38-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
25-ҚЎШИҚ Ўзгача мулк
Огоҳлантиришларга қулоқ соляпсизми?
Икки кишидан бири олинади, бири қолдирилади. (МАТ. 24:40)
АСОСИЙ ФИКР
Исонинг учта масалини кўриб чиқамиз ва улар замонанинг охирида бўладиган ҳукм пайти билан қандай боғлиқ эканини муҳокама қиламиз.
1. Яқинда Исо нима қилади?
БИЗ катта ўзгаришлар остонасида турибмиз. Яқинда Исо ер юзидаги ҳар бир инсонни ҳукм қилади. Келинг, у ҳукм қилишидан олдин дунёда нималар юз беришини билиб олайлик. У шогирдларига ҳозир бўлишининг ва «замон охирлаб бораётгани»нинг белгисини айтган. (Мат. 24:3) Бу башорат Матто 24-, 25-, Марк 13- ва Луқо 21-бобларда ёзилган.
2. Диққатимизни нимага қаратамиз ва нега бу бизга ёрдам беради?
2 Исо тайёрланишимизга ёрдам берадиган учта масал келтирган. Улар биз учун огоҳлантирувдир. Бу масаллар қўй ва эчкилар, ақлли ҳамда ақлсиз қизлар ва талантлар ҳақида. Ҳар бир масалдан Исо одамни унинг ишларига қараб ҳукм қилишини билиб оляпмиз. Мазкур масалларни кўриб чиқар эканмиз, қандай сабоқ олишимиз ва қай йўсин уларни амалда қўллашимиз мумкинлигига диққат қаратамиз. Аввалига қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масални муҳокама қиламиз.
ҚЎЙЛАР ВА ЭЧКИЛАР
3. Исо қачон одамларни ҳукм қилади?
3 Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масалда Исо одамларни хушхабарга қандай муносабат билдиргани ва унинг мойланган биродарларини қўллаб-қувватлагани ё бундай қилмагани асосида ҳукм қилишини айтган. (Мат. 25:31–46) У Армагеддондан олдин «буюк мусибат» пайтида ким қўю ким эчки эканлигини аниқлайди. (Мат. 24:21) Чўпон қўйларини эчкилардан ажратгани каби, Исо ҳам мойланган биродарларини садоқат ила қўллаб-қувватлаганларни бундай қилмаганлардан ажратади.
4. Ишаё 11:3, 4 га кўра, Исо одамларни адолат ила ҳукм қилишига нега аминмиз? (Расмга ҳам қаранг.)
4 Муқаддас Китобдаги башоратга кўра, Исо Яҳова тайинлаган ҳакам сифатида адолат ила ҳукм қилади. (Ишаё 11:3, 4 ни ўқинг.) У одамларнинг хулқ-атворини, фикрлаш тарзию гап-сўзларини, жумладан, улар унинг мойланган биродарларига қандай муомала қилишларини диққат ила кузатади. (Мат. 12:36, 37; 25:40) Исо ким унинг мойланган биродарларини ва улар олиб борган фаолиятни қўллаб-қувватлаганини билади a. Бундай қилишнинг асосий йўлларидан бири ваъзгўйлик фаолиятида Масиҳнинг биродарларига ёрдам беришдир. Бундай йўл тутган одамларни Исо «одил» деб ҳукм қилади ва улар ер юзида «мангу» яшаш умидига эга бўлади. (Мат. 25:46; Ваҳ. 7:16, 17) Ҳа, бенуқсонликни сақлаганларни нақадар ажойиб мукофот кутмоқда. Улар буюк мусибатда ва ундан кейин садоқатли қолишса, исмлари «ҳаёт китоби»га ёзилади. (Ваҳ. 20:15)
5. Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масалдан қандай сабоқ оляпмиз ва бу кимлар учун фойдали бўлади?
5 Садоқатингизни исботланг. Исонинг қўйлар ва эчкилар масалида асосий диққат ер юзида яшаш умидига эга инсонларга қаратилган. Улар садоқатини Масиҳнинг биродарларини ваъзгўйлик ишида қўллаб-қувватлагани билангина эмас, балки ишончли ва ақлли хизматкор бераётган йўл-йўриқларга тайёрлик ила амал қилиш орқали ҳам кўрсатади. (Мат. 24:45) Шунингдек, ушбу масалдаги огоҳлантириш осмонда яшаш умидига эга кишиларга ҳам тегишли. Нега деганда, Исо уларнинг ҳам хулқ-атворига, фикрлаш тарзию гап-сўзларига диққат қаратади. Улар ҳам садоқатини исботлаши лозим. Бундан ташқари, Исо яна иккита масал келтирган. Уларда мойланганлар учун огоҳлантиришлар келтирилган. Бу масалларни Матто 25-бобдан топишимиз мумкин. Келинг, энди ақлли ва ақлсиз қизлар ҳақидаги масални кўриб чиқайлик.
АҚЛЛИ ВА АҚЛСИЗ ҚИЗЛАР
6. Қизлардан бештаси ақлли эканини қай йўсин кўрсатди? (Матто 25:6–10)
6 Қизлар ҳақидаги масалда Исо куёвни кутиб олишга чиққан ўнта қиз ҳақида гапирган. (Мат. 25:1–4) Уларнинг ҳаммаси никоҳ базмида куёв билан бирга бўлишга умид қилган. Исо уларнинг бештасини «ақлли», қолган бештасини эса «ақлсиз» деб атаган. Ақлли қизлар тайёр ва ҳушёр бўлган. Улар — куёв ҳатто жуда кеч келса ҳам — қанча керак бўлса, шунча кутишга тайёр эди. Шунинг учун тунда ёруғлик бўлсин деб, ўзлари билан мойчироқларини олган. Куёв кеч қолиши мумкин деб улар қўшимча мой ҳам олиб келган. Шу йўсин улар мойчироғи ўчмаслиги учун ҳозирлик кўриб қўйган. (Матто 25:6–10 ни ўқинг.) Куёв келганида ақлли қизлар у билан бирга никоҳ базмига кирган. Шунга ўхшаб мойланган масиҳийлар Исонинг келгунига қадар ҳушёр ва садоқатли эканини исботласа, куёв бўлмиш Исонинг Самовий Шоҳлигида у билан бирга бўлишга лойиқ деб топилади b. (Ваҳ. 7:1–3) Хўш, қолган ақлсиз бешта қиз-чи? Улар билан нима бўлди?
7. Ақлсиз бешта қиз билан нима бўлди ва нега?
7 Ақлли қизлардан фарқли равишда бешта ақлсиз қиз куёв келганида тайёр эмасди. Уларнинг мойчироқлари ўчиб қолаётганди ва улар ўзлари билан ортиқча мой олмаганди. Улар ҳадемай куёв келишини билгач, мой сотиб олиш учун кетди. Куёв келганида эса улар ҳали қайтмаганди. Ўшанда тайёр турган қизлар куёв билан бирга никоҳ базмига киради ва эшик ёпилади. (Мат. 25:10) Кейинроқ ақлсиз қизлар қайтади ва ичкарига киришни хоҳлайди. Лекин куёв уларга: «Мен сизларни танимайман»,— деб айтади. (Мат. 25:11, 12) Бу қизлар куёвни кутиб олиш учун етарлича тайёргарлик кўрмаганди. Бундан мойланганлар қандай сабоқ олиши мумкин?
8, 9. Қизлар тўғрисидаги масалдан мойланганлар қандай сабоқ олиши мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)
8 Тайёр бўлинг ва ҳушёрликни йўқотманг. Исо замонанинг охири келгунча кутишга тайёр ва тайёр бўлмаган икки хил гуруҳга мансуб мойланганлар ҳақида башорат қилмаган. Аксинча, у охиригача садоқат ила сабр-бардош қилишга тайёр бўлмаган мойланганлар билан нима юз беришини тушунтирган. Агар улар тайёр бўлмаса, мукофотини ололмайди. (Юҳан. 14:3, 4) Бу диққатга сазовор фикр! Осмонда ёки ер юзида яшашга умид қиламизми, қизлар тўғрисидаги масалдаги огоҳлантирувга қулоқ солишимиз лозим. Охиригача сабр-бардош қила олиш учун ҳар биримиз ҳушёр ва тайёр бўлишимиз керак. (Мат. 24:13)
9 Тайёр бўлиш ва ҳушёрликни йўқотмаслик таъкидланган қизлар ҳақидаги масални айтгач, Исо талантлар ҳақидаги масални келтиради. Бу масалда тиришқоқ бўлишга урғу берилган.
ТАЛАНТЛАР
10. Иккита қул ишончли эканини қай йўсин исботлади? (Матто 25:19–23)
10 Талантлар тўғрисидаги масалда Исо хўжайинига садоқатли бўлган иккита қул ва садоқатсиз бўлган битта қул ҳақида айтиб берган. (Мат. 25:14–18) Иккита қул хўжайинининг даромадини ошириш учун тиришқоқлик билан меҳнат қилиб садоқатли эканини кўрсатган. Хўжайини сафарга кетишидан аввал уларга талантларни, катта миқдордаги пулни ишониб топширган. Иккита садоқатли қул тиришқоқ бўлган ва пуллардан донолик ила фойдаланган. Натижада хўжайини қайтганида, қуллар уларга берилган пулни кўпайтириб қўйганди. Хўжайини уларни мақтаган ва «мен билан бирга [қувонинг]» деб айтган. (Матто 25:19–23 ни ўқинг.) Хўш, учинчи қул-чи? Унга берилган пулларни нима қилган?
11. «Дангаса» қул билан нима бўлди ва нега?
11 Учинчи қул бир талант олган, аммо у «дангаса» бўлган. Хўжайини ундан бу талантдан донолик ила фойдаланишини кутган. Лекин у бу талантни ерга кўмиб қўйган. Хўжайини сафардан келгач, у ўша бир талантни унга қайтарган. Бу қул тўғри нуқтаи назарга эга бўлмаган. У хўжайинининг пулини орттирмагани учун кечирим сўрашнинг ўрнига, уни «талабчан» деб айблаган. Бу қул хўжайинининг розилигини олмаган. Устига-устак, ундан ўша бир талант ҳам олиб қўйилган ва у унинг хонадонидан ҳайдалган. (Мат. 25:24, 26–30)
12. Бугунги кунда иккита ишончли қул кимларни билдиради?
12 Иккита ишончли қул садоқатли мойланган масиҳийларни билдиради. Хўжайини Исо уларни у билан бирга қувонишга таклиф қилади. Мойланганлар самовий мукофотга, яъни биринчи тирилишга эга бўлади. (Мат. 25:21, 23; Ваҳ. 20:5б) Дангаса қулнинг салбий мисоли эса мойланганлар учун огоҳлантирувчи мисолдир. Хўш, қанақасига?
13, 14. Талантлар ҳақидаги масалдан мойланганлар қандай сабоқ оляпти? (Расмга ҳам қаранг.)
13 Тиришқоқ эканингизни исботланг. Қизлар ҳақидаги масалда бўлганидек, талантлар ҳақидаги масалда ҳам Исо мойланганлар дангаса бўлади, деб айтмоқчи эмасди. Аксинча, улар ғайратини йўқотса, нима бўлишини тушунтирмоқчи эди. Уларнинг даъват этилганлари ва танланганлари бекор бўларди ва уларга Худонинг Шоҳлигига киришга рухсат берилмасди. (2 Бутр. 1:10)
14 Исонинг қизлар ва талантлар ҳақидаги масалларидан мойланган масиҳийлар тайёр ва ҳушёр туриши, шунингдек, меҳнаткаш ва тиришқоқ бўлиши кераклиги аниқ кўриняпти. Хўш, Исо мойланганлар учун огоҳлантирув сифатида хизмат қиладиган яна бирон нарса айтганми? Албатта! Матто 24:40, 41 дан бу огоҳлантирув ҳақида билиб оляпмиз.
КИМЛАР ОЛИНАДИ?
15, 16. Мойланганлар ҳушёр туриши кераклиги Матто 24:40, 41 да қай йўсин таъкидланган?
15 Исо учта масални келтиришдан олдин мойланганлар орасидан кимлар маъқуллангани намоён бўладиган сўнгги ҳукм ҳақида айтган. У далада ишлаётган иккита эркак ва тегирмонда меҳнат қилаётган иккита аёл ҳақида гапирган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам бир хил ишни қилаётгандек туюлади. Лекин Исо: «Бири олинади, бири қолдирилади»,— деб айтган. (Матто 24:40, 41 ни ўқинг.) Сўнг у шогирдларини қуйидагига ундаган. «Ҳушёр туринглар, чунки Ҳазратингиз қайси куни келишини билмайсизлар». (Мат. 24:42) Исо қизлар ҳақидаги масални айтгач, шунга ўхшаш фикрни такрорлаган. (Мат. 25:13) Хўш, булар орасида боғлиқлик борми? Шунақага ўхшайди. Исонинг Самовий Шоҳлигига чинакамига мойланган садоқатли кишиларгина «олинади». (Юҳан. 14:3)
16 Ҳушёр эканингизни исботланг. Маънан ҳушёр қолмаган ҳар қандай мойланган масиҳий танланган кишилар билан бирга йиғиб олинмайди. (Мат. 24:31) Бундан ташқари, ер юзида абадий яшашга умид қилаётган барча Исонинг сўзларини огоҳлантирув деб билиб, ҳушёр ва садоқатли қолишда давом этиши керак.
17. Яҳова бизнинг давримизда кимнидир мойласа, нега хавотирланмаслигимиз лозим?
17 Яҳованинг ҳукмларига ишониш учун Уни яхши таниб-билишимиз керак. Шунда Яҳова бизнинг пайтимизда садоқатли кишиларни мойласа, ҳайрон қолмаймиз c. Бу бизга узумзорда 11 соат ишлаган мардикорлар ҳақидаги Исонинг масалини эслатади. (Мат. 20:1–16) Ишни вақтли бошлаганлар кейинроқ бошлаганлар билан бир хил ҳақ олади. Шунга ўхшаб, мойланганлар қачон тайинланганидан қатъи назар, агар садоқатли қолса, самовий мукофотини олади.
ОГОҲЛАНТИРИШЛАРГА ҚУЛОҚ СОЛИНГ
18, 19. Қандай сабоқлару огоҳлантирувларни билиб олдик?
18 Нималарни кўриб чиқдик? Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масалда ер юзида абадий яшашга умид қилаётганлар Яҳовага садоқатли қолишлари кераклигини билиб олдик. Улар бу фазилатларни ҳозир ва яқинлашиб келаётган буюк мусибат пайтида кўрсатишлари лозим. Исо буюк мусибат пайтида садоқатли кишиларни ҳукм қилиб, уларни «мангу ҳаётга эга бўлиш»га лойиқ деб топади. (Мат. 25:46)
19 Мойланганлар учун огоҳлантирув сифатида хизмат қиладиган иккита масални ҳам кўриб чиқдик. Исонинг ақлли ва ақлсиз қизлар тўғрисидаги масалида бешта ақлли қиз доно эканини кўрсатди. Улар тайёр ва ҳушёр эди ҳамда куёвни қанча кутиш керак бўлса, шунча кутди. Ақлсиз қизлар эса тайёр эмасди. Шу боис куёв уларни никоҳ базмига киритмади. Биз ҳам Исо ушбу замонанинг охирига чек қўйишини қанча кутиш керак бўлса, шунча кутишга тайёр бўлишимиз лозим. Қолаверса, Исонинг талантлар тўғрисидаги масалидан меҳнаткаш ва тиришқоқ бўлган иккита ишончли қулнинг мисолини кўриб чиқдик. Улар хўжайининг манфаати учун оғир меҳнат қилган ва унинг марҳаматига сазовор бўлган. Дангаса қулни эса хўжайин рад этган. Хўш, бундан қандай сабоқ оляпмиз? Биз замонанинг охиригача Яҳованинг хизматида банд бўлишимиз керак. Сўнг Исо мойланганларни самовий мукофотига эриштириши учун улар қай йўсин ҳушёрликни сақлаши кераклигини кўриб чиқдик. Мойланган масиҳийлар самога — Исонинг олдига «бирга тўпланадиган» вақтни интиқиб кутяпти. Армагеддон жангидан кейин улар қўзининг никоҳида Исонинг келини бўлади. (2 Салон. 2:1; Ваҳ. 19:9)
20. Яҳова Унинг огоҳлантирувларига қулоқ солганлар учун нима қилади?
20 Ҳукм куни шиддат ила яқинлашиб келаётган бўлса-да, қўрқишимиз учун сабаб йўқ. Агар садоқатли қолсак, севувчи Отамиз «Инсон Ўғлининг олдида тура олиш»имиз учун «инсонларникидан устун турган куч»ни бизга беради. (2 Кор. 4:7; Луқо 21:36) Осмонда ёки ер юзида яшаш умидига эгамизми, Исонинг масалидаги огоҳлантиришга қулоқ солсак, самовий Отамизни хурсанд қиламиз. Яҳованинг инояти туфайли исмларимиз «ҳаёт китоби»га ёзилади. (Дон. 12:1; Ваҳ. 3:5)
26-ҚЎШИҚ Қилгайсиз менга ёрдам
a «Қўриқчи минораси» журналининг 2024 йил май сонидаги «Яҳованинг келажакка оид ҳукмлари борасида нималарни биламиз?» номли мақолага қаранг.
b Кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2015 йил 15 март сонидаги «Сиз ҳушёр турасизми?» номли мақолага қаранг.
d РАСМГА ШАРҲ. Мойланган опамиз хизматда учратган ёш аёл билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказяпти.