Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Турмуш ўртоғингиз порнография томоша қилганида

Турмуш ўртоғингиз порнография томоша қилганида
  • «Бу мен учун турмуш ўртоғим қайта-қайта зинога қўл ургандай эди».

  • «Ўзимни хўрланган, ёқимсиз ва арзимасдай ҳис қилгандим».

  • «Бу ҳақда ҳеч кимга айтолмай, якка ўзим қийналгандим».

  • «Яҳова менга ғамхўрлик қилмаётгандай туюлганди».

Бу сўзлардан хотин эри порнография томоша қилганида қанчалик сиқилишини кўряпмиз. Агар у буни, эҳтимол, ойлар ёки йиллар давомида яширинча қилаётган бўлса, хотини унга бўлган ишончини йўқотиши ҳеч гап эмас. Бир опамиз шундай бўлишди: «Ўзи ким билан яшаяпман? Балки, у мендан бошқа нарсаларни ҳам яшираётгандир, деб хавотирланардим».

Ушбу мақола турмуш ўртоғи порнография томоша қилаётган аёллар учун ёзилган a. Муҳокама қилинадиган Муқаддас Китобдаги принциплар уларга далда бериши, Яҳованинг севгисига ва ёрдамига ишонтириши ҳамда ҳиссий ва маънавий томондан тикланишига кўмаклашиши мумкин b.

АЙБСИЗ ТУРМУШ ЎРТОҚ НИМА ҚИЛА ОЛАДИ?

Турмуш ўртоғингизнинг барча ҳаракатларини назорат қила олмасангизда, баъзи қадамларни қўйиш орқали оғриғингизни енгиллаштиришингиз ва кўпроқ хотиржамликка эга бўлишингиз мумкин. Қуйидагиларга эътибор беринг:

Ўзингизни айбламанг. Хотин унинг эри порнография томоша қилишида ўзини айбдор ҳис қилиши мумкин. Алиса c ўзини эрига ёқадиган даражада жозибали, деб ҳисобламаган. У: «Нега эрим менга эмас, бошқа аёлларга қарашни афзал кўради?» — деб хавотирланган. Баъзи аёллар кўрсатаётган муносабати учун ўзини айблаб, вазиятни янада оғирлаштиряпман деб ўйлайди. Даниела шундай деди: «Ўзимни ғазабим туфайли никоҳимизни барбод қилаётганидан бўлмағур хотиндек ҳис қилардим».

Агар сиз ҳам ўзингизни шундай ҳис қилаётган бўлсангиз, Яҳова эрингизнинг ҳаракатлари учун сизни айбдор деб билмайди. Ёқуб 1:14 да шундай деб айтилган: «Ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб, алданиб синовга дучор бўлади». (Рим. 14:12; Филип. 2:12) Яҳова сизни айбламайди, аксинча, садоқатингиз учун жуда қадрлайди. (2 Сол. 16:9)

Шунингдек, аёл эри порнография томоша қилаётганининг сабаби у ёқимсиз эканлигида эмаслигини ёдда тутиши ҳам фойдали бўлиши мумкин. Бу соҳадаги мутахассисларнинг таъкидлашича, порнография инсонда ҳеч қайси аёл қондира олмайдиган жинсий истакларни қўзғатади.

Ҳаддан ташқари хавотирланманг. Кетриннинг айтишича, унинг бутун фикри-хаёли турмуш ўртоғининг порнография томоша қилишида эди. Френсис қуйидагича деди: «Агар турмуш ўртоғим қаерда эканини билмасам хавотирланаман. Кун бўйи ўзимни қаерга қўйишни билмай юраман». Бошқалар эрининг муаммосини билиши мумкин бўлган имондошлар олдида уялади. Айримлар эса ҳеч ким уларнинг вазиятини тушунмайди деб ўзини ёлғиз ҳис қилади.

Бу туйғулар табиий. Лекин уларни доим ўйлаб юриш хавотирларингизни кучайтиради, холос. Бунинг ўрнига, Яҳова билан бўлган муносабатларингизга диққат қаратинг. Бундай қилиш руҳан кучли бўлишингизга кўмаклашади. (Заб. 62:2; Эфес. 6:10)

Қайғурган ва Яҳовага ибодат қилиб тасалли топган аёллар тўғрисидаги баёнотларни ўқиш ва устида мулоҳаза юритиш сизга кўмаклашиши мумкин. Яҳова уларнинг муаммоларини бартараф этмаган, аммо уларга тинчлик берган. Масалан, Ханнани олайлик. У вазияти туфайли «қаттиқ қайғурган» эди. Лекин бунга қарамай «Яҳовага узоқ вақт ибодат» қилганидан кейин ҳатто уни нималар кутаётганини билмаса-да, тинчликни ҳис қилган. (1 Шоҳ. 1:10, 12, 18; 2 Кор. 1:3, 4)

Ҳам эр, ҳам хотин оқсоқоллардан ёрдам излаши керак бўлиши мумкин

Жамоат оқсоқолларидан ёрдам сўранг. Улар «шамолдан ҳимоялайдиган жойдай, жаладан сақлайдиган панадай» бўлиши мумкин. (Ишаё 32:2) Улар ҳатто сиз ишониб, туйғуларингиз билан бўлиша оладиган ва сизга тасалли берадиган опани ёки сингилни тавсия қилар. (Ҳик. 17:17)

ЁРДАМ БЕРИШ ҚЎЛИНГИЗДАН КЕЛАДИМИ?

Турмуш ўртоғингизга порнография томоша қилиш одатини енгишга кўмаклаша оласизми? Балки. Муқаддас Китобда бирор муаммони ҳал қилишда ёки кучли душманни енгишда «икки киши бўлган яхшироқ» деб айтилган. (Воиз 4:9–12) Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, жуфтликлар порнография томоша қилиш одатини енгишда ва оиладаги ишончни тиклашда биргаликда ҳаракат қилиши кўп ҳолларда яхши натижа келтиради.

Албатта, кўп нарса турмуш ўртоғингиз порнография томоша қилиш мойиллигидан қутулишни исташига ва қатъий қарор қилганига боғлиқ бўлади. У Яҳовага ёлвориб куч сўраяптими? Оқсоқоллардан ёрдам излаяптими? (2 Кор. 4:7; Ёқб. 5:14, 15) Порнография томоша қилиш васвасасидан қочиш учун тузилган стратегияга амал қиляптими? Мисол учун, электрон қурилмалардан фойдаланишни чеклаяптими ёки васвасага соладиган вазиятлардан қочяптими? (Ҳик. 27:12) У ёрдамингизни қабул қилиб, сиз билан тўлақонли ростгўй бўлишга тайёрми? Агар шундай бўлса, унга ёрдам бера оласиз.

Қандай қилиб? Келинг, Фелиша ва унинг эри Итаннинг мисолига диққат қаратайлик. Итан болалигидан порнографияга қарам бўлиб қолган. Итаннинг порнография томоша қилиш истаги пайдо бўлганида, Фелиша у билан бемалол гаплаша олишини айтган. Итан шундай тушунтирди: «Хотиним билан ростгўй бўлиб, ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб бераман. У чегаралар ўрнатишимга севги ила кўмаклашади ва буни қандай уддалай олаётганимни доим сўраб туради. Қолаверса, у Интернетдан фойдаланишда чекловлар қўйишимга ёрдам беряпти». Табиийки, Итан порнографияга қарам бўлгани Фелишага оғир ботяпти. У шундай деди: «Ғазабланганим ҳамда оғриқли туйғуларим эса унга бу иллатдан қутулишга ёрдам бермаяпти. Эримнинг қийинчиликларини муҳокама қилганимиздан кейин у оғриқли туйғуларим билан курашишимга ёрдам беришга тайёр бўлади».

Бундай суҳбатлар эрга нафақат порнография томоша қилиш мойиллигини енгишга, балки хотинининг ишончига қайта сазовор бўлишга ёрдам беради. Энг муҳими, эр мойилликлари, кундалик ишлари ва қаерда экани ҳақида бўлишишга тайёр бўлса ҳамда ҳеч нарсани бошқа яширмаса, хотинининг унга ишониши осонроқ бўлади.

Сиз ҳам турмуш ўртоғингизга худди шу йўл орқали ёрдам бера олишингизга ишоняпсизми? Агар шундай бўлса, бу мақолани биргаликда ўқиб, муҳокама қилсангиз бўлади. Эрингизнинг мақсади порнография томоша қилиш мойиллигидан қутулиш ва ишончингизни қайта тиклашдан иборатдир. У ташвишларингиздан норози бўлишнинг ўрнига, бу муаммо сизга қандай таъсир қилаётганини тушунишга интилиши керак. Сизнинг мақсадингиз эса унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва ишончингизни қайта тиклаш учун унга имконият беришдир. Иккалангиз ҳам одамлар нега порнография томоша қилишни исташи ҳамда бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкинлигини билиб олишингиз керак d.

Суҳбатингиз қизғин тус олишидан қўрқаётган бўлсангиз, иккалангизга ҳам гаплашиш қулай бўлган бирон оқсоқолни таклиф қилиб, сизлар билан бирга бўлишини сўранг. Ҳатто турмуш ўртоғингиз бу қарамликни енгган бўлса ҳам, ишончни яна тиклаш учун кўп вақт кераклигини инобатга олинг. Таслим бўлманг. Муносабатларингиздаги ҳатто кичик ўзгаришларни ҳам эътибордан четда қолдирманг. Вақт ўтгач, ҳамда иккалангиз чидамли бўлсангиз натижада никоҳингиз яна мустаҳкам бўлади. (Воиз 7:8; 1 Кор. 13:4)

АГАР У ОДАТИГА ЯНА ҚАЙТСА-ЧИ?

Эрингиз яна порнография томоша қилса, бу қилмиши у тавба қилмаганини ёки вазият чорасиз эканини англатадими? Йўқ, ундай эмас. Эрингиз порнографияга қарам бўлса, у бутун ҳаёти давомида бу курашни олиб боради. Йиллар ўтганидан кейин ҳам рецидив бўлиши мумкин. Бу яна қайталанмаслиги учун у янада кўпроқ кураш олиб бориши ва муаммо йўқ бўлгандай туюлса ҳам ҳаракатлар стратегиясига амал қилишда давом этиши муҳим. (Ҳик. 28:14; Мат. 5:29; 1 Кор. 10:12) Шунингдек, у фикрлаш тарзини ўзгартириши ва ёмонликдан — порнография, жумладан, нопок одатлар, масалан, мастурбациядан нафратланишни ўрганиши лозим. (Эфес. 4:23; Заб. 97:10; Рим. 12:9) Эрингиз ҳаракат қилишга тайёрми? Агар шундай бўлса, бир кунмас бир кун у бу одатни албатта енгади e.

Яҳова билан бўлган муносабатларингизга диққат қаратинг

Борди-ю, турмуш ўртоғингиз муаммоси билан курашишга ҳаракат қилмаса-чи? Шунда тушкунликка тушишингиз, жаҳлингиз чиқиши ва у сизга сотқинлик қилгандай туюлиши табиий. Бундай пайтда хотиржамликка эга бўлиш учун вазиятни Яҳованинг қўлига топширинг. (1 Бутр. 5:7) Тадқиқ, ибодат ва мулоҳаза юритиш орқали Яҳовага яқинлашишда давом этинг. Агар шундай қилсангиз, У ҳам сизга яқинлашишига амин бўлинг. Ишаё 57:15 да айтилганидай, Яҳова «мазлум ва бечоранинг руҳини кўтариш» учун уларнинг орасида яшайди. Садоқат ила хизмат қилишда давом этинг. Оқсоқоллардан ёрдам изланг. Бир кун келиб, турмуш ўртоғингиз ижобий томонга ўзгаришидан умидингизни узманг. (Рим. 2:4; 2 Бутр. 3:9)

a Тушунишга осонроқ бўлиши учун бу мақолада порнография томоша қилаётган томон эр деб аталади. Аммо ушбу мақоладаги кўпгина принциплар аёли порнография томоша қиладиган эрга ҳам фойда келтиради.

b Порнография томоша қилиш Муқаддас Китобга кўра, ажралиш учун сабаб бўла олмайди. (Мат. 19:9)

c Исмлар ўзгартирилган.

d Фойдали маълумотни jw.org сайтида ва адабиётларимизда топиш мумкин. Масалан, jw.org сайтида «Порнография никоҳингизни барбод қилиши мумкин»; «Қўриқчи минораси» журналининг 2014 йил 1 апрель сонида келтирилган 8–10-саҳифаларидаги «Васвасага қарши тура оласиз!»; ва «Қўриқчи минораси» журналининг bp 138 2013 йил сонида келтирилган 3–7-саҳифаларидаги «Порнография — зиёнсиз вақтичоғликми ёки заҳарми?» номли мақолаларга қаранг.

e Порнографияда ўзига қарам қилиш хусусияти бўлгани учун баъзи жуфтликлар оқсоқоллардан маънавий ёрдам олганидан кейин мутахассисларга ҳам мурожаат қилишга қарор қилган.