34-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Муқаддас Китобдаги башоратларни тадқиқ қилинг
Фаҳм-фаросатлилар эса буни англаб етади. (ДОН. 12:10)
98-ҚЎШИҚ Худо томонидан илҳомлантирилган Ёзувлар
БУ МАҚОЛАДА a
1. Муқаддас Китобдаги башоратларни тадқиқ қилишдан завқ олишга нима ёрдам бериши мумкин?
«МУҚАДДАС КИТОБДАГИ башоратларни тадқиқ қилишни ёқтираман»,— деб бўлишганди Бен исмли ёш биродар. Сиз ҳам унинг фикрига қўшиласизми? Ёки башоратларни тушуниш сиз учун қийинми? Эҳтимол, уларни тадқиқ қилиш сиз учун зерикарлидир. Лекин Яҳова Каломида нега башоратлар ёзилишига йўл қўйгани ҳақида кўпроқ билиб олсангиз, уларни тадқиқ қилишни ёқтириб қоларсиз.
2. Ушбу мақолада нима ҳақида сўз юритамиз?
2 Ушбу мақолада нафақат нега, балки қай йўсин Муқаддас Китобдаги башоратларни тадқиқ қилишимиз мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз. Сўнг Дониёрнинг иккита башоратини кўриб чиқиб, уларни тушуниш бизга ҳозир қандай фойда келтиришига эътибор берамиз.
НЕГА МУҚАДДАС КИТОБДАГИ БАШОРАТЛАРНИ ТАДҚИҚ ҚИЛАМИЗ?
3. Муқаддас Китобдаги башоратларни тушунмоқчи бўлсак нима қилишимиз керак?
3 Муқаддас Китобдаги башоратларни тушуниш учун ёрдам сўрашимиз лозим. Бир мисолни олайлик. Айтайлик, сиз нотаниш жойга бордингиз, лекин ёнингиздаги дўстингиз ўша жойни жуда яхши билгани учун айнан қаерда эканингизни ва қайси йўл орқали юришингиз кераклигини билади. Шубҳасизки, бундай дўстингиз борлигидан хурсанд бўласиз. Худди шундай Яҳова қайси давр оралиғида эканимизни ва келажакда бизни нима кутаётганини яхши билади. Шундай экан, Муқаддас Китобдаги башоратларни тушунишимиз учун камтарин бўлиб, Ундан ёрдам сўрашимиз даркор. (Дон. 2:28; 2 Бутр. 1:19, 20)
4. Яҳова Каломида башоратлар ёзиб қолдирилишига нега ғамхўрлик қилган? (Еремиё 29:11) (Расмга ҳам қаранг.)
4 Ҳар бир меҳрибон ота-она каби Яҳова ҳам фарзандлари бахтли келажакка эришишини хоҳлайди. (Еремиё 29:11 ни ўқинг.) Аммо улардан фарқли ўлароқ Яҳова келажакда нималар бўлишини тўлиқ айтиб бера олади. Муҳим ҳодисалар юз беришидан олдин улардан хабардор бўлишимиз учун Яҳова Каломида башоратлар ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. (Ишаё 46:10) Ҳа, Муқаддас Китобдаги башоратларни самовий Отамизнинг севги ила берган совғаси деб айта оламиз. Аммо улар ҳақиқатан ҳам амалга ошишига қай йўсин амин бўла оласиз?
5. Макснинг вазиятидан ёшлар нимани ўрганиши мумкин?
5 Мактабдаги ёшларнинг атрофида Муқаддас Китобни оз-моз ёки умуман ҳурмат қилмайдиган инсонлар тез-тез учраб туради. Уларнинг фикрлари ва ҳаракатлари ёш имондошларимизда шубҳа уйғотиши ҳеч гап эмас. Макснинг вазиятига эътибор қаратайлик. У қуйидагича деди: «Ўсмирлигимда ота-онам менга ҳақиқатни ўргатаётгани ва Муқаддас Китоб Худо томонидан илҳомлантирилгани борасида шубҳалана бошладим». Унинг ота-онаси нима қилди? Макс шундай бўлишди: «Тўғри, улар хавотирланган бўлишса-да, хотиржамликни сақлаб, мени уришиб беришмади». Макснинг ота-онаси Муқаддас Китоб ёрдамида унинг саволларига жавоб беришди. Унинг ўзи ҳам шундай йўл тутди. «Башоратларни шахсан тадқиқ қилдим ва билиб олганларимни жамоатдаги ёшлар билан бўлишдим»,— деди Макс. Бу қандай натижа келтирди? У қуйидагича қўшиб қўйди: «Бундан сўнг Муқаддас Китоб Худо томонидан илҳомлантирилганига амин бўлдим».
6. Шубҳаланаётган бўлсангиз нима қилишингиз керак ва нега?
6 Сиз ҳам Макс каби Муқаддас Китобда ростданам ҳақиқат ёзилганидан шубҳаланаётган бўлсангиз, ўзингизни айбламанг. Лекин бу борада чора кўришингиз ўта муҳим. Чунки шубҳаларни зангга ўхшатса бўлади. Эътибор бермасангиз, у аста-секин қимматбаҳо бирон нимани емиради. Имонингизни «емириши» мумкин бўлган ҳар қандай шубҳани бартараф этиш учун ўзингизга шундай савол беришингиз лозим: «Келажак борасида Муқаддас Китобда ёзилганларга ишоняпманми?» Агар бунда шубҳаланаётган бўлсангиз, амалга ошган башоратларни тадқиқ қилишингиз зарур. Хўш, буни қандай қила оласиз?
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ БАШОРАТЛАРНИ ҚАЙ ЙЎСИН ТАДҚИҚ ҚИЛА ОЛАСИЗ?
7. Башоратларни тадқиқ қилиш борасида Дониёр пайғамбар қандай ўрнак кўрсатган? (Дониёр 12:10) (Расмга ҳам қаранг.)
7 Башоратларни тадқиқ қилиш борасида Дониёр пайғамбар аъло ўрнак кўрсатган. У башоратларни тўғри ният ила тадқиқ қилган, сабаби ҳақиқатни билишни хоҳлаган. Дониёр камтарин инсон бўлган. Яҳова Унинг томонида туриб, йўл-йўриқларига амал қилган инсонларга башоратларни тушунишга ёрдам беришини Дониёр яхши билган. (Дон. 2:27, 28; Дониёр 12:10 ни ўқинг.) У Яҳовадан ёрдам сўраш орқали камтарин эканини кўрсатган. (Дон. 2:18) Шунингдек, Дониёр синчиклаб тадқиқ ўтказган. У ўша пайтда мавжуд бўлган Муқаддас Ёзувларни пухта ўрганган. (Ерм. 25:11, 12; Дон. 9:2) Унга қай йўсин тақлид қила оласиз?
8. Нега баъзилар башоратлар амалга ошаётганига ишонишдан бош тортади, аммо биз нима қилишимиз лозим?
8 Ниятларингизни текширинг. Сизни Муқаддас Китобдаги башоратни тадқиқ қилишга ҳақиқатни билиш истаги ундаяптими? Агар шундай бўлса, Яҳова сизга ёрдам беради. (Юҳан. 4:23, 24; 14:16, 17) Аммо баъзилар башоратларни бошқа сабаб учун тадқиқ қилади. Ўша инсонлар Муқаддас Китоб Худо томонидан илҳомлантирилмаганини исботлашга интилишади. Шу йўсин, улар нима тўғри ва нима нотўғри экани борасида ўз меъёрларини ўрнатиб, улар бўйича яшашга ҳақлимиз деб ўйлашади. Аммо биз улардан фарқли равишда тўғри ният ила тадқиқ қилишимиз лозим. Келинг, Муқаддас Китобдаги башоратларни тушунишимизга ёрдам берадиган муҳим фазилатни кўриб чиқайлик.
9. Башоратларни тушуниш учун қандай фазилатга эга бўлиш муҳим? Тушунтиринг.
9 Камтарин бўлинг. Яҳова камтарин кишиларга кўмаклашишни ваъда беряпти. (Ёқб. 4:6) Шу боис башоратларни тушуниш учун Ундан ёрдам сўраб ибодат қилишимиз керак. Қолаверса, У ишончли хизматкор орқали ўз вақтида бераётган маънавий озуқага муҳтож эканимизни тан олишимиз муҳим. (Луқо 12:42) Яҳова тартиб Худоси бўлгани учун Каломидаги ҳақиқатларни тушунишимизга ёрдам бериш мақсадида, фақат бу хизматкордан фойдаланиши мантиқан тўғри. (1 Кор. 14:33; Эфес. 4:4–6)
10. Эстердан қандай ўрнак олишингиз мумкин?
10 Синчков бўлинг. Сизни қизиқтирган башоратни танлаб, унинг устида изланиш ўтказишни бошланг. Эстер исмли опамиз ҳам худди шундай йўл тутган. Масиҳ келиши ҳақидаги башоратлар у учун қизиқ бўлган. У шундай деди: «15 ёшда бўлганимда, бу башоратлар ростданам Исо келишидан аввал ёзилгани тўғрисида далилларни излай бошладим». Ўлик денгиз ўрама битиклари ҳақида ўқиганлари унга аминлик берган. У яна шундай деди: «Битикларнинг баъзилари Масиҳ келишидан аввал ёзилган. Шундай экан, у ердаги башоратларни Худо айтган бўлиши керак. Албатта, уларни тушуниш учун қайта-қайта ўқишимга тўғри келди». Аммо у изланиш ўтказганидан ниҳоятда бахтиёр. Муқаддас Китобдаги бир нечта башоратлар устида тадқиқ ўтказгач, у қуйидагича деди: «Муқаддас Китобда ҳақиқат ёзилганини аниқ кўра олдим».
11. Муқаддас Китоб Худонинг Каломи эканига амин бўлсак қандай фойда оламиз?
11 Муқаддас Китобдаги айрим башоратлар қандай амалга ошганини кўрганимизда, Яҳовага ҳамда Унинг кўрсатмаларига бўлган ишончимиз янада мустаҳкамланади. Қолаверса, қандай синовга дуч келаётганимиздан қатъи назар, улар келажакка бўлган ижобий нуқтаи назарни сақлашимизга кўмаклашади. Келинг, Дониёр пайғамбарнинг иккита башоратини қисқача кўриб чиқамиз. Уларни тушуниш доно қарорлар чиқаришимизга ёрдам бериши мумкин.
ОЁҚ ПАНЖАЛАРИ ТЕМИР ВА ЛОЙДАН БЎЛГАНИ СИЗГА ҚАНДАЙ ТААЛЛУҚЛИ?
12. «Темир лой билан қоришган» оёқ панжалари нимани билдиради? (Дониёр 2:41–43)
12 Дониёр 2:41–43 ни ўқинг. Дониёр шоҳ Навуходоносорга таъбирлаб берган тушда ҳайкалнинг оёқ панжалари «темир лой билан қоришган» эди. Бу башоратни Дониёр ҳамда Ваҳий китобларидаги бошқа башоратлар билан солиштириб, оёқ панжалари Англия-Америка иттифоқини, яъни ҳозирги кучли жаҳон империясини билдиради, деб хулоса қилишимиз мумкин. Бу империя ҳақида Дониёр «қисман кучли, қисман заиф» бўлади деб айтган. Нега қисман заиф? Сабаби, лой билан тасвирланган оддий халқ темирдай мустаҳкам бўлган кучини заифлаштиряпти b.
13. Бу башоратларни тушунганимиз сабабли қандай муҳим ҳақиқатларни билиб оляпмиз?
13 Дониёр пайғамбар тушдаги ҳайкал ва, айниқса, унинг оёқ панжалари ҳақида айтганларидан кўпгина муҳим ҳақиқатларни билиб оляпмиз. Биринчидан, Англия-Америка жаҳон империяси баъзи йўллар орқали ўз кучини кўрсатиб келяпти. Мисол учун, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларида ғалаба қозонишда у муҳим роль ўйнаган. Бироқ бу жаҳон империясининг кучи фуқароларининг орасидаги келишмовчиликлар туфайли заифлаша бошлаган ва бу давом этади. Иккинчидан, бу империя Худонинг Шоҳлиги барча инсоний ҳукуматларни йўқ қилишидан олдин бошқарадиган охирги жаҳон империяси бўлади. Баъзида ҳатто бошқа халқлар Англия-Америка жаҳон империясига қарши чиқаётган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири унинг ўрнини эгаллай олмайди. Буни Худонинг Шоҳлигини англатувчи «тош» Англия-Американи билдирувчи оёқ панжаларини парчалаб юборишидан биламиз. (Дон. 2:34, 35, 44, 45)
14. Темир ва лойдан бўлган оёқ панжалари ҳақидаги башоратни тушуниш доно қарорлар чиқаришимизга қандай кўмаклашади?
14 Темир ва лойдан бўлган оёқ панжалари ҳақидаги Дониёрнинг башорати рост эканига ишоняпсизми? Агар ишонаётган бўлсангиз, бу ҳаёт тарзингизга таъсир қилади. Шунда яқин келажакда йўқ бўлиб кетадиган бу дунёда моддий нарсалар пайида бўлмайсиз. (Луқо 12:16–21; 1 Юҳан. 2:15–17) Бу башоратни тушуниш ваъзгўйлик ҳамда таълим бериш ишини муҳим деб билишингизга ҳам кўмаклашади. (Мат. 6:33; 28:18–20) Ушбу башоратни тадқиқ қилгач, ўзингизга шундай савол беринг: «Чиқараётган қарорларим Худонинг Шоҳлиги яқинда барча инсоний ҳукуматларни йўқ қилишига ишонаётганимни кўрсатяптими?»
«ШИМОЛ ШОҲИ» ВА «ЖАНУБ ШОҲИ» СИЗГА ҚАНДАЙ ТААЛЛУҚЛИ?
15. Бугунги кунда «шимол шоҳи» ва «жануб шоҳи» кимларни билдиради? (Дониёр 11:40)
15 Дониёр 11:40 ни ўқинг. Дониёр 11-бобда иккита шоҳ, яъни бир-бирига қарши чиқаётган ҳукуматлар ҳақида айтилган. Бу башоратни Муқаддас Китобдаги бошқа башоратлар билан солиштириш орқали «шимол шоҳи» — Россия ва унинг иттифоқчилари ҳамда «жануб шоҳи» — Англия-Америка жаҳон империяси эканини билиб олишимиз мумкин c.
16. «Шимол шоҳи»нинг бошқаруви остида яшаётганлар қандай қийинчиликка дуч келишяпти?
16 «Шимол шоҳи»нинг бошқаруви остида яшаётган Худонинг халқи унинг шоҳи томонидан таъқиб қилиняпти. Баъзи имондошларимиз имони туфайли калтакланяпти ва қамоққа ташланяпти. Биродарларимиз бундан қўрқиб қолмаяпти. Аксинча, «шимол шоҳи»нинг хатти-ҳаракатлари уларнинг имонини мустаҳкамлаяпти. Нега? Сабаби, улар бундай таъқиблар туфайли Дониёр китобидаги башорат амалга ошишини билишади. (Дон. 11:41) d Буни билиш умидимизни сўндирмасликка ҳамда Яҳовага содиқ бўлиб қолишга кўмаклашиши мумкин.
17. «Жануб шоҳи»нинг бошқаруви остида яшаётган Худонинг халқи қандай қийинчиликларга дуч келяпти?
17 «Жануб шоҳи» ўтмишда ҳам Худонинг халқига кўп маротаба ҳужум қилган. 20-асрнинг биринчи ярми мобайнида кўпгина биродарларимиз бетарафликни сақлагани учун қамоққа олинган. Шунингдек, баъзи имондошларимизнинг фарзандлари ўша-ўша сабабга кўра мактабдан ҳайдалган. Охирги йиллар мобайнида жануб шоҳи бошқаруви остида яшаётган Худо хизматчиларининг садоқати кўпроқ синаляпти. Мисол учун, сайлов кампаниялари мобайнида Яҳованинг Шоҳиди қайсидир сиёсий партияни қўллаб-қувватлаш ёки бирон-бир номзодни танлаш васвасасига дуч келиши мумкин. У ҳатто овоз бермаса ҳам хаёлида қайсидир сиёсий партия бошқасидан яхшироқ, деб ўйлаши мумкин. Нафақат ишларимизда, балки онгимизу юрагимизда ҳам бетарафликни сақлашимиз ниҳоятда муҳим. (Юҳан. 15:18, 19; 18:36)
18. Иккита шоҳ ўртасидаги адоватга қандай муносабат билдиряпмиз? (Расмга ҳам қаранг.)
18 Муқаддас Китобдаги башоратга ишонмаётган инсонлар «жануб шоҳи» «шимол шоҳи» билан тўқнашаётганини кўрганда ниҳоятда ташвишланиши мумкин. (Дон. 11:40) Мазкур шоҳликларнинг бутун ер юзини йўқ қилиб ташлашга қодир бўлган қурол-аслаҳалари мавжуд. Лекин биламизки, Яҳова бу юз беришига йўл қўймайди. (Ишаё 45:18) Шунинг учун «шимол шоҳи» ва «жануб шоҳи» ўртасидаги адоват туфайли келажагимиз ҳақида ҳаддан ташқари ташвишланмаймиз. Аксинча, бу имонимизни мустаҳкамлаяпти. Қолаверса, бу ушбу ёвуз дунёнинг охири яқин эканига бизни ишонтиряпти.
БАШОРАТЛАРГА ДИҚҚАТЛИ БЎЛИШДА ДАВОМ ЭТИНГ
19. Муқаддас Китобдаги башоратлар борасида нимани тан олишимиз керак?
19 Муқаддас Китобдаги баъзи башоратлар қандай амалга ошишини билмаймиз. Ҳатто Дониёр пайғамбар ҳам ёзган башоратларининг маъносини охиригача тушунмаган. (Дон. 12:8, 9) Лекин башоратлар қандай амалга ошишини охиригача тушунмаётганимиз улар амалга ошмаслигини англатмайди. Яҳова ўтмишда қилганидек, бизга ҳам керакли вақтда уларни тушунишга ёрдам беришидан шубҳаланмаслигимиз лозим. (Амос 3:7)
20. Яқинда қайси ажойиб башоратлар амалга ошади ва биз нима қилишда давом этишимиз лозим?
20 Халқлар: «Тинчлик ва хавфсизлик!» — деб эълон қилишади. (1 Салон. 5:3) Сўнг бу дунёдаги ҳукмрон ҳокимиятлар сохта динга ҳужум қилиб, уни йўқ қилишади. (Ваҳ. 17:16, 17) Бундан кейин улар Худонинг халқига ҳужум қилишади. (Ҳиз. 38:18, 19) Шунда сўнгги жанг — Армагеддон бошланади. (Ваҳ. 16:14, 16) Ушбу ҳодисалар яқин келажакда юз беришига амин бўлишимиз мумкин. Унгача эса келинг, Муқаддас Китобдаги башоратларга диққатли бўлиш ҳамда бошқаларга ҳам шундай йўл тутишга ёрдам бериш орқали меҳрибон самовий Отамиздан миннатдор бўлишда давом этайлик.
95-ҚЎШИҚ Нур янада ёрқинроқ порламоқда
a Бу дунёдаги вазият қанчалик ёмонлашмасин, бизни яқинда порлоқ келажак кутаётганига аминмиз. Бу аминликка Муқаддас Китобдаги башоратларни тадқиқ қилиш орқали эга бўляпмиз. Ушбу мақолада нега бундай башоратларни тадқиқ қилишимиз кераклигининг муайян сабаблари ҳақида сўз юритамиз. Қолаверса, Дониёр пайғамбарнинг иккита башоратини қисқача кўриб чиқамиз. Шунингдек, уларни тушуниш шахсан ҳар биримизга қандай фойда келтириши ҳақида билиб оламиз.
b «Қўриқчи минораси» журналининг 2012 йил 15 июнь сонидаги «Яҳова “яқинда юз берадиган воқеаларни” ошкор қилади» номли мақоланинг 7–9-хатбошиларига қаранг.
c «Қўриқчи минораси» журналининг 2020 йил май сонидаги «Бугунги кунда “шимол шоҳи” ким?» номли мақоланинг 3-, 4-хатбошиларига қаранг.
d «Қўриқчи минораси» журналининг 2020 йил май сонидаги «Бугунги кунда “шимол шоҳи” ким?» номли мақоланинг 7–9-хатбошиларига қаранг.