36-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Масъулиятни олиб юринг, оғирликни эса ечиб ташланг
Ҳар қандай оғирликни... ечиб ташлаб, Аллоҳ бизга белгилаган мусобақада чидам билан чопайлик. (ИБРОН. 12:1)
33-ҚЎШИҚ Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла
БУ МАҚОЛАДА a
1. Ибронийларга 12:1 га кўра, ҳаёт мусобақасидаги маррани босиб ўтиш учун нима қилишимиз лозим?
МАСИҲИЙЛАР сифатидаги ҳаётимиз Муқаддас Китобда югуриш бўйича мусобақага ўхшатилган. Марра чизиғини муваффақият ила босиб ўтган югурувчилар абадий ҳаёт билан тақдирланади. (2 Тим. 4:7, 8) Марра чизиғига кундан-кун яқинлашаётган эканмиз, югуришда давом этиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз даркор. Ҳаёт мусобақасини югуриб ўтган ҳаворий Павлус бунда нима ёрдам беришини айтган. У барчамизни «ҳар қандай оғирликни... ўзимиздан ечиб ташлаб, Аллоҳ бизга белгилаган мусобақада чидам билан» чопишга ундаган. (Ибронийларга 12:1 ни ўқинг.)
2. «Ҳар қандай оғирликни» ечиб ташлаш нима дегани?
2 Павлус «ҳар қандай оғирликни... ўзимиздан» ечиб ташлаш ҳақида ёзганида масиҳийлар бўйнига ҳеч қандай масъулиятни олмаслиги кераклигини назарда тутганми? Йўқ. У буни назарда тутмаган. Аксинча, Павлус кераксиз ҳар қандай оғирликдан қутулишимиз муҳим, деб айтмоқчи эди. Бу каби оғирлик бизни секинлаштириб, ҳолдан тойишимизга сабаб бўлиши мумкин. Чидам билан чопиш учун ҳаракатимизни секинлаштираётган ҳар қандай нарсани дарров аниқлашимиз ва ундан халос бўлишимиз зарур. Шу билан бирга бўйнимиздаги масъулиятлар четда қолиб кетишини ҳам истамаймиз. Акс ҳолда, мусобақада қатнашиш учун лаёқатсиз деб топиламиз. (2 Тим. 2:5) Хўш, бўйнимиздаги қайси масъулиятларни олиб юришимиз даркор?
3. а) Галатияликларга 6:5 га кўра, нимани олиб юришимиз лозим? б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз ва нега?
3 Галатияликларга 6:5 ни ўқинг. Бу ерда Павлус Худонинг олдида олиб юришимиз керак бўлган масъулиятларга ишора қилган. Ушбу мақолада масъулиятларимизга нима кириши ва қай йўсин уларни олиб юришимиз ҳақида сўз юритамиз. Шунингдек, эҳтимол, кўтариб юраётган кераксиз оғирликларни аниқлаб, қандай қилиб уларни ечиб ташлашимиз мумкинлигини билиб оламиз. Бўйнимиздаги масъулиятларни олиб юриш ва кераксиз оғирликларни ечиб ташлаш ҳаёт мусобақасидаги маррани муваффақият ила босиб ўтишга ёрдам беради.
ОЛИБ ЮРИШИМИЗ КЕРАК БЎЛГАН МАСЪУЛИЯТЛАР
4. Нега бағишлов ваъдаси жуда оғир юк эмас? (Расмга ҳам қаранг.)
4 Бағишлов ваъдаси. Ўзимизни Яҳовага бағишлаганимизда, Унга топинишга ва иродасини бажаришга ваъда берганмиз. Бу ваъдамизда туришимиз керак. Унга яраша ҳаёт кечириш жиддий масъулият, лекин бу жуда оғир юк эмас. Негаки, Яҳова бизни Унинг иродасини бажариш учун яратган. (Ваҳ. 4:11) У бизни маънавий эҳтиёжлар билан Ўзига монанд қилиб яратган. Натижада биз Унга яқинлашиб, иродасини бажаришдан завқ олишимиз мумкин. (Заб. 40:8) Энг муҳими, Худонинг иродасини бажарганимизда ва Унинг Ўғлига эргашганимизда ўзимиз роҳат топамиз. (Мат. 11:28–30)
5. Бағишлов ваъдаси устида туришга нима ёрдам бериши мумкин? (1 Юҳанно 5:3)
5 Қай йўсин бу масъулиятни олиб юра оласиз? Бунда иккита нарса ёрдам бериши мумкин. Биринчидан, Яҳовага бўлган севгингизни мустаҳкамлашда давом этинг. Буни У сиз учун қилган яхшиликлари ва ато этадиган баракалар устида мулоҳаза юритиб қила оласиз. Худога бўлган севгингиз ошгани сайин Унга итоат қилиш сиз учун анча осон бўлади. (1 Юҳанно 5:3 ни ўқинг.) Иккинчидан, Исо Масиҳга тақлид қилинг. У Яҳовага ибодат қилиб, ёрдам сўрагани ва диққатини мукофотга қаратгани учун Унинг иродасини бажара олган. (Иброн. 5:7; 12:2) Исо каби куч сўраб Яҳовага ибодат қилинг ва абадий ҳаёт ҳақидаги умидни онгингизда тирик сақланг. Худога бўлган севгингиз ошгани ва Унинг Ўғлига тақлид қилганингиз сайин бағишлов ваъдаси устида тура оласиз.
6. Нега оиладаги масъулиятларимизни бажаришимиз зарур? (Расмга ҳам қаранг.)
6 Оиладаги масъулиятларимиз. Ҳаёт мусобақасида Яҳовани ҳамда Исони қариндошу уруғларимиздан кўпроқ яхши кўришимиз керак. (Мат. 10:37) Лекин бу оиладаги масъулиятларимизга бепарво бўлишимизни англатмайди. Чунки бундай қилсак, Худони ҳамда Масиҳни мамнун қила олмаймиз. Уларга маъқул келиш учун оиладаги масъулиятларимизни бажаришимиз зарур. (1 Тим. 5:4, 8) Бундай қилганимизда анча бахтлироқ бўламиз. Яҳова эру хотин бир-бирини севиб, ҳурмат қилганида, ота-оналар болаларини яхши кўриб, уларга таълим берганида, болалар эса ота-онасига итоатли бўлганида оилалар бахтли бўлишини билади. (Эфес. 5:33; 6:1, 4)
7. Оиладаги масъулиятингизни қай йўсин бажара оласиз?
7 Қай йўсин бу масъулиятни олиб юра оласиз? Оилангиздаги масъулият қандай бўлишидан қатъий назар шунчаки туйғуларингизга, бошқаларнинг фикрига ёки мутахассисларнинг гапларига қулоқ солишнинг ўрнига Муқаддас Китобдаги доно сўзларга амал қилинг. (Ҳик. 24:3, 4) Унга асосланган адабиётлардан фойда олинг. Зеро уларда Каломдаги принципларни қандай қўллаш борасида ажойиб амалий маслаҳатлар келтирилган. Масалан, жуфтликлар, ота-оналар ва ўсмирлар ҳозирда дуч келаётган муайян қийинчиликлар борасида jw.org сайтимизда бебаҳо маълумотлар бор b. Оила аъзоларингиз Каломдаги сўзларга амал қилмаётган бўлса ҳам ўзингиз бундай қилишга жон куйдиринг. Шу йўсин, бу оилангизга фойда келтиради ва ўзингиз Яҳованинг баракаларидан завқ оласиз. (1 Бутр. 3:1, 2)
8. Қарорларимиз бизга қандай таъсир қилиши мумкин?
8 Қарорларимиз учун жавобгарлик. Яҳова бизга ирода эркинлигини ато этган ва тўғри қарорлар чиқариб фойда олишимизни хоҳлаяпти. Лекин У нотўғри қарорларимизнинг асоратларидан бизни ҳимояламайди. (Галат. 6:7, 8) Шу боис чиқарган нотўғри қарорларимиз, ўйламай айтган гапларимиз ва шошилиб қилган ҳаракатларимизнинг оқибатлари учун масъул бўламиз. Нотўғри йўл тутганимизда виждонимиз бизни қийнаши ҳеч гап эмас. Бироқ қарорларимиз учун жавобгар эканимизни билиш гуноҳларимизда иқрор бўлишга, хатоларни тўғрилашга ва уларни бошқа қайтармасликка бизни ундайди. Бундай йўл тутиш ҳаёт мусобақасида қатнашишда давом этишимизга кўмаклашиши мумкин.
9. Нодонлик ила қарор чиқарган бўлсангиз нима қила оласиз? (Расмга ҳам қаранг.)
9 Қай йўсин бу масъулиятни олиб юра оласиз? Борди-ю, нодонлик ила қарор чиқарган бўлсангиз, ҳозирги вазиятингизни борлигича қабул қилинг. Ўтмишни ўзгартира олмаслигингизни тушунинг. Жисмоний ва ҳиссий кучингизни ўзингизни оқлаш ёки нотўғри қарорларингизни деб бошқаларни айблаш учун кетказманг. Бунинг ўрнига хатоингизни тан олинг ва ҳозирги вазиятдан тўлиқ фойда олиш учун ҳаракат қилинг. Агар қилган бирон нотўғри ишингиз учун виждонингиз қийнаётган бўлса, камтарлик ила Яҳовага ибодат қилинг. Хатоингизни тан олинг ва Худодан кечирим сўранг. (Заб. 25:11; 51:3, 4) Кимнингдир қалбига оғриқ келтирган бўлсангиз, ундан узр сўранг ва керак бўлса, оқсоқоллардан ёрдам изланг. (Ёқб. 5:14, 15) Шунингдек, хатоларингиздан сабоқ олинг ва уларни бошқа такрорламасликка интилинг. Бундай қилар экансиз, Яҳова сизга меҳр-шафқат кўрсатишига ва керакли ёрдамни тақдим этишига амин бўлсангиз бўлади. (Заб. 103:8–13)
ЕЧИБ ТАШЛАШИМИЗ КЕРАК БЎЛГАН ОҒИРЛИКЛАР
10. Нега ушалмас умидларни оғир юк деса бўлади? (Галатияликларга 6:4)
10 Ушалмас умидлар. Ўзимизни бошқалар билан солиштириб, ушалмас умидларга кўмилишимиз мумкин. (Галатияликларга 6:4 ни ўқинг.) Агар ўзимизни бошқалар билан солиштирсак, ҳасадгўй ва рақобатчи бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. (Галат. 5:26) Бошқалар қилаётган ишларни қилишга ҳаракат қилсак-да, аслида эса қобилиятларимиз ва шароитларимиз бунга тўғри келмаса ўзимизга зарар етказишимиз мумкин. «Узоқ ушалмаган умид юракни» эзар экан, биз ҳеч қачон эриша олмайдиган нарсаларни кутиш руҳимизни туширади. (Ҳик. 13:12) Бундай қилсак ҳаёт мусобақасида югураётиб, чарчаб қолишимиз ва секинлашишимиз мумкин. (Ҳик. 24:10)
11. Ушалмас умидлардан йироқлашишга нима ёрдам бериши мумкин?
11 Қай йўсин бу оғирликни ечиб ташлай оласиз? Яҳова талаб қилаётганидан кўпроғини ўзингиздан кутманг. У ҳеч қачон сизда йўқ нарсани Унга беришингизни кутмайди. (2 Кор. 8:12) Ишонаверинг, Яҳова сизнинг ишингизни бошқаларники билан солиштирмайди. (Мат. 25:20–23) Сизнинг сидқидилдан қилаётган хизматингизни, сизнинг садоқатингизни ва сизнинг чидам билан чопаётганингизни У қадрлайди. Камтарин бўлиб ёшингиз, соғлигингиз ва шароитларингиз туфайли хоҳлаётган барча нарса ҳозир қўлингиздан келмаслигини тан олинг. Бирон вазифани соғлигингиз ёки ёшингиз туфайли бажаришга қийналаётган бўлсангиз, Борзулай каби ундан бош тортинг. (2 Шоҳ. 19:35, 36) Сизга тақдим этилаётган ёрдамни Мусо каби қабул қилинг ва ўринли бўлганида вазифаларингизни бошқалар билан бўлишинг. (Чиқ. 18:21, 22) Камтарин бўлсангиз, ҳаёт мусобақасида ҳолдан тойдириши мумкин бўлган ушалмас умидлардан ўзингизни асрайсиз.
12. Бошқаларнинг нодонлик билан чиқарган қарорлари учун жавобгармизми? Тушунтиринг.
12 Бошқаларнинг нодонлик билан чиқарган қарорлари учун жавобгарликни ҳис қилиш. Биз бошқалар учун қарор чиқара олмаймиз ва қарорларининг ёмон оқибатларидан доим ҳам уларни ҳимоя қила олмаймиз. Масалан, фарзандлар Яҳовага хизмат қилишни тўхтатиши мумкин. Бу туфайли уларнинг ота-оналари қайғуриши ҳеч гап эмас. Аммо улар фарзандларининг нодонлик билан чиқарган қарорлари учун ўзини айблаб, оғир юкни елкаларига олишади. Яҳова улар бундай оғирликни кўтаришини асло истамайди. (Рим. 14:12)
13. Фарзанд нодонлик ила қарор чиқарса ота-она буни қандай енгиши мумкин?
13 Қай йўсин бу оғирликни ечиб ташлай оласиз? Яҳова ҳар биримизга ирода эркинлигини берганини тушунинг. У ҳар бир инсонга шахсан қарор чиқариш имконини берган. Бу Худога хизмат қилиш қароримизга ҳам тааллуқли. Яҳова сиз мукаммал ота-она эмаслигингизни билади. У қўлингиздан келганини қилишингизни хоҳлайди, холос. Фарзандингиз чиқарган қарор учун сиз эмас, ўзи жавобгар. (Ҳик. 20:11) Шундай бўлса-да, ота-она сифатида қилган хатоларингиз ҳақида ўйлаб хавотирланаётгандирсиз. Агар шундай бўлса, туйғуларингизни Яҳова билан бўлишинг ва кечирим сўранг. У вақтни ортга қайтариб, вазиятни ўзгартира олмаслигингизни билади. Лекин шу билан бирга Яҳова фарзандингиз экканини ўриб олишига тўсқинлик қилишингизни кутмайди. Шуни ёдда тутинг: фарзандингиз Яҳовага қайтиш учун қандайдир қадам қўйса, бу зое кетмайди. У уни қучоқ очиб кутиб олишга тайёр. (Луқо 15:18–20)
14. Нега ҳаддан ташқари айбдорлик ҳиссини ечиб ташлашимиз керак бўлган оғирлик деса бўлади?
14 Ҳаддан ташқари айбдорлик ҳисси. Гуноҳга қўл урганимизда айбдорликни ҳис этиш табиийдир. Бироқ ҳаддан зиёд айбдорлик ҳисси оғир юк бўлиб, уни ҳеч қачон олиб юра олмаймиз. Уни ечиб ташлашимиз керак. Хўш, ҳаддан зиёд айбдорликни ҳис қилаётганимизни қаердан билишимиз мумкин? Агар гуноҳимизда иқрор бўлиб, тавба қилсак ва уни қайтармаслик учун қадамлар қўйсак, Яҳова бизни кечиришига ишонсак бўлади. (Ҳавор. 3:19) Бундай қадамларни қўйгач, Яҳова айбдорликни ҳис қилишда давом этишимизни истамайди. У тинмай айбдорликни ҳис қилиш қанчалик зарарли эканини тушунади. (Заб. 31:10) Ортиқча ғамга ботсак, ҳаёт мусобақасида чопаётиб, таслим бўлишимиз ҳеч гап эмас. (2 Кор. 2:7)
15. Ҳаддан ортиқ айбдорлик ҳиссини енгишга нима ёрдам бериши мумкин? (1 Юҳанно 3:19, 20) (Расмга ҳам қаранг.)
15 Қай йўсин бу оғирликни ечиб ташлай оласиз? Ўзингизни ҳаддан ортиқ айблаётган бўлсангиз, эътиборингизни Худо «чин дилдан кечир»ишига қаратинг. (Заб. 130:4) У сидқидилдан тавба қилганларни кечирганида, шундай ваъда беради: «Мен уларнинг... гуноҳини асло ёдга олмайман». (Ерм. 31:34) Бу Яҳова ўтмишда қилган гуноҳингизни юзингизга солмаслигини англатади. Шунинг учун ҳозир дуч келаётган қийинчилигингиз ўтмишда қилган гуноҳларингизнинг оқибатлари деб ўйламанг. Қолаверса, хатоларингиз сабабли ҳозир хизматда айрим ишларни бажара олмаётганингиз учун юрагингизни кемирманг. Яҳова гуноҳингизни ўйлаб юрмайди. Шу боис сиз ҳам бундай қилманг. (1 Юҳанно 3:19, 20 ни ўқинг.)
СОВРИННИ ҚЎЛГА КИРИТИШ УЧУН ЧОПИНГ
16. Югурувчилар сифатида нимани тушунишимиз муҳим?
16 Ҳаёт мусобақасида югураётган эканмиз унда шундай чопишимиз керакки, токи «совринни қўлга кирита» олайлик. (1 Кор. 9:24) Олиб юришимиз керак бўлган масъулиятлар ҳамда ечиб ташлашимиз лозим бўлган оғирликлар ўртасидаги фарқни тушуна олсак бундай қила оламиз. Мазкур мақолада бу борадаги баъзи мисолларни кўриб чиқдик. Бироқ бошқа мисоллар ҳам бор. Исо «ортиқча егулик, ичкилик ва турмуш ташвишлари» биз учун оғир юкка айланиши мумкинлигини айтган. (Луқо 21:34) Бу хатбошидаги оятлар ҳаёт мусобақасида чопаётиб, қилишимиз керак бўлган ўзгаришларни аниқлашга ёрдам беради.
17. Нега ҳаёт мусобақасида совринни қўлга кирита олишимизга амин бўлишимиз мумкин?
17 Ҳаёт мусобақасида совринни қўлга кирита олишимизга амин бўлишимиз мумкин. Чунки Яҳова керакли кучни бизга беради. (Ишаё 40:29–31) Шу боис тезлигингизни пасайтирманг! Олдинда кутаётган мукофот учун жон куйдирган ҳаворий Павлусга тақлид қилинг. (Филип. 3:13, 14) Ҳеч ким сизнинг ўрнингизга бу мусобақада чопа олмайди, лекин Яҳованинг кўмаги билан сиз муваффақият қозона оласиз. У сизга зиммангиздаги масъулиятларни олиб юришга ва кераксиз оғирликларни ечиб ташлашга ёрдам бера олади. (Заб. 68:19) Унинг кўмаги билан бу мусобақада чидамли бўлиб, совринни қўлга кирита оласиз!
65-ҚЎШИҚ Олға бос!
a Ушбу мақола бизга ҳаёт мусобақасида чопишда ёрдам беради. Югурувчилар каби бўйнимиздаги муайян масъулиятларни олиб юришимиз керак. Бунга бағишлов ваъдаси, оилавий масъулиятларимиз ва қарорлар учун жавобгарлик киради. Лекин ҳаракатларимизни секинлаштириши мумкин бўлган ҳар қандай оғирликни ечиб ташлашимиз даркор. Қизиқ, бу ўз ичига нималарни олади? Мазкур мақолада бунинг жавобини билиб оламиз.
b jw.org сайтидаги «Никоҳ ва оила» ва «Ўсмирлар учун ёрдам» мавзулари остида кўпроқ маълумот топишингиз мумкин. Қуйида баъзи мақолалар келтирилган: жуфтликлар учун «Қай йўсин ғазабни тия оласиз?» ва «Сабр-тоқатни қандай ривожлантирса бўлади?»; ота-она учун: «Боламга смартфон керакми?» ва «Болам таҳқирланаётган бўлса, нима қилсам бўлади?»; ўсмирлар учун: «Нега менинг дўстларим йўқ?» ва «Ноз-карашма қилишнинг нимаси ёмон?»