Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

33-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Дониёр пайғамбардан ўрнак олинг

Дониёр пайғамбардан ўрнак олинг

Сен ниҳоятда азиз инсонсан. (ДОН. 9:23)

73-ҚЎШИҚ Бизга жасорат бер

БУ МАҚОЛАДА a

1. Нега Дониёр бобилликларнинг назарига тушган?

 ДОНИЁР ПАЙҒАМБАР ёш бўлганида бобилликлар уни уйидан узоққа асирликка олиб кетишган. Лекин Дониёр ёш бўлишига қарамай бобиллик амалдорларнинг назарига тушган. Улар унинг ташқи кўринишига қарашган. Дониёр «нуқсонсиз, кўркам» ва асилзодалар наслидан бўлган. (1 Шоҳ. 16:7) Шу сабабларга кўра, Дониёр саройда хизмат қилиши учун бобилликлар унга таълим беришган. (Дон. 1:3, 4, 6)

2. Яҳова Дониёрга нисбатан нималарни ҳис қилган? (Ҳизқиё 14:14)

2 Яҳова Дониёрни шунчаки ташқи кўриниши ёки саройдаги ўзгача мавқеи учун яхши кўрмаган. У қандай инсон бўлишни танлагани Яҳованинг назаридан четда қолмаган. Худо Унга кўп йиллар давомида хизмат қилган Нуҳ ва Аюб пайғамбарлар қаторида Дониёрни тилга олганида, ҳойнаҳой, унинг ёши 20 га яқин бўлган. (Ибт. 5:32; 6:9, 10; Аюб 42:16, 17; Ҳизқиё 14:14 ни ўқинг.) Ҳа, Яҳова Дониёрни бутун ҳаёти давомида яхши кўриб келган. (Дон. 10:11, 19)

3. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

3 Ушбу мақолада Дониёрни Яҳованинг назарида азиз инсонга айлантирган иккита фазилатни кўриб чиқамиз. Бошида у бу фазилатларни кўрсатган вазиятларга эътибор қаратамиз. Кейин унга уларни ривожлантиришга нима ёрдам берганини билиб оламиз. Охирида эса қай йўсин унга тақлид қилишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Гарчи бу мақола ёшлар учун ёзилган бўлса ҳам барчамиз Дониёр пайғамбардан ўрнак олишимиз мумкин.

ДОНИЁРНИНГ ЖАСОРАТИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

4. Дониёр қай йўсин жасорат намоён этган? Мисол келтиринг.

4 Жасоратли инсонлар қўрқувни ҳис қилиши мумкин, аммо бу уларни тўғри иш қилишдан тўхтатишига йўл қўйишмайди. Дониёр жуда жасоратли йигит бўлган. У жасоратни намоён этган иккита вазиятга эътибор берайлик. Биринчиси бобилликлар Қуддусни вайрон этганидан тахминан икки йил ўтгач юз берганга ўхшайди. Бобил шоҳи Навуходоносор баҳайбат ҳайкал ҳақида тинчини бузадиган бир туш кўрган. Шоҳ агар у қандай туш кўрганини айтиб, буни таъбирлаб беришмаса, барча донишмандларни, шунингдек, Дониёрни ҳам ўлдиришга буйруқ берган. (Дон. 2:3–5) Шунда Дониёр дарҳол ҳаракатга тушган, акс ҳолда, кўплар ҳаётини йўқотиши мумкин эди. У «шоҳнинг ҳузурига бориб, тушнинг таъбирини айтиш учун вақт беришини» сўраган. (Дон. 2:16) Бундай қилиш учун унга жасорат ва имон керак эди. Дониёр бундан олдин тушларни таъбирлагани ҳақида ҳеч қаерда ёзилмаган. У дўстлари Шадрах, Мешах ва Абеднахудан «осмондаги Худованд уларга бу сирни очиб бериши ва раҳм-шафқат кўрсатиши ҳақида ибодат қилишларини» сўраган. (Дон. 2:18) Яҳова уларнинг ибодатларига жавоб берган. Дониёр Унинг ёрдамида Навуходоносорнинг тушини таъбирлаб берган. Шу йўсин, Дониёр ва унинг дўстлари омон қолишган.

5. Дониёрнинг жасорати яна қандай синалган?

5 Дониёр баҳайбат ҳайкал ҳақидаги тушни таъбирлаб берганидан бироз вақт ўтгач жасорати яна синалган. Шоҳ Навуходоносор бошқа қўрқинчли туш кўрган. У улкан бир дарахт ҳақида эди. Дониёр бу тушнинг маъносини шоҳга жасорат ила тушунтирган ҳамда у эс-ҳушини йўқотишини ва қайсидир пайт давомида ҳукм сурмаслигини эълон қилган. (Дон. 4:25) Шоҳ уни душманга чиқариб, ўлдириши мумкин эди. Аммо Дониёр жасорат ила унинг тушини барибир таъбирлаб берган.

6. Жасоратли бўлишга Дониёрга нима ёрдам берган бўлиши мумкин?

6 Дониёрга бутун ҳаёти давомида жасоратли бўлишга нима ёрдам берган бўлиши мумкин? У ёш бўлганида ота-онасидан ўрнак олгани аниқ. Шубҳасизки, улар Яҳова исроиллик ота-оналарга берган кўрсатмаларга бўйсунишган ва Унинг Қонунини фарзандларига ўргатишган. (Қонун. 6:6–9) Дониёр Мусонинг Қонунидаги нафақат асосий нарсаларни, масалан, Ўнта амрни, балки нимани ейиш мумкин ва мумкин эмаслиги b борасидаги тафсилотларни ҳам билган. (Лев. 11:4–8; Дон. 1:8, 11–13) Шунингдек, у Худо халқининг тарихидан ва хизматчиларининг итоатсизлиги қандай оқибатларга олиб келганидан хабардор бўлган. (Дон. 9:10, 11) Дониёр ҳаётидаги ҳодисалар туфайли Яҳова ҳамда Унинг қудратли фаришталари уни доим қўллаб-қувватлашига ишонган. (Дон. 2:19–24; 10:12, 18, 19)

Дониёр тадқиқ ва ибодат қилиш ҳамда Яҳовага ишониш орқали жасоратни ривожлантира олган (7-хатбошига қаранг.)

7. Дониёрга жасоратни ривожлантиришга яна нима ёрдам берган? (Расмга ҳам қаранг.)

7 Дониёр пайғамбарларнинг ёзувларини, жумладан, Еремиёнинг башоратларини тадқиқ қилган. У кейинчалик, узоқ давом этган Бобилдаги асирлик тез орада якунига етишини тадқиқ пайтида тушуниб олган. (Дон. 9:2) Яҳованинг сўзлари амалга ошганини кўриш Дониёрнинг Унга бўлган ишончини мустаҳкамлагани шубҳасиздир. Ҳа, Худога ишонган инсон ниҳоятда жасоратли бўла олади. (Римликларга 8:31, 32, 37–39 ни солиштиринг.) Энг муҳими, Дониёр самовий Отасига тез-тез ибодат қилиб турган. (Дон. 6:10) У гуноҳларини тан олиб, туйғуларини Яҳова билан бўлишган ҳамда Ундан ёрдам сўраган. (Дон. 9:4, 5, 19) У ҳам биз каби оддий инсон бўлган ва жасоратли бўлиб туғилмаган. Аксинча, у тадқиқ ўтказиш, ибодат қилиш ва Яҳовага ишониш орқали бу фазилатни ривожлантирган.

8. Қай йўсин жасоратни ривожлантиришимиз мумкин?

8 Жасоратни ривожлантириш учун нима қилишимиз лозим? Ота-онамиз бизни жасоратли бўлишга ундаши мумкин. Лекин улар буни оилавий мерос сифатида бизга ўтказа олишмайди. Жасоратни ривожлантиришни янги кўникмани ўрганишга ўхшатса бўлади. Янги кўникмага эга бўлишнинг йўлларидан бири устознинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб, унинг ўрнагига тақлид қилишдир. Шунга ўхшаб, бошқалар қай йўсин жасоратни намоён этаётганини диққат билан кузатиш ва уларнинг ўрнагига тақлид қилиш орқали уни ривожлантира оламиз. Хўш, Дониёр пайғамбардан нимани ўргансак бўлади? Биз ҳам у каби Худонинг Каломини яхши билишимиз лозим. Яҳовага бемалол ва тез-тез мурожаат қилиб, У билан яқин муносабатларни ривожлантиришимиз даркор. Қолаверса, Яҳова бизга ёрдам беришига амин бўлиб, Унга ишонишимиз керак. Шунда имонимиз синалганида жасоратли бўламиз.

9. Жасоратли бўлишдан қандай фойда оламиз?

9 Жасорат намоён этганимизда кўп фойда оламиз. Беннинг вазиятига эътибор қаратайлик. У Германиядаги бир мактабда ўқиган. У ерда ҳамма эволюцияга ишонган ва Муқаддас Китобдаги яратилиш ҳақидаги баёнотни афсона деб билган. Бир куни Бен синфдошларининг олдида туриб, нима учун яратилишга ишонишини тушунтириб берган. У жасоратли бўлиб, эътиқоди ҳақида айтиб берган. Бунинг натижаси қандай бўлган? Бен шундай деди: «Ўқитувчим мени диққат билан тинглади. Кейин эса у мен фойдаланган маълумотларни нусхалаштириб, уларни ҳар бир синфдошимга берди». Хўш, бунга Беннинг синфдошлари қандай муносабат кўрсатишган? У қуйидагича деди: «Синфдошларим мени диққат билан тинглаб, лол қолишганини айтишди». Беннинг вазиятидан кўриниб турганидек, жасоратли одамлар кўпинча бошқаларнинг олдида ҳам ҳурматга сазовор бўлишади. Шунингдек, улар самимий инсонларга Яҳова ҳақида билиб олишга кўмаклашиши мумкин. Ростдан ҳам жасоратни ривожлантиришимиз учун арзигулик сабаблар бор.

ДОНИЁРНИНГ САДОҚАТИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

10. Садоқат нимани англатади?

10 Муқаддас Китобда «садоқат» ёки «меҳр-садоқатни» англатадиган ибронийча сўз меҳр-муҳаббат ила боғланишга ишора қилади ва кўп ҳолларда Худонинг хизматчиларига бўлган севгисини таърифлаш учун қўлланилади. Бу сўз Худо хизматчиларининг орасидаги севгини таърифлаш учун ҳам ишлатилади. (2 Шоҳ. 9:6, 7) Шуни айтиш жоизки, садоқатимиз вақт ўтгани сайин мустаҳкамланиши мумкин. Буни Дониёр пайғамбарнинг мисолидан кўрсак бўлади.

Яҳова Дониёр пайғамбарни садоқати учун мукофотлаб, фариштасини юборди ва уни шерлардан ҳимоялади (11-хатбошига қаранг.)

11. Дониёр пайғамбарнинг садоқати кекса ёшида қандай синалган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

11 Ҳаёти мобайнида Дониёрнинг Яҳовага бўлган садоқати синалган. Лекин у 90 ёшдан ошганида энг оғир синовларнинг бирига дуч келган. Бу мидияликлар ва форслар Бобилни босиб олганида ва шоҳ Доро бошқараётган даврда юз берган. Амалдорлар Дониёрни ёқтиришмасди ва унинг Худосини ҳурмат қилишмасди. Шунга улар Дониёрни ўлдириш режасини тузишган ва шоҳни фармон чиқаришга ундашган. Бу фармон туфайли у танлов олдида турган — Яҳовага садоқатли қоладими ёки шоҳгами? Дониёр шоҳга бўлган садоқатини исботлаш ва ҳамма қатори йўл тутиш учун 30 кун мобайнида Яҳовага ибодат қилмаслиги керак эди. Лекин у бундай қилишни рад этган. Натижада уни шерлар ётган чуқурликка ташлашган. Бироқ Яҳова Дониёрни садоқати учун мукофотлаб, шерларнинг оғзидан қутқариб қолган. (Дон. 6:12–15, 20–22) Қай йўсин биз ҳам Дониёр каби Яҳовага садоқатли бўла оламиз?

12. Қай йўсин Дониёр Яҳовага содиқ бўлиб қолган?

12 Олдинроқ айтилганидай, садоқатни ривожлантиришга кучли севги ёрдам беради. Дониёр Яҳовани қаттиқ яхши кўргани учун Унга содиқ бўлиб қолган. У Худонинг фазилатлари ва У қай йўсин уларни намоён этгани борасида мулоҳаза юритиб, бу севгини ривожлантирган. (Дон. 9:4) Шунингдек, Дониёр Яҳова у ва халқи учун қилган барча яхшиликлари ҳақида фикр юритиб, миннатдор бўлган. (Дон. 2:20–23; 9:15, 16)

Сиз ҳам Дониёр каби Яҳовани яхши кўриб, Унга бўлган садоқатни ривожлантира оласиз (13-хатбошига қаранг.)

13. а) Ёшларнинг садоқати қандай синаляпти? Мисол келтиринг. (Расмга ҳам қаранг.) б) Агар сиздан Яҳованинг Шоҳидлари гомосексуалистларнинг ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлайдими, деб сўрашса қандай жавоб берардингиз? (Изоҳга қаранг.)

13 Дониёр каби ҳозирги ёшларнинг атрофида ҳам Яҳовани ва Унинг меъёрларини ҳурмат қилмайдиган одамлар тўлиб-тошган. Бундай одамлар эътиқоди ёки нуқтаи назари уларникидан фарқ қиладиган инсонларни ёқтирмаслиги мумкин. Ҳатто баъзилари ёшларнинг Яҳовага бўлган садоқатини синдириш учун безорилик қилади. Мисол учун, Австралияда яшайдиган Грейм билан нима юз берганига диққат қаратайлик. У мактабда қийин вазиятга дуч келган. Устози синфдаги ўқувчилардан агар уларнинг қайсидир дўсти гомосексуалист эканини айтса, улар бунга қандай муносабат кўрсатишини сўраган. Шунингдек, устози ким дўстининг бундай ҳаёт тарзини қўллаб-қувватласа синфнинг бир қисмига, қўллаб-қувватламаса бошқа қисмига ўтишни айтган. Грейм қуйидагича деди: «Мен ва яна бир Яҳованинг Шоҳидидан ташқари бутун синф бундай ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлайдиганлар тарафига ўтди». Кейин юз берган нарсалар сабабли Греймнинг Яҳовага бўлган садоқати янада кўпроқ синалди. У шундай деди: «Дарс тугагунча нафақат ўқувчилар, ҳатто устозимиз ҳам устимиздан кулиб, бизни ҳақорат қилди. Имонимни хотиржамлик ва мулоҳазакорлик билан ҳимоя қилиш учун қўлимдан келганини қилдим, лекин улар мени эшитишни умуман исташмади». Бу Греймга қандай таъсир қилган? У мана бу сўзларни айтди: «Албатта, синфдошларим устимдан кулгани менга ёқмаган, лекин Яҳовага садоқатли қолиб, имонимни ҳимоя қила олганим учун ниҳоятда бахтиёр эдим» c.

14. Яҳовага бўлган садоқатни ривожлантиришнинг йўлларидан бири қандай?

14 Яҳовага бўлган кучли севгини ривожлантириб, Дониёр каби Унга садоқатли бўла оламиз. Бундай севгини ривожлантириш учун Худонинг фазилатларини кўпроқ ўрганишимиз лозим. Масалан, У яратган ижодлар ҳақида билим орттирсак бўлади. (Рим. 1:20) Агар Яҳовага бўлган севги ва ҳурматни оширмоқчи бўлсангиз, «Тасодифми ёки ижод маҳсулими?» номли мақолалар туркумидаги қисқа мақолаларни ўқинг ёки видеоларни томоша қилинг. Шунингдек, кўп тилларда мавжуд бўлган «Ҳаёт яратилганми?» ва «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» номли рисолаларни тадқиқ қилсангиз бўлади. Данияда яшовчи Эстер синглимиз бу адабиётлар борасида қуйидагича деди: «Маълумотлар ажойиб тарзда тушунтирилган. Рисолаларда нимага ишонишингиз кераклиги айтилмаган, балки қарор чиқаришингизга ёрдам берадиган фактлар келтирилган». Юқорида тилга олинган Бен шундай бўлишди: «Бу маълумот имонимни мустаҳкамлашга ёрдам берди ва ҳаётни Худо яратганига мени ишонтирди». Сиз ҳам бу маълумотни тадқиқ қилгач, Муқаддас Китобда ёзилган қуйидаги сўзларга қўшиларсиз: «Эй Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир». (Ваҳ. 4:11) d

15. Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантиришнинг яна бир йўли қандай?

15 Яҳовага бўлган кучли севгини ривожлантиришнинг яна бир йўли бу Унинг Ўғли Исо Масиҳнинг ҳаётини кўпроқ тадқиқ қилишдир. Германияда яшовчи Самира синглимиз худди шундай йўл тутган. У қуйидагича деди: «Исо орқали Яҳовани яхшироқ билиб олдим». У кичиклигида Яҳованинг туйғулари борлигини тушунишга қийналган, лекин Исонинг ҳис-туйғуларини тушунган. У шундай деб қўшиб қўйди: «Исони жуда яхши кўрардим. Сабаби, у бошқалар билан дўстона муносабатда бўлган ва болаларни яхши кўрган». Самира Исо ҳақида ўргангани сайин Яҳова билан дўстлиги ривожланиб бораверарди. Қанақасига? У шундай деди: «Исо Отасига мукаммал тарзда тақлид қилишини аста-секин тушуниб олдим. Улар бир-бирига жуда ўхшайди. Яҳова одамлар У ҳақда кўпроқ билиб олишларини истайди. Бу Исо ер юзига келганининг сабабларидан бири эканини тушундим». (Юҳан. 14:9) Яҳова билан дўстлигингизни мустаҳкамлашни истасангиз Исонинг ҳаёти ҳақида кўпроқ билим олишга интилинг. Бундай қилсангиз Яҳовага бўлган севгингиз ошиб, садоқатингиз янада мустаҳкам бўлади.

16. Садоқатли бўлиш қандай фойда келтиради? (Забур 18:25; Михо 6:8)

16 Садоқатли бўлганлар кўп ҳолларда бошқалар билан қалин ва абадий дўстлик ришталарига эга бўлади. (Рут 1:14–17) Яҳовага содиқ бўлсак, ички хотиржамликка эга бўлишимиз мумкин. Нега? Сабаби, У Унга содиқ бўлганларга содиқ бўлишга ваъда беряпти. (Забур 18:25; Михо 6:8 ни ўқинг.) Бир ўйлаб кўринг, қодир Тангри биз билан қалин дўст бўлмоқчи! У билан дўст бўлсак, на душманлар, на синовлар, на ўлим бизни Ундан ажрата олмайди. (Дон. 12:13; Луқо 20:37, 38; Рим. 8:38, 39) Ҳа, Дониёр пайғамбарга тақлид қилишимиз ва Яҳовага садоқатли қолишимиз жуда муҳим.

ДОНИЁР ПАЙҒАМБАРДАН ЎРНАК ОЛИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

17, 18. Дониёрдан яна нимани ўргансак бўлади?

17 Ушбу мақолада Дониёр пайғамбарнинг иккита фазилати ҳақида сўз юритдик. Лекин ундан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Мисол учун, Яҳова Дониёрга кўпгина ваҳийлару тушлар кўрсатган ва башоратли хабарларнинг маъносини тушуниш қобилиятини берган. Бу башоратларнинг аксарияти аллақачон амалга ошган. Бошқаларидан эса яқин келажакда ҳар бир инсонга таъсир қиладиган воқеаларнинг тафсилотларини билиб олсак бўлади.

18 Кейинги мақолада Дониёр пайғамбарнинг иккита башоратига эътибор қаратамиз. Уларни тушуниш барчамизга — ёшу кексаларга ҳозирнинг ўзида доно қарорлар чиқаришга ёрдам беради. Қолаверса, бу башоратлар бизни тез орада юз берадиган синовларга тайёрлаб, янада жасоратли ва садоқатли бўлишимизга кўмаклашади.

119-ҚЎШИҚ Имонли бўлайлик

a Яҳованинг ёш хизматчилари жасорати ва Унга бўлган садоқати синаладиган қийинчиликларга дуч келяпти. Масалан, яратилишга ишонгани учун синфдошлари уларнинг устидан кулар. Ёки Худога хизмат қилаётгани ва Унинг меъёрлари бўйича яшаётгани учун тенгдошлари уларни ақлсиз деб ҳисоблар. Аммо Дониёр пайғамбарга тақлид қиладиган ва Яҳовага жасорат ҳамда садоқат ила хизмат қиладиганлар чинакамига донодир. Ушбу мақола буни яққол кўрсатиб беради.

b Қуйида Дониёр бобилликларнинг нопок овқатларини истеъмол қилмаганининг тахминий сабаблари келтирилган: 1) гўшт Мусонинг Қонуни бўйича ман этилган ҳайвонларники бўлган. (Қонун. 14:7, 8) 2) Ҳайвоннинг қони охиригача чиқарилмаганди. (Лев. 17:10–12) 3) Ўша овқатларни истеъмол қилиш сохта худоларга сажда қилиш билан баробар эди. (Левилар 7:15 ва 1 Коринфликларга 10:18, 21, 22 ни солиштиринг.)

c jw.org сайтидаги «Чин адолат тинчлик келтиради» номли видеони томоша қилинг.

d Яҳовага бўлган севгингизни кучайтириш учун кўп тилларда мавжуд бўлган «Яҳова Таолога яқинлашинг» китобини ҳам тадқиқ қилсангиз бўлади. Унинг ёрдамида Яҳованинг фазилатлари ва шахсияти ҳақида кўпроқ билиб оласиз.