35-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Сабр-тоқатли бўлишда давом этинг
Сабр-тоқат... [фазилатига] бурканинглар. (КОЛОС. 3:12)
114-ҚЎШИҚ «Сабр-тоқат қилинг»
БУ МАҚОЛАДА a
1. Нега сизга сабр-тоқатли инсонлар ёқади?
БАРЧАМИЗГА сабр-тоқатли одамлар ёқади. Масалан, бирон нимани аччиқланмай кутадиган инсонни жуда ҳурмат қиламиз. Шунингдек, хатоларга йўл қўйганимизда, бошқалар бизга сабр-тоқатли бўлганидан миннатдор бўламиз. Бундан ташқари, биз билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган инсон, у ердаги таълимотларни ўрганиш, уларга ишониш ёки амал қилишга қийналганимизда сабр-тоқатли бўлганини жуда қадрлаймиз. Энг муҳими, Тангри Яҳова бизга нисбатан сабр-тоқатли экани учун миннатдормиз! (Рим. 2:4)
2. Қайси вазиятларда сабрли бўлиш осон бўлмаслиги мумкин?
2 Бошқалар сабр-тоқатли эканини қадрласак-да, ўзимиз уни намоён этишга қийналармиз. Масалан, тирбандликда турганимизда, айниқса, кеч қолаётган бўлсак хотиржамликни сақлаш осон бўлмас. Ёки бошқалар жиғимизга текканида ўзимизни назорат қилишга қийналармиз. Ё бўлмаса, Яҳованинг янги дунё борасидаги ваъдасини кутишдан чарчаган пайтларимиз бўлар. Хўш, янада сабр-тоқатли бўлишни хоҳлайсизми? Ушбу мақолада бу фазилат нимани англатиши ва нега уни намоён этиш шунчалик муҳим экани борасида сўз юритамиз. Шунингдек, уни янада кўпроқ ривожлантиришга нима ёрдам беришини билиб оламиз.
САБР-ТОҚАТЛИ БЎЛИШ НИМАНИ БИЛДИРАДИ?
3. Сабр-тоқатли киши иғволи вазиятда ўзини қандай тутади?
3 Қизиқ, қай йўсин сабр-тоқатли эканимизни кўрсата оламиз? Келинг, бунинг тўртта йўлини кўриб чиқайлик. Биринчидан, сабр-тоқатли киши ғазабланишга шошмайди. У иғволи вазиятда ёки бошқалар унга босим ўтказганда хотиржамликни сақлаб, ёмонликка ёмонлик қайтармайди. Сабр-тоқатнинг бу жиҳати Муқаддас Китобда Яҳова «шафқатли ва раҳмдил,... [ғазабланишга шошмайдиган], меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худо» деб айтилганда, илк бор акс этяпти. (Чиқ. 34:6, изоҳ)
4. Сабр-тоқатли инсон кутаётиб ўзини қандай тутади?
4 Иккинчидан, сабр-тоқатли инсон хотиржам бўлиб кута олади. Бундай киши қайсидир нарса кутганидан кўпроқ вақтни талаб этса ҳам, ҳаловатини йўқотмайди ёки асабийлашмайди. (Мат. 18:26, 27) Хотиржам бўлиб кутишимиз керак бўлган вазиятлар талайгина. Масалан, кимдир билан гаплашганда, гапини бўлмай уни сабр ила тинглашимиз зарур. (Аюб 36:2) Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган кишига у ердаги бирон таълимотни тушунишга ёки ёмон одатини енгишга кўмаклашиш учун ҳам сабр-тоқатли бўлишимиз керак бўлади.
5. Сабр-тоқат фазилатини яна қай йўсин намоён этиш мумкин?
5 Учинчидан, сабр-тоқатли киши шоша-пиша йўл тутмайди. Албатта, баъзи вазиятларда зудлик билан ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Бироқ сабр-тоқатли кишига муҳим вазифа топширилса, у бу вазифага тапир-тупир киришиб кетмайди ёки уни дарров якунига етказишга интилмайди. Аксинча, қиладиган ҳаракатларини режалаштириш учун етарлича вақт ажратади. Кейин эса бу вақт давомида уни бажаради.
6. Сабр-тоқатли инсон синов ёки қийинчилик пайтида ўзини қандай тутади?
6 Тўртинчидан, сабр-тоқатли инсон нолимай қийинчиликларни енгишга интилади. Бундай сабр-тоқат бардошли бўлиш билан чамбарчас боғлиқ. Тўғри, яқин дўстимизга қалбимизни очиб, қийинчилик борасида нималарни ҳис қилаётганимизни айтишимиз яхши. Аммо сабр-тоқатли киши қийинчиликни енгаётиб, ижобий нуқтаи назарни сақлаш учун қўлидан келганини қилади. (Колос. 1:11) Масиҳийлар сифатида биз сабр-тоқатнинг барча бу қирраларини намоён этишимиз керак. Нега? Келинг, айрим сабабларига диққат қаратамиз.
НЕГА САБР-ТОҚАТЛИ БЎЛИШ ШУНЧАЛИК МУҲИМ?
7. Ёқуб 5:7, 8 га кўра, нега сабр-тоқат шунчалик муҳим? (Расмга ҳам қаранг.)
7 Сабр-тоқат омон қолиш учун ўта муҳим фазилат. Ўтмишдаги садоқатли хизматчилар каби Худо Ўз ваъдаларини амалга оширишини сабр билан кутишимиз муҳим. (Иброн. 6:11, 12) Муқаддас Китобга биноан, вазиятимиз деҳқонникига ўхшайди. (Ёқуб 5:7, 8 ни ўқинг.) Деҳқон уруғ эккач, у униб-ўсиши учун кўп меҳнат қилади ва уни суғоради. Лекин айнан қачон ҳосил беришини аниқ билмайди. Шунинг учун уруғ униб-ўсишига умид боғлаб, сабр-тоқат билан кутади. Шу каби, ҳатто Ҳазратимиз «қайси куни келишини» билмасак ҳам маънавий ишлар билан банд бўлишда давом этамиз. (Мат. 24:42) Яҳова барча ваъдаларини Ўз вақтида амалга оширишига ишониб, сабр билан кутамиз. Агар сабрсиз бўлсак, кутишдан чарчашимиз ҳамда ҳақиқатдан аста-секин узоқлашишимиз мумкин. Қолаверса, ҳозирнинг ўзида бизни бахтиёр қилиши мумкин бўлган нарсалар пайида бўлишимиз ҳеч гап эмас. Лекин сабрли бўлсак, охиригача бардошли бўлишимиз ва омон қолишимиз мумкин. (Михо 7:7; Мат. 24:13)
8. Сабр-тоқат бошқалар билан муносабатларимизга қандай таъсир қилади? (Колосаликларга 3:12, 13)
8 Сабр-тоқат бошқалар билан яхши муносабатларга эга бўлишимизга ёрдам беради. У туфайли одамларни диққат билан тинглай оламиз. (Ёқб. 1:19) Шунингдек, у тинчлик пайида бўлишимизга кўмаклашади. Сабр-тоқат стресс ҳис қилганимизда ҳам бошқаларга оғриқ келтириши мумкин бўлган гапларни айтишдан ёки ишларни қилишдан ҳимоя қилади. Агар бу фазилатга эга бўлсак, бошқалар қалбимизга жароҳат етказганида ҳам тезда жаҳлга берилмаймиз. Ёмонлик эвазига ёмонлик қайтаришнинг ўрнига бир-биримизга чидамли бўлишда ва чин дилдан кечиришда давом этамиз. (Колосаликларга 3:12, 13 ни ўқинг.)
9. Қарор чиқариш керак бўлганида сабр-тоқат бизга қандай ёрдам беради? (Ҳикматлар 21:5)
9 Сабр-тоқат яхшироқ қарорлар чиқаришимизда ҳам асқатади. Шошқалоқ бўлишнинг ёки ўйламай йўл тутишнинг ўрнига изланиш учун вақт ажратиб, барчасини тарозига солиб кўрамиз. (Ҳикматлар 21:5 ни ўқинг.) Масалан, иш қидираётган бўлсак, бу ҳатто Яҳовага топинишимизга халақит берса ҳам, пайдо бўлган биринчи ишга рози бўлишга мойил бўлармиз. Бироқ сабр-тоқатли бўлсак у қаерда жойлашгани, унга қанча вақт кетиши ва оиламизга ҳамда Яҳова билан бўлган муносабатларимизга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрамиз. Сабр-тоқатли бўлсак, нотўғри қарорлар чиқаришдан ўзимизни асрай оламиз.
ҚАЙ ЙЎСИН КЎПРОҚ САБР-ТОҚАТЛИ БЎЛА ОЛАМИЗ?
10. Масиҳийларга сабр-тоқатни ривожлантиришга ва бундай қилишда давом этишга нима ёрдам беради?
10 Кўпроқ сабр-тоқат сўраб ибодат қилинг. Сабр-тоқат муқаддас руҳ самарасининг бир қисми. (Галат. 5:22, 23) Шу боис уни ривожлантиришга ёрдам бериши учун Яҳовадан муқаддас руҳ сўрашимиз даркор. Агар сабр-тоқатимизни синайдиган вазиятга дуч келсак, сабрли бўлиш учун муқаддас руҳ сўрашда давом этишимиз лозим. (Луқо 11:9, 13) Шунингдек, Яҳовадан вазиятга Унинг нуқтаи назари билан қарашга кўмаклашишини сўрасак бўлади. Ибодатдан сўнг ҳар куни сабр-тоқатли бўлиш учун қўлимиздан келган энг яхшисини қилишимиз керак. Қанча кўп ибодат қилиб сабр-тоқатли бўлишга интилсак, шунча кўп бу фазилат қалбимизда илдиз отиб, шахсиятимизнинг бир қисмига айланади.
11, 12. Қай йўсин Яҳова сабр-тоқатни намоён этиб келяпти?
11 Муқаддас Китобдаги мисоллар устида фикр юритинг. Худонинг Каломида сабр-тоқатли бўлган инсонларнинг кўпгина мисоллари келтирилган. Улар ҳақидаги баёнотлар устида фикр юритиш орқали бу фазилатни қай йўсин намоён этишимиз мумкинлигини ўргана оламиз. Уларнинг баъзиларини кўриб чиқишдан аввал, келинг, сабр-тоқатли бўлишда энг аъло ўрнак бўлмиш Яҳованинг мисолига диққат қаратайлик.
12 Адан боғида Шайтон Яҳованинг исмига ва обрўсига доғ тушириб, У меҳрибон ҳамда адолатли Ҳукмдор эканини шубҳа остига қўйган. Яҳова Унинг бошқаруви энг аълоси эканини исботлаш учун вақт керак бўлишини билиб, бу туҳматчини зудлик билан йўқ қилишнинг ўрнига сабр-тоқат намоён этган ва Ўзини тута билган. Яҳова кутаётиб, Унинг исмига ёғилаётган туҳматларга чидаяпти. Қолаверса, У кўпроқ инсонлар абадий ҳаётга эга бўлиши учун сабр-тоқат намоён этяпти. (2 Бутр. 3:9, 15) Бунинг натижасида миллионлаб инсонлар Уни таниб-биляпти. Агар эътиборимизни Яҳованинг сабр-тоқати келтираётган фойдага қаратсак, У ёвузликка чек қўядиган пайтни кутиш анча осонроқ бўлади.
13. Қандай қилиб Исо Отасининг сабр-тоқатига тақлид қилган? (Расмга ҳам қаранг.)
13 Исо Отасининг сабр-тоқатига мукаммал равишда тақлид қиляпти ва ер юзида бўлганида уни намоён этган. Исо учун доим ҳам, айниқса, иккиюзламачи уламою фарзийларга сабр-тоқатли бўлиш осон бўлмагандир. (Юҳан. 8:25–27) Шундай бўлса ҳам, у Отаси каби ғазабланишга шошилмаган. Шунингдек, уни ҳақоратлашганда ёки у иғволи вазиятларга дуч келганда ёмонликка ёмонлик қайтармаган. (1 Бутр. 2:23) Исо барча қийинчиликларни нолимасдан сабр ила енгган. Шунинг учун ҳам Муқаддас Китобда у ҳақда: «Ўзларигагина зиён келтирган гуноҳкорларнинг ҳақоратларига сабр-тоқат қилди»,— деб ёзилган. (Иброн. 12:2, 3) Яҳованинг кўмаги билан биз ҳам бошимизга тушаётган ҳар қандай қийинчиликни сабр ила енга оламиз.
14. Иброҳимнинг сабр-тоқатидан нимани ўргансак бўлади? (Ибронийларга 6:15) (Расмга ҳам қаранг.)
14 Баъзиларимиз охират келишини анчадан бери кутаётгандирмиз ва ҳозир уни ўз кўзимиз билан кўра олмаслигимиздан хавотирланаётгандирмиз. Сабр-тоқат билан кутишда давом этишга бизга нима ёрдам бериши мумкин? Келинг, Иброҳим пайғамбарнинг мисолини кўриб чиқайлик. Иброҳим 75 ёшда фарзандсиз бўлганида Яҳова унга шундай ваъда берган: «Сендан буюк халқ келтириб чиқараман». (Ибт. 12:1–4) Иброҳим бу ваъда амалга ошганини кўрганми? Бутунлай эмас. Фурот дарёсидан ўтганидан ва 25 йил кутганидан сўнг унинг Исҳоқ исмли ўғли мўъжизавий тарзда дунёга келган эди. 60 йилдан кейин эса неваралари Эсов ва Ёқуб дунёга келишган. (Ибронийларга 6:15 ни ўқинг.) Лекин Иброҳим авлодлари буюк халққа айланганини ҳамда ваъда қилинган юртга эга бўлганини кўрмаган. Шунга қарамай, у садоқатли инсон сифатида Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлган. (Ёқб. 2:23) Келажакда Иброҳим тирилганида унинг имони ва сабр-тоқати туфайли барча халқлар барака олганини билишдан жудаям хурсанд бўлса керак. (Ибт. 22:18) Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Биз ҳам ҳозирнинг ўзида Яҳованинг барча ваъдалари амалга ошишини кўрмаслигимиз мумкин. Аммо Иброҳим каби сабр-тоқатли бўлсак, Яҳова ҳозирнинг ўзида ва энг муҳими, ваъда қилинган янги дунёда бизни мукофотлашига амин бўлишимиз мумкин. (Марк 10:29, 30)
15. Шахсий тадқиқда нималарни кўриб чиқишимиз мумкин?
15 Муқаддас Китобда сабр-тоқатли бўлган бошқа инсонларнинг мисоллари талайгина. (Ёқб. 5:10) Бундай инсонлар ҳақида изланиш олиб бориш фойдали бўлиши мумкин b. Мисол учун, Довуд ёшлигида Исроилнинг бўлажак шоҳи этиб мойланган бўлса ҳам у ҳукм суришни бошлашидан аввал кўп йиллар ўтган. Ёки Шимўн билан Анна ваъда қилинган Масиҳ келишини кутаётиб Яҳовага садоқат ила топинишган. (Луқо 2:25, 36–38) Бу каби баёнотларни тадқиқ қилар экансиз, қуйидаги саволлар устида мулоҳаза юритинг: «Бу инсонга сабр-тоқатни намоён этишга нима кўмаклашган? Бу фазилатни намоён этиб у қандай фойда олган? Мен унга қай йўсин тақлид қила оламан?» Бундан ташқари, сабр-тоқат намоён этмаган инсонлар ҳақида изланиш ўтказиш ҳам фойдали бўлиши мумкин. (1 Шоҳ. 13:8–14) Ўзингиздан шундай сўранг: «Нима учун улар сабр-тоқатли бўла олмаган? Бу қандай оқибатларга олиб келган?»
16. Сабр-тоқатли бўлишнинг айрим фойдали томонлари қандай?
16 Сабр-тоқатли бўлишнинг фойдали томонлари ҳақида ўйланг. Сабр-тоқатли бўлсак янада бахтиёр ва хотиржам бўламиз. Бу туфайли жисмоний ва ҳиссий соғлигимиз яхшиланиши мумкин. Қолаверса, сабр-тоқат бошқалар билан яхшироқ муносабатга эга бўлишга ёрдам беради. Жамоатимиз эса янада аҳил бўлади. Ёки иғволи вазиятга дуч келганимизда, ғазабланишга шошилмасак вазият баттар ёмонлашмаслигига ҳисса қўшамиз. (Заб. 37:8, изоҳ; Ҳик. 14:29) Энг муҳими эса бу фазилатни намоён этиб, самовий Отамизга тақлид қиламиз ва Унга янада яқинлашамиз.
17. Нима қилишда давом этишимиз лозим?
17 Чиндан ҳам сабр-тоқат барчамизга фойда келтирадиган ажойиб фазилатдир. Уни доим ҳам намоён этиш осон бўлмаса-да, Яҳованинг кўмаги билан уни ривожлантиришда давом эта оламиз. Шунингдек, янги дунёни «сабр билан» кутар эканмиз, Яҳова бизга ёрдам беришига ва қўллаб-қувватлашига амин бўлишимиз мумкин. (Михо 7:7) Илойим, барчамиз сабр-тоқат фазилатига бурканишда давом этайлик.
41-ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни
a Шайтоннинг дунёсида сабр-тоқат фазилати камёб бўлиб кетган. Аммо Муқаддас Китобга кўра, барчамиз унга бурканишимиз лозим. Ушбу мақолада нега бу фазилатни намоён этишимиз шунчалик муҳим экани ва қай йўсин янада кўпроқ сабр-тоқатли бўлиш ҳақида сўз юритамиз.
b Сабр-тоқат ҳақидаги баёнотларни топиш учун «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориш учун қўлланма»нинг «Ҳис-туйғулар, фазилатлар ва хулқ-атвор» мавзуси остидаги «Сабр-тоқат» сарлавҳасига қаранг.