдан қўрққан. Ивон ўқиган қуйидаги сўзлар онгига ўрнашиб қолганини эслайди: «Бир кун келиб эртанги кун бўлмайди». У шундай деди: «Бу сўзлар келажагим ҳақида ўйлашга ундади. Бунинг дастидан туни билан ухламай чиқдим. Ичимда: “Ахир ҳаёт давом этиши керак-ку! Яшашимдан нима мазмун?” — деб айтардим. Ўлишни ҳечам хоҳламасдим».

7 Кейинчалик ўсмирлигида Ивон Яҳованинг Шоҳидлари билан танишди. У қуйидагича бўлишди: «Мен ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умидига эга бўлишим мумкинлигига ишона бошладим». Ҳақиқатни билиб олиш опамизга қандай фойда келтирди? У шундай деди: «Энди кечалари келажак ёки ўлим тўғрисида хавотирланмай бемалол ухлай оляпман». Ҳақиқат Ивон учун жуда ҳам қимматбаҳо ва уни бошқалар билан бўлишиш унга мамнуният келтиряпти. (1 Тим. 4:16)

Муқаддас Китобдаги ҳақиқат... Хазинадай

Яҳовага ҳозир хизмат қилаётганимизни ва келажакда ҳам Шоҳлигининг бошқаруви остида абадулабад бундай қилиш имконини хазина деб биламиз. Бу ҳар қандай фидойиликка арзийди (8–11- хатбошиларига қаранг.)

8, 9. а) Исонинг бир масалидаги киши топган хазинасини қанчалик қадрлаган? б) Ҳақиқат сиз учун қанчалик қимматбаҳо?

8 Ҳақиқат Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабардан ҳам иборат. Исо Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқатни яширин хазина билан солиштирган. Матто 13:44 да у қуйидагича деган: «Осмон Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир киши уни топиб, яна яширибди-да, севинганидан бориб бутун мол-мулкини сотиб, ўша далани харид қилибди». Эътибор берган бўлсангиз ўша киши хазинани қидирмаган, лекин топганида унга эга бўлиш учун кўп нарсадан воз кечган. У барча нарсасини сотган. Нима учун? Чунки у топган хазина жуда қимматбаҳо бўлиб, воз кечган нарсасидан анча қадрлироқ эканини билган.

9 Сиз ҳам ҳақиқатни қимматбаҳо деб биласизми? Шубҳасизки, ҳа! Бу дунёдаги ҳеч нарса хизматимиз келтираётган қувончга тенг кела олмаслигини биламиз. Бунинг устига, Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида келажакда абадий яшаш умидига эгамиз. Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлиш шарафи ҳар қандай фидойилигимиздан анча қадрлироқ. Яҳовани «ҳар жиҳатдан мамнун қилиш» бизга улкан қувонч келтиряпти. (Колос. 1:10)

10, 11. Ҳаётига ўзгариш киритишга Майклни нима ундаган?

10 Кўпчилигимиз Яҳовани мамнун қилиш учун фидойиликларга борганмиз. Айримлар нуфузли ишидан воз кечган, бошқалар бойлик орттириш сари интилмай қўйган. Баъзилар эса Яҳова ҳақида билгандан кейин ҳаёт тарзини ўзгартирган. Майкл ҳам худди шундай йўл тутган. У ҳақиқатда улғаймаган ва ёшлигида карате билан шуғулланган. Майкл қуйидагича бўлишди: «Жисмонан соғлом бўлиш мен учун муҳим эди. Баъзида ўзимни енгилмас ҳис қилардим». Лекин Муқаддас Китоб тадқиқини бошлагач, у Яҳованинг зўравонликка нисбатан нуқтаи назарини билиб олган. (Заб. 11:5) Майкл у билан тадқиқ ўтказган жуфтлик ҳақида шундай деди: «Улар менга каратени ташлашинг керак деб ҳеч қачон айтишмаган. Шунчаки Муқаддас Китоб ҳақиқатларини ўргатишда давом этишган».

11 Майкл Яҳова ҳақида билим олгани сайин Унга бўлган севгиси ҳам ошган. Унга айниқса, Худо хизматчиларига раҳм-шафқат кўрсатаётгани таъсир қилган. Вақт ўтгач, у ҳаётини ўзгартирадиган қарор чиқариши кераклигини англаган. Майкл шундай деди: «Каратега нуқта қўйиш ҳаётимдаги энг оғир қарор бўлишини тушунганман. Аммо бу Яҳовани қувонтиришини ҳам билардим. Худога хизмат қилиш ҳар қандай фидойиликдан ҳам қадрлироқ эканига амин эдим». Майкл топган ҳақиқатни қадрлаган. Бу уни ҳаётига катта ўзгаришлар киритишга ундаган. (Ёқб. 1:25)

Муқаддас Китобдаги ҳақиқат... Чироқдай

Қоронғи жойда чироқ йўлимизни кўришга ёрдам беради. Шу сингари, Худонинг Каломи Шайтоннинг бу ёвуз дунёсида доно қарорлар чиқаришимизга кўмаклашади (12-, 13- хатбошиларига қаранг.)

12, 13. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билиш Майлига қандай ёрдам берган?

12 Ҳақиқат бебаҳо ва Муқаддас Китобда у қоронғиликда ёниб турган чироқ билан солиштирилган. (Заб. 119:105; Эфес. 5:8) Озарбайжондан бўлган Майли исмли опамиз Худонинг Каломидан билиб олганлари учун жуда миннатдор. Унинг ота-онаси ҳар хил дин вакиллари, яъни отаси мусулмон, онаси яҳудий бўлган. У қуйидагича бўлишди: «Худонинг мавжудлигига ҳеч қачон шубҳаланмаган бўлсам-да, мени бошқа саволлар қизиқтирган. Масалан: “Аллоҳ инсонларни нима учун яратган? Нега улар ҳаёти давомида ва ўлганидан кейин ҳам дўзахда азоб чекиши керак?” Одамлар содир бўлаётган нарсалар Худонинг иродаси деб айтарди. Шунга: “Наҳотки Худо инсонларни қўғирчоқдай бошқариб уларнинг азоб чекишидан завқ олса?” — деган савол мени қизиқтирарди».

13 Майли саволларига жавоб қидиришда давом этган. Кейинчалик Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, у Яҳованинг Шоҳиди бўлган. У қуйидагича бўлишди: «Муқаддас Китобдаги маълумотлар мантиқий экани бахтиёр бўлишимга ёрдамлашди. У ердан ишончли маълумотларни топиб, ички хотиржамликка эга бўлдим». Майли каби биз ҳам Яҳовани мадҳ этамиз. Чунки У бизларни «зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган». (1 Бутр. 2:9)

14. Ҳақиқатга бўлган севгимизни қай йўсин ошира оламиз? (« Қўшимча мисоллар» рамкасига ҳам қаранг.)

14 Ҳақиқат бебаҳо эканини кўрсатувчи бир нечта мисолни кўриб чиқдик, холос. Эҳтимол, хаёлингизга бошқа мисоллар ҳам келгандир. Ҳақиқатни нега яхши кўришимизнинг бошқа сабабларини шахсий тадқиқда излаб кўрсак яхши бўларди. Ҳақиқатга бўлган севгимиз ошгани сайин уни намоён этишнинг кўпроқ йўлларини топа оламиз.

ҲАҚИҚАТГА БЎЛГАН СЕВГИМИЗНИ ҚАЙ ЙЎСИН КЎРСАТА ОЛАМИЗ?

15. Ҳақиқатга бўлган севгимизни кўрсатишнинг йўлларидан бири қандай?

15 Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни мунтазам равишда тадқиқ қилиб, ҳақиқатга бўлган севгимизни намоён эта оламиз. Бунинг устига, неча йилдан бери ҳақиқатда бўлишимиздан қатъи назар доим ниманидир ўргана оламиз. «Қўриқчи минораси» журналининг илк сонида шундай фикр келтирилганди: «Ҳақиқат бамисоли ҳаёт саҳросидаги оддий кичкина бир гул кабидир. Унинг атрофини қалин ўсган бегона ўтлар каби ёлғон маълумотлар ўраб олади ва уни деярли бўғиб қўяди. Агар уни топсангиз, доимо ҳушёр бўлиб юришингиз керак бўлади... Унга эга бўлишни истасангиз эгилишингизга тўғри келади. Биттагина ҳақиқат гули билан кифояланманг... Мудом тўпланг. Кўпроқ изланг». Ҳа, тадқиқ ўтказиш меҳнат талаб этади. Лекин у ҳар қандай ҳаракатларимизга арзийди.

16. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишда қайси усулни самаралироқ деб топдингиз? (Ҳикматлар 2:4–6)

16 Ҳаммамиз ҳам ўқишни ва тадқиқ қилишни яхши кўрмасмиз. Лекин Яҳова ҳақиқатни яхшироқ тушунишимиз учун «излашга» ва «қидиришга» ундаяпти. (Ҳикматлар 2:4–6 ни ўқинг.) Агар шундай йўл тутсак доимо фойда оламиз. Корей Муқаддас Китобни ўқиганда битта оятга диққат қаратишини айтди. У қуйидагича бўлишди: «Ўқиётганимда ҳар бир изоҳга, ўхшаш оятларга қарайман ва қўшимча изланиш ўтказаман. [...] Бундай ёндашув кўп нарсани билиб олишимга ёрдам беради». Бу ёки бошқа услубдан фойдаланасизми Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга вақт ажратиб, ҳақиқат сиз учун қадрли эканини кўрсатасиз. (Заб. 1:1–3)

17. Ҳақиқат бўйича яшаш нимани англатади? (Ёқуб 1:25)

17 Албатта, ҳақиқатни шунчаки билиб олишнинг ўзи етарли эмас. Тўлиқ фойда олиш учун ҳақиқат бўйича яшашимиз кутилади, яъни ўрганганларимизни ҳаётда қўллашимиз керак. Шундагина у бизга чинакам бахт келтиради. (Ёқуб 1:25 ни ўқинг.) Қизиқ, ҳақиқат бўйича яшаётганимизни ёки яшамаётганимизни қандай аниқлашимиз мумкин? Битта биродарнинг тавсия қилишича, билиб олаётганларимизга амал қилаётганимизни ёки қилмаётганимизни ва қайси соҳаларда ўзгаришлар қилишимиз кераклигини аниқлаш учун ўзимизни текшириб туришимиз керак. Ҳаворий Павлус шундай деган: «Нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик». (Филип. 3:16)

18. Нега «ҳақиқат йўлида юриш учун» жон куйдиришимиз лозим?

18 «Ҳақиқат йўлида юриш» учун жон куйдириш қандай фойда келтириши ҳақида бир ўйлаб кўринг. Бундай қилсак нафақат ҳаётимизнинг сифатини ошира оламиз, балки Яҳова ҳамда имондошларимизни қувонтирамиз. (Ҳик. 27:11; 3 Юҳан. 4) Булар ҳақиқатни яхши кўришимиз ва у бўйича яшашимиз учун энг арзигулик сабабдир.

144- ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!

^ Эътиқодимизни ва ҳаёт тарзимизни кўпинча «ҳақиқат» деб айтамиз. Ҳақиқатни яқинда билганмизми ёки анча йиллар олдинми, ҳар биримиз уни нега яхши кўришимиз устида фикр юритиб фойда олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Бундай қилиб, Яҳовани мамнун қилиш қароримизни янада мустаҳкамлаймиз.