Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

39-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

125-ҚЎШИҚ «Раҳмдил бўлганлар бахтлидир»

Бошқаларга бериш сизни бахтиёр қилади

Бошқаларга бериш сизни бахтиёр қилади

Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта. (ҲАВОР. 20:35)

АСОСИЙ ФИКР

Турли йўллар орқали бошқаларга бериш ва нега бу бизни бахтиёр қилиши тўғрисида билиб оламиз.

1, 2. Нега Яҳова бизни бериш бахтиёрлигини ҳис қилиш қобилияти билан яратган?

 Яҳова одамни олганда эмас, берганда кўпроқ бахтиёрликни туйиш қобилияти билан яратган. (Ҳавор. 20:35) Бу олиш бизга қувонч келтирмаслигини англатадими? Йўқ, албатта! Совға олиш бизга қувонч келтиради. Бироқ биз олувчи эмас, берувчи бўлсак, кўпроқ бахтиёрликни ҳис қиламиз. Яҳова бизни шундай қилиб яратгани бизга фойда келтиради. Қанақасига?

2 Яҳова бизни шу йўсин яратгани туфайли қувончимизга қувонч қўша оламиз. Бошқаларга беришнинг турли йўлларини излаб янада бахтиёр бўлишимиз мумкин. Ажойиб яратилганмиз, шундай эмасми?! (Заб. 139:14)

3. Нима учун Яҳовани «бахтиёр Тангри» деб айта оламиз?

3 Муқаддас Ёзувларга кўра, бериш бахтиёрлик келтиради. Шу боис ҳам Яҳова бежизга «бахтиёр Тангри» деб аталмаган. (1 Тим. 1:11) У бошқаларга берган энг биринчи Шахс ва ҳеч ким Яҳова каби бера олмайди. Ҳаворий Павлус айтганидек, «биз У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз». (Ҳавор. 17:28) Дарҳақиқат, «яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси Яҳовадандир». (Ёқб. 1:17)

4. Нима ёрдамида кўпроқ қувончни ҳис қила оламиз?

4 Барчамиз беришдан кўпроқ қувонч топишни истармиз. Бунинг учун Яҳова каби сахий бўлишимиз лозим. (Эфес. 5:1) Мазкур мақолада Яҳованинг бериш борасида ажойиб ўрнагини кўриб чиқамиз. Шунингдек, бошқалар қилган яхшиликларимизни қадрламаганида, нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Бу бизга бошқаларга яхшилик қилишда давом этишга ва кўпроқ қувонч топишга ёрдам беради.

ЯҲОВА КАБИ САХИЙ БЎЛИНГ

5. Яҳова бизга нималарни берган?

5 Яҳова қайси айрим йўллар орқали бизга сахийлигини намоён этяпти? Бир нечта мисолга эътибор беринг. Яҳова бизга керакли нарсаларни беради. Балки доим ҳам ҳашаматда яшамасмиз, аммо Яҳова туфайли биз муҳтож бўлган барча нарсага эгамиз. Масалан, У озиқ-овқатимиз, кийим-кечагимиз ва бошпанамиз бўлишига ғамхўрлик қилган. (Заб. 4:8; Мат. 6:31–33; 1 Тим. 6:6–8) Яҳова бизга мажбурият юзасидан ғамхўрлик қилмайди. Хўш, нега унда У буларнинг барчасини қиляпти?

6. Матто 6:25, 26 дан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Яҳова бизни севгани учун жисмоний эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилади. Исонинг Матто 6:25, 26 даги сўзларига эътибор беринг. (Ўқинг.) У ижодларни мисол қилиб келтирган. Исо қушлар ҳақида гапириб шундай деган: «Улар на уруғ экади, на ҳосил ўради ва на омборга дон йиғади». Кейин эса гапида давом этиб: «Шундай бўлса-да, самовий Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча афзалроқ эмасмисиз?» — деб қўшиб қўйган. Қандай хулосага келяпмиз? Топинувчилари Яҳова учун ҳайвонлардан анча қадрлироқдир. Яҳова ҳайвонларнинг эҳтиёжига ғамхўрлик қилаётган бўлса, У бизнинг эҳтиёжларимизга ҳам ғамхўрлик қилишидан асло шубҳаланмаймиз! Меҳрибон ота оиласини таъминлаганидек, Яҳова севгани учун оиласининг ғамини ейди. (Заб. 145:16; Мат. 6:32)

7. Яҳова каби сахий бўлишнинг йўлларидан бири қандай? (Расмга ҳам қаранг.)

7 Яҳова каби биз ҳам бошқаларни яхши кўрганимиз учун беришни истаймиз. Масалан, озиқ-овқат ёки кийим-кечакка эҳтиёжи бор имондошни танийсизми? Худо унга ёрдам бериш учун сиздан фойдаланиши мумкин. Яҳованинг халқи қийинчиликлар пайтида сахийлик кўрсатиши билан танилган. Масалан, COVID-19 пандемияси давомида биродару опа-сингиллар муҳтожликда бўлганлар билан озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа нарсаларини бўлишди. Бундан ташқари, кўплар умумжаҳон фаолиятимизга сахийлик ила хайр-эҳсон қилди. Ўша пуллар туфайли ёрдам бериш ишлари ташкиллаштирилди. Улар Ибронийларга 13:16 даги қуйидаги сўзларга амал қилди: «Яхшилик қилишни ва бор нарсангизни бошқалар билан бўлишишни унутманглар, чунки бундай қурбонликлар Тангрига маъқулдир».

Барчамиз Яҳованинг сахийлик борасидаги ўрнагига тақлид қила оламиз (7-хатбошига қаранг)


8. Қай йўсин Яҳованинг кучи бизга фойда келтиради? (Филиппиликларга 2:13)

8 Яҳова куч беради. Тангри Яҳова садоқатли топинувчиларига чексиз кучини беришдан бахтиёр. (Филиппиликларга 2:13 ни ўқинг.) Васвасага қарши туриш ёки оғир синовда сабр-бардошли бўлиш учун куч сўраб ибодат қилганмисиз? Балки кун давомида ишларни қила олишингиз учун куч сўрагандирсиз? Бундай ибодатингизга жавоб олган бўлсангиз, ҳаворий Павлуснинг қуйидаги сўзларига қўшила оласиз. «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан». (Филип. 4:13)

9. Кучимиздан сахийлик ила фойдаланишда қай йўсин Яҳовага тақлид қила оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

9 Номукаммал бўлсак-да, кучимиздан сахийлик ила фойдаланишда Яҳовага тақлид қила оламиз. Тўғри, том маънода бошқаларга кучимизни бера олмаймиз. Аммо кучимиздан уларга ёрдам бериш учун фойдаланишимиз мумкин. Масалан, кекса ёки касал имондошимизга бозор-ўчарда ё бўлмаса уй ишларида кўмаклаша олармиз. Вазиятимиз йўл қўйса, Йиғилиш залини тозалашда ва таъмирлашда ихтиёрий хизматчи сифатида ёрдам бера олармиз. Кучимиздан шу йўсин фойдаланиб, биродару опа-сингилларимизга фойда келтирамиз.

Кучимиздан бошқаларга ёрдам бериш учун фойдаланишимиз мумкин (9-хатбошига қаранг)


10. Қандай қилиб сўзларимиз билан бошқаларни мустаҳкамлай оламиз?

10 Сўзларнинг ҳам кучи борлигини унутманг. Балки самимий мақтовингиздан далда оладиган кимдир ҳақида ўйлаб кўрарсиз ёки тасаллига муҳтож имондошни биларсиз? Ҳар иккала вазиятда ҳам улар билан боғланиш учун ташаббусни қўлга олинг. Кишини шахсан йўқлаб боришингиз, унга қўнғироқ қилишингиз ё бўлмаса откритка, электрон мактуб ёки СМС юборишингиз мумкин. Кўп нарса айтиш шарт эмас. Имондошингиз яна бир кун садоқатли қолиши ва ижобий руҳни йўқотмаслиги учун самимий айтилган бир нечта сўзнинг ўзи кифоя. (Ҳик. 12:25; Эфес. 4:29)

11. Қай йўсин Яҳова донолигини бошқаларга беради?

11 Яҳова донолик беради. Ёқуб қуйидагича ёзган: «Агар орангиздаги бирор кишига донолик етишмаётган бўлса, ҳаммага саховат билан, таъна қилмасдан берадиган Худодан сўраб турсин». (Ёқб. 1:5) Бу сўзлардан Тангри Яҳова донолигини ўзида сақламаслигини, аксинча, уни сахийлик ила бошқалар билан бўлишишини билиб оляпмиз. Шунингдек, Яҳова донолигини «таъна қилмасдан» беришига эътибор қаратинг. Ундан йўл-йўриқ сўраганимиз учун У бизни ҳеч қачон ноқулай вазиятга қўймайди. Аксинча, Ундан донолик сўрашимизни истайди. (Ҳик. 2:1–6)

12. Донолигимиз билан бўлишишнинг қандай йўллари бор?

12 Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Донолигимизни бошқалар билан бўлишиш орқали Яҳовага тақлид қила оламизми? (Заб. 32:8) Яҳованинг хизматчилари билиб олганларини бошқалар билан бўлишиш учун кўп имкониятларга эга. Мисол учун, кўпинча хизматда янгиларга таълим берамиз. Оқсоқоллар жамоат хизматкорлари ва сувга чўмган биродарларга жамоатдаги вазифаларни қандай бажаришни сабр ила ўргатади. Қурилиш ва таъмирлаш соҳасида тажрибали бўлганлар эса ташкилотимиз биноларида хизмат қиладиган ва тажрибаси камроқ бўлганларга таълим беради.

13. Бошқаларга таълим берганда, қай йўсин Яҳова каби сахий бўла оламиз?

13 Бошқаларга таълим бераётганда, Яҳовага тақлид қилишга интилинг. Яҳова донолигини сахийлик ила беришини унутманг. Шунга ўхшаб ўрганаётганлар билан билимимизу тажрибамизни сахийлик ила бўлишамиз. Ўша киши бизнинг ўрнимизни эгаллашидан қўрқиб, унга чала таълим бермаймиз. Қолаверса, «Мени ҳеч ким ўргатмаган, у ҳам ўзи ўргансин» деган фикрдан қочамиз. Яҳованинг хизматчилари орасида бундай нуқтаи назарга ўрин йўқ. Аксинча, нафақат билимимизни, балки «ўз жонимизни ҳам» беришдан хурсандмиз. (1 Салон. 2:8) Умид қиламизки, ўз навбатида, улар ҳам «таълим беришга муносиб» бўлади. (2 Тим. 2:1, 2) Бошқалар билан билимимизни сахийлик ила бўлишсак, ҳам ўзимиз, ҳам бошқалар донороқ ва бахтиёрроқ бўлади.

ЯХШИЛИГИМИЗНИ ҚАДРЛАШМАГАНИДА

14. Аксарият одамлар сахийлигимизга қандай муносабат билдиради?

14 Айниқса, биродару опа-сингилларимизга сахийлик намоён этганимизда, кўпинча улар миннатдор эканини айтади. Эҳтимол, улар «Раҳмат сизга!» деб ёзилган откриткалар юбориши ёки миннатдор эканини бошқа йўл орқали кўрсатиши мумкин. (Колос. 3:15) Бу каби миннатдорчилик изҳорлари қувончимизга қувонч қўшади.

15. Баъзилар миннатдорчилик билдирмаса, нимани унутмаслигимиз лозим?

15 Лекин баъзилар доим ҳам миннатдор эканини кўрсатмаслиги ёки айтмаслиги мумкин. Масалан, вақтингизу кучингиз ёки маблағингизни сарфлайсиз, аммо «У ўзи қилган яхшилигимни қадрладими?» деб ўйлаб қоларсиз. Агар бундай вазият юз берса, қувончни йўқотмаслигингизга ва ҳафсалангиз пир бўлмаслигига нима ёрдам беради? Очқич оят, яъни Ҳаворийлар 20:35 даги сўзларни эсланг. Қувончимиз киши қандай муносабат билдиришига боғлиқ эмас. Ҳатто бошқалар миннатдор эмасдай туюлганида ҳам қувончни сақлашни танлашимиз мумкин. Қизиқ, қанақасига? Бунинг бир нечта усулини кўриб чиқайлик.

16. Қувонч ила беришда давом этишимизга нима ёрдам беради?

16 Диққатингизни Яҳовага қаратинг. Одамлар буни қадрлайдими ё йўқми, Яҳова барчага яхшилик қилади. (Мат. 5:43–48) Шунга ўхшаб одамлардан «қайтариб олишга умид» қилмай бирон нима берсак, Яҳова «катта мукофотга эга» бўлишимизни ваъда қиляпти. (Луқо 6:35) Шу боис, бошқалар доим ҳам сизга раҳмат айтмаса, ҳафсалангиз пир бўлмасин. Унутманг, Худо бошқаларга ёрдам бериш ниятида қилган яхшиликларингиз ва қувонч ила берганингиз учун сизни мукофотлайди. (Ҳик. 19:17; 2 Кор. 9:7)

17. Бошқаларга беришни исташимизнинг асосий сабаби нима? (Луқо 14:12–14)

17 Бошқаларга беришда Яҳовага тақлид қилиш учун Исо Луқо 14:12–14 да айтган сўзларидан яна бир нарсани билиб оляпмиз. (Ўқинг.) Бизга ҳам, ўз навбатида, яхшилик қила оладиган одамларни овқатга таклиф қилиш ёки уларга меҳрибонлик кўрсатишнинг нотўғри жойи йўқ, аммо эвазига бирон нарса кутиб яхшилик қилаётганимизни пайқасак-чи? Бундай бўлса, Исонинг маслаҳатига амал қилишга ҳаракат қилсак, яхши бўларди. Сизга қайтара олмайдиган одамларга яхшилик қилинг. Шунда Яҳовага тақлид қилганингиз учун бахтиёр бўласиз. Бундай нуқтаи назар ҳатто бошқалар биздан миннатдор бўлмаганида ҳам қувончни сақлашимизга ёрдам беради.

18. Нима қилмаслигимиз керак ва нега?

18 Бошқаларнинг ниятини шубҳа остига қўйманг. (1 Кор. 13:7) Бошқалар миннатдорчилик билдирмаса, ўзимизга қуйидагича савол берсак бўлади: «Улар одатда раҳмат айтмайдими ёки шунчаки миннатдорчилик билдиришни унутдими?» Эҳтимол, киши биз кутгандай муносабат билдирмаганининг бошқа сабаби бордир. Баъзилар ич-ичидан миннатдор бўлади, лекин буни изҳор этишга қийналади. Айниқса, олдин ўзлари бошқаларга ёрдам берган бўлса, ҳозир ёрдам олишдан уялаётгандир. Қандай бўлмасин, масиҳийларга хос севги имондошларимиз ҳақида салбий ўйламай, беришдан қувонч топишда давом этишга туртки бўлади. (Эфес. 4:2)

19, 20. Яхшилик қилганимизда нега сабрли бўлишимиз керак? (Расмга ҳам қаранг.)

19 Сабрли бўлинг. Сахий бўлиш тўғрисида Сулаймон: «Нонингни сувга оқиз, чунки кўп кунлар ўтгач уни қайта топасан»,— деб айтган. (Воиз 11:1) Ушбу сўзлардан шуни билиб оляпмизки, баъзилар қилган сахийлигимизга анча вақт, яъни «кўп кунлар ўтгач» жавоб қайтариши мумкин. Бир опамиз билан бу юз берди.

20 Кўп йиллар олдин туман нозирининг рафиқаси яқинда сувга чўмган опамизни садоқатли қолишга ундаб, унга чин дилдан откритка ёзиб юборди. Тахминан 8 йил ўтгач, ўша опамиз жавобан хат ёзиб қуйидагича деди: «Йиллар мобайнида ўзингиз билмаган ҳолда менга қанчалик ёрдам берганингиз ҳақида ёзгим келди». У давом этиб шундай ёзди: «Откриткангиз қалбимга илиқлик бахш этганди ва у ердаги оят менга роса таъсир қилганди. Уни доим эсимда сақлаганман» a. У дуч келган баъзи қийинчиликлари билан бўлишгач, шундай ёзди: «Гоҳида қўлимни туширгим ва Яҳовага хизмат қилишни тўхтатгим келарди. Лекин кейин сиз юборган оятни эслардим ва у менга садоқатли қолишимга куч берарди». Опамиз шундай қўшиб қўйди: «Шу 8 йил мобайнида ҳеч нарса менга ўша оятчалик қаттиқ таъсир қилмаган». Туман нозирининг рафиқаси «кўп кунлар ўтгач», бундай хат олишдан қанчалик қувонганини бир тасаввур қилинг! Биз ҳам кимгадир яхшилик қилганимиздан анча вақт ўтгач, миннатдорчилик сўзларини эшитармиз.

Баъзилар анча вақт ўтгач қилган яхшилигимиз учун миннатдорчилик билдириши мумкин (20-хатбошига қаранг) b


21. Нима учун Яҳова каби сахий бўлиш қарорингиз қатъий?

21 Айтиб ўтилганидай, Яҳова бизни ўзгача қобилият билан яратган. Олишдан бахтиёр бўлсак-да, бошқаларга бирон нима берганимизда кўпроқ қувончни ҳис қила оламиз. Биродарларимизга ёрдам бера олганимизда бахтиёр бўламиз. Бундан ташқари, миннатдорчилик изҳорларини эшитганимизда қувонамиз, лекин бизга раҳмат айтишадими ёки йўқми тўғри йўл тутганимиздан хурсанд бўламиз. Унутмангки, бошқаларга нимаики берсангиз, Яҳова сизга ундан кўпроғини беради. (2 Сол. 25:9) Шундай экан, бошқаларга Яҳова сизга берганчалик кўп бера олмайсиз. Дарҳақиқат, Яҳованикидек улкан мукофот йўқ! Шундай экан, келинг, сахий самовий Отамизга тақлид қилишдан тўхтамайлик.

17-ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»

a Туман нозирининг рафиқаси опамизга 2 Юҳанно 8 ни ёзган. У ерда қуйидагича айтилган: «Қилган меҳнатингиз зое кетмаслиги ва мукофотни тўлиқ олишингиз учун ўзингизга эҳтиёт бўлинглар».

b РАСМГА ШАРҲ. Саҳналаштирилган расмда туман нозирининг рафиқаси имондошимизга далда беряпти. Йиллар ўтгач, у миннатдорчилик хатини оляпти.